Мақолалар

Муаллим – камолот ичра кўзгудир   

Ўтган ҳафта йиғилиш ўтказган давлатимиз раҳбари ўқитувчининг ижтимоий мавқеини ошириш масаласи юзасидан аниқ тавсия ва кўрсатмалар берди. Президентмизнинг ана шу тавсияларидан руҳланиб  онгимизда пайдо бўлган баъзи фикрларимизни қоралашга жазм этдик. Илло, ҳаммамиз фарзандларимизни илм олсин, оқ-қорани танисин, элимизга, юртимизга фойда келтирсин, юзимизни ёруғ қилсин, ўзи ҳам ҳаёт синовлари қошида қоқилиб-суриниб юрмасин, дея орзу қиламиз. Шунча кўп нарсани орзу қилсаг-у, уларга таълим берувчи ўқитувчиларни жамиятнинг қуйи табақасига айлантириб қўйсак, нимаики, иш бўлса уларни ўша ишларга сафарбар этаверсак, унинг ортидан яна мактабда болаларимиз етарли билим ололмаяпти деб нолиб юрсак, қизиқ иш қилган бўламиз.

Собиқ шўро замонига қадар жамиятда ўқитувчининг мавқеи ўрта тоифада, моддий манфаатдорлиги ҳам ўртаҳол бўлганини тарих китобларидан ва тарихий-бадиий асарлардан билиб олганмиз. Аммо шўролар ўқитувчиларни ўқувчиларга бош қилиб турли ишларга жалб қилишни бошлаб берганидан кейин бу жуда оммалашиб кетди. Шу боисдан истиқлол йилларида ҳам бундан воз кечиш ўрнига улар яна қўшимча меҳнатларга ҳам жалб қилина бошланди. Ҳатто қишлоқ ўқитувчилари аҳолидан электр энергияси учун ҳам пул йиғишга сафарбар этилиб, аҳолидан пул ундира олмаганлари ўзининг маошини тўлаб ҳам юрди...

Қўшимча меҳнатга узлуксиз жалб этилгани ва даромадининг пастлиги ­– ўртача иш ҳақининг 79 фоизи – сабаб бўлиб кўплаб малакали ўқитувчилар касбидан воз кечиб бошқа ишларга уриниб кетишга мажбур бўлди, уларнинг аҳволини кўрган ёш йигитлар орасида эса педагогика институтига ўқишга кирувчилар сони кескин камайиб кетди. Уларнинг ўрнини қизлар тўлдирди. Натижада боғча, мактаб, коллеж, лицей, ҳатто олий ўқув юртларининг аксарида ҳам ўқитувчилик қилиш аёлларнинг эрмагига айланиб қолди гўё.

Нафсиламри, бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Маълумоти олий бўлса, педагогик салоҳияти бўлса – ўқитувчиларнинг аксари аёллар бўлса нима бўлибди?..

Аёл ўқитувчилар ҳар қанча кучли муаллим бўлмасин, унинг ўзига хос табиати бор. Ана шу хусусияти кучлилик қилиб кетиб, аёл ўқитувчиларимиз синфхонларни кимўзарга безашга тушиб кетди. Болаларнинг  дарсларни яхши ўзлаштира олмаётганини сабаб қилиб, пуллик қўшимча дарслар жорий қилди. Қизиғи шундаки, ўқитувчи дарсни яхши ўтса, бола нега дарсни яхши ўзлаштира олмайди. Боз устига қўшимча дарсни ҳам ана шу ўқитувчининг ўзи ўтади. Ҳеч ким сўрамайдики, “Сиз яхши ўқита олмаганингиз учун бола қўшимча дарсга қатнашга мажбур бўляпти. Дарсни яна сиз ўтсангиз, бунда не маъни?..” деб. Синф ва мактаб фондининг муттасил равишда ўсиб бораётгани ҳам ўқитувчилар обрўсига путур етказмоқда.

Президентимиз ўтказган йиғилишда ўқитувчиларнинг ойлик маошларини кескин кўтариш масаласи қўйилди. Ўқитувчининг ижтимоий мавқеини оширадиган биринчи омил шу ўзи. Ўқитувчининг ўқувчини ўқитишдан бошқа муаммоси бўлмаса, айниқса, ўқувчисининг ота-онасининг қошида моддий ночорлиги сезилиб қолмаса, унинг гаплари дадил бўлади. Бола ҳеч қачон ота-онаси ҳурмат қилмаган кишини ҳурмат қилмайди. Бунинг учун эса юртбошимиз назарда тутганидек, ўқитувчини моддий қарамликдан, турли-туман ишларга сафарбарликдан озод қилиш керак. Ана шунда эркак ўқитувчилар ҳам мактабга қайтади.

Йиғилишда бугун мамлакатимиздаги 9,7 минг мактабда 5,2 миллион ўқувчи таълим олиши, ўқув-тарбия ва бошқарув жараёнида 450 мингдан зиёд ходим меҳнат қилиши айтилди. Ва яна ҳозир замоннинг ўзи “инсон капитали”га сармоя киритишни кўпайтиришни тақозо этаётгани. Негаки, бугун сармоядор илгаригидек арзон иш кучи бор жойга пул тикмаётгани, бунинг сабаби, шиддатли илмий-техник тараққиёт малакасиз ишчига эҳтиёжни кескин камайтириб юбораётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқи арзон ишчи кучига ҳеч қачон айланмаслиги керак. Чунки шарафли аждодларимизнинг васияти шундай. Боболаримиз бизга дунёга қадоқ қўлимиз билан арзон ишчи кучи сифатида эмас, илму маърифатимиз билан олиму уламо сифатида чиқишимизни васият қилган, Шариатимизнинг кўрсатмаси ҳам, Президентимизнинг талаб-истаги ҳам шу.

Бинобарин, Президентимиз Молия вазирлиги 2019 йилги Давлат бюджетини шакллантиришда мазкур соҳанинг улушини оширишга алоҳида эътибор қаратиши кераклигини таъкидлагани замирида ана шу ҳақиқат мужассам.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари тизимга юқори малакали мутахассислар жалб қилишни, Халқ таълими вазирлиги ҳузурида уларни рағбатлантириш мақсадида алоҳида жамғарма ташкил этишни таклиф қилди. Мактабларда ахборот-коммуникация, интернетнинг ишлаши ҳозирги вақтда мутлақо қониқарсиз эканига – атиги 7 фоизлигига ҳам тўхталиб ўтди. 

Ушбу йиғилишда ўқитувчиларни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий мавқеини, эл орасидаги обрўйини кўтариш юзасидан масъулларга муҳим топшириқлар берилди. Дарҳақиқат, ўқувчи мактабни мустақил ҳаётга тайёр инсон бўлиб битириши бевосита ўқитувчига боғлиқ. Шундай экан, аввало, ўқитувчининг ижтимоий мавқеини юксалтириш ана шу эзгу орзу-умидларимизга эришишнинг муҳим асос бўлади.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3239 times

Мақолалар

Top