muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Вівторок, 17 октябрь 2023 00:00

Қайта тирилиш ва жамланиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган кунда, қилган ишларининг хабарини берур. Аллоҳ ҳисоблаб турган, улар эса унутганлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир», деган.

Баъзи кофир ва мунофиқлар, Аллоҳга ишонмаган, Унинг шариатига амал қилмаганлар ёшини яшаб, ошини ошаб, бирор жазо тортмай ўтиб кетмоқдалар-ку! Азоб қани?! дейишлари мумукин. Ушбу оятда ана шундоқ муҳтамал саволнинг жавоби ўз аксини топган.
«Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган кунда, қилган ишларининг хабарини берур».
Тўғри, баъзи кофир ва осийлар бу дунёдан ўз қилмишларига яраша жазо тортмай ўтиб кетишлари мумкин.Аллоҳ таоло шунинг учун ҳам қиёматни, ўлгандан кейин қайта тирилишни жорий қилган. У зот ҳамма бандаларга уларни қайта тирилтирадиган кунда, қилган ишларининг хабарини беради.
«Аллоҳ ҳисоблаб турган, улар эса унутганлар».
Ҳа, Аллоҳ бандаларнинг бу дунёда қилган каттаю кичик барча ишларининг ҳисоблаб турган. Бандалар эса, ўша ўз амалларини эсдан чиқарганлар.
«Ҳолбуки, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир».
Ҳа, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага Ўзи гувоҳдир. Банданинг заррача қилган яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам Унинг назаридан четда қолмайди ва банданинг амал дафтарига ёзилиб туради. Ғофил банда эса гуноҳларини тезда унутиб юборади. Лекин Аллоҳ қиёмат кунида ер юзидаги барча халойиқни, бирор кишини ҳам унутмасдан, тирилтиради. Сўнгра бу дунёда қилган ишларини ҳар бир банданинг амал дафтарига асосланиб унга кўрсатади.

Аллоҳ таоло: «У Бизга мисол келтирди ва ўз яратилишини унутди. «Суякларни ким тирилтирур? Ҳолбуки, улар титилиб кетган-ку?!» деди.
Сен: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган зот тирилтиради ва у ҳар бир яратилган нарсани яхши билгувчидир», деб айт», деган.
Ушбу ояти карималар ва ундан сўнг келадиган оятлар ўлгандан кейин тирилтиришни инкор қиладиган ҳар бир инсонга хитобдир. Аммо бу оятларнинг тушишига сабаб бўлган киши мушрикларнинг каттаси Убай ибн Халаф эди.
Мужоҳид, Икрима, Урва ибн Зубайр, ас-Суддий ва Қатодалардан қилинган ривоятда:
«Убай ибн Халаф (Аллоҳнинг лаънати бўлсин унга) қўлида чириган суякни тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва хокини ҳавога пуфлаб учириб туриб:
«Эй Муҳаммад, Аллоҳ мана шуни тирилтиради, деб гумон қиласанми?!» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа, Аллоҳ сени ўлдиради, кейин қайта тирилтиради, сўнгра эса, дўзахга киритади», дедилар.
Шундан кейин: «Инсон Биз уни нутфадан яратганимизни билмайдими?!» деб бошланувчи оятлар нозил бўлди», дейилган.
Ҳаддан ошган, ўзидан кетган бу хусуматчи инсон қўлига чириган суякларни олиб:
«Бизга мисол келтирди...»
Мисол келтиришга келтирдию аммо:
«...ўз яратилишини унутди».
Агар у ўз яратилишини унутмаганида, ўлгандан кейин қайта тирилишга шубҳа қилмас, уни инкор этмас эди. Ўша кофир инсон сенга қараб, эй Пайғамбар, бу:
«Суякларни ким тирилтирур? Ҳолбуки, улар титилиб кетган-ку?!» деди.
Кофирнинг, суякларни ким тирилтиради, деган саволига нима деб жавоб беришни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг Ўзи ўргатмоқда. Эй Пайғамбар:
«Сен: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган зот тирилтиради...» дегин.
Йўқдан бор қилган зот учун борни қайта тирилтириш жуда ҳам осондир. Уни қандай амалга оширишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.
«...у ҳар бир яратилган нарсани яхши билгувчидир», деб айт».
Ҳар бир махлуқнинг ҳар бир хусусиятини ҳам яхши билади. Шунинг учун уларнинг ҳар бирини худди ўзидек қилиб, ҳатто бармоқ учларини ҳам ўз ҳолига қайтариб тирилтиради. У зот ҳар нарсага қодирдир.

Аллоҳ таоло: «Сизларни яратиш ҳам, қайта тирилтириш ҳам фақат бир жонни (яратиш ва қайта тирилтириш) кабидир. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи ва ўта кўргувчидир», деган.
Дунёда одамларнинг кўплигидан, бунча одамни Аллоҳ таоло қандай ярата олади, деган хаёлга борилмасин. Дунёдан ўтган одамларнинг кўплигидан Аллоҳ шунча ўликни қандай қилиб қайта тирилтирар экан, деган шубҳа уйғонмасин. Дунёдаги барча одамларни яратиш, барча ўликларни қайта тирилтириш Аллоҳ таоло учун ҳеч нарса эмас. Уларнинг ҳаммасини яратиш ва қайта тирилтириш унинг учун бир жонни яратиш ёки қайта тирилтириш кабидир. Бир жонни яратиш ёки қайта тирилтириш Аллоҳ учун иш эмас, «бўл» деса, кифоя, бўлади.

Аллоҳ таоло: «Улар жон-жаҳдлари билан: «Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтирмас», деб Аллоҳ номи ила қасам ичдилар. Йўқ! Бу-У зотнинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар», деган.
Қайта тирилишга ишониш қадимдан кўпчилик қавмлар учун мушкул масала бўлиб келган. Ҳатто Аллоҳнинг борлигига иймон келтирган баъзи кишилар ҳам ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмай залолатга кетганлар. Шулар жумласига Макка мушриклари ҳам киради. Улар Аллоҳнинг борлигини инкор қилмайди. Аллоҳ бор, дейди. Аммо Аллоҳга буту санамларини шерик қилади. Булар кичик худоларимиз, бизни катта худога етиштирадиган воситачиларимиз шулардир, дейишади. Айни бир вақтда, Аллоҳ одамларни ўлгандан кейин қайта тирилтиришига мутлақо иймон келтирмайдилар.
«Улар жон-жаҳдлари билан: «Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтирмас», деб Аллоҳ номи ила қасам ичдилар».
Мушрикларнинг бу масаладаги эътиқодлари шу даражага етган эдики, улар ўлганларнинг қайта тирилиши мумкин эмаслигига жон-жаҳдлари билан Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар.
Лекин Аллоҳ мушрикларнинг бу ишларини қаттиқ инкор қилиб:
«Йўқ! Бу-У зотнинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир», демоқда.
Йўқ! Эй мушриклар, сиз айтаётган гаплар беҳуда гаплардир. Ўлганларни қайта тирилтириш-Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди. Ўлганларни албатта қайта тирилтиради.
«Лекин одамларнинг кўплари билмаслар».
Шунинг учун кофир ёки мушрик бўлиб, турли гуноҳларни қилиб юрадилар. Агар улар Аллоҳ ўлганларни албатта қайта тирилтириши ҳақ эканини билсалар, бундай қилмас эдилар.
Одамларнинг ишониши ёки ишонмаслиги, билиши ёки билмаслигидан қатъий назар, Аллоҳ таоло барибир уларни ўлганларидан кейин, албатта, қайта тирилтиради.

Аллоҳ таоло: «У кунда худди санамлар(ибодати)га шошганларидек, қабрларидан шошиб чиқурлар. Кўзлари қўрқинчга тўлган, ўзларини хорлик қоплаган ҳолда турурлар. Бу ўша–уларга ваъда қилинган кундур», деган.
Қиёматни инкор этувчиларга бундан ортиқ таҳдид бўлмаса керак!

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ҳар банда қай ҳолда ўлган бўлса ўшандоқ тирилтирилади» деганларини эшитдим». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ким яхши ҳолатда турганда жон таслим қилган бўлса, охиратда яхши ҳолатда қайта тирилади. Ким ёмон ҳолатда турганда жон таслим қилган бўлса, охиратда ёмон ҳолатда қайта тирилади. Ўлим банданинг қоши билан қовоғи орасида бўлгани учун, ҳар лаҳзада келиши мумкинлиги учун банда яхши ҳолда ўлай деса доим яхши ҳолда юрмоғи керак.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ичимизда хатиблик ила мавъиза қилароқ: «Эй одамлар! Албатта, сизлар Аллоҳга яланг оёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда ҳашр қилинасизлар», дедилар.
Кейин «Худди дастлабки халқини бошлаганимиздек, уни қайтарурмиз. Бу бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта, биз қилгувчи бўлганмиз»ни ўқидилар.
Сўнгра узот: «Билиб қўйинглар, қиёмат куни халойиқнинг энг аввал кийинтириладигани Иброҳимдир. Билиб қўйинглар, менинг умматимда бир кишилар келтирилурлар. Уларни чап томонга олинур. Шунда мен: «Эй Роббим, асҳобларим», дейман.
«Албатта, сендан кейин нимани пайдо қилганларини билмайсан», дейилур.
Мен худди солиҳ банда айтганидек:
«Ва модомики ораларида эканман, уларга гувоҳ бўлдим. Мени Ўзингга олганингдан сўнг, Сенинг Ўзинг уларга кузатувчи бўлдинг. Зотан, Сен ҳар бир нарсага гувоҳсан», дейман.
«Улар сен улардан ажраганинг бери ортларига муртад бўлишда бардавом бўлдилар», дейилади», дедилар
».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар қиёмат куни яланг оёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда ҳашр қилинадилар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг расули! Аёллар ва эркаклар ҳаммалари бир-бирларига назар солурларми?» дедим.
«Эй Оиша! Иш улар бир-бирларига назар солишларидан кўра шиддатли!» дедилар
». Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Қиёматнинг кучли шиддатидан ҳар ким ўзи билан овора бўлиб биров билан иши бўлмай қолади. Ёнидаги одам эркакми, аёлми, ялонғочми, кийинганми хаёлига ҳам келмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар уч тоифада ҳашр қилинадилар. Рағбат қилган ва қўррқан ҳолларида. Икки киши бир туяга, уч киши бир туяга, тўрт киши бир туяга ва ўн киши бир туяга минган ҳолларида. Қолганларини олов ҳашр қилади. Кечаси қаерда ётсалар, у ҳам улар билан ётади. Кундузи қаерда ухласалар, у ҳам улар билан ухлайди. Улар қаерда тонг отдирсалар, у ҳам ўша ерда тонг отдиради. Улар қаерда кескиртсалар, у ҳам ўша ерда кечкиртади», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, одамлар пиёда, улов минган ва олов билан бирга бўлган уч ҳолда жамланар эканлар. Уламоларимиз бу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган жамланиш бу дунёнинг охирида бўлишини таъкидлаганлар.

Баҳз ибн Ҳакимдан, у ўз отсидан, у бобосидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Албатта, сизлар пиёда, улов минган ва юзтубан судралган ҳолда маҳшарга келтирилурсизлар», деганларини эшитдим». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Юзтубан судралган ҳолда маҳшарга келтирилганлар кофирлар бўлади.

Қиёмат куни одамларни жамланадиган маҳшаргоҳнинг ери мутлақо янги, ҳеч нарса бўлмаган, хусусан, бирор гуноҳ содир этилмаган ерда бўлади.
Аллоҳ таоло: «Бу, ер бошқа ерга ва осмонлар ҳам (бошқа осмонларга) алмаштириладиган ва у(одам)лар ёлғизу қаҳҳор Аллоҳ ҳузурида пайдо бўлишадиган Кунда бўлади», деган.

Масруқ розияллоҳу анҳу айтади: «Оиша шу оятни ўқиди ва: «Эй Аллоҳнинг расули! одамлар қаерда бўладилар?» деди.
«Сиротнинг устида», дедилар
». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Қиёмат кунининг даҳшатидан бизга ҳозир жуда ҳам улкан бўлиб кўриниб турган ер бошқача, умуман бошқа ерга айланиб қолади. Шунингдек, осмонлар ҳам ўзгариб кетади. Одамларнинг ҳаммаси ўша айланиш пайтида сиротнинг устида бўладилар.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни одамлар оқиш буғдой нонга ўхшаш ерда жамланадилар», дедилар.
Саҳл ёки бошқа бири: «Унда ҳеч кимнинг аломати йўқ», деди».
Шарҳ: Яъни, унда аввал биров яшамаган ҳам, биров унга молик бўлиб аломатини қўймаган ҳам.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни ер битта нондек бўлади. Жаббор уни қўли ила худди сиздан бирингиз нонини сафарла айлантирганидек айлантиради. Бу аҳли жаннатнинг меҳмондорчилигидир», дедилар.
Шунда у зотнинг ҳузурларига яҳудийлардан бир киши келиб:
«Роҳман сенга барака берсин! Эй Абул Қосим! Мен сенга аҳли жаннатнинг қиёмат куниги меҳмондорчилиги ҳақида хабар берайми?» деди.
«Майли», дедилар.
«Ер битта нонга ўхшаш бўлади», деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга назар солдилар ва тишлари кўриниб кетди. сўнгра у зот:
«Мен сенга уларнинг хўраги ҳақида хабар берайми? Уларнинг хўраги Балом ва Нун», дедилар.
«Бу нима?» дейишди.
«Хўкиз ва балиқ. Иккисининг жигарининг қулоғидан етмиш минг ейди», дедилар
». Иккисини икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Қиёмат куни битта нонга айлантирилган ер бу дунёнинг ери эканини уламоларимиз қайд қилганлар.

 

Токио марказий масжиди ҳар йили минглаб мусулмон бўлмаган япониялик зиёратчиларни қабул қилади. Шу маънода мазкур масжид имом-хатиби Муҳаммед Чинар японларнинг Исломга қизиқиши ҳақида ўз кузатувлари билан ўртоқлашди.

Чинар домла ўз масжидига Япониянинг Васеда, Кеио ва Меижи каби нуфузли университетларининг талабалари мунтазам келаётгани ва Япония университетларида кўпроқ аспирант ва магистратура талабалари Ислом динига оид диссертация мавзуларини танлаётганини айтди.

Шу муносабат билан Чинар домла Исломда закот бериш, никоҳ ва ажрашиш, мусулмонлар ўртасидаги қардошлик муносабатлари каби мавзуларда япон тадқиқотчилари билан тез-тез маслаҳатлашиб туради, деб ёзади “IslamNews” сайти “Daily Sabah” нашрига таяниб.

Токио масжидига ҳар йили 50 мингга яқин ноисломий япон ташриф буюради.

Токио муниципалитети ходими Зуманнинг сўзларига кўра, у масжидга қизиқиш туфайли 4 марта ташриф буюрган – диний бино унинг иш жойи ёнида жойлашган. Унда масжид архитектураси катта таассурот қолдирган. Шундан бери у ишдан танаффус пайтида тез-тез масжид ҳовлисида ўтиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг юбилей сессиясида иштирок этиш учун 16 октябрь куни Самарқанд вилоятига келди. Бу ҳақда president.uz хабар берди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Мажмуа ҳозирги кунда янгидан барпо этилмоқда. Бу ердаги қурилиш-пардозлаш ишлари кўздан кечирилди.

Ташриф чоғида Президентимиз ЮНВТОнинг бош саммити очилишида нутқ сўзлайди. Ташкилот бош котиби Зураб Пололикашвили билан учрашув ўтказиш ҳамда туризм кўргазмаси билан танишиш режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Таиланд ҳукумати ҳалол саноатни ривожлантириш орқали ушбу соҳадан тушаётган даромадни унинг иқтисодий ривожланиши ва барқарорлиги кўрсаткичларидан бирига айлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Таиланд IQNA сайти маълумотларига кўра, жаҳонда озиқ-овқат, хусусан, ҳалол маҳсулотларга бўлган талаб ортиб бораётгани сабаб ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи дунёдаги етакчи давлатлардан бири эканини ҳисобга олиб, мамлакат ҳукумати ушбу соҳани ривожлантириш истагини билдирмоқда.

Унга кўра ҳалол маҳсулотлар фақат озиқ-овқат билан чекланиб қолмай, балки бозор қиймати 2 триллион доллардан ортиқ бўлган мода, медиа, фармацевтика ва туризм каби бошқа соҳаларни ҳам ўз ичига олади.

Ҳозирда Таиланд озиқ-овқат экспортининг 20 фоизи ҳалол маҳсулотларга тўғри келади. 2021 – 2022 йилларда Таиланд ҳалол маҳсулот экспортидан 6 миллиард доллар даромад олди.

Ушбу мақсадга эришиш учун янги ҳукумат барча тегишли муассасаларни ўқув курсларини тезлаштириш ва осонлаштириш, зарур лицензия ва сертификатлар бериш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш ва уни Ҳалол стандартлари тамойиллари асосида стандартлаштиришга сафарбар этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Фалакий ҳисоб-китобларга кўра, ҳижрий 1445 йил Рабиус соний ойининг 1-куни — 2023 йил 16 октябрь душанба кунига тўғри келмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги чиққан ойни кўрсалар шундай дуо қилардилар:
"اللَّهُمَّ أَهِلَّهُ عَلَيْنَا بِالْيُمْنِ وَالْإِيمَانِ وَالسَّلَامَةِ وَالْإِسْلَامِ رَبِّي وَرَبُّكَ اللهُ"
Ўқилиши: "Аллоҳумма аҳиллаҳу алайна билюмни вал иймани, вас-салаамати вал-Ислами, Роббий ва Роббукаллоҳ”.

Маъноси: "Эй, Аллоҳим!  Бу ойни бизларга барака ва имон, саломатлик ва Ислом ойи қилгин! Эй, ҳилол, менинг ҳам, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳдир!".

Сторінка 75 з 305

Мақолалар

Top