muslimuz

muslimuz

Четвер, 15 февраль 2024 00:00

Оиламизнинг хос байрам куни

Бизнинг оиламизда ҳар ойда бир марта имтиёзли кун бўлади. Ҳар ойнинг бошида шу кунни қайси санада ўтказишимизни белгилаб оламиз. Ўша кун келишидан аввалроқ барча оила аъзоларимиз билан бир дастурхон устига йиғилиб, байрам кунини қандай ўтказишни муҳокама қиламиз. Фарзандларимизнинг фикрларини тинглаймиз. Байрам куни дастурхон ҳам бошқача бўлади. Турли лаззатли таомлар, салатлар, ширинликлар пиширамиз. Баъзида эса бирор жойга айглангани чиқамиз, шаҳар айланамиз. Оилавий қизиқ-қизиқ суҳбатлар қурамиз, латифалар айтиб кулишамиз. Хуллас, вақтимизни чоғ ўтказишга ҳаракат қиламиз.

Фарзандларимиз бироз улғайишгач, бу кунни ўтказишни мусобақага айлантириб юбордик. Ҳар доимгидек, бу кунни ўзгача руҳда, кўтаринки кайфиятда ўтказамиз. Лекин олдингидан фарқи шуки, энди кунни қандай ўтказишимизни фарзандларимиз айтишади. Уларнинг ҳар бирини навбат билан шу кунни ўтказишга масъул раҳбар қилиб қўямиз. Улар раҳбар бўлганларида оиламиз кунни қандай ўтказиши, нима таомлар пишилрилиши, қандай жойларга айланишга боришимизни, буларнинг ҳар бирига қанча вақт сарфлашимизни ўзлари белгилашади.

Кейин кимнинг куни энг мазмунли ўтгани, кимнинг кунида оиламиз мириқиб дам олганини муҳокама қиламиз. Овоз бериш йўли билан бир фарзандимизни танлаймиз. Ғолиб бўлган боламизга катта мукофот берамиз. Шундай қилиб ҳар 4-5 ойда бир фарзандимиз катта мукофотга сазовор бўлади.

Бу кун оиламизга қайтадан жон киритгандек бўлади. Ғам-ташвишларимизни, чарчоқларимизни оила даврасида чиқарамиз. Бу куни фарзандларимиз билан кўпроқ мулоқот қилиш, улар билан турли мавзуларда кўплаб фикрлар алмашиш имконияти туғилади. Фарзандларимиз билан орамиздаги муҳаббат зиёдалашади. Агар оиламизда қандайдир муаммолар бўлса, ўша муаммоларни шу куни ҳал қилиб олишимиз ҳам мумкин бўлади.

Оиламизнинг байрами ҳақида болаларим қўшниларнинг фарзандларига айтиб беришибди. Улар уйга кириб ота-оналарига бизнинг оилавий байрамимиз ҳақида айтиб беришганида бу оилавий анъанамиз уларга ҳам маъқул келибди. Секин аста қўшниларимизнинг кўпчилиги ўз оилаларида мана шундай хос кунни белгилаб, байрам қиладиган бўлишди. Хатто бу нарсадан қариндошларимиз, дўстларимизнинг оилалари ҳам бенасиб қолишмади. Ҳаммалари ўз оилаларида мана шундай кунни белгилаб байрам қилишни йўлга қўйиб олишди.

Ҳозирги кунда ҳамма иш, ўқиш билан банд бўлиб, оиласига вақт ажрата олмайётганидан, фарзандлари билан ораси узоқлашиб кетаётганидан шикоят қилади. Тезлашиб кетган асримизда бу нарса табиий ҳол бўлиб қолди. Бизнинг хос байрам қилиш фикримиз мана шу муаммонинг муолажаси бўлса, кўплаб оилаларга фойда келтирса ажаб эмас.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

14 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов, Масжидлар бўлими мудири Музаффар Камолов ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита вакили Муҳиддин Ҳакимовлар Мир Араб олий мадрасасига ташриф буюрди.

Соҳа вакиллари дастлаб мадрасасида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Сўнгра Олий мадраса ҳамда Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирокида мулоқот ўтказдилар.

Тадбирда Жалолиддин домла Ҳамроқулов Мир Араб олий мадрасасининг ташкил этилиши ҳамда бундан кўзланган мақсад ва вазифалар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасининг тарихий аҳамияти, унинг ислом тамаддунида тутган ўрни ва бугунги кундаги мавқеи борасида нутқ сўзлади.

Анжуман давомида сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита вакили Муҳиддин Ҳакимов ҳозирда диний соҳа фаолиятида учраётган долзарб масалалар юзасидан тавсия ва таклифларни тақдим этди. 

Мир Араб олий мадрасаси

Матбуот хизмати

Середа, 14 февраль 2024 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Сурхондарё вилояти Шерабод тумани "Хумоюддин тўра" жоме масжиди имом-хатиби Баҳриддин домла Чориевнинг ўғли вафоти муносабати билан таъзия билдиради.

Аллоҳ таоло марҳумни раҳматига олсин, маконини жаннат қилсин. Бу дунёда қилган барча хайрли ишларини бошларига соя, охиратларига захира айласин. Ортда қолган барча яқинларига гўзал сабр берсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг яқинларига, хусусан, Баҳриддин домлага ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

   Саудия Арабистони Қизил ярим ой жамияти юрак хуружига учраган онасининг ҳаётини сақлаб қолган Aсир шаҳрида яшовчи 12 ёшли болани мукофотлади, деб хабар берди “Gulf News” матбуот хизмати.

Aёл ҳушини йўқотгач, Aбдуссалам ал-Aҳмарий тез ёрдам чақириб, онаси нафас олишни тўхтатгани ҳақида хабар берган. Шифокорлар боладан манзилини сўрашган ва юрак-ўпкани қайта жонлантиришни ўргатишган. Бола шифокорлар маслаҳати билан тез ёрдам келгунгача сунъий нафас олиш ва юрак массажини ўтказди. Натижада у вазифани аъло даражада бажариб, онасини ўлимдан сақлаб қолишга сабабчи бўлди.

Воқеа жойига етиб келган шифокорлар юрак хуружига учраган аёлнинг юрагини қайта ишга туширишга муваффақ бўлишди. Ҳозир у касалхонада даволанмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Середа, 14 февраль 2024 00:00

Сеҳргарнинг макри

Сеҳргарлар шайтоннинг хизматкорларидир. Шайтон инсонларни Аллоҳга ибодат қилишдан тўсиш учун ўз “ходимлари”ни ишга солади. Бунинг учун сеҳргар ўзининг ҳузурига келувчиларни Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйишга, тумор тақишга чақиради. Натижада уларни аста-секин ширк амалларга бошлайди.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тумор тақса, батаҳқиқ ширк келтирибди”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Сеҳргарларнинг яна бошқа макрларидан бири бу – ҳузурига келганларнинг касалликлари ҳақида билишларини даъво қилишлари саналади. Улар ҳар бир инсонда учраб турадиган беморлик ва муаммолар масалан, бош, бел оғриғи, баъзан ғамга ботиш кабиларни айтиб, ўзларини гўёки мижознинг ҳар бир дарди ҳамда сирини биладигандек кўрсатишади.

Яна сеҳргарлар варақларга Қуръони каримдаги айрим оятлардан ёзиб, ўзларини худди жинлардан эмас, Аллоҳдан ёрдам-мадад сўраётгандек қилиб кўрсатиб, одамларни алдайдилар.

Давоми бор...

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар

Top