Мақолалар

Фақиҳ Кабир Ибн Кабир Дизақий Самарқандий

Кабир Ибн Кабир Дизақий Самарқандий XIV асрда яшаган фақиҳ. Бу олимнинг исми ҳақида гап кетганда, Кабир оти унинг отаси ва бобосидан ўтиб келиши, унинг бой табақадан келиб чиққанидан далолат беришини айтилади. Эҳтимол, бу Мовароуннаҳрнинг мўғуллар истилосигача бўлган бирорта ҳукмроннинг лақабидир, – деб ёзади айрим тарихчилар.

Улуғбек ва мазкур олимнинг кўрсатишича, Кабир ибн Кабирнинг фаолияти Амир Темурнинг тахтга чиқиши (771/1370-807/1404)дан олдинги даврга тўғри келади.

Олим Мовароуннаҳр ҳукмдори Туғлуқ Темур (748/1348-764/1362) ва унинг ўғли Илёсхўжа ибн Туғлуқ Темур (764/1362-791/1389) замонида ёки Темур ҳукмронлигининг илк даврларида яшаган бўлиши ҳам мумкин.

Кабир ибн Кабир Жиззахда туғилиб ўсган ва кейинчалик Самарқандда илмий фаолиятини давом эттирган. Кабирнинг ЎзР ФА ШИда сақланаётган қўлёзмасининг биринчи варағида унинг исми Кабируддин деб кўрсатилган. Аллома асарларидан бизгача унинг “Фатовоул Кабирий” (“Кабирийнинг фатволари”) номли китоби етиб келган.

Асар форс тилида ёзилган бўлиб, унда жуда кўп арабча парчалар, турли китоблардан олинган мисоллар келтирилган. Бу фиқҳ илмига оид масалалар тўплами ҳисобланади. Асар сўз бошидан бошланиб, 30 та китоб (боб)га бўлинади. Биринчиси “Китобут таҳорат” (“Таҳорат китоби”), охиргиси “Китобул васоё” (“Васиятлар китоби”).

Асарнинг иккита котиб томонидан 795/1393 ва 1125/1713 йил кўчирилган нусхаси (инв. № 3185/III), 1055/1596 йили номаълум котиб томонидан кўчирилган нусхаси (инв. № 2574/III), Муҳаммад Котиб томонидан 1046/1636 йили кўчирилган нусхаси (инв. № 3132/II) ва тахминан XVII асрда кўчирилган нусхаси (инв. № 1544/II)лар Беруний номидаги шарқшунослик институтида сақланмоқда. Бу асарнинг бизга маълум бўлган бошқа кутубхоналарда мавжудлиги аниқ эмас.

Шунингдек, алломанинг “Масоил насир” (“Ёрдам берувчи масалалар”) номли асари Санкт-Петербург Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Бу китоб ҳам ислом дини ҳуқуқшунослигининг бир қанча масалаларига бағишланган бўлиб, 35 та китоб (бўлим)дан иборат. Асар Самарқандда ёзилган. Эҳтимол, бу “Фатовоу-л-Кабирий”нинг ўзга ном билан аталган нусхасидир.

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ” китобидан

 

Read 3455 times

Мақолалар

Top