muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Понеділок, 11 декабрь 2023 00:00

Қуръонда бахт васфи

Аллоҳ таоло Қуронни яхши ҳаёт учун дастур, бахт ва шодлик учун йўл бўлишини хоҳлади. Ўз каломи шарифида жаннат аҳлини бахтга эришганлар, дея таърифланади.
Аллоҳ таоло айтади: «Бахтли бўлганлар жаннатдадирлар. Улар унда, модомикиосмонлару ер бор экан, абадийдирлар. МагарАллоҳхоҳласа, (Ўзи билур). Бу туганмас инъомдир» (Ҳуд сураси, 108-оят).
Яъни, бахтлилар жаннатда абадий қолиш билан бирга, туганмас неъматларга ҳам эга бўладилар.

Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, уларга: “Эй аҳли жаннатлар, сизлар энди абадий яшайсизлар – ўлмайсизлар, абадий ёш бўласизлар – қаримайсизлар, абадий соғ бўласизлар – бемор бўлмайсизлар, абадий неъматда бўласизлар – ноумид бўлмайсизлар”, дейилади.

Охиратдаги бахтнинг баҳоси – бу дунёда Аллоҳга банда эканини мукаммал рўёбга чиқариш, Унинг розилигини топишдир. Батаҳқиқ, оятларда киши розилик ҳолатига етиши учун сабр қилиши, ўзини тўла-тўкис ибодатга бағишлаши, Яратгааннинг асло унутмаслиги бахтнинг энг юқори даражаларига етишишга сабаб бўлади. Шунингдек, кечиримли бўлиш, одамларга кенг бағирли бўлиш меҳр-муҳаббатни зиёда этади.
Охиратдаги бахтнинг баҳоси – инсонлар бахтли бўлиши учун нозил қилинган Қуръони каримга амал қилиш.

Кўпинча одамлар бахтни пул тўплаш ёки юқори лавозимларга эришиш, деб ўйлашади. Аммо воқелик буни инкор этади. Агар инсон яхши пул ва шон-шуҳратнинг барча завқ-шавқларига эга бўлса-ю, қалбида хотиржамлик ва таскин бўлмаса, бу ҳолатни чинакам саодат дейиш мумкинми?

Аллоҳ таоло айтади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз” (Тоҳо сураси, 124-оят).

Демак, Қуръон кўрсатмасига биноан ҳақиқий бахт Аллоҳ таолога яқин бўлишда ва бахтсизлик эса Ундан узоқлашишдадир.

Понеділок, 11 декабрь 2023 00:00

Ибодат мавсуми бошланди

Мана, қиш фасли ҳам кириб келди. Бу фасл мўмин-мусулмонлар тўйиб-тўйиб ибодат қилиб олишлари, рўза тутишлари, тунларни бедор ўтказишлари учун қулай фурсатдир.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиш мўминнинг баҳоридир. Кундузи қисқа бўлади, рўза тутиб олади. Кечаси узун бўлади (таҳажжудга) туради”, деб марҳамат қилдилар (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло ояти каримада марҳамат қилади: «Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!”» (Оли Имрон сураси, 190–191-оятлар).
Саҳобалар розийаллоҳу анҳум қиш келиши билан хурсанд бўлишар, одамларни ҳам қиш кунларини ғанимат билишга тарғиб этишарди. Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтади: “Қиш фасли хуш келибди. Унда барака нозил бўлади, кечалар таҳажжуд учун узаяди, кундузлар рўза учун қисқаради”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳа, мўмининг унумли мавсуми қишдир. Унинг кечаси узун, намоз ўқийди, кундузи қисқа, рўза тутади”, деган.
Убайд ибн Умайр раҳимаҳуллоҳ қиш фасли келганида: “Эй Қуръон аҳли! Қироатларингиз учун тун узайди, Қуръонни ўқинглар. Рўзаларингиз учун кунлар қисқарди, рўза тутинглар”, дерди.
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ “Сунан”ида Омир ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Қишда тутилган рўза салқин ўлжадир”, деб марҳамат қилганлар. Уламолар “салқин ўлжа”нинг маъноси: “енгил, сабаби рўзадорга қишда ташналик етмайди”, деб шарҳлашган. Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ: “Қишдаги қиёмул лайл (яъни намоз ўқиш билан бедор бўлиш), ёзда рўза тутиш билан баробардир”, деган. Умар розийаллоҳу анҳу: “Қиш обидларнинг ўлжасидир”, деган (Абу Наим ривояти).

Ибн Ражаб айтади: “Қиш мўминнинг баҳори бўлишининг сабаби ушбу фасл мўминни ибодат бўстонида роҳатлантиради, майдонида сайр қилдиради. Мол-кўл амаллар гулшанида қалбини поклайди”.
Ибодат лаззатини туйганлар учун қиш фасли ғаниматдир. Аллоҳ таоло жаннат аҳлини сифатлаб, бундай марҳамат қилади: “(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар” (Зориёт сураси, 17-оят). Демак, улар кечалари одамлар уйқуда эканида ўқиган намозлари сабаб, охиратда жаннатга мушарраф бўлишар экан.

Салафлардан бири тунги намозларида йиғларди. Шундай кечаларнинг бирида ундан: “Ўлимдан қўрқиб йиғламоқдамисан?” деб сўрашади. У: “Мен йиғламай ким ҳам йиғласин. Аллоҳга қасам, мен ўлимдан хавфсираб ёки дунёингизга қизиқиб йиғлаётганим йўқ. Балки ёз кунлардаги чанқоқни ҳамда қиш кечаларининг қиёмини соғиниб йиғламоқдаман”, дея жавоб беради.
Албатта, ибодатда лаззат бор. Ким ушбу лаззатни йўқотса, ҳақиқатан, у маҳрум бўлибди.
Аллоҳ таоло барчамизга замҳарир қишни ғанимат билишни насиб этсин.

Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

 

Понеділок, 11 декабрь 2023 00:00

Ҳикмати бисёр амал!

Хайруллоҳ домла Абдуллаев, 
Хоразм вилояти бош имом-хатиби

 

Бангладешлик саккиз ёшли болакай қисқа вақтда Қуръони каримни тўлиқ ёд олишга муваффақ бўлди.
IQNA сайтининг “Daily Bangladesh” нашрига таяниб маълум қилишича, Бангладешлик саккиз ёшли Aбдуллоҳ ал-Фаҳийм 105 кун ичида Қуръони каримни ёд олишга муваффақ бўлган.

У Чаттограмдаги “Неъмат Нур” жоме масжидида Бангладешнинг Қуръони каримни ёд олиш бўйича халқаро танловида қатнашиб, ўз истеъдодини намоён этди.
Ал-Фаҳийм оиланинг тўнғич ўғли, унинг икки укаси ва бир синглиси бор. У Қуръон хотираси учун “Ҳидоят ан-Нур” марказида таҳсил олади ва Абдуллоҳ ал-Фаҳийм ислом олими, ҳофизул Қуръон бўлишни режалаштирган. Унинг отаси Салимуллоҳ Жаҳонгир Бангладешнинг Чаттограм туманидаги “Ухия” масжидининг имом-хатибидир .

Ёш қорининг устози Ҳофиз Шуайб-ул-Ислом Соҳайлнинг айтишича, бу иқтидорли бола бор-йўғи уч ярим ойда Қуръони каримни тўлиқ ёд олган.
Ал-Фаҳийм, шунингдек, ўз мамлакатидаги энг йирик Қуръони карим мусобақасида иштирок этганидан хурсандлигини билдирди ва Исломни ёйишда отасининг йўлини давом эттиришга умидини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Сияру аъломин нубало» китобида келтиради:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мажлисларига келди. Умар розияллоҳу анҳу ўша пайтда халифа эди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бўйи паст ва озғин инсон бўлгани учун кишилар орасида турганида кўринмасди. Умар розияллоҳу анҳу унга лутф қилар, уни кўрганларида юзлари ёришиб кетар эди. Озғин бўлса-да, «Илмга тўла хумча», дер эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу дарсни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган эдилар.

Бир куни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу хурмо териш учун дарахтга чиқди. Озғин, ингичка оёқларини шамол очиб юборди. Бу оёқларни кўрганлар кулишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- Нега куляпсизлар? – деб сўрадилар.
- Эй Аллоҳнинг расули, унинг оёқлари нозиклигига куляпмиз, – дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга қасамки, у қиёмат кунида Ухуд тоғидан ҳам оғир бўлади, – дедилар.

Инсоннинг инсонлиги унинг вазни, моли, кийими билан эмас, қалби, ақли ва тили билан экан. Баъзида озғин кишиларни кўрамиз. Уни назаримизга илмаймиз. Аслида, унинг Аллоҳ билан ўртасида шундай ибодатлари бўладики, бизга бошқа умр берилса ҳам, унча қила олмаймиз.

Баъзида эса кўриниши чиройли, савлатли, пўрим кийимларда юрган кишини кўриб, улуғ инсон деб хаёл қиламиз. Аслида, қилган фиску фужури сабаб уни ер лаънатлаб туради.

Ҳар бир озғин киши соиму қоим бўлавермайди. Ҳар бир савлатли, барваста киши ҳам фосиқ бўлавермайди. Ташқи кўринишига қараб кишиларга баҳо бермаслигимиз керак.

Аллоҳ таоло камбағаллигидан фақирни фақир қилмаган. Аллоҳ таоло ожизлигидан хунук инсонни хунук қилиб яратмаган. Бу имтиҳон дунёсидир. Махлуқни эҳтиром қилмасангиз ҳам, Холиқни эҳтиром қилинг!

Зуҳайр ибн Абу Суламий айтган экан: «Йигитнинг тили унинг ярмидир. Қолган ярми эса, қалби». Жоҳилиятдаги шоир инсонлиги тили, қалби, туйғулари, лутфи, карами, бошқаларни ҳис қилиши, уларга ёрдам қўлини чўзиши, заиф ва мискинларга ёрдам бериши, фақирларни дўст тутиши билан билинади, демоқда. Инсонлар унинг наздида ана шу хислатлари билан ўлчанади, ичи бўш суврати билан эмас. Аммо кўпчилик ташқи кўринишга алданиб қолади. Улар инсоннинг инсонлиги бўйдорлиги, гавдаси, мускуллари бўртиб тургани билан деб ўйлашади. Бу хилдаги фикрлаш диндан узоқлик у ёқда турсин, ҳатто гўдакларча фикрлашдир!

Халифа Абдулмалик ибн Марвон шоирлардан Кусаййир Иззатнинг шеърларини яхши кўрар эди. Аммо унинг ўзини кўрмаган, суратини ўзича зеҳнида тасаввур қилиб юрар эди. Кусаййирни кўрганида эса ёқтирмаганини ошкор айтди. Шоир аччиғланиб бир неча байт билан Абдулмаликнинг оғзига урди (насрий баёни): 
«Озғин кишини кўриб, ундан жирканасан. Аслида, унинг кийимлари ичида қўрқинчли шер борлигини билмайсан. Сенга мўйлаби сабза урган йигитлар ёқади. Ваҳоланки, улар сенинг гумонларингни пучга чиқаришади. Бўйни узун қушлар кичик қушлардир. Бургут ва лочинларнинг бўйни узун бўлмайди. Шерлар ичида энг заифи бақироғи бўлади. Кучли шерлар бақирмайди».

Абдулмалик ундан таажжубланиб, узр сўраб, хурсанд қилиб жўнатди!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

 

Сторінка 11 з 305

Мақолалар

Top