Мақолалар

Бир оят тафсири: муҳим мавзу масаласи

Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусу-сиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир”.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада оиладаги раҳбарлик масъулияти кимнинг зиммасида бўлиши, солиҳа аёлларнинг сифати ва оилада заифа аёл сабабли юзага келадиган келишмовчиликни бартараф этиш йўлларини қуйидагича баён қилган:

Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир”. Яъни, эр оилада хотин ва фарзандлар устидан уларни манфаатли бўлган ишларга буюриб, зарарли ҳолатлардан қайтариб туришда раҳбардир. Оятда “қоим турувчилар” маъносини англатувчи “қоввамун” сўзи араб тили қоидасига кўра муболаға сийғасида келган. Бу оила бошлиғи бўлган эр хотин ва фарзандларнинг тарбиясида уларга одоб-ахлоқ ўргатишда, моддий таъминотда, ҳақ-ҳуқуқларини сақлашда ва ҳимоя қилишда улкан масъулият устида эканини кўрсатади. Имом Қуртубий: “Эркакларнинг табиатида аёллар табиатида бўлмаган зиёда қувват бор. Чунки эркакларнинг табиатида иссиқлик ва қуруқлик ғолиб бўлиб, бу қувват ва шиддатдан далолат беради. Аёлларнинг табиатида намлик ва совуқлик бўлиб, бу юмшоқлик ва заифликдан далолат беради. Шу сабабдан эркакларга аёллар устидан раҳбарлик ҳаққини берган”, деган.

Ушбу оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеъа сабаб бўлган. Ҳабиба бинти Зайд эри Саъд ибн Робеъга итоатсизлик қилди. Шунда Саъд уни бир шапалоқ урди. Ҳабиба отаси билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб: “Мен қизимни унга тўшак қилиб берсам, у қизимни урибди” деб шикоят қилди. У зот: эридан қасос олсин, дедилар. Улар қайтиб кетаётган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қайтариб: “Жаброил алайҳис салом оят келтирди”, дедиларда мазкур оятни ўқидилар. Сўнгра: “Биз бир ишни хоҳладик ва Аллоҳ ҳам бир ишни ирода қилди. Аллоҳ ирода қилгани яхшидир”, дедилар.

Сўнгра Аллоҳ таоло оилада эрларга раҳбарлик масъулияти берилишидаги асосий икки сабабни баён қилди:

Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. Демак, ушбу икки сабабнинг биринчиси эркакларнинг аёллардан баъзи хусусиятларда ортиқлиги ва иккинчиси ўз мол-мулкларидан нафақа қилганлари. Бу билан айтишлик мумкинки, эркакларни афзал қилиб яратилиши аёлларнинг фоидаси учундир. Чунки эркаклар ўзларига берилган ақлу идрок ва куч-ғайрат орқали оилани гўзал таризда бошқаради ва моддий томонлама таъминлайди. Муфасссирлар оятда келган “ортиқлик”ни пайғамбарлик, халифалик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оила номини унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш каби хусусиятлар билан тафсир қилганлар.

Сўнгра Аллоҳ таоло эрнинг бошқаруви остида бўлган аёллар ҳақида сўз юритиб, уларни икки қисм бўлишини айтди. Уларнинг биринчи қисми:

(Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Ушбу жумлалар хабар кўринишида келган бўлсада, бундан эрга итоат этиш, уни мол-мулкини ва ўз иффатини сақлашга буюриш қасд қилинган. Демак, ўз динида солиҳа бўлган аёлларнинг бир сифати Аллоҳга ва эрига итоатли бўлишидир. Уларнинг иккинчи сифати эса, нафақат эрлари ҳузурида, балки улар йўқлигида ҳам мол-мулкларини ва обрўларини ҳамда ўз иффатларини сақлайдилар. Улар бу ишларида Аллоҳнинг розилигини кўзлаганлари учун Аллоҳ ҳам уларни ўз ҳимоясига олади. Абу Довуд Тайолисий “Муснад”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлларнинг яхшиси–назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир”, деганлар. Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади”, деганлар.

Кейинги оятларда Аллоҳ таоло аёлларнинг иккинчи қисмини баён қилиб, улар сабабли баъзан оилада вужудга келадиган нохушликлар муолажасини қилган. Бу нохушликка аёл сабабчи бўлиб, эрига итоатсизлик қилса, унга нисбатан қандай йўл тутилиши баён этилган:

Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир”. Демак, ўз эрига итоатсизлик қилган аёлларга нисбатан биринчи навбатда Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатини эслатиш орқали панд-насиҳат қилинади. Яъни, Аллоҳ аёллар зиммасига ўз эрларига итоатда, чиройли муомала ва муносабатда бўлишни вожиб қилиб қўйгани айтилади. Эр ўз аёли устидан бир даража юқори туришини эътироф этишга чақирилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар инсонни инсонга сажда қилишга буюрганимда эди, аёлни ўз эрига сажда қилишга буюрган бўлар эдим[1]” деб марҳамат қилган ҳадислари яна бир бор эслатилади. Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ насиҳат қилиш: “Аллоҳдан қўрққин. Сени устингда мени ҳаққим бор. Сен ушбу ҳолатингдан қайтгин. Менга итоат этишинг сени зиммангда фарз эканини билгин” каби гаплар билан бўлади, деганлар.

Салафи солиҳларимиз эрига итоатсизлик қилган хотинга нафақа берилмаслигини алоҳида таъкидлаганлар.

сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз,”.  Яъни, агар аёлга панд-насиҳат манфаат бермаса, бирга ётадиган тўшагини алоҳида қилади. Зеро, ўринни алоҳида қилиш эрига муҳаббатли аёл учун оғир ботиб, тезда ўзини ўнглашга ҳаракат қилади. Бундан ўзига хулоса чиқармаган аёл, эрига итоатсизликда қатъий эканини кўрсатиб қўйган бўлади. Муфассирлар оятда келган “тарк этиш”ни турлича тафсир қилишиб, жумладан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: бир тўшакда ундан юз буриб, гаплашмайди, деган. Баъзилар: юмшоқ гапирмасдан, дағаллик қилади, дейишган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон аёл эрининг тўшагидан алоҳида таризда тунни ўтказадиган бўлса, қайтгунича фаришталар унга лаънат айтиб туради[2]”, деганлар.

сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз”. Аллоҳ таоло аёлларга аввало панд-насиҳат қилишга сўнг ўринларда тарк қилишга буюрди. Агар бу иккиси фойда бермаса урушга ўтилади. Зеро, баъзи аёлларга борки уларни уриш ўнглайди ва эрининг ҳаққига тўла-тўкис риоя қилишга ундайди. Аммо уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунмаслик керак. Уламолар ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси, мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш, деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръонда фақат мана шу ўринда ва улкан гуноҳларнинг ҳадларидагина очиқ-ойдин уришга буюрган. Хотинларнинг ўз эрларига нисбатан гуноҳларини улкан гуноҳлар билан тенглаштирган. Одоб бериш ҳуқуқини тўғридан-тўғри эрларнинг ўзларига берган. Ушбу гуноҳни гувоҳ ёки ҳужжатлар орқали исботланиши ва белгиланган чораларни қўллашда қозининг ҳузурида бўлишини шарт қилмади. Бу Аллоҳ эрларни хотинлар устидан раҳбар қилиб қўйгани, улар учун ҳақиқий неъмат эканига далолат қилади.

Муовия ибн Ҳайра Қушайрий розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?” деб сўраганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг чўриларини урманглар!” деганлар. Ушбу ривоятлардан маълум бўладики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш ва ўртани тузатиш учундир.

 “Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир”. Аллоҳ оятнинг аввалида эрларнинг фазилатини, сўнг уларга одоб бериш ҳаққини берганини баён қилиб, ушбу оятда зулм қилиб қўйишдан қайтармоқда. Аёлларнинг ҳассос ва заиф ҳолда яратилгани айни ҳақиқатдир. Улар ўз заифаликларига бориб, итоасизлик ва одобсизлик қилиб қўядилар. Юқорида айтиб ўтилган чоралардан бири қўллангач, ўзларига келиб итоатга қайтсалар, уларга нисбатан бошқа чора қўллашга ўтилмайди. Чунки мазкур чораларни қўллаш оилани сақлаб қолиш учун эди. Зеро, мақсад ҳосил бўлгач, бошқа чорага эҳтиёж ҳам йўқ аслида. Шуни унутмаслик керакки, хотин итоат қилгандан кейин ҳам уларга қарши бошқа йўл ахтариш, уларга зулм қилиш бўлиб қолади.  Албатта, Аллоҳ таоло зулм қилган золимлардан ўч олишга қодир олий ва улуғ зотдир.

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Фарҳод ЖЎРАЕВ

тайёрлади

 

[1] Ушбу ҳадисни имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[2] Имом Бухорий ривояти.

Read 3740 times

Мақолалар

Top