Мақолалар

ОАВ терроризмга ёрдам беряпти(ми?)
Бугунги кунда терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализм (ТОКТЭР)га қарши кураш жараёнида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ниҳоятда муҳим. Чунки улар бир томондан аудиторияга ахборот етказиш баробарида кўпчиликнинг фикрига кенг таъсир қилиш имкониятига эга бўлсалар, иккинчи томондан жамоатчилик назоратини ўрнатишда ҳам фаол иштирок этишлар мумкин.
 
photo5368687989217143005.jpg
 

Беруний Алимов, 
филология фанлари бўйича 
фалсафа доктори
 

Табиийки, ана шу мақсадда нималарга кўпроқ эътибор қаратиш керак? Айниқса, шу соҳага эндигина ихтисослашаётган мухбирларда бундай саволларнинг туғилишига кўп бора гувоҳ бўлганмиз.
 
Умуман олганда, ҳозирги даврда терроризмга қарши курашда ОАВ ролини фаоллаштиришимиз керак. Тўғри, тинч ва осойишта ҳаёт кечирмоқдамиз. Журналистларимиз бирон нарсага бош қўшишлари учун “ахборий сабаб” ёки тегишли биронта жиддий воқеа содир бўлиши керак. Шундагина ёзишни бошлаймиз. Бироқ, назаримизда, шундай мавзулар ҳам борки, улар ҳақида ёзиш учун воқеани пойлаб ўтириш шарт эмас. Балки унинг олдини олиш, яъни профилактика билан боғлиқ ишларда иштирок этишимиз керак.
 
Бошқача айтганда, бу борада ОАВ ва журналистлар ишини фаоллаштириш жоиз. 
Таҳририятлар ўзларининг ижодий ишлар режасига албатта бу борадаги материалларни алоҳида киритиб қўйишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
 
Мисол учун, миллий медиа сегментда ёшлар учун фойдали бўлган ахборотларни кўпайтириш, ёт ғояларга умуман ўрин қолдирмаслик масаласига алоҳида эътибор қаратилиши керак.
 
Умуман олганда, бугунги ҳар қандай журналистик фаолият мазмунини хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан қайда кўриб чиқиш ўринли бўлар эди. Шу мақсадда профилактик материалларга кўпроқ ўрин ажратиш зарур.
 
Ахборот маконида ёшларимизни чалғитадиган, уларнинг онгига таъсир ўтказишга уринаётган шубҳали, келиб чиқиши ноаниқ бўлган ОАВга қарши биргаликда кураш олиб борилмоғи даркор.
 
Интернет ва ижтимоий тармоқларни хавфли ахборотлардан тозалашда фаол қатнашмоғимиз зарур. Шунингдек, тинчликни бузувчи, экстремистик ва шу каби бошқа ахборотларни тарқатаётган сайтлар, саҳифалар фаолиятини техник жиҳатдан тўхтатиб қўйиш чоралари кўрилиши керак.
 
Террористик гуруҳлар фойдаланадиган турли ахборот каналлари, ҳар хил катта-кичик сайтлар, жумладан, электрон ОАВ ва ҳатто исломий, диний сайтлар, ижтимоий тармоқлар воситасида бузғунчи ва ёлғон ахборотларга раддия бериш, образли қилиб айтганда, “сопини ўзидан чиқариш” яхши самара беради. Бу мақсадда одатдаги ахборот сайтларимиздан кўра, диний-маърифий йўналишлардаги сайтларнинг фаоллигини ошириш назарда тутилади.
 
Террористлар олиб бораётган ғоявий урушга қарши курашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни баҳамжиҳатликда ишлаб чиқиш, бу борада барча маҳаллий ва республика марказий ОАВлар кучини бирлаштириш керак бўлади.
 
Терроризм профилактикаси учун расмий идоралар ва ОАВ вакиллари иштирокида турли форумлар ва давра суҳбатларини ташкил этиш билан боғлиқ тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва уни ўрнатилган тартибда амалга ошириб бориш зарур.
 
Дунёнинг турли бурчакларида содир этиладиган террористик хуружлар ҳақидаги ахборотларнинг миллий ОАВда тарқатилишига имкон қадар чек қўйиш, айниқса, қурбонлар тасвирга олинган кадрларни ТВ орқали кўрсатмаслик керак. Шу маънода ҳалок бўлган ёки яраланган шахсларнинг расмларини газета ва интернет сайтларида бермаслик керак. Чунки террористик ҳаракатларнинг асосий мақсади оддий одамларнинг ичига қўрқув ва ғулғула солишдан иборат бўлади. Журналистлар эса шу каби даҳшатли расмларни одамларга кўрсатиш орқали террористларга билиб-билмай “ёрдам” берган бўладилар.
 
Миллий ва маҳаллий ОАВга республика халқи ва фуқароларини жипслаштиришга қаратилган ахборотларни кўпайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиши зарур. Кузатишлар шуни кўрсатадики, бу борада олдин қалам тебратмаган журналистлар ишни нимадан бошлашни билмайдилар.
 
Энг асосий мақсад – оммавий ахборот воситалари содир этилган террористик хуружларни ёритиш эмас, балки уларнинг олдини олиш бўйича материаллар беришга кўпроқ эътибор қилишлари керак.
 
Терроризм ва экстремизм профилактикасига доир тадбирларларда олимлар, тадқиқотчилар ва психологлар маърузаларини ташкил этиш зарур. Шунингдек, бу каби тадбирларга машҳур маданият арбоблари, ёшлар билан ишлайдиган турли ташкилотлар вакилларини жалб этиш яхши самара беради.
 
Мухбирлар ўз чиқишларида ёлғон ва хавфли қарашларга қарши курашишлари керак. Хусусан “такфиризм”, яъни бошқа динларни умуман инкор этишнинг нақадар хавфли эканлигини аудиторияга тушунтириб беришимиз ўринли бўлар эди.
 
Журналистик материалларда аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат бўлган давлатларда яшаётган бошқа диндаги фуқароларнинг қандай ҳуқуқлари мавжудлигини ёритиб беришимиз ҳам аҳамиятлидир. Муқаддас диний китоблар, хусусан, Қуръони Каримни нотўғри талқин қилиш, айниқса, мусулмон одамнинг ўзга дин вакилларига бўлган муносабати ҳақидаги тушунчаларини бузиб кўрсатишга чек қўйиш зарур.
 
Хориждаги турли дин пешволари томонидан норасмий тарзда берилган фатволарнинг нотўғрилигини очиб бериш, жумладан, террористик ҳаракатларга рухсат берувчи фатволарнинг асл мақсадини тушунтириш зарур.
 
Мақола ва материалларда экспертлар фикрига асосланган ҳолда терроризм ғояларини қабул қилишнинг ўзи гуноҳ эканлигини исботлаб бериш айни муддао бўлар эди.
 
Булардан ташқари, содир этилган террористик хуружлардан ўринсиз хурсанд бўлиш мумкин эмаслигини қайд этиш, унинг психологик жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам нотўғри эканлиги ҳақида батафсил тушунчаларни шакллантириш зарур.
 
Ёшларни, хотин-қизларни ўқитиш, уларнинг илмий дунёқарашини кенгайтиришга йўналтирилган маърифий фаолиятни ОАВда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак.
 
Бир сўз билан айтганда, терроризмга бошловчи зўравон экстремизм ва радикаллашувга қарши кураш олиб боришда юқорида қайд этилмаган яна бошқа муҳим тадбирларни, яъни турли ижодий журналистик шакл ва кўринишдаги профилактика ишларини ҳам амалга ошириш мумкин. Биз уларнинг айримларига тўхталдик, холос. 
 
Асосий мақсад – ОАВ орқали фуқароларни огоҳликка чорлаш, турли бегона унсурлар, ёт ғояларнинг ахборот маконимизга кириб келишига йўл қўймасликдан иборат бўлиши керак.
 
ЎзА
Read 3098 times

Мақолалар

Top