muslim.uz

muslim.uz

9 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Қуръон карим ва тажвидни ўрганиш” бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ҳазратлари Қашқадарё вилоятидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрди.
Шайх Алижон қори дастлаб билим юрти фаолияти, ўқитувчи ва талабаларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, мадраса устоз ва талабаларига илм аҳлининг фазилатлари тўғрисида манфаатли суҳбат қилиб берди. Давра суҳбати давомида Шайх ҳазратлари ва талабалар ўртасида қизиқарли савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Тадбир сўнгида шайх Алижон қори “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан хайрия қилинган мадрасанинг 2 нафар жонкуяр устозига 5 миллион сўмдан жами 10 миллион сўм, 3 нафар техник- ходимларига 1,5 миллион сўмдан жами 4,5 миллион сўм, 2 нафар намунали талабаларга 3 миллион сўмдан жами 6 миллион сўм ҳамда модул тизимида таҳсил олаётган имомга 5 миллион сўм, умумий ҳисобда 25,5 миллион сўм маблағни, шунингдек, ақлли доскани билим юрти жамоасига тақдим этди.
Мазмунли кечган давра суҳбати барчага манзур бўлди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Фатво маркази мутахассиси

Ҳабибуллоҳ домла Абдулғаффор

Тошкент ислом институти Модуль таълим тизими 3-курс талабалар учун “Ҳозирги кун дин ходими олдида турган муҳим вазифалар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Суҳбатда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов маъруза билан иштирок этди. Тадбирда институт ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, проректор Умиджон домла Ходжаев ва битирувчи курс “имом-хатиб талабалар” иштирок этдилар ҳамда учрашувни ректор кириш сўзи билан очиб бердилар.

Аллоҳ таоло илм аҳлининг мартабалари ҳақида шундай дейди: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (юқори) даража – мартабаларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят). Имом-хатиблар ҳам ана шундай илм ато қилинган ва даражалари жамият орасида юқори бўлган инсонлардир.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», дедилар» (Термизий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам берувчи йўлчи юлдузга ўхшайди. Юлдузлар ғойиб бўлганда йўловчилар адаша бошлайдилар», деганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

Имом-хатиблар уламолар ўлароқ халқни тўғри йўлга бошлашда асосий вазифаларни адо қилмоқдалар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг ҳар бирингиз бошқарувчидир ва ҳар бир қўл остингиздагидан сўраласизлар” (Имом Бухорий ривояти). Дин ходими бугунги кунда жамият аъзоларининг эътиқоди ва ахлоқига қайсидир маънода масъул ҳам ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ва Абу Мусо розияллоҳу анҳуга енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар. Мамнун қилинглар, нафратлантирманглар. Бир-бирларингизни яхши кўринглар, ихтилофга борманглар, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Имом-хатиблар доимо инсонларга яхши гапириб, чиройли маърузалар билан динга даъват қиладилар. Аллоҳ таъоло “(Эй Муҳаммад) Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг”, деган. (“Наҳл” сураси, 125-оят).

Ҳозирги кунда халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги ва инсонлар маънавиятини оширишда дин ходимларининг, имом-хатибларнинг хизматлари беқиёс. Маҳалладаги оилавий яраштириш ишлари, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолганлар билан ишлашда, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатишда, таълим муассасалари ўқувчи ёшларига таълим-тарбия беришда, панду-насиҳат қилиш каби муҳим вазифаларни бажариб келмоқдалар. Имомларимиз нафақат масжид минбаридан, шу билан бирга оммавий ахборот воситаларида ва интернетда ваъз иршод қилмоқдалар, масжидлар қурилишида жонбозлик кўрсатмоқдалар. Албатта, улар бу ишларни Аллоҳ ризолиги йўлида, дин ва халқ хизмати йўлида бажармоқдалар.

Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Ҳадиси шарифда “олимларни паст санаманглар, Аллоҳ таоло илм бераётганида уни паст санамаган”, дейилган. Шундай экан, одамлар имом-хатибларни қадрлашлари лозим бўлади.

ТИИ Матбуот хизмати

Кеча, 9 март куни Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасасининг бир гуруҳ устоз ва талабаларини моддий рағбатлантириш мақсадида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир давомида "Вақф" хайрия жамоат фондининг Наманган вилояти филиали раҳбари Ш.Турсунов томонидан мадрасанинг 2 нафар жонкуяр устозига 5 миллион сўмдан жами 10 миллион сўм, 6 нафар техник- ходимларига 1,5 миллион сўмдан жами 9 миллион сўм, ҳамда 2 нафар намунали талабаларга 3 миллион сўмдан жами 6 миллион сўм, умумий ҳисобда 25 миллион сўм хайрия сифатида тақдим этилди.

“Садақа Аллоҳнинг ғазабини тўсади ва ёмон ҳолда ўлим топишдан сақлайди” (имом Термизий ривояти).

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Шайх Маккий силсиласида суннатга эргашиш асосий рукн. Янгиланган йўлнинг ҳам асос ва рукнлари бўлиб, булар ичида муҳими Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдир. Кўп йўллар ўша йўлни тутган қавмнинг тажрибалари ҳосиласи бўлиб, соликини башар тасаввур қила оладиган энг улуғ мақсад, яъни Аллоҳ уни яхши кўришига элтишига Аллоҳ кафил бўлган йўлдир. Зеро, Алоҳ таоло айтади:

“Менга эргашингилар. (Шунда) Аллоҳ сизларни севади[1].

Шайх Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Суннатга эргашиш ҳисларидан бири шуки, суюкли бўлишга ва яқинлашишга сабаб бўлади”. Яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига тобе бўлган кишини Аллоҳ яхши кўриб, уни ўзига танлайди ва яқинлаштиради. Аллоҳ таоло айтади:

“Аллоҳ унга (яъни, Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш бахтига) Ўзи хоҳлаган кишиларни сайлар ва унга (Ёлғиз Аллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят қилур”[2]

Суннатга эргашиш – ҳар бир амални Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан деб билганимиз ва у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганларидек бажариш демакдир. Ҳаётнинг ҳамма жабҳасида суннатни ҳакам қилиш қийин эмас. Чунки бунинг учун бизга салаф солиҳларимиз осон йўлни ўргатиб кетганлар. Демак, бу йўлни бошлаб, икки босқични амалга оширишимиз керак.

Биринчиси, амалга ундовчи фикрни ўзгартириш. Бу эртаю кеч қиладиган амалларимизни одатдан ибодатга ўзгартириш деганидир. Бунинг учун ниятни ва амалга ундовчи фикрни ўзгартиришимиз кифоя қилади. Масалан, биримиз қорнимиз очгани учун олдимиздаги ноз-неъматлардан тановул қиламиз. Бунда ниятимиз қорнимизни тўқлаш бўлгани боис, одатий ишимизни қилдик. Демак, на фойдамизга ва на зараримизга амал қилдик. Аммо, агар бизга фарз бўлган нафснинг ҳаққини адо қилиш нияти билан еганимизда, ейиш амалини ибодатга ўзгартирган бўламиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, нафсинг учун зиммангда ҳақ бордир”,[3] деганлар. Шунга кўра, ҳузурида ноз-неъмат бисёр, лекин ундан тановул қилмай вафот этган киши ўз жонига қасд қилган ҳисобланиб, охиратда азобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таом тановул қилардилар, бисмиллаҳ билан бошлардилар, Аллоҳга ҳамд айтиш билан тугатардилар. Биз ҳам шу ният ва шу йўл билан таом есак, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашган бўламиз.

Шунингдек, уйга кирганимизда ҳам оиламиз билан суҳбатлашиб ўтиришни одатимиз йўлида қиламиз. Бунда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишни ният қилишни лозим тутайлик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирганларида аҳллари билан очиқ юз билан хурсанд бўлиб гаплашардилар. Баъзан уларни хурсанд қиладиган, кулдирадиган гапларни гапирардилар. Бунга мисол, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилган Умму Заръ ҳадисидир. Унда ўн битта аёл қизиқ услубда ўз эрларини сифатлаб беришлари келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ҳадисни завжаи мутаҳҳаралари Оиша ноамизга айтиб берганлар. Ҳадис “Саҳиҳ Бухорий” китобида[4] батафсил келтирилган.

Инсон одатда оиласи билан ҳазиллашиб кулишиб ўтиради. Агар шу амални Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш нияти билан қилсак, у зотнинг суннатларига тобе бўлган ҳисобланамиз. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

 “Ҳайит куни эди. Қора танлилар қалқон ва найзалар билан ўйин қилишарди. Мен ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим ёки у зотнинг ўзлари: “Томоша қилишни хоҳлаяпсанми?” дедилар. Мен: “Ҳа”, деб жавоб бердим. Мени орқаларида тургиздилар. Яноғим яноқларига тегиб турарди. У зот: “Давом этинглар, эй Бану Арфида”, дердилар. Зериккандим, “Етадими?” дедилар. Мен: “Ҳа”, дедим. У зот: “Боравер”, дедилар”[5].

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўминларнинг иймон жиҳатдан комилроғи хулқи гўзалроғидир. Яхшиларингиз аёлларига яхши (муомалали)ларингиздир[6].

Ёш болаларни эркалаймиз, уларни хурсанд қилиш учун кулдирамиз, ўзимизни ҳар куйга соламиз. Бу ҳам одат бўлиб қолган. Агар буни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам кичикларга раҳмли  ва меҳрли бўлганлар, деб қилсак, суннатга эргашган бўламиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гул-райҳонлари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳулар билан қилган муомалаларини эсга олайлик. Имом Абу Довуд ўзининг санади билан Абдуллоҳ ибн Бурайданинг ўз отасидан қилган ривоятини келтирган: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилдилар. Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога юзландилар. Икковлари устида қизил кийим бор эди. Тойилиб кетардилар, турардилар. У зот тушиб икковларини олиб, минбарга чиқдилар ва: “Аллоҳ: “Сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз бир фитна-имтиҳондир, холос”[7], дея рост сўзлаган. Бу иккисини кўрдиму чидаб туролмадим”, дедилар-да, хутбага киришдилар”[8].

 

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг асар ва мақолалари асосида Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.

 

 

[1] Оли Ирон сураси 31-оят.

[2] Шўро сураси 13-оят.

[3] Сунан Абу Довуд, “Намоздаги қасд бўйича буюрилган амал боби”, 1369-ҳадис.

[4] Никоҳ китоби, “Оила билан яхши муомалада бўлиш боби” 5189-ҳадис.

[5] Саҳиҳ Бухорий, “ҳайит кунида найзалар ва дарақ боби”, 950-ҳадис.

[6] Сунани Термизий, “Хоитннинг ҳаққи тўғрисида келган ҳадислар боби”, 1162-ҳадис. Имом Термизий: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу ҳадиси “ҳасан саҳиҳ ҳадис”, деган.

[7] Тағобун сураси 15-оят.

[8] Сунан Абу Довуд, “Имом содир бўлган ҳодиса сабабли хутбани тўхтатиши боби”, 1109-ҳадис.

Top