Мақолалар

Фарзандларимиз илм олишига тўсиқ бўлаётган бош омил

Инсоннинг илмни қандай қабул қилиши, шубҳасиз унинг ёшига боғлиқ. Илм ўрганишнинг йўллари ва усуллари кўплиги, инсон учун унинг ёшига мувофиқ эгаллашда енгиллик туғдиради. Бунда услуб ва ёшни тўғри мувофиқлаштириш муҳим ўрин тутади. Илмни эгаллай олмаслик ва уни тафаккур қила олмаслик аксар ҳолда ана шу мутаносибликнинг йўқлигидан юзага келади. Ўқув муассасаларида ўқувчининг ёш меъёрига қарамасдан дарсликлар танланиши ва нотўғри услублардан фойдаланилиши илм савиясининг тушиб кетишига ҳамда ўқувчиларда у ёки бу фанга қизиқишнинг сўнишига олиб келади. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида бу муаммо анча сезиларли даражада кўзга ташланади. Бу икки даргоҳ боланинг илм олиш дебоча манзили бўлиб, таълимнинг тўғри йўлга қўйилиши шу даргоҳлардан бошланиши лозим. Бунинг учун ҳар бир фаннинг ўзига хослигидан келиб чиқиб ёндашиш муҳим ўрин тутади.

Боланинг тафаккурида кўриш, тинглаш ва эслаб қолиш томонлари кучли бўлади. Болалар асосан катта ва рангли шаклдаги ҳарф ва суратларни яхши қабул қилишади. Бунда улар ҳарфни ҳам, суратни ҳам кўриб, қулоғи орқали эшитиб уларнинг номларини эслаб боради. Боланинг тафаккурида турли тилларни фарқлаш ҳали ривожланмаганлиги учун, у бир неча тилни (таъкидлаш жоизки, бир неча тилни бола чалкаштириб юбормайди) баробар эгаллаб бориши мумкин. Албатта, бола кўрган ва эшитган нарсасинигина олиб қолади ва юздан ошиқ сўзларни эслаб қолиши мумкин. Тажрибаларда бундан ҳам кўп натижалар кузатилган. Муҳими шундаки, бу узвийликни тўхтатмаслик керак. Чунки, кўрмаётган ва эшитмаётган нарсасини унутиш бола учун кўп вақтни олмайди. Қанчалик тез эгаллаган нарсасини, шунчалик тез унутади. Албатта, бу машаққатли йўлда илк устоз боланинг ота-онаси ҳисобланиб, илм саройининг илк ғиштларини улар қўядилар.

Мактаб боланинг қандай шаклланишида асосий ўрин тутадиган восита бўлиб, у ерда эришилган ютуқ ёки йўл қўйилган ҳар бир камчилик боланинг шаклланишида ўз натижасини кўрсатмай қолмайди. Бунда устоз, белгиланган дарслик ва қўлланиладиган услубнинг ўрни беқиёс. Устозда ўз фанига ва ўқувчиларига муҳаббати бўлмаса, дарслик ўқувчининг ёшига ва халқ менталитетига мос бўлмаса ҳамда услуб тўғри танланган бўлмаса, ўқувчи мактабни тамомлаганда, худди бўш хонанинг у эшигидан кириб бу эшигидан чиққандек бўлади. Оқибатда, бошланғич таълимни ололмаган боланинг ўрта-махсус ва олий таълим даргоҳларида таҳсил олиш сифатини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас.

Бошланғич синфлардан сўнг дарс секин-аста жиддийлашиб боради. Дарслик муҳим манба бўлгани сабабли ҳар бир синф босқичи учун уни тўғри танлай билиш ютуқ даражасини белгилаб беради. Дарслик танлашда, албатта, бу хорижий тил эканини ва у она тилининг қабул қилинишидан тубдан фарқ қилинишини эътиборга олиш муҳим. Афсуски, мактабларда ана шу томонлар ҳисобга олинмай, хорижий тил эгасининг она тили китоби каби дарсликлар танланиб, оқибатида бизнинг ўқувчиларнинг хорижий тилни эгаллай олмасликларига сабаб бўлаётган ҳоллар ҳам йўқ эмас. Натижада, мактабни битирган болада хорижий тил бу қандайдир эгаллаб бўлмайдиган довон деган тушунча ҳосил бўлмоқда. Ўрта-махсус ўқув юртлари тилни давом эттириш ўрнига, аввал ўқувчида шу қўрқувни бартараф этиш ва сўнгра тилни ўргатишга вақт сарфлашларига тўғри келаяпти.

Илм олишда узвийлик бўлса, ҳар бир илм даргоҳи бериши лозим бўлган илм даражасини беришга эришса, болада илмга муҳаббат уйғота олинса, албатта, илм боғидаги ниҳоллар барг очиб, улкан мевали дарахтларга айланиши шубҳасиз.

Рашидбек ЭРНАЗАРОВ

Хоразм вилояти Боғот тумани бош имом-хатиби.      

Read 3837 times

Мақолалар

Top