Мақолалар

Ҳар ерда битган гулни ҳидламанг

Аллоҳ сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин жуфт-жуфт қилиб қўйди” “Ва Унинг оят-белгиларидан сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматини солиб қўйгандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир”, деб инсонларни бир-бири билан муҳаббат ила яшашлик учун меҳрибонлик қилган зотга ҳамду санолар бўлсин.

Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир”, деб ёшлик даврида муносиб оила қуришга тарғиб қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: “Ахлатхонада битган гулдан эҳтиёт бўлинг”, дедилар.

Асҳоблар:  “Ахлатхонада битган гул қандай гул, ё Расулуллоҳ?” деб сўрадилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ёмон муҳитда, исломий тарбиядан узоқ, ахлоқсиз бир оилада етишган аёл”, деб жавоб бердилар.

Саҳобийлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қандоғи энг яҳшисидир”, деб сўрадилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани; қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани”, дедилар

“Бир киши аёлига муҳаббат билан боқса ва аёли ҳам унга шу кайфиятда юзланса, Аллоҳ таоло иккаласига ҳам раҳмат назари билан қарайди ва қўлларини қўлларига қўйганларида иккаласининг ҳам гуноҳлари бармоқлари орасидан тўкилиб кетади” (Саҳиҳи Муслим).

Али ибн Абу Толиб айтадилар: “Ёмон хотин мисоли чиройли кийинган чаённинг ўзидир”.

Умар ибн Хаттоб: “Хотинларга итоат этманг. Уларга қаршилик қилиб турмасангиз, уйдан барака кетади”, дедилар. Хотиннинг нафсоний орзуларига бўйсунган ҳар бир эркакни Аллоҳ жаҳаннам оташига отмай қўймайди.

Абулқосим Замахшарий айтадилар: “Хотин зоти агар қалбинг улар ишқига гирифтор бўлганини сезса, бурнингни тупроққа ишқалайди”.

Ушбу насиҳатларга амал қилган ҳолда мазкур сўзларга ҳам қулоқ солайлик. “Энг яхши хотин шундай хотинки, у ҳаёли ва ориятли бўлади. Энг муҳими, оилада тўкин-сочинлик ва бараканинг сабабчиси бўлади”. Шундай одамлар борки, муҳаббат бўстонини оралаб, уйланишга қадам қўймайдилар ва бу файзу боғининг гулзоридан гуллар термайдилар, доимо ғам уйида ўзлари якка-ю танҳо ўтирадилар.

Эркакларнинг камолоти шуки, ким ота-онасига яхшилик қилса, силаи раҳим ришталарини боғласа, аҳли аёли ва фарзандлари билан ҳам хулқини яхши қилса, динини сақласа, молини ҳаромдан ислоҳ қилса, унинг ортиғидан инфоқ-эҳсон берса, тилини сақласа, ўз уйини лозим тутса, (яъни ишдан вақтида келса), ўша эркакнинг камолотидир (Фузайл ибн Иёз).

Афсуски бугун шундай эркаклар кўпайиб бормоқдаки, мўъжазгина оиласи, гулдай аёли, кўзмунчоқдек фарзандлари туриб, бошқа “ахлатхона”да ўсган гулзорларга оралаб кетмоқда.

Шундай аёллар борки, бир юмуш излаб ишга киради-ю унга раҳим қилиб ишга олган раҳбарининг молу давлати ва шуҳратига кўз олайтиради, ҳар хил нозу ишвалар қилиб ўзига қаратиб олади-да сўнг унинг оиласини бузишга, фарзандларини тирик етим қилишга киришади.

Бу – энг жирканч ва қабиҳ ишдир. Айни дамда шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, қайси касб эгаси бўлмасин ўз қўл остидаги ишчи-хизматчи аёллар билан ишқий муносабатга киришиб кетадиганлар ҳам бор. Бу иш ақлсиз бошни елкда кўтариб юришдир. Бегона аёлни севиш – саримсоқ ейишнинг ўзгинаси. Уни ҳарчанд беркитишингга қарамай, охир-оқибат унинг хиди билиниб қолади.

Ўз оиласи бўла туриб қандайдир иффатсиз аёлга меҳрибончилик қиламан деб уни яширинча никоҳига оладиганлар ҳам бор. Оҳир-оқибат, сири бир кун ошкора бўлганида дўст-у  душманининг олдида уятга қолади. Меҳр-муҳаббатдан, соф иффатли аёлидан, исломий оиласидан мосуво бўлади. Синган нарса ўз аслидай бўлмайди. Йўқотилган ишонч қайтиб тиккаланмайди. Покиза, иффатли хотиннинг ўз эридан кўрган хиёнати ҳеч қачон қалбдан ўчмайди. Ачинарлиси, ишонч ва беғуборлик йўқолади. Эркак киши салобатидан мосуво бўлади.

Аллоҳ таоло ана шундай шармандаликдан сақласин. Оила мўъжазгина бир жамиятдир, бутун инсоният жамиятининг дахлсизлиги ҳам унинг жипслигига боғлиқ. Барчамизни оилаларимиз билан муҳаббат риштаси воситасида жипслаштирсин. Омин...

 

 

Абдужаббор РАСУЛОВ,

Марҳамат туманидаги “Сулаймон Сирли” жоме масжиди имом-хатиби

Read 4564 times

Мақолалар

Top