Мақолалар

Устознинг этагин тутган шогирд кам бўлмас

Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи диндир. Инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олмоғи ва унга амал қилиши билан бўлади. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодат қўлга киритади, у билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати ва матонати билан   эгалланади. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни – шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади : “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)га кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11)

Илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларда ҳам баён қилинган. Жумладан, Абу Амома ал-Баҳилийдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга икки киши ҳақида гапиришди. Уларнинг бири обид, иккинчиси эса олим эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Олимнинг обиддан ортиқлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан ортиқлигимга ўхшайди” – дедилар (Имом Термизий ривояти).

         Устозга меҳрини, ҳурматини кўрсата олмаган шогирднинг илмни пухта эгаллай олмаслиги тайин. Абдуллоҳ ибн Аббос ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собитнинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: “Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса у жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли”.

         Кишида илм ўз – ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш яъни устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир. Қуръони каримда баён қилинишича, инсониятнинг аввали Одам Ато ҳам ўзининг замонаси учун зарур бўлган илмга муҳтож бўлганидан Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотга таълим берди: “Аллоҳ Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди” (Бақара сураси. 31- оят).

Хулоса қилиб айтганда, илм ўрганганда устознинг ўрни беқиёс экан. Устозсиз илм олган киши – илмда комил бўлмаслиги, тушунмаслиги натижасида турли ихтилофларга бориши мумкин экан.

 

Собитжон ИСАҚОВ

Избоскан туман “Бобур” жоме

масжиди имом-ноиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3752 times

Мақолалар

Top