muslim.uz

muslim.uz

Индонезия "Kompasiana" ахборот агентлиги сайтида "Ўзбекистон Президентининг Самарқанд туризм салоҳиятини ривожлантиришни давом эттириш тўғрисидаги топшириғи" сарлавҳали материални эълон қилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда

Мақолада айтилишича, Самарқанднинг туризм салоҳияти жуда юқори. Шу боис мазкур вилоятда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда.

Унда таъкидланишича, давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш ва сифатини ошириш, сайёҳларга мақбул шароитлар яратиш мақсадлари белгиланди.

"Ўзбекистонга хорижий сайёҳларнинг оқими тобора ортиб бораётгани, хусусан,зиёрат туризми салоҳиятидан кенг фойдаланиш бўйича жорий тадбирларни янада чуқурлаштириш хавфсизлик протоколининг барча талаблари билан фаол тарғиб қилинмоқда", - дейилади мақолада.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Намозда ва зикр айтилаётганда беихтиёр эсноқ келади, бу яхши эмас, деб эшитдим. Эсноқ ихтиёрсиз келса, нима қилиш керак?

— Иложи борича эснашни қайтаришга ҳаракат қилиш керак. Аммо бунинг имкони ҳеч бўлмаса, қўл билан тўсилса ҳам бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ акса уришни хуш кўради, эсноқни эса хуш кўрмайди. Акса уриб, Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтса, ташмит (Ярҳамукаллоҳ, яъни Аллоҳ сенга раҳм қилсин) айтиш уни эшитган ҳар бир мусулмоннинг зиммасига ҳақдир. Эсноқ эса фақат шайтондандир. Киши қўлидан келганича уни қайтарсин. Қачон “Ҳа-а-а”, деса, шайтон унинг устидан кулади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз эснаганда қўли ила оғзини ёпсин, шайтон оғизга киради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Намозни зам суралар маъноларини тафаккур қилиб ўқиш ҳамда ҳар намозга янги таҳорат олиш эсноқ келишининг олдини олади. 

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Ватанимиз тарихидаги 22 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1407 йил (бундан 614 йил олдин) – Амир Темурнинг набираси, Соҳибқирон вафоти олдидан уни ўзига валиаҳд деб эълон қилган темурий шаҳзода Пирмуҳаммад мирзо вафот этди.

Ҳижрий 809 йил рамазон ойининг ўн тўртинчи куни (милодий 1407 йил 22 февраль) ярим кечада вазир Пир Али Тоз бошлиқ бир гуруҳ фитначилар Балхнинг катта аркига бостириб кирдилар ва қўриқчиларни ўлдириб, темурийзода Пирмуҳаммадни ухлаб ётган жойида хотинлари ҳамда хизматкорлари билан бирга чопиб ташладилар.

Тарихчи Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Пир Али Тоз оддий навкар бўлиб юрган кезларида, Пирмуҳаммад мирзо уни ўз паноҳига олиб, оддий навкарликдан амирлик даражасигача кўтарган. Кўпгина тарихий манбаларнинг маълумотига қараганда, хожасига хиёнат қилган Пир Али Тоз иғвогар, шуҳратпараст ва нияти бузуқ шахс бўлган.

1871 йил (бундан 150 йил олдин) – Мирза Ҳаким парвоначи Тошкентдан Қўқон хонлигига келган Туркистон генерал-губернаторининг  вакили И. Ибрагимовни Қўқон шаҳрида Худоёрхон маблағига қурилаётган янги масжидни кўргани таклиф қилди. 

Улар бориб кўрганларида масжид қурилиши ҳали тугамаган эди. Масжиднинг ҳовлиси катта бўлиб терак ва қайрағоч дарахтлари экилган боғи бор эди. Масжиднинг ўзи ҳам жуда катта бўлиб, кириш томони бўйлаб бир нечта кириш эшикли панжара ўрнатилган. 

Ўртада ҳам бино бор эди, унинг бир нечта эшиклари энди қурилаётганди. Қурувчиларнинг сўзларига қараганда, буларнинг эшиклари шишадан ишланган бўлармиш. Бино шифти рангли нақшланган. Масжид устунларининг сони 204 та қайрағоч ва терак ходаларидан ишланган бўлиб, ҳар бирининг йўғонлиги 4 аршинга тенг бўлган.

1913 йил (бундан 108 йил олдин) – Санкт-Петербургда Бухоро амири томонидан бунёд этилган масжид тантанали очилди. Унда отаси Абдулаҳадхондан сўнг тахтга ўтирган ҳукмдор, Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон (ҳукмронлик йиллари 1910–1920) билан бирга Хива хони Асфандиёрхон (ҳукмронлик йиллари 1910–1918) ҳам иштирок этди. 

Тарихчи олим Акбар Замоновнинг қайд этишича, бугунги мамлакатимиз ҳудудидан жой олган икки қўшни давлат – Бухоро ва Хива ҳукмдорлари фақат ана шу воқеа муносабати билан айнан Санкт-Петербургда учрашиб, суҳбатлашган  (аслида бу икки ҳукмдор 1911 йил январда шу шаҳарда илк бор учрашган, лекин айрим сабабларга кўра суҳбатлашмаган).

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ХIХ асрнинг охирларига келиб, Санкт-Петербург шаҳрида мусулмонлар сони анча ортган бўлса-да, у ерда бирорта масжид бўлмаган. Шу боис, шаҳар мусулмонлари масжид қуриш учун маблағ тўплашга киришади. Бироқ тўпланган пул ҳатто масжид қурилиши учун ер сотиб олишга ҳам етмайди. Ана шундай пайтда, Петербург билан яқин алоқада бўлган Бухоро амири Сайид Абдулаҳадхон (ҳукмронлик йиллари 1885–1910) бундан хабар топади ва ўз хазинасидан масжид қурилиши учун ер сотиб олишга катта миқдорда маблағ ажратади. 

Акбар Замоновнинг ёзишича, шу тариқа, мазкур масжид қурилиши бошланади. 1910 йил 3 феврал куни шахсан амир Абдулаҳадхон иштирокида масжиднинг биринчи ғишти қўйилади. Аммо масжид ишга туширилган кунни кўриш амирга насиб этмайди. У 1910 йилда оламдан ўтади. Бироқ масжид қурилиши тўхтамайди.

2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади

Понеділок, 22 февраль 2021 00:00

Мусулмон лоқайд бўлмайди

Бугун биз ҳаёт суръати беқиёс даражада тезлашган шундай замонда яшаяпмизки, инсоният ҳозирга қадар бундай даврни бошидан кечирган эмас. Ҳозирги замонда мафкуравий хатарлар тоборо кучайиб бормоқда. Маълумки, мусулмон кишининг энг муҳим хусусиятларидан бири ҳам хушёрлик ва огоҳлик ҳисобланади. У қўни-қўшни, дўст-биродар ҳамда қариндошлар ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради.

Бефарқлик, лоқайдлик, эътиборсизлик мусулмон кишига ёт тушунчадир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Мусулмонлар бир жасад кабидир, агар унинг бир аъзоси касал бўлса, қолганларини иситма олади”. Бу ҳадисда бир жамиятда яшаётган мўмин-мусулмонлар гўё бир тан-у бир жон экани, шу жамиятдаги муаммо унинг ҳар бир аъзосига алоқадор эканлиги айтилмоқда. Шунингдек, бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Мусулмон киши ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисини оч ҳолда қолдирмайди”.

Демак, мусулмон киши қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради дегани эмасми? Мусулмон киши бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва бетараф қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшамайди. Кимдир нотўғри, ёмон иш қилаётганини ёки ахлоқсизлик қилиб, беҳаё ва бепарда гапларни айтаётганини ёки бировнинг бошқасига зулм, адолатсизлик қилаётганини кўриб ёки эшитиб, индамай кетавермайди. Балки уни қайтаради, тўғрилик билан тушунтиради.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш ҳамда лоқайд бўлмасдан яшаш бизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиши билан бирга, мусулмон сифатидаги диний масъулиятимиз, ҳар биримизнинг зиммамиздаги вазифамиздир. Шунинг учун доимо ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ҳушёрлик ва огоҳлик кўзи билан боқиб, жамият олдидаги омонатимизни адо этиб боришимиз лозим. Аллоҳ таоло ҳаммамизга хайрли ишларда мададкор бўлсин.

 

Абдулло АЗИЗУЛЛАЕВ,
Гулистон тумани “Ҳожиобод” жоме масжиди имоми

Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги доимий ваколатхонаси раҳбари Умид Шодиев мазкур халқаро ташкилот бош директорининг гуманитар ва ижтимоий фанлар бўйича ўринбосари Габриэла Рамос билан онлайн-музокара ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.

Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил Хива шаҳрида ЮНEСКО ҳомийлигида "Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида" халқаро маданий форумини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

ЮНEСКО томонидан форум масалалари бўйича ҳамкорлик координатори Габриэла Рамос тадбирнинг барча мазмуний ва ташкилий жиҳатларини ишлаб чиқишда техник ва маслаҳат ёрдамини беришга тайёрлигини маълум қилди. У форумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини амалий қўллаб-қувватлаш мақсадида ЮНEСКО ишчи гуруҳи тузилганини билдирди.

Томонлар форумни юқори даражада ўтказиш бўйича олиб борилаётган биргаликдаги тайёргарлик ишларининг ҳолати ва истиқболларини кўриб чиқди.

Халқаро конференция кун тартибини ишлаб чиқиш, анжуман иштирокчилари рўйхатини шакллантириш ва бошқа масалаларда ҳамкорлик масалалари бўйича келишиб олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top