Мақолалар

Жаннатда ҳаёт қандайлигини биласизми?

Раҳмон инсонни яратди, Қуръонни ўргатди. Унга баённи (ўқиш ва ёзишни) ўргатди. (Кунларнинг ҳисоби) Қуёш ва ой ҳисобидадир. Осмонни баланд кўтарди ва тарозуни ўрнатди деб ўз каломи Ар-Роҳманда ҳабар берган, энг буюк илм соҳиби бўлган Муаллим ва Адолатда одил Зот бўлган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамд ва саноларимиз бўлсин.

«Сизларга жаннатнинг тахтларидан хабар берайми?»  деб ўз умматларини қувонтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин.

Инсон бу дунё ҳаётида яшар экан, ўзининг келгуси ҳаёти охират дунёси ҳақида қизиқишлари ортиб боради. Айниқса, жаннатдаги ҳаёт қандай бўлишига ҳар бир мўмин киши қизиқиши табий ҳол. Шунинг учун жаннат ҳаёти қандай экани ҳақида Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримга мурожаат қилиб, ундаги жаннат ҳаёти ҳақидаги хабарларни билишимиз мумкин.

Аллоҳ таоло айтади: "Раббиси ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор". (Қиёмат куни Парвардигорининг ҳузурида бўладиган ҳисоб-китобдан қўрқиб, тириклигидаёқ тайёргарлик кўриб, яхшилик билан кун кечирганларга икки жаннат бор экан. «Икки жаннат»нинг бир неча шарҳлари бор. Жумладан, инсга алоҳида жаннат, жинга алоҳида жаннат ёки икковларидан ҳар бирларига иккитадан жаннат. Гуноҳкорлар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айлансалар, тақводорлар биринчи жаннатлари, яъни, боғлари билан иккинчи жаннатлари – боғлари орасида сайр қиладилар) (Ар-Роҳман сураси, 46-оят).

«Икковларида ҳам мевадан жуфт навлар бор» (Ар-Роҳман сураси, 52-оят).

«Ипак астарли тўшакларга ёнбошлаган ва икки жаннат мевалари яқин бўлган ҳоллари бор»  (Ар-Роҳман сураси, 54-оят).

«Уларда кўзлари тийилган, аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаган (ҳур) лар бор»  (Ар-Роҳман сураси, 54-оят).

«Эҳсоннинг мукофоти, фақат эҳсондир».

«У икковидан пастроқда яна икки жаннат бор»  (Ар-Роҳман сураси, 62-оят).

«Икковлари ям-яшилдир. Икковларида отилиб турувчи икки булоқ бор»  (Ар-Роҳман сураси, 64-66).

«Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор»  (Ар-Роҳман сураси, 72).

«Яшил болишларга ва гўзал гиламларда ёнбошлаган ҳоллари бор»  (Ар-Роҳман сураси, 76).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда жаннат тарифини гўзал тарзларда тавсифлаган. Хусусан, Имом Ғаззолий айтади: «Ҳар қачон сен жаннатда ҳаёт қандайлигини билмоқчи бўлсанг, Қуръонни ўқи Аллоҳнинг изоҳлашидан ортиқроқ шарҳни бошқа ҳеч қаердан топа олмайсан. Улуғлик ва икром эгаси бўлмиш. Раббинг исми муборак бўлди».

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръони каримда гўзал таърифлар билан баён қилган икки жаннатига мушарраф қилсин. 

 

Одилжон РАСУЛОВ,

Марҳамат туманидаги «Бозор боши» жоме масжиди имом-хатиби

 

 

Read 4538 times

Мақолалар

Top