muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 4 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжиди янги биносининг очилиш маросимида қатнашиб, маъруза қилдилар.

Муфтий ҳазратлари маърузаларида масжид аҳлини ушбу Аллоҳнинг уйи билан табрик қилиб, Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, юртимиздаги хайрли ислоҳотлар ва ушбу масжидга ҳисса қўшган инсонлар, жумладан, Тошкент вилоятининг собиқ бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматовнинг хайрли ишларини эслаб ўтдилар ва намозхонларга яқинда вилоят бош имом-хатиблигига тайинланган Жасур домла Рауповни таништирдилар.

Дарҳақиқат, Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Муфтий ҳазратлари жума намозидан сўнг намозхонлар билан ушбу жомени барпо этишга ҳисса қўшган барчанинг ҳақига дуолар қилдилар. Ушбу файзли жума намозида уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва масжид қавми иштирок этди.

Маълумот учун, “Масжид қурилиши 2017 йил август ойида бошланиб, 2020 йил августида якунланди, – дейди масжид имом-хатиби Илёс домла Шокиров. – Жоме катта хонақоҳ, ертўла, алоҳида айвон, маъмурият хоналари, мажлислар зали, таҳоратхона ва қоровулхона ва 45 метрли иккита минорадан иборат. 2000 яқин намозхонга мўлжалланган.
Миллий ва замонавий услуб уйғунлигида барпо этилган масжид бинолари деворига оят ва дуолар ёзилган. Масжид Зангиота туманидаги “Янги ҳаракат” ва “Эски ҳаракат” маҳаллаларига хизмат қилади. Кундалик намозларда 100 га яқин, жума намозда 2000 га яқин киши қатнашади”.

Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни халқимизга муборак айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Салафийлик, ҳизбут таҳрир каби ёт оқимларнинг Худога ишонган бир инсонни куфрда айблаши, мўмин-мусулмонлар яшайдиган диёрларни куфр шаҳри деб эълон қилишлари натижасида Ислом умматлари ўртасида турли тафриқалар келиб чиқмоқда. Билиб-билмай ушбу фирқаларнинг таъсир доирасига тушиб қолган  баъзи ёшларнинг  бундай хато йўлдан қайтиши жуда қийин кечмоқда. Кейинги пайтларда Ислом мафкураси ва тарихига зид ғоялари билан қайта намоён бўлаётган “сохта салафийлик” оқими ўзларининг ақидавий ва ҳуқуқий масалаларини кўпинча суриялик Ибн Таймия (1263-1328) таълимоти билан асосламоқчи бўлишади. Ибн Таймия асарларида, исломга турли бидъатлар кириб қолгани айтилиб, мусулмонлар ва улар яшаётган жамиятларни, Қуръон ва суннат таълимотига асосланган йўлга солиш зарур, деган ғоялар илгари сурилади.

Мазкур оқим тарафдорлари ўзларининг бузуқ таълимотлари ила қабрларни зиёрат қилган одам мусулмончиликдан чиқади деган эътиқодда ҳатто бир пайтлар Мадинаи мунавварадаги саҳобаларнинг қабрларини ҳам оёқости қилишган. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақбараларини ҳам вайрон қилишга уриниб кўришган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уни зиёрат қилаверинглар. Зеро, у сизларга охиратни эслатади”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадисга кўра, қабрларни зиёрат қилиш мандуб (мустаҳаб амал)дир. Зероки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари Бақеъ қабристонига бориб маййитлар ҳаққига дуо қилардилар.

Шунингдек, сохта салафийлар тасаввуфни тан олишмайди, тавассулни куфр дейди, мазҳабларни инкор қилади, ўзларига эргашмаганларни ҳам кофирга чиқаришади. Сохта салафийлар жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратади. Бу билан бошқа диндагиларни душман санаб, динлараро адоват уйғотишга уринади. Улар нафақат бошқа дин вакилларига, балки шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларга нисбатаг ҳам зўравонлик сиёсати олиб боради.

“Салаф” калимаси, аслида ҳадиси шариф эътиборига кўра, далолат жиҳатидан, исломий асрларнинг афзали, иқтидо ва эргашишга энг лойиқ бўлган даврга нисбатан ишлатилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Инсонларнинг хайрлиси менинг асрим аҳлидир, кейин уларга яқин бўлганларидир, сўнгра уларга яқин бўлганларидир[1]. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади (яъни, масалаларда ҳам ўта бепарво ва масъулиятсиз бўлиб, гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверади)" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Мазкур хадиси шарифда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тартиб билан зикр қилиб, уларни “хайрли” деб номлаган уч аср (аҳли)дан мурод Пайғамбаримиз алайҳиссалом, саҳобалар, тобеъин ва табъа тобеъинлар яшаган даврдир. Ана шу даврда фаолият олиб борган улуғларни “салафи солиҳлар”, яъни солиҳ бўлган зотлардир, дейилади.

Бугунги кунимизда ҳар бир мусулмон якка тартибдаги ижтиҳод билан шуғулланиши керак, деган гап ҳам мутлақо асоссиздир. Имом Аҳмад айтади: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи суннат ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир”. Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: “Ҳадис илмлари, агар фиқҳ илми бўлмаса, адаштиради”.

Сулаймон ибн Абдулваҳҳобнинг оқим асосчиси бўлган ўз акаси ва унинг шогирди Ҳасан ибн Ийдонга атаб раддия тарзида ёзилган рисоласида шундай дейилади: “Сиз ширки акбар, эгаси бутпараст бўлади, дейдиган бу ишлар Макка шаҳрида ҳам кўп. Маккаи шарифнинг амирлари, олимлари, бутун аҳолиси олти юз йилдан бери у ишларни кўриб турибди. Лекин улар бугун сизнинг тутган бу йўлингиз туфайли сизга лаънатлар ёғдиришмоқда. Амирлар, олимлар бундай иш қилганларни Исломдан чиқди, дейишмаяпти. Сизнинг даъвойингизга кўра эса, улар очиқ кофирдир. Бундай йўл тутишларингизнинг ҳадиси шарифларга хилофлиги сизнинг даъвойингиз ботил эканининг исботидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ қилгач, ўша ерда туриб: “Бугундан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар. Яъни, аҳли илмлар шарҳлашича, Маккадан кўчиш йўқ. Демак, бундан маълумки, Макка доимо иймон диёридир. Сиз эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитналар шаҳри дея атаган диёрни иймон шаҳри, деб Маккадан у ерга ҳижрат қилиш керак, демоқдасиз...”.

Адашган фирқалар ўтган уч асрнинг тўғри йўлидан бирин-кетин четга чиқа бошлашди. Ҳар бир фирқа ҳақдан оғиб, ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида қадам ташлади. Одамларни ҳам фикру хаёли, соғлом эътиқодидан чалғитишга уринди.  Бу  билан улар, Аллоҳ таолонинг Анъом сураси, 153-оятида марҳамат қилган “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар. Ва бошқа йўлларга эргашманглар. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрдирки, шояд тақво қилсангиз” оятига  хилоф  иш тутди. Шу тариқа нафсу ҳавосига берилган, бидъат ва залолатга кўмилганлар тоифаси кўпайиб борди. Бу ҳолат асрлардан асрларга ўтиб ҳозирги кунимизда ҳам давом этмоқда. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Дарҳақиқат, Бани Исроил етмиш икки миллат (гуруҳ)га бўлинди, умматим эса етмиш уч миллатга бўлинади. Фақатгина бир миллатдан ташқари уларнинг барчаси дўзахдадир”, дедилар. (Саҳобалар): “(Нажот топган) у (миллат) кимлардир, ё Расулаллоҳ?” деб сўрадилар. (Бунга жавобан) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ва асҳобларим унинг узра бўлган (миллатдир), дедилар”  (Имом Термизий[2] ривояти).

Имом Абу Бакр Ҳаравий айтади: “Инсонлар динда икки қисмдир: муқаллид ва мужтаҳид. Мужтаҳидларнинг илмли бўлиши шартдир. Дин илми эса, Қуръон ва суннатга ва у иккисида ворид бўлган араб тилига тааллуқлидир. Энди, кимки Қуръон ва суннатни, уларнинг лафзий ҳукмларини, собит ва мансухларини билса, олдин ва кейин келган ҳукмларини ажрата олса, ўша кишининг ижтиҳоди дуруст ва унинг даражасига етмаганлар унга тақлид қилишлари жоиздир. Мужтаҳид бўлмаган кишига эса, олимлардан сўрамоғи ва тақлид қилмоғи фарздир. Бунга уламолар орасида хилоф йўқ”. Ибн Қайюм Жавзий “Иъломил мувқинин” китобида: “Киши, модомики унда ижтиҳод шартлари жамланган бўлмаса, яъни барча илмларни билмаса, унинг ўзича Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олмоғи дуруст эмас”, дейди. Аҳмад ибн Мунодий айтади: «Бир киши Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдан: “Бир киши юз минг ҳадисни ёдласа, фақиҳ бўладими?” деб сўраганида, у киши: “Йўқ”, дедилар. Ҳалиги киши: “Агар икки юз минг ҳадисни ёд олса-чи?”, деб сўради. Шунда имом яна: “Йўқ”, деб жавоб берди. У киши: “Уч юз минг ҳадис ёдласа-чи?”, деди. Имом: “Йўқ”, деди. “Тўрт юз минг ҳадис ёд олса-чи?”, деганида, “Унда фақиҳ бўлади”, деб жавоб берди». Абул Ҳасан деди: «Мен отамдан: “Имом Ибн Ҳанбал қанча ҳадис ёдлаган эди?” деб сўраганимда, у киши: “Олти юз минг ҳадисни ёд биларди”, деди». Абу Исҳоқ айтади: «Мен халифа Мансурнинг жоме масжидида имомлик қилганимда, шу масалани одамларга айтдим. Шунда бир киши: “Сиз ҳам шу миқдор ҳадис ёдлаганмисизки, бу ерда одамларга фатво айтиб турибсиз?” деди. Мен: “Йўқ, фақат шунча миқдор ҳадисни ёд билган кишиларнинг сўзлари билан фатво бераман”, дедим».

Бизнинг давримизда ҳам икки юздан ортиқ сохта салафийликка ўхшаш ёт оқимлар мавжуд. Сохта салафийликнинг ғоялари билан суғорилган ёки уларнинг издошларидан бири сифатида яқин 3-4 йил олдин хуруж қилган Ироқ ва Сурияда ўзларини Ислом давлати деб атаган ИШИДни мисол қилиш мумкин.  Унга 1971 йил Ироқда туғилган Иброҳим ибн Аввод исмли кимса бошчилик қилди. Аммо ўзини Абу Бакр Бағдодий деб номлаб, “халифалик қуриш” шиори билан ҳокимиятни қўлга олишга уринди. Ачинарлиси, қандайдир қора кучлар таъсиридаги шу даъвоси билан Ислом учун жанг қилаяпмиз деб ҳар куни минглаб бегуноҳ мусулмонларни қатл қилиб, болалар, аёллар ва ҳатто қарияларни ҳам ўлдиришгача борди. Ироқ туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги маълумотларига кўра мамлакатда ИШИД ташкилоти бир йилдан камроқ вақт давомида 40 га яқин ноёб тарихий қийматга эга бўлган диний иншоотларни вайрон қилган. Уларнинг орасида қадимги масжидлар, насроний черковлари, бир нечта монастир ва ноёб обидалар ҳам бўлган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул вадоъда қилган хутбаларида шундай дедилар: “Шайтон ўзига ибодат қилинишидан сизларнинг бу ерларингизда умиди сўнди. Лекин бундан бошқа сизлар кичик ҳисоблайдиган ишларда унга итоат қилинишидан умиди бор. Энди эҳтиёт бўлинглар! Мен сизларга икки нарсани қолдиряпман: Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати! Уларни маҳкам тутсангиз ҳеч қачон адашмайсиз!,,  дедилар.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни Ҳуруқога жўнатдилар. Эрталаб биз ҳужум қилдик ва уларни мағлуб этдик. Мен ва бир ансорий улардан бўлган бир кишининг ортидан тушдик. Биз унга етганимизда, у: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деди. Буни эшитиб ансорий тўхтади. Лекин мен уни қиличим билан чопиб ташладим. Биз қайтганимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда билиш учун келдилар ва айтдилар: “Эй Усома! Сен уни “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганидан кейин ҳам ўлдирдингми?” Мен: “Ҳа, аммо у бу (гап)ни фақат ўзини сақлаш учун айтди” дедим. У зот ўша (сўзлари)ни шундай кўп такрорлайвердиларки, мен бундан олдин Исломга кирганимда эди, дея ўйлаб қолдим” (Муттафақун алайҳ). Бошқа бир ривоятда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Унинг қалбини ёриб кўрмадингми?” дегани айтилади. Ибн Мирдавайҳ Иброҳим Таймийдан, у киши отасидан, отаси Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Усома розияллоҳу анҳу: “Энди ҳеч қачон “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишини ўлдирмайман”, деди. Шунда Саъд ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Мен ҳам, Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишини ўлдирмайман”,  деди.

Исломда бирон бир мусулмонга тажовуз қилиш ёки уни ноҳақ ўлдиришга асло рухсат берилмаган. Бундай хунрезликни қилган кимса учун охиратда улкан азоб бордир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Ким мусулмонни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. У ерда у узоқ вақт қолади. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати бўлсин! Ҳамда У (Аллоҳ таоло) унга улкан азоб тайёрлаб қўйгандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Шундай экан, мусулмонни кофирга чиқаришдан жуда эҳтиёт бўлмоқ лозим. Ўзларига Қуръон ва ҳадиси шарифларда келган  чиройли номлар қўйиб, чин маънодаги мусулмонликни даъво қилаётган турли хил оқимларнинг ёт ғояларига алданишдан огоҳ бўлиш зарур. Ислом тинчлик, меҳр-оқибат ва одоб-ахлоқ дини эканини асло ёддан чиқармаслигимиз керак!

Абдувоҳид ЎРОЗОВ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

[1] Мазкур хайрли уч асрнинг биринчи асри одамлари саҳобалардир. Улар ислом ақидалари ва асосларини тўғридан тўғри Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан қабул қилишган. Исломнинг барча ҳукм ва одоблари уларнинг ақлларига мустаҳкам ўрнашган, қалблари эса бидъатчилик ва ҳамда турли ваҳму гумонлардан мусаффо бўлган.

Иккинчи асри  тобеъинлар асридир. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига эргашганлардир. Яъни, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган асҳоблар билан ҳамсуҳбат бўлиб, уларнинг васият ва насиҳатларидан баҳраманд бўлган зотлардир.

Учинчи асри  тобеъинларга эргашган зотлар, яъни табаъа тобеъинлар давридир. Бу асрда соф фикрлилик ва Ислом фитратининг турли ташқи омиллар таъсиридан холилик даври давом этди. Ана шу асрдан кейин турли бидъатлар кўпайиб, улар кенг қулоч ёя бошлади

[2] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо Буғий Термизий ҳижрий 209 йилда Термиз шаҳрида туғилган.

Имом Термизий Имом Бухорийнинг шогирдларидан бўлган. Илм талабида Хуросон, Тобаристон, Бағдод, Басрава Ҳижоз каби диёрларни кезиб чиққан. Умрининг охирида кўзлари ожиз бўлиб қолган. Имом Термизийнинг ёдлаш қувватлари ниҳоятда кучли бўлганидан, ҳифзда бу зот зарбулмасал қилинган. Имом Термизийнинг энг машҳур китоби “Сунани Термизий”дир. Бундан ташқари “Шамоилу Набавия”, “Тарих” ва “Илал” каби кўплаб китоблари бўлган. Имом Термизий ҳижрий 279 йилда 70 ёшида Термизда вафот этган.

Долзарб мавзу

Ҳаммамиз ҳар куни кузатадиган, лекин ҳар доим ҳам эътибор қаратмайдиган бир неча ҳолатлар:

1) тонг отиб, қуёш чарақлаб турса ҳам, қатор симёғочларда ёниб турган кўча чироқлари;

2) одамлар ўтиб-қайтадиган кўча бўйидаги жўмраклардан сувнинг беҳуда оқиб туриши;

3) кўздай яқин қўшнимиз оч-наҳор бўлса ҳам, яқинларимиз, ҳатто ака-укаларимиз, қариндошларимиз орасида фарзандларининг ўқув-шартнома пулларини тўлай олмаётганини ёки маҳалламизда эҳтиёжманд оилалар борлигини билсак-кўрсак-да, лекин дабдабали тўй қилавермиз. Ёшларнинг орзу-ҳаваси деб, биргина “ЗАГС”нинг ўзига бир талабанинг бир йиллик ўқув-шартнома пулини сарфлаймиз...

Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Шу мавзуда хаёлимизга келган ҳамма нарсани тизиб чиқсак, бир мақола у ёқдан турсин, ҳатто бир нечта китоб бўлиши ҳам турган гап.

Хўш, биз қачондан бери дабдага ўч, хўжакўрсинга, кимўзарга мойил, исрофга муккасидан кетадиган бўлиб қолдик?..

Аллоҳ таоло Қуръони каримда қаттиқ ва қатъий (!) қоралаб: «Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас», деб марҳамат қилади (Аъроф сураси 31-оят).

Исроф” дейилганда ҳамма нарса қамраб олинади. Маънавий эҳтиёжлардан ташқари, Қуръони карим тиловати, зикр, тасбиҳ, ибодатлар, китоб мутолаасидан бошқа ҳамма нарсанинг, ҳатто сувнинг ҳам меъёридан ортиқча ишлатилиши – исрофдир

Нега тонналаб обиҳаёт исроф қилинади?

Иссиқ кунларда кўп қаватли уйлар олдида гилам юваётган кишиларга кўзингиз тушгандир. Ёки маҳаллаларга йўлингиз тушса, жўмракларни борича очиб қўйиб, тарвуз-қовунни ташлаб қўйилган ҳолатни-чи? Ёки узун пластмасса ичакларда сув пуркаётган кишиларни кузатгандирсиз. Аслида бир ёки икки челак сув билан ҳал бўладиган ишларга тонналаб обиҳаёт оқизилади.

Парвардигори олам Қуръони каримда: «Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдиргувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?» бизни огоҳлантиради. (Воқеа сураси  68–70-оятлар).

Маълумотларга кўра, она сайёрамизнинг 75 фоиздан кўпроқ қисми сув билан қопланган экан. Лекин Ер юзидаги сувларнинг бор-йўғи 3 фоизи чучук, яъни истеъмолга яроқли, холос.

Расулуллоҳ таҳоратга қанча сув ишлатганлар?

Ота-боболаримиз сувни исроф қилишдан жуда эҳтиёт бўлганлар. Биргина мисол, уйимизга қишлоқдан ёши улуғ меҳмон келса, унинг таҳорат олишда сувдан устамонлик билан, яъни исроф қилмасдан фойдаланганини кузатганмиз.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир куни Саъд таҳорат қилаётганида, Жаноби Пайғамбаримиз алайҳи ва саллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?” дедилар. Шунда у: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” дея ажабланди. Жаноби Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Гарчи дарёда бўйида яшасангиз ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатманг”, дея  унга танбеҳ бердилар» (Имом Аҳмад ривоятлари).

Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар(Муттафақун алайҳ). Яъни, Жаноби Расулуллоҳ алайҳиссалом тахминан 0,688 литр сув билан таҳорат қилар эдилар.

Тўлдирилган энг ёмон “идиш”

Уламоларнинг айтишларича, мақоламиз бошида келтирилган Аъроф сурасининг 31-оятида табобат илмининг ярми жамланган экан.

Исроф деганда, хаёлимизга кўп нарсалар келади-ю, лекин ортиқча овқатланишни унутиб қўямиз. Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нафсингиз хоҳлаган ҳар нарсани еяверишингиз ҳам исрофдир”, деганлар (Имом Ҳофиз Абу Яъло ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони – қорин. Кишига ҳаракат қилиши учун керак бўлган миқдордаги таом кифоя қилади. Ёки  уқорнини уч қисмга ажратсин, бир қисми таом учун, бир қисми сув учун, яна бир қисми нафас учун” (Имом Аҳмад ривоятлари). 

Хулоса

Ҳорун Рашиднинг бир насроний ҳозиқ табиби бор эди. У бир куни уламолардан Али ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Қуръон китобларингизда табобат хусусида ҳеч нарса йўқ. Ваҳоланки, илм икки хилдир. Бири – дин илми, иккинчиси – бадан, яъни тиб илми” деганида, у жавобига: “Аллоҳ таоло табобатнинг ҳаммасини яримта оятга жойлаб қўйган”, – деб, мазкур оятни ўқиб берганида, табиб: “Пайғамбарингиз бу хусусда ҳеч нима демаган”, – дебди. Шунда олим: “Аксинча. Ошқозон – дард манбаи, парҳез – барча давонинг боши. Баданни унга мос нарса билан парвариш қилинг!” деган ҳадиси шарифларини ўқиб берибди. Шунда табиб: “Китобингиз билан Пайғамбарингиз Жолинус ҳакимга табобатдан ҳеч нарса қолдирмабди”, – деган экан.

Беқиёс ва бетакрор, катта ва бой тажрибага эга доно халқимиз ҳам неча минг элакдан ўтказиб, бекордан-бекорга “Нимани ҳор қилсанг, шунга зор бўласан” деб айтмаган. Бежиздан-бежизга

Тежам билан ишлатсанг  – уй-рўзғоринг бут.

Исроф билан ишлатсанг  – ёмон кунни кут!

демаган.

Меҳрибон Парвардигоримиз барча нарсани биргина Аъроф сураси 31-оятининг ярмига, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биргина ҳадиси шарифларига жамлаб қўйган эканлар, биз чин саодатни истасак, ҳеч кимга ҳеч нарса қолдирмаган КИТОБ – Каломуллоҳ ва ҲИКМАТ ҳадиси шарифга амал қилсак – марра бизники!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

П'ятниця, 04 декабрь 2020 00:00

Ҳам олим, ҳам адиб инсон эди

Яхшилар ёди

Кўпчилик инсонлар, шу жумладан, биз мусулмонлар ҳам баъзида шундоқ ёнимизда, ёнгинамизда юрган олимларнинг, уламоларнинг қадрига етавермаймиз. Ҳар куни ойнаи жаҳонда кўринибди турибди-ку, маърузалари қайд қилинган дисклари бор, китоблари чоп этилган, сотиляпти, деб бемалол юраверамиз. Аслида эса...

Аслида биз ёнимиздан “оқиб ўтган дарё”дан тўлиғича фойдалана олмаймиз. Бу ҳақиқатни 2015 йили Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари вафот этганларида англаб етдик. Орадан уч йил ўтиб, 2018 йили таниқли уламо Анвар қори Турсунов чин дунёга риҳлат қилганларида эса англаганларимиз, яъни олимларнинг тириклигида кўп ҳам қадрига етавермаслигимиз қатъий исботини топди.

Кўнгилга тасалли берадиган бир жиҳат бор. У ҳам бўлса, уламоларимиз қолдириб кетган китобларни ўқиб, худди улар билан суҳбатлашаётгандек, жума кунлари мавъизаларини тинглаётганлек, ойнаи жаҳон орқали чиқишларини томоша қилаётгандек бўламиз.

Анвар қори Али ибн Аҳмад Найсобурийнинг “Асбоб ун-нузул” (“Қуръон оятларининг нозил бўлиш сабаблари”) китобини маҳорат билан арабчадан ўгирди. Шу билан бирга, “Фазилатлар китоби”, “Инсон – мураккаб зот” асарларини чоп эттирди. Беш юздан ортиқ диний-маърифий мақолалар муаллифи бўлди.

Анвар қори “Ҳидоят сари” ва “Насойимул муҳаббат” телекўрсатувларида бошловчилик қилди. У чинакам нотиқ эди, исталган пайтда, исталган ўринда мавзу доирасида эркин гапира олиш қобилияти бор эди. Кўп китоб ўқир эди.

Анвар қори маърифатли инсон эди. 1989–1992 йилларда илк бора юртимизда Қуръони каримнинг маънолар таржимаси тайёрланиб, бу ишни марҳум Шайх Алоуддин Мансур домла амалга оширган эдилар. Таржима “Шарқ юлдузи” журналининг йигирма учта сонида, йигирма уч ой давомида босилди. Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилидаги таржимаси илк марта шу журналда чоп этилди.

Анвар қори кўплаб эзгу ишларга бош-қош бўлган эди. У Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: «“Сизларнинг яхшиларингиз – Қуръони каримни ўрганиб, сўнгра уни ўргатганларингиздир”,  (Имом Бухорий ривояти)  муборак ҳадисни ўзига дастуриламал қилиб яшади.

Анвар қорининг нотиқлигига кўпчилик қойил қоларди. Айниқса, жума кунлари нафақат Тошкент шаҳридан, балки бошқа вилоятлардан, ҳатто чекка-чекка туманлардан ҳам у кишининг маърузаларини эшитиш учун келадиган юртдошларимиз кўп бўларди.

Бир сафар жума мавъизасида раҳматли Анвар қори Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг ўзига атаб ёзган “Тавалло” шеърини ўқиб берганида, одамлар сел бўлиб тинглашганини яхши эслаймиз.

Мен Андижон вилояти бош имом-хатиби бўлиб ишлаб юрганимда, Анвар қори билан республика миқёсидаги йиғилишларда учрашиб, суҳбатлашиб турар эдик. Аллоҳнинг инояти билан Тошкент шаҳрига бош имом-хатиб бўлиб тайинланганимдан сўнг хизмат тақозоси билан пойтахтимиздаги турли масжидларга борганимда, одамлар Анвар қорининг ажойиб хислатларини, ажойиб хотираларни тўлқинланиб гапириб беришади.

У кишини Аллоҳ раҳматига олиб, Ўзи ваъда қилган улуғ ажру мукофотлар билан сийласин.

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Бирлашган Араб Амирликлари Ингушетия пойтахтидаги биринчи жоме масжиди қурилишига қўшилиши мумкин.
Бу ҳақда Бутундунё мусулмон жамоалари кенгаши раиси Али Рашид Ал-Нуайми билан Москвада бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Ингушетия Республикаси Миллатлар вазирлиги раҳбари Руслан Волков маълум қилди, деб хабар бермоқда Интерфакс агентлиги.
Унга кўра, мусулмон ташкилоти раҳбари диний соҳадаги вазиятни яхшироқ тушуниш учун барча чекловлар бекор қилингач, республикага шахсан ташриф буюришга ваъда берди. Бу режаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши нафақат Республикада, балки бутун Шимолий Кавказ Федерал округида ҳам ислом таълимини ривожлантириш ва диний экстремизмга қарши курашиш учун мустаҳкам замин яратади, деб ҳисоблайди Волков.
Магас шаҳридаги Республика биринчи жоме масжидининг қурилиши 2010 йилда бошланган бўлиб, 2013 йилда объектнинг топширилиши режалаштирилган эди, бироқ маблағ йўқлиги туфайли қурилиш музлатиб қўйилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top