Мақолалар

Биринчи бахтинг – ой бахтинг

Оила жамиятнинг энг муҳим бўғини. Таъбир жоиз бўлса, у ер юзидаги энг кичик давлат. Унинг ҳам раҳбари, маслаҳатчиси, ёшлари, беморлари, соғлари бор.

Тасаввур қилинг, заминимизда неча миллионлаб шундай митти-митти давлатчалар бор. Ана шуларнинг ҳаммасини пойдевори бирдай мустаҳкамми? Бу саволга бир овоздан “ҳа” деб жавоб айта олмаймиз. Чунки инсоният ўзи мутлақо хоҳламаган тарзда муқаддас туйғулардан, олий қадриятлардан йироқлашиб бораётир.

Бунинг сабаби нимада? Мислсиз равишда тез ривожланаётган техника тараққиётими? ёки информация алмашинуви такомиллашуви сабабли юзага келаётган пала-партиш тақлидчиликми? Оилани муқаддас билиш, оиласидагилар бахти учун тер тўкиш, улар учун бутун билими, кучи, умрини сарфлаш туйғуси ҳозир олдинроқ яшаб ўтган аждодларимиздагидек эмас. Айниқса, бу туйғу тараққий этган давлатлар фуқароларида янада сусайиб бормоқда. Жумладан, Италия, Германия, Буюк Британия каби мамлакатларда аксарият ёшлар турмуш қуриб, оила юкини зиммасига олишдан кўра шунчаки, ҳамхона бўлиб яшашни афзал кўрмоқда.

Оила мустаҳкамлиги Россия Федерациясида ҳам мақтагудек эмас. Россия статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2017 йилда бу мамлакат фуқароларининг ҳар 1000 никоҳдан 829 таси барбод бўлган Айни шу йили Ўзбекистонда 306197 никоҳ қайд этилган. бу ўтган йилги 275048 никоҳдан 11 фоиз кўп демакдир. Аммо, айни пайтда  31930 та ажралиш ҳам бўлганки, бу – никоҳнинг 8 фоизини ташкил қилади. Шу ҳисобда, оилавий ажримлар 2002 йилдагидан 5 фоиз камайишига эришилган. Бироқ 2016 йилга нисбатан 2609 тага ёки 8,1 фоизга кўп демакдир Агар ажралишлар нисбатан олинадиган бўлса, биз бу кам кўрсаткичимиз билан мақтанишимиз мумкин.

Яқин ўтмишимиздаги оила масалаларига эътибор қаратсак, қизиқ манзаранинг гувоҳи бўламиз. 1991 йилдан 2001 йилга қадар мамлакатимизда 2117000 янги оила ташкил топди. Бу олдинги ўн йилликлар билан қиёслаганда 37 фоиз кам оила қурилди демакдир. Энг қизиғи, шунга акс тарзда аҳолининг умумий сони бирмунча ошган.

Европа давлатлари аҳолиси менталитети, оилага муносабати биздан бирмунча фарқ қилади. Уларда ажралиш, янги оила қуриш ёки шунчаки ҳамхона бўлиб яшаш одатий ҳол бўлиб қолган. Аммо бизнинг юртимизда ажралиш сони нега ошиб, янги никоҳлар камайиб бораяпти, деган саволга жавобни қаердан излаш керак? Ёшлар оила қуришга тайёр эмасми? Ундай десангиз, сўнгги ўн йилликлар давомида оила ҳар доим давлат ва жамиятнинг эътиборида бўлиб келмоқда. Бундан ташқари, ўтаётган ҳар бир йилимизнинг бевосита оила мустаҳкамлигини бориб тақаладиган номлар билан аталиши ҳам оила мустаҳкамлигини асрашга қаратилган.

Давлатимиз оилага шу қадар катта эътибор беришига қарамасдан, нега оилалар пойдевори мустаҳкам эмас? Ажрашишлар Навоий, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятларида кўп бўлганини ҳисобга олсак, бу вилоятларда бошқа миллат вакиллари кўп яшайди ва ажралишларнинг асосий қисми ҳам ўшаларга тўғри келади. Нима учун? Чунки истиқлол даврида бошқа миллат вакилларининг айримлари хорижга ишлаш ва яшаш учун кўчиб кетишди. Шу жараёнда эр кетиб, хотин кетишни хоҳламаган ёки хотин кетиб, эр қолган ҳоллар кузатилади. Бу – умумий ажралишларнинг 4 фоизга яқинини ташкил этади.

Бироқ оилавий ажримлар сони ҳам гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ўзгариб турибди. Ажримлар жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Хоразм вилоятида 41 фоизга, Қорақалпоғистон Республикасида 34 фоизга, Бухоро вилоятида 24 фоизга, Сурхондарё вилоятида 23 фоизга кўпайган.

Ажримлар ёш оилалар ўртасида кўпаяётганини, шаҳарларда қишлоқларга нисбатан ажрашишлар сони ортиб бораётгани росмана ташвишли ҳодиса. Негаки, шаҳарда бошланган нимаики нарса бўлса, албатта, бир куни қишлоққа етиб боради. Бугунги кунда қишлоқ жойларда ҳар саккизта никоҳдан биттаси ажрим билан тугаётган бўлса, шаҳарларда 5-6 та никоҳдан бири, айрим шаҳарларда эса 3-4 та никоҳдан биттаси ажрим билан якунига етмоқда. Аллоҳ ана шу кўрсаткичларнинг қишлоқларга ёйилиб кетишидан асрасин.

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Яшнабод, Олмазор туманлари фуқароларидан ажралиш ҳақида тушган даъво аризалари ўрганилганда улар дунёқарашлари тўғри келмаслигини, иқтисодий муаммоларни, қайнона-келин ўртасидаги муносабатларни, ажралишга хиёнат сабаб бўлганини важ қилгани маълум бўлган. Қолган қисми эса турли-туман деди-деди, миш-мишлар “маҳсули”.

Шунингдек, айрим ёшларнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, йигитларнинг оилани бошқариш, рўзғорни таъминлаш, фарзанд тарбиялаш масъулиятини унчалик ҳис этмаслиги, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифаларини тушунмаслиги, оилада нормал маънавий муҳитни яратишга қодир эмаслиги каби масалалар ҳам сабаб бўлмоқда.

Умуман олганда, оиланинг ўзи нима? У икки жинс ҳамкорлигида ташкил топган янги авлод ишлаб чиқариш корхонасими ёки уларнинг ёшликда бир-бирига берган ваъдаларини бажариш учун яратилган узоқ муддатли синовми? Балки у умрбоқий муҳаббат маҳсулидир.

Ҳа, 70 фоиз ёшларимиз шундай ўйлайди ва севиб, севилиб турмуш қуришни исташади. Қолган 30 фоиз ёшлар эса ҳисоб-китоб бўйича турмуш қуриб бадавлат оилага куёв ёки келин бўлишни орзу қилади. Аммо бундай моддиятпарастлик оила мустаҳкамлигини кафолатламайди. Чунки бадавлат оила янги аъзосини ё ўзига тенг кўрмайди ёхуд вақт ўтиши билан бойлик оиланинг қўлидан кетади. Шу боисдан ёш эр-хотин бир-биридан совийди.

Хўш, унда оила мустаҳкамлигининг шарти нимада?

Оилани сақлаб қолишнинг энг муҳим йўли – Аллоҳ таоло ризолиги учун яшамоқ, оила масъулиятини ҳис қилиб ҳаёт кечирмоқдир. Зотан, Раббимиз: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум, 21),  дея марҳамат қилганки, ушбу ояти карима юзасидан тафаккур қилишнинг ўзиёқ оиланинг мустаҳкам бўлишига кифоя қилади.

Маълумингизки, ҳар бир инсоннинг ўз бурчлари бор. Ватан дахлсизлигини ҳимоя қилиш бурчи, ота-онага муносиб фарзанд бўлиш, кексайганда уларга сидқидилдан хизмат қилиш бурчлари ва ҳоказолар. Шунча бурчни бажарган одам оила олдидаги бурчни бажарса нима бўлибди. Оила илмий маркази бир йили “Оилангизни намунали оила деб ҳисоблайсизми?” деган савол билан 2500 анкета тарқатган  эди. Саволга 3,67 фоиз оила “ҳа” 6.7 фоиз оила “йўқ”, қолганлар эса “қисман” дея жавоб берган эди ўшанда.

Нима бўлганда ҳам бизнинг динимиз, менталитетимизга қўйди-чиқдилар тўғри келмайди. Биз оилапарвар, болажон халқмиз. Ширингина чақалоқнинг биргина жилмайиши  эр-хотин ўртасидаги ҳар қандай низо-ю аразни кўтариб юборади. Ёшларимиз ўзлари учун турмуш қўрсалар-да, болалари бахти учун яшашади. Шундай экан, ўз зурриёдини етим қилишга ким журъат этади? Ҳеч ким.

                                                                                                   

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3167 times

Мақолалар

Top