muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло, инсон ҳаётини маълум низом асосида, иффат ва поклик асосида, муҳаббат ва севги асосида, ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида бўлиши учун никоҳга амр этган. Никоҳ туфайли “оила” деб аталган муҳташам ошён қурилади. Унда эр-хотин, улардан пайдо бўлган ўғил-қизлар, невара-аваралар бир-бирлари билан муқаддас ришта орқали боғланиб яшайдилар. Шундай йўл билан оила номли кичик жамият пайдо бўлади. Ана шундай “жамиятча”ларнинг қўшилишидан катта жамиятлар юзага келади.

Бу борада катта жамиятларни бино деб тасаввур қилсак, оила унинг ғишти ҳисобланади. Ғиштлар бўлмаса бино ҳам бўлмаслиги турган гап. Ана шу ғиштлар чиройли бўлса, иморат ҳам чиройли чиқади, ғиштлар пишиқ бўлса иморат ҳам пишиқ бўлади. Никоҳ билан оила қуришнинг бундан бошқа фойдали томонлари ҳам кўп.

Шунинг учун ҳам Ислом динида никоҳга қаттиқ тарғиб қилинади. Уламоларимиз никоҳни ибодат даражасига ҳам кўтарганлар. Никоҳ – маданият,  тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини асрайди ва зинодек қабих, харом ишдан ўзини сақлайди.

Эр-хотин орасидаги оилавий алоқалар ўзаро муҳаббат, бир-бирини тушуниши асосига қурилиши лозим.

Аммо, табиийки, оилавий ҳаётда турли ҳолатлар содир бўлиб туради, шу жумладан, эр-хотин ўртасидани келишмовчиликлар ҳам. Бундай пайтда аёл киши оқилона йўл тутмоғи лозим. Оқила аёллар тезда ўзини ўнглаб, сулҳга ўтади ва бу борада эрига эсидан чиқмайдиган дарс беради.  У ўз ўрнида эрига энг яқин дўст, дардкаш, маслаҳатчи бўла олади.

Баъзи аёллар эса эрининг ҳаёлида ҳам йўқ масалани кўндаланг қилиб қўйиб, ўз айтганида туриб олади. Ушбу нотўғри иш оқибатида гап кўпайиб, жанжал кучаяди ва иш талоқ билан тугайди. Шундай аёллар ҳам борки арзимаган нарсалар учун мени талоғимни беринг деб туриб оладилар.

Саҳобалардан бири Савбан розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир мажлисда: “Қайсики аёл бир узрли сабабсиз эридан талоқ қилишини сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам харом қилинади” деганларини эшитдим дедилар. Ҳуда-беҳудага эридан талоқ сўраган аёл жаннатга кириши у ёқда турсин унинг ҳидини ҳам ҳидлай олмас экан.

Турмушда ҳар хил ҳолатлар бўлиши турган гап. Одам бир хил туравермайди: эркаклар ҳам хато қилиши, баъзан зулм қилиб юбориши мумкин. Лекин, ўша ҳолатни орага талоқ сўзини ишлатмасдан ҳал қилса бўлади-ку!

Эр-хотин ўртасидаги можароларни аввало, ваъз-насихат билан, уларни инсофга чақиришлик билан ҳал қилиш, бу ҳам ёрдам бермаса қариндошларлардан бири орага тушиб, уларни яраштириш чораларини кўриш керак.

Дунё тарихи ва бугунги кунимизга бир назар соладиган бўлсак, талоқ масаласида турли тушунча ва ҳукмлар мавжудлигини кўрамиз. Ислом динида бу маслада ҳам ўртача йўл тутилган ва талоққа рухсат берилган. Аммо бу нарса маълум бир шарт-шароит ва чегара доирасида бўлиши йўлга қўйилган. Аввало, талоқ ноилож қолганда қўлланилади. Чунки, у Аллоҳ учун энг ёмон кўрилган ҳалол ишдир.

Исломда талоқ хаққи эрака кишига берилган. Чунки эркак киши оилада раҳбар ҳисобланади. Чунки аёллар табиатан аччиғи тез ва эҳтиросли бўлганликлари туфайли шошиб ҳукм чиқарадилар.

Энг муҳими мусулмон эр иложи борича талоқ қилмаслик руҳида тарбия топган бўлади. Умуман, Ислом жамиятида талоққа энг нохуш нарса сифатида қаралади. Талоқ сўзи ишлатилганда “Аллоҳнинг арши ларзага келади” деган тушунчага эга бўлган мусулмон эр ўзининг бу ҳуқуқини охирги чора сифатида қўллайди.

Каттами-кичикми, ҳар бир инсон ўз сўзига жавобгардир. Ҳар қандай сўзнинг салмоғи каттадир. Инсон бир сўз билан мўмин бўлиб, бир сўз билан иймондан чиқади. Ақди никох пайтида келин-куёв бир сўз билан эр-хотин бўладилар ва яна биргина талоқ сўзи билан аксинча бўлиши мумкин. Бундай хатоликка йўл қўйган оилалар бир оз вақт ўтгандан кейин иккиси ҳам: “Талоққа йўл борми?, Қандай қилиб ярашиш мумкин?” – дея чор-атрофга югуришни бошлайдилар. Шундай экан оғзимиздан чиқаётган ҳар бир сўзга эҳтиёткорлик билан ёндошмоғимиз лозим.

Оилаларимизни мустаҳкамлиги, бахтиёрлиги барчамиз учун зарурдир. Шунинг учун ҳам хар биримиз ушбу аҳамиятли ишга ўз хиссамизни қўшайлик.

Аллоҳ Таоло барча оилаларимизни ва уларнинг барча аъзоларини ўз паноҳида асрасин!

 

 

 

Янгийўл туман бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси       

Нишонова Ханифахон

Инсон азиз-мукаррам зот. Бу ҳақда ислом дини таълимотида ҳам айтилган. Шу кунларда юртимизда, қишлоқ ва шаҳарларимизда, ҳар бир оила ва хонадонда каттаю кичик – барча ватандошларимиз 9 - май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонламоқда. Ушбу сана сабабидан қалбларда меҳр-мурувват, ҳурмат-эътибор, қадр-оқибат, хайр-саховат янада кучайишига ҳисса қўшадиган байрамлардандир.

Шу муносабат билан Тошкент ислом институтининг битирувчи курс талабалари мураббийси Фарҳод Ҳомидов бошчилигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган Тошкент шаҳар  Олмазор тумани, Зарқайнар кўча, 180-хонадонда истиқомат қилаётган, Муҳиддинов Абдулло ҳожи ота хонадонига бориб, табаррук ёшдаги отахон ҳолларидан хабар олинди.

Зиёрат чоғида ҳожи ота талабаларга Ватанимиз равнақи, динимиз ривожи йўлида сидқидилдан хизмат қилишлари лозим эканини насиҳат қилдилар. Шу билан бирга, Абдулло ҳожи ота ўзларининг диний идорамиздаги узоқ йиллик хизматлари тўғрисида сўзлаб бердилар.

Халқимиз “От изини той босар” деган нақл бор. Ҳозирда ҳожи отанинг ўғиллари Маҳмудхон ҳожи Муҳиддинов ҳам оталари изидан бориб идора тизимида 30 йилдан ортиқ фидойилик билан самарали меҳнат қилмоқда.

Зиёрат сўнгида ҳожи ота юртимиз тинлиги ва динимиз ривожини тилаб дуои хайрлар қилдилар. Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги тинчлик-омонлик сабабидан бўлаётган бунёдкорлик ва ободончилик ишлари, бугунги янгиланишлардан ҳар бир ўзбекистонликнинг кўзи қувонади ва қалби яйрайди.

Фарҳод Ҳомидов,

4-курс мураббийси
MUSLIM.UZ

Неділя, 07 май 2017 00:00

Уч авлод учрашуви

Тарихга назар солмасдан, келажакка боқиб бўлмайди. Бинобарин, инсонни инсон этиб тарбиялашда энг яхши восита бу тарих деб бежизга айтилмаган. Кексаларимиз эса тирик тарихимиздир. Чунки улар улуғ ёшда яшаб ҳаёт йўлидаги мураккаб тўсиқларни енгиб ўтиш сир-асрорлари ҳамда  ўзларидан аввалгилар ҳақидаги хабарларни ҳам сўзлаб берадилар.

Қарияларимиз бизнинг бойлигимиздир. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар орангизда мункиллаб юрган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келарди” дея марҳамат қилганлар. Ҳақиқатан ҳам исломда сочи оқарган кексаларнинг даражаси Аллоҳ таолонинг наздида юқоридир. Шу туфайли ҳам уларнинг дуолари ижобат бўлишга яқиндир. Динимизда қарияларни қадрлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш ҳамда дуоларини  олишбуюрилган ишлардандир.

Шу сабабли 6 - май куни биз ўз курсдош талабалар мураббий Алишер домла бошчилигида ўз куч-қувватини халқ, ватан, дин йўлида сарф этиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрий устозимиз Абдуқаюм домланинг зиёратларига бордик. Устоз бутун умрларини шу юрт равнақи учун сарфлаган ҳақиқий ватанпарвар инсонлардандир. Ўз илмий фаолиятлари давомида бизнинг олийгоҳимиз бўлмиш Тошкент ислом институтида ректорлик вазифасида ҳам бир неча йил фаолият кўрсатганлар.

Устоз билан суҳбатимиз жуда мароқли бўлди. Ўзларининг ёшлик чоғлари, илмий фаолиятлари, хусусан, олий маъҳадда кўрсатган фаолиятлари ҳақида сўзлаб ҳозирги пайтда биз ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар билан олдинги ҳолат ўртасида жуда катта тафовут бор эканлигини сўзлаб бердилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг неъматларни завол бўлишидан олдин унумли фойдаланиб, уларнинг шукрини қилиб қолиш ҳақидаги кўрсатмаларига биноан ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш, вақтни қадрига етиш лозимлигини айтиб ўтдилар.

Суҳбатимиз сўнгида устозимиз бизнинг ҳаққимизга дуои хайрлар қилдилар. Биз талабалар ушбу учрашувдан жуда катта таассуротлар олдик. Аллоҳ таолодан устозимизга тинчлик-хотиржамлик, биз шогирдларининг бахтига соғ-омон бўлишларини сўраб қоламиз.

 

Нодиров Ҳумоюн,

1-курс талабаси

 Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан кексаларни эъзозлаш, уларнинг йиллар мобайнида тўпланган бебаҳо маслаҳатлари, ҳаётий тажрибаларидан унумли фойдаланиш юзасидан бир қатор таклифлар киритилиб, кун тартибига қўйилмоқда. 

 Шу жумладан, баркамол авлодни маънан баркамол қилиб тарбиялашда, динимиздаги меҳр-оқибат, раҳм-шавқат, атрофимиздаги кишилардан хабар олиб туриш каби хислатларни ёшларнинг қалбига сингдириб, улғайтиришимиз миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимизни нақадар улуғлигининг белгисидир.

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизлардан яхшиларингиз умри узоқ ва яхши амалларда бардавом бўлганларингиздир”.

 Луқмони Хакимдан: “Нега ҳадеб ўғлингизга насиҳат қилаверасиз?”, деб сўрадилар. “Кексаларнинг насиҳати ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилган кабидир”, деб жавоб берибди. Қайси бир кишига Аллоҳ шундай умрни тақдир қилган экан, ҳеч шубҳасиз, бу инсон бахтлилар қаторидадир.

 “9май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан жорий йилнинг 4май куни Тошкент ислом институтида талаб қизларнинг “Ижтимоий фанлар” кафедраси профессори Икромова Ҳабиба устозва ҳисобчи Қундуз ҳожи она Усмонова билан учрашув бўлиб ўтди.

 Ушбу дийдорлашув давомида улуғ онахонлар талаба қизларга ўзларининг қимматли маслаҳатларини берар экан шундай сўзларни айтиб ўтдилар: “Кексалик инсон умрининг осуда давридир. Чунки одам кексайганида катта ҳаётий тажрибага, теран ақлга эга бўлади. Шундай пайтда, ёш авлод уларнинг кўмаги ва  маслаҳатига доимо эҳтиёж сезадилар. Агар сиз ёшлар меҳнатсевар, ҳалол, диёнатли, эл иши учун фидойи бўлиб тарбия топмоқни истасаларингиз, кекса ота-оналарингизни зиёрат қилиш асносида, уларнинг насиҳатларига қулоқ тутиб, ҳаётий тажрибаларидан фойдаланинглар”.

 Қутлов сўнгида ёш авлод мўьтабар ёшдаги онахонларнинг дуоларидан баҳраманд бўлдилар. Зеро, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат эҳтиром қилиш, кексалар ҳолидан хабардор бўлиб туриш ўзбек халқининг азалий одатларидандир. Шунингдек, дуо олган киши албатта кўкаради ва келажакда  ўз мевасини беради.

 

З.Суярова,

ТИИ талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи
MUSLIM.UZ

Мақолалар

Top