Мақолалар

Бир ҳадис шарҳи...

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қиладилар:

عن أبي هريرة -رضي الله عنه- أن رسول الله -صلى الله عليه وسلم- قال: ((من صام رمضان إيمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه)). متفق عليه

“Ким Рамазон рўзасини имон билан ва ажр умидида тутса, олдинги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисдан бир неча фойдаларни олишимиз мумкин.

Биринчи фойда: ҳадисда имон ва иҳтисоб билан тутадиган киши учун улуғ ажр бор. Бу эса Аллоҳ таолонинг гуноҳларни мағфират қилишидир. Ҳадисдаги “имон” калимасидан мурод рўзани тутиш шарт эканлигини тасдиқлаш ва унинг фарз амали эканлигига эътиқод қилишдир. “Иҳтисоб” калимаси эса Аллоҳ таолодан савоб талаб қилиш маъносида келган. Имом Хаттобий “иҳтисоб”ни шундай шарҳлайди: “У мусулмон кишининг савоб истаб ҳамда нафсини поклашга рағбат қилиб рўзани тутишлиги, рўзани енгил санамаслигидир”. 

Иккинчи фойда: Рамазон ойида гуноҳларнинг кечирилишлиги. Унинг сабаблари кўп:

биринчи сабаб –юқоридаги ҳадис ҳам шунга далолат қилади. Шунингдек, рағбат қилишимиз лозим бўлган бошқа сабаблар борки, унга шаръий далиллар далолат қилади;

иккинчи сабаб – Рамазон ойидаги кечги ибодатлар;

учинчи сабаби – қадр кечасида ибодат қилишлик;

тўртинчи сабаб – катта гуноҳлардан четланишлик.

فعن أبي هريرة -رضي الله عنه- أن رسول الله -صلى الله عليه وسلم-كان يقول: "الصلوات الخمس، والجمعة إلى الجمعة، ورمضان إلى رمضان؛ مكفرات ما بينهن إذا اجتنب الكبائر". رواه مسلم

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Агар гуноҳи кабиралардан беш вақт намоз оралиғида, жумадан жумагача, рамазондан рамазонгача бўлган оралиқларда четланилса, кичик гуноҳлар учун каффорот бордир”.

Учинчи фойда: мўмин киши Аллоҳ таолога барча гуноҳларга тавба қилишлиги доимий вожиб амалларидан ҳисобланади. Сабаби, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолога доимо тавба қилиб келганлар.

في حديث أبي هريرة -رضي الله عنه- قال: سمعت رسول الله -صلى الله عليه وسلم- يقول: "والله إني لأستغفر الله واتوب إليه في اليوم أكثر من سبعين مرة". رواه البخاري

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганман, у киши айтадилар: “Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳга бир кунда етмиш маротабадан кўпроқ истиғфор ва тавба айтаман”» (Имом Бухорий ривояти).

عن المزني -رضي الله عنه- أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: ((يا أيها الناس توبوا إلى الله فإني أتوب في اليوم إليه مئة مرة)) رواه مسلم

Музний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Эй Одамлар, Аллоҳга тавба қилинглар. Мен бир кунда Аллоҳга юз марта тавба қиламан” (Имом Муслим ривояти).

عبد الله بن عمر رضي الله عنهما: "إن كنا لنعد لرسول الله -صلى الله عليه وسلم- في المجلس الواحد مئة مرة: رب اغفر لي وتب علي، إنك أنت التواب الرحيم". رواه أحمد وأبو داود والترمذي وابن ماجه، وصححه الترمذي وابن حبان

Абдулло ибн Умар айтади: «Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир ўтиришда юз марта “Роббим мени кечир, тавбамни қабул эт, сен тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли зотсан” деб айтганларини санар эдик» (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Имом Термизий, Ибн Можалар ривоят қилишган. Термизий ва Ибн Ҳиббонлар тасҳиҳ қилишган).

Рамазон ойи бошқа вақтлардек, ҳатто бошқа вақтлардан кўра тавбани янгилаш учун афзал вақтдир. Рамазон ойида солиҳ амалларни бажариш фазилат. Фазилатли ишларнинг биринчиси тавбадир. Аллоҳ таоло ҳам инсонларни иккига тақсимлади ва айтди:

وَمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُون

Ким тавба қилмаса, ана ўшалар золим кишилардир (Ҳужурот, 11).

Ибн Қаййим (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Бандалар иккига тақсимланди: тавба қилувчилар ва золимлар. Учинчи тоифа мавжуд эмас. Золим деган ном тавба қилмаган кишининг бўйнига тушади. Сабаби, Раббини танимаган, ҳақини адо қилмаган, ўз нафсининг айбини ҳамда амалларининг офатларини билмаган кишидан кўра золим киши бўлмайди”.

Имом Нававий айтади: “Киши барча гуноҳлардан тавба қилиши вожиб. Шунингдек, тезлик билан бажаришлиги, кечиктирмаслиги лозим. Бу ҳолат гуноҳнинг каттаси ва кичигига ҳам баравардир”.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, Рамазон ойи кунларида Аллоҳга юзланишимиз, гуноҳлардан фориғ бўлишимиз биз учун шарт. Бу қайтиб келмайдиган бир фурсат эканлигини англашимиз лозим.

 

Мансур НУРУЛЛАЕВ,

Бухоро вилояти бош имом-хатиби

Read 5297 times

Мақолалар

Top