muslim.uz

muslim.uz

П'ятниця, 06 Январь 2017 00:00

Жаннат оналар оёғи остидадир

Индонезиядаги мактаб ўқувчилари “Оналар куни” муносабати билан ўз оналарига унутилмас совға ҳадя этдилар. Яъни, ўқувчилар орасида жаннат оёқлари остида бўлган оналарининг оёқларини ювиш маросими ўтказилди. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

 Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Сиз кўриб турган ушбу тасвирдаги йигит Саудия Арабистонининг шимолида жойлашган Бурайда шаҳрида истиқомат қилади. Унинг кўриш имконияти чекланган бўлиб, масжидга боришда яқинлари ва қўшниларининг кўмагига эҳтиёж сезарди. Яқинда унинг қўшнилари у учун масжидга олиб борувчи махсус йўлак барпо этишди. У ҳаракатланадиган йўлакка сирти бўртиб чиққан махсус плиталар ётқизилди. Эндиликда бу йўлак орқали йигит қийналмасдан, энг муҳими хавфсиз ҳаракатланиши ва мустақил равишта масжидга бориб, ибодатини адо этиб келиши мумкин. Қуйидаги суратларда ўзгалар кўмагтга муҳтож йигит учун саховатли ва ғамхўр қўшнилар томонидан барпо қилинган махсус йўлак суратларини томоша қилишингиз мумкин:

 

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади

 

П'ятниця, 06 Январь 2017 00:00

134 ёшли қария

Эронда аҳолини рўйҳатга олиш жараёнида мутахассислар 134 ёшли Эрон фуқаросига дуч келдилар. Аҳмад Сўфи исмли қария шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганда 1882 йилда туғилгани маълум бўлди. Қария ёши улуғ бўлишига қарамай соғлиғидан ҳеч қандай шикояти йўқ эканлигини таъкидлади. “Аҳмад – жуда раҳмдил инсон. У ҳамиша инсонларга ёрдам беришга интилади”, деди қариянинг яқинларидан бири.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмад Сўфи дунёдаги энг ёшиш улуғ инсонлар қаторида иккинчи ўринни қўлга киритди. Яқинда ўзининг 145 ёшини нишонлаган индонезиялик Содимежо исмли қария биринчи ўринни эгалламоқда.

 Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Тақсир, бандалар битта тангрига сиғинишса-да, ўтмиш ва бугунги давр кишиларининг ибодатлари турлича бўлган-ку, уларнинг имонларини ҳам бир хил, дейиш тўғри бўладими?

Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай жавоб бердилар: Фаришталарга ёки биздан илгари ўтган одамларга фарз бўлган нарсалар бизга буюрилган фарз амаллардан фарқ қилади. Аммо фаришталарнинг ва олдингиларнинг ва бизларнинг имонларимиз бир хилдир. Чунки барчамиз ёлғиз ва ягона Аллоҳ таолога имон келтирганмиз, танҳо Унга бандачилик қилганмиз ва У томонидан келган барча нарсаларни тасдиқ этганмиз.

Ундай бўлса, эътиқодлари турлича бўлгани ҳолда, инкор этувчилар ҳам куфрда бир хил бўлишадими?

Агар ғайридин кимсаларга, кимга сиғинасизлар, дейилса, Аллоҳга, деб жавоб беради. Улардан Аллоҳ ҳақида сўралса: Уларнинг баъзилари: “Аллоҳ таолони - Узайрнинг отаси ва инсон қиёфасида”, дейишса, бошқаси: “Аллоҳ таолони Исонинг жасадида, Марямнинг қорнида, нарсага яширинган ва уни қамраган, унга сингган”, дейди. Яна бир жамоаси эса: “Унинг шериги, боласи ва хотини бор”, деб жавоб қилади ва ҳоказо.

Мазкур эътиқодлардаги одамлар, албатта, мўмин эмас. Бу одамларнинг барчаси Аллоҳни танимаслиги ва Уни инкор этиши бир хил. Аммо уларнинг ибодатлари ва тавсифлари кўп ва турличадир. Ёки уларни бошқачароқ қилиб таърифлайдиган бўлсак, қуйидаги уч нафар одамга қиёслаш мумкин. Улардан бири:

  • Менда дунёда ўхшаши йўқ марварид бор, – деди ва қора узум донини чиқариб қўйди ва унинг марварид эканини исбот қилиш учун онт ичди ва одамлар билан баҳслаша бошлади. Улардан иккинчиси:
  • Менда баҳоси энг юқори бўлган марварид бор, – деди-да, ёнидан беҳини чиқариб қўйди ва биринчи одам каби ҳаракат қилди. Навбат учинчи одамга келди ва у:
  • Менда дунёда яккаю ягона бўлган марвариб бор, – деб, бир парча қуритилган лойни ўртага қўйди ва у ҳам чиқарган нарсаси марварид эканига онт ичди ва одамлар билан шу хусусда баҳсу мунозара қилди.

Ушбу мисолдан мазкур уч нафар одамнинг марваридни билмаслик ва танимасликда бир хил нодонликлари намоён бўлди. Уларнинг бирортаси ҳам умуман марварид нима эканини билмайди. Уларнинг сифатлари кўп ва турли-туман. Бу сизларнинг улар сифатлаган “маъбудларига” сиғинмасликларингиз билан билинади. Чунки улар “маъбудларини” иккита, учта дейишади ва сифатлаганларига сиғинишади. Сизлар эса маъбудларингизни битта дейсизлар ва биттага сиғинасизлар. Демак, сизларнинг маъбудларингиз уларникидан бошқа ва уларнинг “маъбудлари” сизларникидан бошқадир. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: “Эй, кофирлар! Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага (бут ва санамларга) ибодат қилмасман. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз”» (Кафирун, 1–3), дея марҳамат қилган.     

  

Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

Хоразм вилоятида имом-хатибларнинг маънавий-маърифий йўналишдаги фаолиятига бағишланган йил якуни бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилояти вакили Хайрулла Абдуллаев,  вилоят ҳокими ўринбосари котибияти мудири А.Худаяров ва имом-хатиблар иштирок этди.

Хоразм вилояти вакили Хайрулла Абдуллаев жорий йилда имом-хатиблар томонидан амалга оширилган маънавий-маърифий тадбирлар ва оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари борасидаги ютуқ ва камчиликлари тўғрисида таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари орқали мустақиллик йиллари Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган имом-хатибларни муносиб рағбатлантириш мақсадида ўтган 2016 йил давомида амалга оширилган иш фаолияти сарҳисоб қилиниб, бешта йўналиш бўйича ғолиблар аниқланди ва мақтов ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Жумладан; Телевидениядаги чиқишлар йўналиши бўйича 1-ўрин Абдуқадиров Давронбек Отаназаровичга (Урганч шаҳар “Кўзли ота” масжиди имом-хатиби), 2-ўрин Авезов Музаффар Ибрагимовичга (Урганч туман “Шайидлар бобо” масжиди имом-хатиби), 3-ўрин Рахимов Аминбой Абдуллаевичга (Ҳазорасп туман “Сулаймон Боқирғоний” масжиди имом-хатиби) насиб этди.

Радио-эшиттиришдаги чиқишлар йўналишида 1-ўринга Эрназаров Рашид Худайназарович (Боғот туман “Дарвеш бобо” масжиди имом-хатиби), 2-ўринга Собиров Маҳмуджон Маматсалиевич (Урганч туман “Ғоиб ота” масжиди имом-хатиби), 3-ўринга Рахимов Учқун Алимбоевич ( Урганч шаҳар “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси) муносиб кўрилди.

Газетадаги чиқишлар йўналиши бўйича 1-ўринга Болтаев Шермуҳаммад Қиличович (Ҳазорасп туман “Шайх Қосим бобо” масжиди имом-хатиби), 2-ўринга Сапаев Санжар Ражаббоевич (Хива туман “Сайидниёз Шоликор” масжиди имом-хатиби), 3-ўринга Илясов Камоладдин Нуруллаевич (Боғот туман “Исмоил шайх бобо” масжиди имом-хатиби) лойиқ топилди.

Интернет-сайтларидаги чиқишлар йўналиши бўйича 1-ўрин Муҳаммадамин Муҳаммад Зариф ўғлига (Урганч туман “Шаҳобиддин бобо” масжиди имом-хатиби), 2-ўрин Матяқубов Хушнуд Матяқуб ўғлига (Хонқа туман “Халифаи Худойқули” масжиди имом-хатиби), 3-ўрин Аҳмедов Хайрулла Пирнафасовичга (Шовот туман “Шоҳ-обод” масжиди имом-хатиби) насиб этди.

Фаол тарғиботчи йўналишида 1-ўринга Кенжаев Ҳасанбой Отаназарович (Урганч шаҳар “Охун бобо” масжиди имом-хатиби), 2-ўринга Отажанов Раматжон Мирзажанович (Янгиариқ туман “Шайх Мухтор вали” масжиди имом-хатиби), 3-ўринга Одилов Олимжон Сейтимметович (Урганч шаҳар “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси) муносиб кўрилди.

Мазкур ғолибларга Фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо мукофотлар топширилди. Имом-хатиблар бундай эътибордан руҳланиб, янада фаол бўлиш ва самарали ижод этишга ваъда беришди.

Ижодкор имом-хатибларимизнинг юртимиз ва динимиз равнақи йўлидаги холисона хизматларини Аллоҳнинг ўзи мукофотласин!

 

ЎМИ Хоразм вилоят вакиллиги

Мақолалар

Top