Мақолалар

«Киши молини ема, сирот узра тутаро...»

Аллоҳ таоло инсонни мавжудотларнинг энг шарафлиси қилиб яратди. Шариатимиз инсонларга бошқаларнинг ҳақига тажовуз қилмаслик ва қайси йўл билан бўлмасин зулм қилмасликка даъват қилади. “Муъминун” сурасининг 51-оятида шундай дейилган: «Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман».

Аллоҳ таоло бу ояти каримада солиҳ амаллар қилишдан олдин, ҳалол нарсаларни истеъмол қилишга буюрди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида бошқа кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини уқтириб: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳ таоло сизларга қонларингиз ва молларингизни (бир-бирингизга) ҳаром қилди», — дедилар.

Бу оят ва ҳадисдан маълум бўладики, инсонларнинг қонини тўкиш қанчалик ёмон амал бўлса, уларнинг молларини ноҳақдан ейиш ҳам шунчалик ёмондир.

Инсонлар ўртасида бир-бирининг ҳақига тажовуз қилиш, ҳозирги кунда савдо-сотиқларда жуда кўпайган. Савдода ёлғон гапириш ва ўлчовда хиёнат қилиш энг ёмон амаллардан бири ва гуноҳи кабирадир.

Ислом динида савдо ва тижоратга тегишли бўлган ҳукмлар мавжуд. Қилинаётган савдо ҳалол ва тўғри бўлиши учун нималарга эътибор бериш кераклигини ва тижорат одобларини мукаммал ўрганиб бўлган киши, ҳаётини савдо билан ўтказиши мумкин. Савдогарлар учун савдога оид ҳукмлар ва инсонларнинг ҳақларига тегишли билимларни билишлари фарзи айндир. Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: "Касб эгалари ва бирор иш билан шуғулланувчи кишига, ўша ишда ҳаромдан сақланиши учун керакли илмларни ва унга тегишли ҳукмларни ўрганиши фарздир. Шунингдек, савдо-сотиққа тегишли илмлар ҳам шу иш билан машғул бўлмоқчи бўлган кишилар учун фарзи айнди".

Савдода ҳалол ва тўғри турган инсон икки дунёда ҳам саодатли бўлади. Бу дунёда ризқида барака, охиратда эса кўплаб савоблар берилади.

 

 

Хуршид АСЛАНБОЕВ

Янгиер шаҳри “Абдуқаҳҳор ҳожи”

жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 3843 times

Мақолалар

Top