Мақолалар

Аллоҳ ҳузурига ҳақиқий қайтиш

Тавба – гуноҳ ва маъсиятлардан қайтиш. Агар гуноҳ банда билан Раббисининг ўртасида бўлса, тавба учта шарт билан амалга ошади:
Гуноҳ ва маъсиятдан тўхташ керак. Бунинг аломати уни тарк этишдир.
Қилмишига пушаймон бўлиш. Бунинг аломати ўтган ишга қаттиқ афсус-надомат чекиш. Ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Тавба афсус-надоматдир”.
Гуноҳ ва маъсиятга яна қайтмасликка азму-қарор қилиш. Бунинг белгиси эса хато ишларни ўнглаш ва келажакдагиларни ислоҳ этиш. Агар аввалги хато иш ибодатдаги камчилик бўлса, уни қазосини адо этади, бировнинг ҳаққи бўлса, эгасига қайтаради. Агар жаримасиз хатодан иборат бўлса, у ишга ғам-ташвиш чекади.
Мазкур шартлар бажарилса, тавба мукаммал бўлади.
Содир этилган гуноҳ иш ёки маъсият бирор инсонга тааллуқли бўлса, тавбанинг шартлари тўртта бўлади. Юқоридаги учта шартга қуйидагиси қўшилади:
4. Бировнинг мол-мулкига зиён етказган бўлса, у билан орани очиқ қилиб олиш лозим бўлади. Тортиб олинган молнинг айнан ўзи турган бўлса, уни қайтаради. Агар талофат етказган ёки истеъмол қилиб юборган бўлса, унинг эвазини беради. Бироқ ушбу ҳақ бирор инсонни ор-номусини топташ, ҳақорат қилиш кабилардан иборат бўлса, ундан кечирим сўрайди ёки рози қилади. Борди-ю хато иш ғийбат бўлиб, мазкур шахс оқил одамлар сирасига кирадиган бўлса, ундан ошкора кечирим сўрайди. Аксинча бўлса, унинг ҳаққига ортидан истиғфор айтади. Анас (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ғийбатнинг каффорати ғийбат қилинган кимсанинг ҳаққига истиғфор айтиб, эй Аллоҳ, бизнинг ва унинг гуноҳларини мағфират эт демоқликдир”.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Қайси бирингизда биродарининг ҳаққи бўлса, ундан на дирҳам ва на динор бўладиган кундан олдин қутулиб олсин. У кунда агар солиҳ амали бўлса, ундан зулми миқдоричаси олинади. Агар ҳасанотлари бўлмаса, мазлум биродарининг гуноҳларидан олиниб, унга юкланади”.
Аллоҳ таоло тавба қилувчиларга кўрсатиладиган марҳаматларни баён қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги)боғларга киритса!”. (Таҳрим, 8).
Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ эканига ҳеч биримиз шубҳа қилмаймиз. Шундай экан чин маънода тавба қилишга эришайлик.

Саййид ЖАМОЛ

Read 5944 times

Мақолалар

Top