Мақолалар

Ҳамма нарса Аллоҳга тасбеҳ айтади

Илм-фан ҳар куни Қуръоннинг ҳақлигини таъкидлайдиган янгидан янги ҳақиқатларни кашф қилмоқда. Ана шундай ҳақиқатлардан бири борлиқдаги барча нарсанинг гапириши, уларнинг муайян овози борлигидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

تُسَبِّحُ لَهُ السَّمَاوَاتُ السَّبْعُ وَالأَرْضُ وَمَن فِيهِنَّ وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ وَلَـكِن لاَّ تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ إِنَّهُ كَانَ حَلِيماً غَفُوراً

“Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир”. (Араб тилида тасбиҳ айтиш “Аллоҳни поклаб ёд этиш” маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.) (Исро сураси, 44-оят).

Бу улуғ оят бизга бир иш ҳақида хабар бермоқда. Биз у ишни билмасдик, лекин у мавжуд. Биз Аллоҳнинг Китобида келган барча нарсага иймон келтирганмиз. Лекин бу Китобга иймон келтирмаганларни қандай қониқтирамиз?

Бу оят ҳақида тафаккур қилиб кўрган инсон барча махлуқотлар Аллоҳга ҳамд, тасбеҳ айтишини англаб етади. Инсон ҳам, дарахтлар ҳам, юлдузлар ҳам ва бошқа нарсалар ҳам тасбеҳ айтади. Лекин менинг эътиборимни тортган нарса шуки, Аллоҳ таоло: “Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар” деди. “Лекин уларнинг тасбеҳини эшитмайсизлар” демади. Демак биз махлуқотларнинг тасбеҳини эшитишимиз мумкин, лекин уни тушуна олмаймиз. Тушуниш, англаш эшитишдан кейин содир бўлади.

Бошқача қилиб айтганда, агар биз бир инсонга “Сен бизнинг гапимизни тушунмайсан” десак, бу дегани биз унинг олдида гапирамиз, аммо ўша одам бизнинг айтган гапимизни тушунмайди, фаҳмламайди деганидир.

Аллоҳ таоло юқоридаги оятда атрофимиздаги барча махлуқотлардан чиқадиган тасбеҳ овозларини эшита олишимизга очиқ-ойдин ишора қилди. Лекин улар чиқараётган овознинг маъносини англолмаймиз.

Бу ҳақиқатни бугунги замонавий илм ҳам кашф этди!

Олимлар “Албатта, баъзи ўсимликлар ўзидан инсон эшита оладиган даражада товуш тебранишлари чиқаради” дейишди. Инсон эса 20 гц (сониясига 20 марта тебраниш) билан 20000 гц (сониясига 20000 марта тебраниш) оралиғидаги товуш тебранишларини эшита олади. Лекин ушбу ўсимликлар чиқарадиган товуш жуда заиф бўлиб, уни бир неча минг марталаб кучайтирилгандагина эшитиш мумкин бўлади.

Борлиқдаги ҳар бир нарса гапиради ва ўзидан товуш тебранишларини чиқаради. Ўсимликлар, дарахтларнинг муайян овози бўлиб, уларнинг ўзи бошқа овозлардан ҳам таъсирланади. Мана шулар бугунги замонавий ботаника фани кашф қилган ҳақиқатлардир.

Кейин олимлар тадқиқотлар натижасида баъзи юлдузлар ўзидан овоз чиқаришини сезиб қолдилар. Маълум бўлишича, Аллоҳ таоло Қуръонда “Ториқ” деб номлаган нейтрон юлдузлар болғанинг овозига ўхшаш овоз чиқарар экан. Бундан ташқари қора туйнуклар ҳам овоз чиқарар экан. Кейинги вақтларда олимлар нарсалар чиқараётган овозларни ёзиш имконига ҳам эга бўлдилар.

Лекин кашф этилган нарсаларнинг ичида энг ажойиби шуки, ҳар бир тирик ҳужайра ҳам товуш тебранишлари тарқатар экан. Очиқ-ойдин овоз чиқарадигани бу – юрак ҳужайралари экан. Калифорния университетининг Кимё бўйича устози доктор “Компютер ёрдамида кўрилганда, ҳар бир ҳужайра муайян овоз чиқарар, бир ҳужайранинг овози бошқасиникидан фарқ қилар экан” деган илмий хулосани тақдим этди!

Ҳатто танамизни ташкил этган ҳужайралар ичидаги ДНК ҳам ўзига хос овоз чиқариши кашф этилди. Кўринишидан у эртаю кеч тасбеҳ айтади ва бошқалар айтган тасбеҳдан ҳам таъсирланади.

Мен ўйлайманки, банданинг Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиши унинг ДНКсининг ишлаш низомига таъсир қилади. ДНК эса бизнинг ҳаётимиз ва касалликларимизни идора қилади. Шунинг учун бизнинг айтадиган тасбеҳимиз тузалиши қийин бўлган касалликлардан шифо топишимизга сабаб бўлади. Валлоҳу аълам.

Делфинлар, сувараклар, қушлар, асаларилар ва бошқа барча тирик жонзотлар ўзидан товуш чиқариши ҳам маълум бўлди.

Олимлар кашф этишдики, вируслар ҳам товуш тебранишлари чиқарар экан.

Бугунги кунда олимлар “Борлиқдаги ҳар бир нарса муайян, ўзига хос овоз чиқаради” деб ҳисоблайдилар.

Улар “Албатта, ҳар жойда бир Қувват бўлиб, у ҳамма жойда ҳукмронлик қилади, бошқаради ва биз кўрадиган ёки ҳис этадиган ҳар бир нарсага таъсир ўтказади” дейишди.

Ушбу қувват барча нарсани Яратувчиси Аллоҳ таолонинг қуввати эмасми?! Нега энди мазкур овозлар Аллоҳга бўйинсўниб, Уни улуғлаб, Унинг неъматларига шукр ўлароқ айтилган тасбеҳлар бўлмаслиги керак?! Албатта, улар тасбеҳлардир!

Агар ҳар бир нарса эртаю кеч малолланмасдан, чарчамасдан Аллоҳга тасбеҳ айтса, нега энди биз Унга тасбеҳ айтишни унутиб қўямиз?!

Нега ҳар бир сўзимиз зикрдан иборат бўлмаслиги керак?!

Мавжудотларнинг ичида энг кичиги бўлган вируслар ҳам тасбеҳ айтиб турганда, нега мукаррам қилиб яратилган биз инсонлар, мўминлар тасбеҳ айтмаслигимиз керак?!

Шу эътибордан ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” жумласи Аллоҳ таолога энг маҳбуб калима эканлигини айтганлар.   

“Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир” деб марҳамат қилган Зот покдир!

Аллоҳ таолодан бизни тасбеҳ айтувчилардан қилишини сўраймиз!

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 4564 times

Мақолалар

Top