muslimuz

muslimuz

Понеділок, 12 февраль 2024 00:00

Сирдарёдаги Қуръон курсига ташриф

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Тошкент Ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ва “Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари” бўлими бошлиғи Жаҳонгир қори Рўзиев Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси фаолияти билан яқиндан танишиб, тингловчилар билан мулоқот қилди.

Ташриф асносида ўқув курсида 3 ой таълим олиб, таҳсилни якунлаган битирувчилар учун тадбир ташкил этилди. Унда диний соҳа масъул вакиллари мусаффо динимизнинг таълим-тарбияга бўлган эътибор, Қуръон аҳли Аллоҳ таолонинг хос бандалари экани ҳақида мавъиза қилди.

Тадбир якунида битирувчиларга сертификат ва Мусъҳафи шарифлар ҳадя қилинди.

Маълумот ўрнида Президентимизнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018-йил 16 апрелдаги фармони билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғи билан Сирдарё вилоятида 2018 йил 10 июндан “Қуръони карим ва тажвид” ўргатиш бўйича пуллик ўқув курслари ташкил этилди.

Ўқув курсларига Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонунига мувофиқ 18 ёшга тўлган фуқароларимиз суҳбат асосида қабул қилинади.

Тингловчилар диний таълим муассасасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Таълим муассасаси раҳбари номига ариза;

паспорт нусхаси (асли кўрсатилади);

4 дона фотосурат (3×4 ҳажмдаги);

Манзил: Гулистон шаҳри, Тарққиёт МФЙ, Бунёдкор кўчаси 605 уй

☎️ (77) 007-01-38, (94) 007-19-95

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Понеділок, 12 февраль 2024 00:00

Ҳали-ҳануз сув қидирмоқда…

Ривоят қилинишича чанқоқдан силласи қуриган тўртта ака-ука елиб-югуриб сув қидириб юришган экан. Йўллари давомида тўртта дарага дуч келибдилар ва ҳар бирлари алоҳида йўлдан юришга, ким сув топса қолганларга олиб боришига ҳамда натижа қандай бўлишидан қатъи назар қуёш ботгунча қайтиб келишга келишишибди.

Бироқ ҳеч қайсилари бир томчи ҳам сув топа олишмабди.

Қуёш ботгач, улардан учтаси қайтибди ва сув қидириш бефойдалигини, ундан кўра турган жойларини қазиб сув чиқарган яхши, деган тўхтамга келишибди. Туни бўйи қазиб, охири тонгга яқин сув чиқаришга муваффақ бўлишибди ва ҳаммалари ундан ичиб чанқоқларини қондиришибди.

Бу воқеани ҳикоя қилиб берган одам айтади: “Келишилган вақтда ортга қайтмаган ва жамоатдан ажраган тўртинчи ука ҳали ҳануз сув излаб юрар эмиш!”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Жамоатни лозим тутинглар, бўлинишдан сақланинглар. Чунки шайтон ёлғиз одамга ёпишади, иккита одамдан узоқлашади. Ким Жаннат фаровонлигини истаса, жамоатни маҳкам тутсин!”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: “Аллоҳ таоло умматимни залолат узра жамламайди. Аллоҳнинг ёрдами жамоат биландир!”.

Сиз қилаётган ишингиздан роҳат топсангиз, бошқалар ҳам сизнинг қўл остингизда бу ишдан роҳат топишади.

Ҳолидан хабар олишга масъул бўлган одамларингиздан бохабар бўлинг, уларга яхши муомала қилинг. Ахир ўзингиз ҳам сизга масъул шахсларнинг эътиборини кутасиз-ку, яхши муомала қилишини хоҳлайсиз-ку! Қаттиққўллик зарарлидир, фақат ўзингизга қаттиққўл бўлишингиз фойда бериши мумкин.

Биздаги ачинарли ҳолатлардан бири шуки, кўпчилигимиз бир-биримизга ёрдам беришга ҳаракат қилмаймиз, жамоавий ишларда ҳамжиҳат бўлмаймиз.

Модомики, эгоистлик, худбинлик ичимизда ҳукм сурар экан, жамиятимиз ривожланмайди, аксинча таназзулга юз тутиб бораверади.

Орамизда баъзи одамлар ҳамма нарса ўзиники бўлишини, фақат ўзи бошлиқ бўлишини хоҳлайди. Кимнингдир қўл остида бўлишни хоҳламайди.

Фақат ўзининг фикри олинишини истайди. Биз бу оғриқли дарддан қачон халос бўламиз?!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Понеділок, 12 февраль 2024 00:00

Янги ой бошланди!

Мана ҳижрий-қамарий 1445 йилнинг Ражаб ойи ҳам поёнига етиб, янги Шаъбон ойи бошланди. Халқимизда бу ойни “Бароат” деб ҳам атайди. 

Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг саккизинчи ойидир. У 29 кундан иборат. “Шаъбон” арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “бўлиниш”, “тарқалиш” деган маъноларни англатади.

Ривоят қилишларича, қадимда халқлар орасида қиш пайтида бир жойда баҳор келиши билан эса бошқа жойга кўчиб яшаш одат бўлган. Қамарий-ҳижрий саккинчи ойи одамларнинг ҳар томонга бўлиниш, тарқалиш пайтига тўғри келади. Шу боис бу ойга “Шаъбон” номи берилган.  

Ражаб ойи Аллоҳ таолонинг ойи деб эътироф этилса, Шаъбон ойи Пайғамбар ойи, Рамазон эса барча кишиларнинг ойи дейилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло ўн икки ой ичидан Ражаб ойини ўзи учун танлаб олган. Шунинг учун “Аллоҳнинг ойи” дейилади. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини жойига келтирса, Аллоҳ таоло уни жаннати наимга киритиб, яна Ўз розилигини ато этади. Шаъбон ойи “Расулуллоҳ ойи” ҳам дейилади. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини бажо келтирса, Қиёмат куни унга жаннатдан жойни ўзим тайёрлаб тураман. Рамазон ойи эса “Умматларим ойи”дир. Ким бу ойни улуғлаб, ҳурматини жойига қўйса, гуноҳлардан ўзини тийса, кундуз рўзадор, кечалари бедор, бировларга беозор ҳолда рўза ойини тамомласа, барча гуноҳлари мағфират қилинади» (Имом Байҳақий ривояти).

Шу сабабдан ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тавсияларига биноан кундузни рўза, кечасини бедорлик ибодати билан ўтказишга ҳаракат қилмоқ керак бўлади.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийда бошларини осмонга кўтариб турган эканлар:
«Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан хавф қилдингми?», дедилар.
«Сиз баъзи аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилувдим», дедим.
«Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калбнинг (
машҳур араб қабиласи) қўйлари жуни ададидан кўпроқни мағфират қилади», дедилар (Имом ибн Можа, Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).  

Шаъбон ойининг ҳурматидан инсонлар ўзаро  меҳр-муҳаббатни кучайтиради. Улар бу ойда ота-она, ёр-биродарлар, қон-қариндошлар,  касалманд, муҳтож кишиларнинг  ҳолидан хабар олишни кўпайтиради. Уларга турли мурувватлар кўрсатади.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон халқимизнинг ибодат хайр-баракасини янада зиёда қилсин.  

Р.Акбаров,

Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими

 

Понеділок, 12 февраль 2024 00:00

Серҳосил олма дарахти

Кичик қизим билан ажойиб бир ишни йўлга қўйганмиз. Ҳар куни эрталаб қизимнинг қўлига олма дарахти чизилган вароқ бераман. Дарахтда 15 та олма тасвирланган бўлади. Қизимга агар яхши иш қилса, битта олмани қизил рангга, агар қулоқсизлик қилиб ёмон иш қилса, ўртоқлари, ака-опалари билан жанжаллашса ёки шунга ўхшаган айб ишларни қилса, битта олмани қора рангга бўяб қўйишини айтаман.

Кейин кечқурун ётишдан олдин қизил ва қора олмаларни санаб чиқамиз. Агар қизил олмалар қора олмалардан кўп бўлса, демак, шу куни қизим яхши қиз бўлган бўлади. Мен унга мукофот тариқасида 10 минг сўм бераман. У пулларни қутичасига солиб қўяди.

Бу усул менга қизимни тарбиялашда жуда қўл келади. Ҳам қизим ёмон одатлардан халос бўлади, ҳам қизимга мукофот бериб уни хурсанд қиламан, ҳам унга керакли нарсалар олиб бериш керак бўлганда ўзининг қутичасидаги митти жамғармасидан сарф қиламиз. Бу билан қизим ўз эҳтиёжлари учун ўзи мустақил ҳаракат қилишни ўрганади. Шу билан бирга қутичаси тўлиши учун ҳам доимо яхши ишлар қилишга ҳаракат қилади. Қисқаси бу “олма дарахти”нинг ҳосили жуда баракали бўлади.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Понеділок, 12 февраль 2024 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Қибрай тумани "Байтқўрғон" жоме масжиди имом-хатиби Абдуссамад домла Жаббаровнинг падари бузрукворлари Абдуқаҳҳор отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.

Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Абдуссамад домлага, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

"Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун".

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Мақолалар

Top