Мақолалар

Мулло Бозор Охунд - Машрабнинг устози

Мулло Бозор Охунд улуғ донишманд ва мутафаккир, мударрис ва мураббий, илоҳиёт илмининг билимдони ва тасаввуф аҳлининг пирларидан бири бўлган. У оташнафас шоир Бобораҳим Машрабнинг устози саналади.

ЎзА хабарида ёзилишича, аллома XVII асрнинг биринчи ярмида дунёга келган. Бошланғич таълимни уйида олиб, кейин мадрасада ўқиган. Илмга ташналик ҳисси уни Туркистоннинг илму фан маркази саналмиш Бухорога етаклайди. У ерда донишманд олим Мирзо Баҳодир Бухорийдан таълим олгач, Шарқ мамлакатларига йўл олади. Саёҳати давомида Бозор Охунд Қашқарнинг Хўтан, Ёркент ва бошқа шаҳарларида бўлиб, катта обрў қозонади. Асли косонлик Султон Саид Жалолиддин авлодларидан бўлмиш машҳур Ҳидоятиллоҳ Офоқ хўжа билан танишиб, бир неча муддат у кишининг ҳузурида туради. Сўнг Қашқардан Бухоро, кейин эса Қўқон орқали Наманганга келиб, шу ердаги Лаббай Тоға даҳасидаги мадрасада мударрислик қилади, шу билан бирга масжидда имом вазифасини бажаради.

Мулло Бозор Охунд фиқҳ, ҳадис, фароиз, жўғрофия, илми ҳисоб, тарих, адабиёт, руҳшунослик ва бошқа илмларни яхши эгаллаган йирик олим эди. У араб, форс, туркий тилларда ижод қилган.

1645–1655 йиллар орасида Бобораҳим Машраб илк сабоқни айнан шу кишидан олган. Машраб ўз ғазалларида устозини эҳтиром билан тилга олади.

Бу табаррук зот валий сифатида ўз каромат ва башоратлари билан ҳам шуҳрат топган. У ҳақда “Тазкираи азизон”, “Тазкираи Роқим” асарларида қимматли маълумотлар учрайди.

Мулло Бозор Охунд ижодига мансуб асарлар, афсуски, йўқолиб кетган. Айрим қўлёзмаларда унинг ҳикматлари, форс тилида битилган рубоийлари ва шеърий парчаларигина сақланиб қолган. Аллома юз йилдан ортиқ умр кўриб, 1730 йил Наманганда вафот этган.

Наманган шаҳрининг Курашхона даҳасидаги Мулло Бозор Охунд мақбараси қатағон қирғини йилларида бузиб ташланган. Мустақиллик туфайли улуғ зотнинг мақбараси қайта тикланди, атрофи ободонлаштирилиб, муқаддас қадамжога айлантирилди. Эндиликда бу ер йил давомида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, зиёратчилар билан гавжум.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3506 times

Мақолалар

Top