muslim.uz

muslim.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Инга Мирян шаҳридаги шифохонада юз берган ёнғин оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор этди. 

Аввалроқ, шифохонадаги ёнғиндан 41 нафар одам ҳалок бўлгани, 70 нафар инсон жабрлангани ҳақида маълумот берган эдик.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 26 январь куни эрта тонгда Жанубий Кореянинг Мильян шаҳрида жойлашган шифохонадаги ёнғин натижасида 41 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Рёнхап” агентлиги хабар берди. 

Маълумотларга кўра, ёнғин Сежонг шифохонасининг биринчи қаватидаги тез ёрдам бўлимида бошланган ва уч соат ичида бутун бино аланга ичида қолган. 

Шифохонадаги ёнғиндан 41 нафар одам ҳалок бўлган бўлса, 70 нафар инсон жабрланган. Ёнғин содир бўлган вақтда шифохонада 111 нафар киши бўлган.

 

П'ятниця, 26 Январь 2018 00:00

Улул азм пайғамбарлар

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аҳқоф сурасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Бас, (эй Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг...» деган (35-оят).

«Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган пайғамбарлар:

  1. Одам алайҳиссалом;
  2. Нуҳ алайҳиссалом;
  3. Иброҳим алайҳиссалом;
  4. Мусо алайҳиссалом;
  5. Исо алайҳиссалом;
  6. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Бу буюк пайғамбарлар ҳар бирларининг бошларига имон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр-матонатда зарбулмасал бўлганлар. Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши билишади. Шунинг учун ўз даврида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб қийин ҳолга тушганларида «улул азм» номини олган буюк пайғамбарлардан ўрнак олишга чақириляптилар.

«Бас, (эй Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг...» У зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам «улул азм» пайғамбарлар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар.

 

«Сунний ақийдалар»дан олинди 

ЎМИ Матбуот хизмати

П'ятниця, 26 Январь 2018 00:00

Асабингизни асранг!

Инсон асабийлашса мия, жигар, буйрак ва юракка озуқа ташувчи йўллар бўғилади. Кўз қорачиғи кенгайиб, юрак уриши тезлашади. Бундай вақтда жигардан углеводлар (зарарли суюқлик) ажрала бошлайди. Аъзоларнинг бундай пала-партиш ишлаши кўп касалликларнинг (стенокардия, инфаркт, инсулт) келиб чиқишига сабаб бўлади.

Очиқ чеҳрали, босиқ, вазмин одамлар руҳан ва жисмонан тетик бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланган пайтда ўтириб олишни, яна босилмаса, ётиб олишни ёки таҳорат янгилаб, икки ракат намоз ўқишни тавсия қилганлар.

Асаб толаларининг узилиши аъзоларимиздаги озиқ моддалар камайишига, ҳолсизликка олиб келади. Масалан, жисмимизда калций моддаси етишмаса, мушакларимиз оғриб, суякларимиз мўрт бўлиб қолиши мумкин. Юзимизга табассум қайтиши биланоқ, миямиз тажангликни сўндирувчи моддалар ишлаб чиқара бошлайди.

Мунтазам бадантарбия қилиш, очиқ ҳавода айланиш, айниқса, уйқуга ётишдан олдин беш-ўн дақиқа юриш жуда фойдали. Табиат қўйнига чиқиб завқланиш, вақти-вақти билан тоза сув ҳавзаларида чўмилиб туриш ҳам керак. Шунингдек, озуқага бой овқатларни меъёрида ейиш яхши. Эзгу ният, чиройли сўз, яхши амал, ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан яхши муносабат ҳам асабларимизга тинчлик беради, мустаҳкамлайди. Демак, имкон борича турли асаббузарликларнинг олдини олишга интилишимиз, яхшиликка ишонч, келажакка умид билан яшашга ўрганишимиз зарур.

Парда ЖЎРАев,

кардиолог

П'ятниця, 26 Январь 2018 00:00

Муҳофаза қўрғони

Руҳий тарбия

Юрак –  қалъа. Шайтон эса бу қалъага ҳукмронлик қилмоқчи бўлган душман. Қалъа дарвозалари қўриқланиб, бузилган жойлари таъмирлангандагина душмандан муҳофаза қилинади. Душман кирадиган эшикларни қандай қўриқлашни билмаганлар, унга асир бўлишга, васвасаларига учишга маҳкумдирлар.

Қалбни шайтоннинг васвасаларидан муҳофаза қилиш ҳар бир мусулмон учун фарзи айн. Шайтоннинг қалбга кириш йўллари ва эшиклари кишининг салбий сифатлари ва ёмон феъл-атвори устига қурилади.

Душманимиз бўлган шайтон: “Мен унчалик нодон эмасман. Мўмин кишини бирдан куфрга васваса қилмайман. Мен уни аввал ҳалол шаҳватга – орзу истакларга ҳарис (очкўз) қилиб қўяман, бу нарсага ташна бўлгач, унда ҳавоий нафс ғолиб келади ва қувватланади. Шундан кейингина уни гуноҳ ишларга васваса қилиш менга осон бўлади. Сўнгра мен уни куфрга васваса қиламан” дейиши ҳақида улуғларимиз кўп таъкидлашган.

– Қалб учун қай бири зарарлироқ қулоқми ёки кўз? деб сўрашибди Афлотундан.

Файласуф:

– Кўз ила қулоқ қалб учун бир қушнинг икки қаноти кабидир. Қуш фақат қўш қанот билан уча олади. Қулоқ эшитган ҳаром нарсалар ва кўз кўрган ҳаром нарсалар қалбга бир хил даражада зарарлидир.

Ҳазрати Али: “Кўз шайтоннинг тузоқларидир. Вужудга энг шиддатли таъсир ўтказувчи аъзо кўздир. Ким Раббига итоат қилиб, аъзосини нафсининг эътиборидан қолдирса, ният қилгани амалига етишади. Ким дунё завқларига тўйиш учун, аъзосини нафсининг эътиборида қолдирса, ниятидаги яхшиликларини ўзи бекор қилган бўлади”, деганлар.

Дунёга сиғиниб, кайфиятга қараб яшайдиган инсонларнинг қалбига ҳақиқат севгиси кирмайди. Қалбларнинг ҳақиқатни англашдан йироқлигига яна бир сабаб банданинг ўзгалар билан машғуллигидир.

Ҳадиси шарифда: “Кимки “забзаб”ини (жинсий аъзо), “лақлақ” (тил)ини ва “қобқоб” (қорни)ни ёмонлигидан сақланса, демак, у барча ёмонликдан ҳимояланибди” (Шуабул Имом Байҳақий ривояти).

Қалбни фалокатга бошлайдиган йўллар кўп. Шулардан баъзилари:

  1. Мол-дунёга зиёда меҳр. Зарурат миқдоридан ортиқ фойдаланиш;
  2. Обрў-эътибор ва мансаб. Қалбни ундан йироқ тутиб, оғизга тушиб қолишдан қочадиган, одамларнинг ўзига бўлган ихлос-ҳавасни совутиш билан машғул бўлсагина обрў мартаба тўсиғидан қутилади.
  3. Маъсият. Астойдил тавба қилмасдан ва гуноҳлардан тийилмасдан дин асроридан воқиф бўлишга интилиш.
  4. Бировнинг ҳақи. Ўзгалар ҳақини ейишни одатий ҳолга айлантириш ва ҳақ борасида хотиржам бўлиш.
  5. Уйғонгандан қайғуси дунё бўлса, Аллоҳ унинг қалбига шуларни солиб қўяди: унинг қалбига шундай фикр ташлайдики, ундан абадиян қутила олмайди, бир машғуллик ташлайдики, хайрли ишлар қилай деса, вақт тополмайди, ичига бир камбағаллик туйғуси ташлайдики, қанча топмасин барибир қаноатланмайди, сўнгсиз орзу-ҳавас берадики, ҳеч охирига етолмайди.

“Қалб очиқ кафтга ўхшайди, худди бармоқлар биттадан букилганда кафт ёпилгани каби, қалб ҳам гуноҳ содир этилганида ёпилиб боради. Ҳатто охирида буткул бекилиб қолади. Мана шу қалбнинг муҳрланишидир” (Табарий тафсири).

Давоси: 

  1. Аввало шайтоннинг васвасаларидан Аллоҳдан паноҳ сўраш: “Аъувзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”. Биринчи қадамни сиз ташланг: Шайтон сизга душманлик қилишидан олдин Аллоҳ таолога итоат этиш орқали шайтонга душманлик қилинг.
  2. Очлик – қалб қонини камайтириб, дилни оқартиради. Бу оқлик нурдир. Нур юракнинг ёғини эритади. Бу эриш кўнгилни юмшатади. Кўнгилнинг юмшоқлиги яхшиликларни очувчи калит, қаттиқлиги эса ҳақдан тўсувчи тўсиқдир. Қалбнинг қони қанчалик кам бўлса, душманнинг йўли шунчалик тораяди. Душманнинг йўли шаҳватларга тўла томирлар бўйлаб ўтади.

Аллоҳ наздида ҳалолдан бўлса ҳам тўйган қориндан ортиқ душманроқ душман йўқ, дейилган. Исо (алайҳиссалом): “...Қоринларингизни оч тутинг. Шояд қалбингиз Парвардигорингизни кўрса...”

  1. Сукут – уни фақат тафаккурга бағишлаш. Ҳикматнинг биринчи белгиси сукутдир ва эҳтиёжга яраша сўз айтмоқдир. Сукут донолик йўлининг бошланиши. Чунки кўп гапиришликнинг зарарлари хусусида ҳадис ва уламоларнинг номалари бисёрдир. Фаридиддин Аттор: “Кўп гапирадиганларнинг қалби касалдир. Маҳмадона, валдирайверадиган одам очиқ бир мактубга ўхшайди. Уни хоҳлаган одам ўқийверади”, деганлар.“Эй Одам фарзанди! Агар дилингда қоралик, баданингда дангасалик ва ризқингда танглик бўлса, буларнинг сабаби беҳуда ва бемаъно сўзларни кўп сўзлашингдадир” дейилади (Табарий тафсири). Эшитиш киши илмини бойитади, гапирмоқ саёзлатади. Бекорга айтилмаганки, тан касалининг асоси кўп емоқликдан, қалб касалининг асоси кўп демакликдир. “Одам боласининг ҳар бир сўзи ўзига зиён: Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, Аллоҳни зикр қилиш бундан мустасно” (Термизий ривояти).
  2. Зикр. Байҳақий ривоят қилган ҳадисда:Ҳар бир нарсанинг сайқали бор. Қалбнинг сайқали Аллоҳни зикр қилишдирдейилган. Қалб доимо зикр ва мушоҳада билан машғул бўлиши керак. Қалбни ҳаракатга келтириш, баданни ҳаракатга келтиришдан кўра қийинроқ, шунинг учун ҳам одамлар қалбни поклашдан кўра зоҳирий амалларга шошиб борадилар.

 

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи тайёрлади.

 

Мақолалар

Top