www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Муслим ТВ” интернет телеканалида Рамазон ойига бағишланган турли аудио-видео материаллар мунтазам эълон қилиб борилмоқда.

«Муслим ТВ» интернет тармоғида катта аудиторияга эга бўлган «ITV.uz» интерактив телевидениеси билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётганидан хабарингиз бор.

Рамазон ойига бағишланган аудио-видео материалларни интернет тармоғидаги «ITV.uz» сайтидан рўйхатдан ўтган ҳолда телеканал кўрсатувларини томоша қилиш мумкин. Мобил қурилмалар учун эса «ITV.uz» мобил дастурини кўчириб олиш керак бўлади. Яна бир қулайлик, «ITV.uz» сайти TAS-IX тармоғида жойлашган бўлиб, ундаги материалларни интернет трафиги сарфламасдан бепул кўриш мумкин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муборак Рамазон ойида кўпроқ савоб ишларни қилишга, айниқса, касб-ҳунар ва тижоратдан келадиган маблағлардан бўлган закотни адо этиш кўп фазилатли ишдир. 

 

Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейди: "Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир".

 

Закот динимизнинг беш арконларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло фарз қилган амалдир. Унинг жорий этиш ҳикмати шундан иборатки, у туфайли жамиятда бир қадар тенглик пайдо бўлиб, бой ва фақир табақалар ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир.

 

“Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (ғайридин)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”. Ушбу ўринда Аллоҳ азза ва жалла закотга ҳақдор кишиларни ҳам белгилаб берган.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан Республика бўйлаб кўплаб ҳудудларда йирик хайрия тадбирлари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида ногиронлиги бўлган, моддий жиҳатдан қийинчиликларга дуч келган инсонларга кўмак кўрсатилмоқда. Бу эса Фондимизга ишониб ўзларининг хайрия ва закот маблағларини ўтказаётган саховатпеша инсонларнинг кўмагида амалга оширилмоқда.

 

Фондга 2018 йил июнь ойидан 2019 йил 1 май санасига қадар жами 2 миллиард 154 миллион сўм закот маблағлари келиб тушган бўлиб, шу кунга қадар ушбу маблағларнинг 1,8 миллиард сўми 1202 нафар муҳтож инсонларга тарқатилган. Тарқатилган маблағларни ҳисобга олганда ҳар бир кўмакка муҳтож инсонга ўртача 1,5 миллион сўмдан закот маблағи тарқатилган.

 

Бунда имкон қадар мурожаатномалар холис шахслар ёрдамида ўрганилиб, қанчалик муҳтожлигидан келиб чиқиб маблағлар ажратилди. Айрим мурожаатчилар шариатда белгиланган талабларга жавоб бермагани учун закот маблағларини бериш рад қилинди.

 

Юқоридаги ҳисоб-китоблардан кўриниб турибдики, саховатпеша инсонлар томонидан Фонд закот ҳисоб рақамига ўтказилган закот пуллари ўз ҳақдорларига топширилмоқда.

 

 

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

11 май куни Тошкент шаҳридаги янги бунёд этилган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номидаги жоме масжидда илк таровеҳ намози ўзгача файзу тароватда адо этилди.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан қуриб битказилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ номларидаги муҳташам масжидда бу йилги Рамазон ойининг илк таровеҳи катта шукуҳ билан ўқилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган ушбу муҳташам мажмуа барча мўмин-мусулмонларга Рамазон туҳфаси бўлди. Мажмуа барча қулайликларга эга бўлиб, кенг ва шинам тарзда барпо этилган.
Шу куни ҳуфтон намозига азон айтилишидан анча олдин янги масжид хонақоҳи мухлис намозхонлар билан тўлди. Масжиддаги илк намозни адо этиш учун кўплаб намозхонлар билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигида юртимизнинг кўзга кўринган уламолари ташриф буюриб, халқимизни муборак Рамазон ойи ҳамда янги масжид очилгани билан муборакбод этдилар. Муфтий ҳазратлари жумладан шундай сўзларни билдирдилар:
– Аллоҳ таборака ва таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизга жуда ҳам улуғ неъматлар, тинчлик-осойишталикни берди. Муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга ошириляпти. Улуғ алломалар мангу қўним топган жойларни обод қилиш, уларнинг илмий меросларини тарғиб этишга катта эътибор бериляпти. Куни кеча Давлатимиз раҳбари азим пойтахтимизда иккита муҳташам масжид-мажмуаларини очилишида иштирок этдилар. Мана шундай шарт-шароитларни муҳайё қилиш ишларига катта эътибор бераётган муҳтарам Президентимизнинг ҳақларига дуои хайрлар қилиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Таровеҳ намози аввалида ушбу масжидга Шайх ҳазратларининг фарзанди – Исмоил Муҳаммад Содиқ имом-хатиб этиб, ҳазратнинг шогирди Баҳодир қори Раҳматуллаев имом ноиби этиб тайинлангани эълон қилинди.
Намоздан сўнг барча намозхонлар қўлларини дуога очиб, марҳум ва мағфур Шайх ҳазратларининг руҳлари шод бўлишини, хатми Қуръоннинг савоби у кишига етиб боришини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилдилар.
Шундай табаррук масжиднинг бунёд этилишига ташаббускор бўлган муҳтарам Президентимизнинг она-Ватан тараққиёти, мўмин-мусулмонлар манфаати йўлида олиб бораётган шарафли ишларида Ҳақ таоло мададкор бўлиб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрашини илтижо қилдилар.
“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидини Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга муборак айласин.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

Рамазоннинг илк оқшоми диёримизнинг 2050 дан зиёд масжидда таровеҳ намозлари, 1200 дан ортиқ жоме масжидларда хатми Қуръон бошланди. Жоме масжидларга йиғилган минг минглаб намозхонлар хофиз қориларнинг чиройли совт ва хушовозлик билан ўқиган Қуръони Карим тиловотларидан баҳраманд бўлдилар.

Бу кеча “Ҳазрати Имом” жоме масжидида ҳам таровеҳ намозида Ҳақ таоло каломини хатми бошланди. Масжидга аста-секин кўзлари Рамазон шукуҳи ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда таровеҳ намозида Аллоҳнинг муборак каломига соме бўлишни интиқлик билан кутган намозхонлар кириб кела бошладилар. Бир зумда масжид Қуръон мухлислари билан тўлиб тошди.

Дастлаб, муфтий ҳазратлари муборак Рамазон ойи билан барчани табриклаб, дуолар ижобат бўладиган дамларни ғанимат билиш, юртнинг тинч-осойишталиги хотиржам ибодат қилиш гарови эканини таъкидлаб, яратгандан бу неъматларни янада зиёда қилишини сўраб, дуо қилдилар. Сўнгра таровеҳ намози бошланиб, Каломуллоҳнинг тиловати қалбларга сурур ва фараҳ бахш этди.

Таровеҳ намози ўқиб бўлингач, намозхонлар муфтий ҳазрат билан баралла дуога қўл очиб, Рамазони шарифга етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтишди. Ҳамда Яратгандан юртимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини, халқимиз бунданда фаровон бўлишини сўрашди. Зеро, намоз сўнгида қилинган дуо ва илтижолар мустажобдир.

Раҳмат даҳасининг дастлабки оқшоми, таровеҳ намозининг ўттизидан бири орқада қолди. Қуръон мухлислари – намозхонлар бу ойни дақиқ билиб, тилларида истиғфор билан, бирин-кетин уйларига қайта бошладилар. Аллоҳ таоло бу ойни барчамизга муборак, ўйлаганимиздан ҳам баракали қилсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуръони каримнинг “Ҳадид” сураси, 21-оятида: “Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига имон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир”, деб марҳамат қилинган.

Ушбу оятга амал қилган ҳолда мўмин-мусулмонларга амру маъруф ва наҳйи мункар қилиш, илм-маърифат тарқатиш йўлида Рамазон ойининг фазилатларини тушунтириш, раҳмат ва мағфират ойи эканини етказиш, Ислом маърифатини кенг улашиш мақсадида, Muslim.uz порталида “Ойлар султони – Рамазон!” номли мақолалар танлови эълон қилинди.
Мусобақа 2019 йил 5 майдан 5 июнгача давом этади.

Танловга юбориладиган мақолалар Ця електронна адреса захищена від спам-ботів. вам потрібно увімкнути JavaScript, щоб побачити її. электрон почтаси ёки телеграм мессенжерида очилган @Ramazon2019Bot орқали жўнатилади ва мақолаларга қуйидаги шартлар қўйилади:

- интернет нашрларида кўп эълон қилинган мақолаларга ўхшаш бўлмаслиги, балки таҳлилий жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш;

- рўзанинг фойдалари, унинг руҳий тарбияга оид жиҳатлари, ҳаётий ҳикматлари ва рўзага нисбатан рағбат уйғотиш;

- услубий ва имло хатоларсиз ҳамда юқори савияда таҳрир қилинган бўлиши талаб этилади;

- ҳадислар ва ривоятлар саҳиҳлигига эътибор қаратиш, уйдирма маълумотлардан сақланаш;

- интернет ёки бошқа нашрларда эълон қилинган мақолаларни кўчириб олинган материаллар танловда иштирок этмайди;

- Юборилган мақолалар танлов шартларига жавоб берса Muslim.uz порталида "Танловга!" деган ёзув остида эълон қилинади.

Танлов ғолиблари ҳакамлар томонидан аниқланади ва 2019 йилги муборак Рамазон ҳайити арафасида эълон қилинади.

Танловнинг уч нафар ғолибига қуйидаги мукофотлар топширилади:
3-ўринга – Смартфон.
2-ўринга – Планшет.
1-ўринга – Ноутбук компьютери.

Барча қалами ўткир ижодкорларни танловда иштирок этиб, динимиз маърифатини тарқатиш борасидаги ажру савобга ва ҳомийларимиз томонидан тақдим этиладиган мукофотларга сазовор бўлишга даъват этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top