muslim.uz
Шайх ва устоз танлашнинг меъёри
Тасаввуф ва сулук учун бирор мураббий муршиднинг лозимлиги далил-исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Аммо кўпчилик муршид танлашни билмаганидан адашади. Шунинг учун муршид танлашда буларни билиш керак:
– муршид, гарчи жуда катта олим бўлмаса ҳам, шариатнинг зарурий ҳукмларидан хабардор бўлсин;
– кашфу каромат ҳамда ҳол соҳиби бўлмаса ҳам, сулукни биладиган бўлсин;
– бирорта комил муршиднинг суҳбатида (ёнида) бироз муддат юрган бўлсин;
– унинг мажлисида ўтириш билан дунё муҳаббати камайиб, охиратга нисбатан рағбат пайдо бўлсин. Гуноҳлардан қўрқинч ҳамда тоатларга қизиқиш уйғонсин.
Агар муршид комил бўлса-ю, унинг ёнида бирга бўлиш билан сизга бирор наф сезилмаса, “Менинг унга муносабатим йўқ экан, яъни мен унга муносиб ва мос эмас эканман”, деб билинг. Уни қўйиб, бошқа муршидга мурожаат қилинг, лекин у муршиднинг шаънида беадаблик қилманг. Бирор табиб ёки докторнинг муолажаси мувофиқ келмаса, бошқасига мурожаат қилинади. Лекин ақлли одам олдинги табиб ёки докторни пастга урмайди.
* * *
Вақтдаги барака
Аллоҳ таолонинг дўстларининг вақтлари баракали бўлади, деган гап жуда машҳур, балки мушоҳад ҳамдир, яъни кўз билан ҳам кўрилгандир. Улар қисқа вақт ичида катта-катта ишларни қилиб юборадилар. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг мукаммал умрлари у кишининг ёзган асарларининг ҳисоби билан тақсимланганида, бир кунга ўн олти жуз китоб(!) тўғри келган. Буни ҳеч қандайига тушуниб бўлмайди. Имом Абдулваҳҳоб Шаъроний раҳимаҳуллоҳ “ал-Явақийт вал-жаваҳир”да ёзади: “Бу китобнинг уч юзта боби бўлиб, ҳар бир бобни ёзишда мен Шайх Ибн Арабийнинг “ал-Футуҳот”ини мукаммал ўқиб чиқдим”. “Ал-Футуҳот” эса бир неча минг саҳифадир. Демак, у “ал-Явақийт вал-жаваҳир”ни ёзишда “ал-Футуҳот”ни уч юз маротаба ўқиб чиққан. Шу билан бирга у: “Ал-Явақийт вал-жаваҳир”ни мен ўттиз кун ичида ёздим”, дейди. Бинобарин, имом Шаъроний икки минг саҳифадан кам бўлмаган “ал-Футуҳот”ни бир кунда ўн мартадан ўқиган экан. Солиҳ олимлар ҳамда улуғларнинг бундай воқеалари жуда ҳам маъруф ва машҳурдир. Шу ўринда “Вақт шу қадар унумли бўлиши мумкинми?” деган савол пайдо бўлади. Ҳолбуки, бирор кишининг соати олтмиш дақиқадан, бир кеча-кундузи эса йигирма соатдан ошмайди. Ҳужжатул Ислом, ҳазрат, мавлоно Муҳаммад Қосим Нонутавий раҳимаҳуллоҳнинг бу ҳақдаги таҳқиқлари шуки, вақтнинг ўзига хос узунлиги бўлади. Буни ҳамма билади. Соат ва дақиқалар ана шу узунликнинг номидир. Шу каби вақтнинг эни ва кенглиги ҳам бўладики, буни омма билмайди. Аллоҳ таолонинг дўстлари вақтнинг ана шу эни ва кенглигида улкан ишларни амалга оширадилар.
* * *
Гуноҳдан сақланишнинг энг яхши йўли
Аллоҳ таоло бандаларнинг ислоҳи учун икки оят нозил қилган. Одамзод ана шу икки оятни кўз ўнгида тутса, гуноҳ қилишга журъат қилолмайди.
У икки оятни англаган қалбда Аллоҳ таолонинг азамат ва ҳайбатидан қўрқиб, гуноҳ қилолмайди.
Улардан биринчиси бу оятдир «Сизлар қаерда бўлсангиз, У сизлар билан биргадир» (Ҳадид сураси, 4-оят). Дунёда Аллоҳ таоло сиз билан бўлмайдиган бирор жой йўқ. Иккинчи оят будир: «Албатта, Аллоҳ (унинг бу қилмишларини) кўриб туришини билмаганмиди?!» (Алақ сураси, 14-оят). Ахир бошқаларга кўрадиган кўзларни берган Зот Ўзи кўролмайдими?!
Имдодуллоҳ Маккий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳар бир сўфий, балки ҳар бир мўмин кунда бир-икки дақиқа “Аллоҳ бизни кўриб турибди”, деб муроқаба қилиши лозим. Бир неча дақиқали бу муроқаба йигирма тўрт соатгача фойда беради. Қулоғи бураладиган соатни ҳам ярим дақиқа бурайсиз, холос, лекин у йигирма тўрт соат юраверади. Шунинг учун ҳар куни бир неча дақиқа кўзингизни юмиб, Аллоҳ таоло сизни кўриб турганини ёд этсангиз, уни йигирма тўрт соат унитмайсиз. Кунда машқ қилавериш натижасида бу тасаввур қалбга ўрнашиб қолса, гуноҳ қилишга умуман журъат қолмайди.
Дейлик, ўрмонда қаршингиздан бир қонхўр шер чиқиб қолди. Нарироқда эса дунёнинг энг гўзал аёли сизни ўзига қарашга даъват қилиб турибди. Шу ҳолда бирор киши унга қарайдими? Унда гуноҳ қилиш учун тоқат ва қувват бор, лекин ўша қувватни ишлатишга тоқат бўлмайди. Шер Аллоҳ таолонинг кичик бир махлуқи, холос. Шернинг ҳайбати шунчалик бўлгач, қалбида шерни яратган Зот мени кўриб турибди деган тасаввурда бўлган киши қандай гуноҳ қила олади?!
“Инъомоти Раббоний”,
“Мажолиси ҳакимул умма” асаридан
Ёрқинжон ФОЗИЛОВ таржимаси.