muslim.uz

muslim.uz

— Баъзи бир қориларга хатми Қуръон буюргани борсак, “менда тайёри бор”, дейишади. Яъни Қуръонни ўқишни бошлаб қўйган бўлишади. Шунда “майли” десангиз, тугатиб беришади. Шариатимизда бу жоизми? Ёки хатми қачон бошлаб қўйилган бўлса ҳам, савоби кимга бағишлангани муҳимми?

— Аввало, Қуръони каримни Аллоҳ таоло бандаларининг икки дунё саодатига эришиши учун нозил қилганини унутмаслик керак. “Хатми Қуръон” деганда Қуръони каримни бошдан-охир тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Бирорта сура ёки оят ташлаб кетилса, том маънода хатм ҳисобланмайди. “Хатм” сўзи тугатиш, якунлаш деган маънони билдиради.

Ҳозирги пайтда одамлар орасида кенг тарқалган саволдагига ўхшаган ҳолатлар тааассуфки, асл Ислом мақсадларига тўғри эмас. Яна алоҳида таъкидлаш лозим, Қуръонни холис Аллоҳ розилиги учун тиловат қилинса, хатм қилинсагина унга савоб берилади. Кейин ўша берилган савобни бағишлаш мумкин. Бизнинг аҳли-сунна эътиқодимизда Қуръон тиловат қилиб, савобини бағишласа, етиб боради, дейилгани айнан шудир. Ҳар бир ибодатда аниқ мақсад бўлиши, уни бошлашда ният бўлиши кераклиги ҳадисларда таъкидланган. Савобини бағишлаш мақсад қилинган тиловатни ҳам бошидан бошлаб, Аллоҳнинг розилиги, ундан кейин кимгадир савобини бағишлашни ният қилинади. Шунда савоби етади, деб умид қилинади.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Ўзбекистон Республикасининг Ростов-Дондаги бош консули Рустам Қўрғонбоев Доғистон Республикаси туризм вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Расул Ибрагимов билан учрашди.
"Доғистон" РАА хабарига кўра, Бош консул ва Ибрагимов республикалар ўртасида туризмни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилган.
Вазир вазифасини бажарувчи Доғистон ва Ўзбекистон айниқса зиёрат туризми соҳасида кучли сайёҳлик салоҳиятига эга еканини таъкидлади. "Ўзбекистон ўзининг хос, меъморий ва сайёҳлик жойлари билан бутун дунёга машҳур. Зиёрат туризми мақсадида республикамиздаги жуда кўплаб аҳоли Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу соҳани ҳар икки йўналишда ҳам ривожлантиришимиз керак деб ўйлайман", - дейди Расул Ибрагимов.
Қўрғонбоев бу ташаббусни қўллаб-қувватлади ва февраль ойи охирида Доғистонда Ўзбекистоннинг диний ва сайёҳлик салоҳиятини тақдим этиш учун майдонча ташкил этишни таклиф қилди. Доғистонликларда қизиқиш бўлса, кеч баҳор – ёз ойларида сайёҳларнинг биринчи оқими учун чартер қатновлари ташкил этилиши мумкин.
Ибрагимовнинг айтишича, вазирлик ташаббусни амалга ошириш учун барча имкониятларни ишга солади. Таклифни туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битим билан мустаҳкамлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

П'ятниця, 29 Январь 2021 00:00

Қуръон ва суннат ҳукмда мувофиқдир

“Суннат” ва “Ҳадис” атамаси бир хил маънони билдиради. Аммо уларни диққат билан ўрганадиган бўлсак, ҳадиснинг хос, суннат умумий эканини биламиз. Ҳадис деганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади.

Суннат сўзи эса, араб тилида “сийрат, тариқат – маънавий йўл”. маъносини англатади. Тариқат ёмонлик ниятида хам, яхшилик ниятида хам бўлиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар ажрига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради”, дедилар (Муслим ривояти).

Пайғамбарнинг суннати деб айтилганда, у зотнинг ҳаётий йўли тушунилади. Муҳаддислар истилоҳида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар “Суннат” дейилади.

Суннат икки илоҳий ваҳийнинг бири бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган. Ваҳийнинг бошқаси Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони каримдир. Бунга Қуръон, суннат ва уламоларнинг ижмоларида аниқ баён этилган:

Қуръони каримда:

“У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас” (Нажм сураси, 3-4-оятлар мазмуни).

Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар(Наҳл сураси, 44-оят мазмуни). Бу оятда зикрдан мақсад Қуръони Каримдир. Яъни, Пайғамбарларни ўз қавмларига турли очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар билан юбордик. Сизни эса, эй Муҳаммад, одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикр – Қуръон билан юбордик.

Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир(Ҳашр сураси, 7-оят мазмуни).

Сиз: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айтинг(Оли Имрон сураси, 31-оят мазмуни).

Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Нисо сураси, 65-оят мазмуни).

 “Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар(Нур сураси, 63-оят мазмуни).

Суннатга эргашишга қизиқтирадиган, уни лозим тутиш вожиб экани ва унга хилоф иш тутиш ҳаром экани ҳақидаги оятлар Қуръонда кўп келади.

Суннатда:

Ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш ўта зарур масала экани очиқ-ойдин айтилган.

Убайдуллоҳ ибн Абу Рофиъ отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен бирортангизнинг супасида ёнбошлаб ётганида унга мен амр қилган ёки қайтарган нарсалардан бирор иш етса, зинҳор “Буни билмаймиз, бизга Аллоҳнинг Китобида нима келса, шунга эргашамиз”, деганингизга дуч келмайин”, дедилар” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривоятлари).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қуръонга амал қилсак бўлди, Суннатнинг кераги йўқ”, дейдиганлар чиқмаслиги зарурлигини баён қилмоқдалар. Бу ҳам келажакда бўладиган нарсалардан ўзига хос огоҳлантиришдир. Шунингдек, Қуръони карим билан бирга суннати набавияга катта эътибор қаратиш кераклигини таъкидладилар, чунки у зотнинг суннатлари Қуръон аҳкомларини баён қиладиган ва изоҳлаб берадиган манбадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қулга бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Сизлардан ким мендан кейин яшаса, кўплаб ихтилофларни кўради. Шунда менинг Суннатимни ва рошид – ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлашни лозим тутинг. Уни озиқ тишлар билан маҳкам тишлаб олинг. Ўзингизни янги пайдо қиладиган ишлардан эҳтиёт қилинг, чунки ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъатдир, ҳар бир бидъат эса залолатдир”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Шунга ўхшаш суннатни лозим тутиш ва уни мукаммал қилишга тарғиб қилувчи ҳадиси шарифдан иборат далиллар кўп.

Буюк алломаларнинг гапларида:

Ҳасан Басрий: “Имрон ибн Ҳусайн биродарлари билан ўтирган эди. Шунда улардан бири: “Бизга фақат Қуръон билан гапиринглар” деди. Унга: “Яқин кел” деди. У яқин келди.  Имрон ибн Ҳусайн: “Сен ва дўстларинг Қуръонга мурожаат қилиб Пешин намозини тўрт ракат эканини, Асрнинг тўрт ракат эканини ва Шомнинг уч ракатлигини топа оласизларми?

Сен ва дўстларинг Қуръонга мурожаат қилиб Тавоф етти марта эканини, Сафо ва Марва тавофи қанчалигини топа оласизми?”, деди (Хатиб Бағдодий. Ал-Кифоя фи илмир ривоя). Яъни Қуръон ҳукмларини суннат билан тўлиқ билиб олишга ишора қилган.

Ҳассон ибн Атийядан ривоят қилинади: “Жаброил алайҳиссалом суннатни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни нозил қилгани каби нозил қилар эди” (Имом Доримий  ривояти).

Айюб Сахтиёнийдан ривоят қилинади: “Бир киши Мутарриф ибн Абдуллоҳ ибн Шиххирга: “Бизга Қуръондаги нарсасиз бирор сўз гапирма”, деди. Унга Мутарриф: “Аллоҳга қасам, Биз Қуръонга ўзгартиришни хоҳламаймиз. Лекин бизнинг ичимизда ким Қуръонни билувчироқ эканини билишни истаймиз”, деди” (Қуртубий. Жомиъ баёнил илм ва фазлиҳ).

Авзоъийдан ривоят қилинади: “Айюб Сахтиёний: “Бир кишига суннатни гапирадиган бўлсангиз, у одам: “Буни қўйинглар, бизга фақат Қуръондан гапиринглар”, дейди. Билингки, у адаштирувчи адашган одамдир”, деди” (Ҳоким Найсабурий. Маърифату улумил ҳадис).

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи: “Суннат Қуръоннинг тафсири, таърифи ва баёнидир”, деган (Хатиб Бағдодий. Ал-Кифоя фи илмир ривоя).

Бу ҳақда алломалар жуда кўлаб фикрларини билдиришган.

Қуръон ва суннатда ҳеч қандай бир-бирига хилофлик йўқ. Бугунги кунда суннатни инкор қилувчилар жамоаси суннатни тарк этиб фақат Қуръондан ҳукм олиш керак деган фитналари билан мусулмонлар орасини бузишга ҳаракат қилмоқда. Юқоридаги далиллар уларнинг тутаётган йўллари нотўғри эканига далолат қилади. Диннинг мукаммаллиги Қуръон ва Суннат билан намоён бўлишини унутмайлик.

 

Қодирхон МАҲМУДОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Мичиган штати Ист-Лансинг шаҳридаги маҳаллий масжид COVID-19 пандемияси таъсиридан азият чеккан жамоатдаги муҳтож кишиларни тўйдиришга ёрдам бериш учун озиқ-овқатлар билан юзлаб яшикларни етказиб берди. Шарқий Лансинг Ислом маркази сут, пишлоқ, мева ва сабзавотлар билан тўлдирилган 1 200 қутиларни тарқатди. Машинаси борлар қутиларни ўзлари олиб кетишди, Ислом маркази эса машинаси йўқларга озиқ-овқатларни ўзи етказиб берди. "Бу маҳсулотлар одамларга бошқа эҳтиёжлар учун пулни тежашга ёрдам беради", - дейди кўнгиллилардан Батаул Баҳлул.
Islam.ru маълумотларига кўра, шу ой бошида Penny Appeal USA ва Нью-Йорк университети Ислом маркази (ICNYU) молиявий қийинчиликларда ёрдам бериш учун COVID-19 грантлар дастурининг иккинчи босқичини бошлади.
Launchgood кампанияси маълумотларига кўра, май ойидан буён қарийб 8 миллион америкалик қашшоқлик чизиғи ортида бўлиб қолган. 65 миллиондан ортиқ америкаликлар ҳам ишсизлик бўйича ариза топширдилар, чунки оилалар даромаднинг йўқолиши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва тиббий хизматдан фойдаланиш имконининг йўқлигига дуч келмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мазҳабга эргашиш ҳақидаги мақоламга Аҳмад Қодир деган биродаримиз эътирозларини жамлаб жавоб ёзган эканлар. Жавобларини ўзлари саҳифамда улашдилар ва уларга ҳамфикр бўлган бошқа биродарлар ўша мақолага муносабатимни билмоқчи эканларига ишора қилдилар. 

Мақола муаллифи у киши билан ҳамфикр бўлган бошқа кўплаб биродарлар каби Аллоҳ ҳаром қилган ҳақорат ва бўҳтонларга тўла нарсалар ёзишдан тақво қилганлар. Бу учун Аллоҳ уларни мукофотласин.

Энди уларнинг эътирозларига келсак. 

Фикрлар аралашиб кетмаслиги учун уларнинг гапларини алоҳида белгилаб кетаман.

1-иқтибос: Мақолаларингизда "салафийлар", "бемазҳаблар" деган сўзни кўп ишлатдингиз.” 

Мен салафий сўзини ишлатганман, сабаби, бундай номни бу фикрдаги уламолар ўзлари ишлатганлар ва ишлатадилар. Сиз ҳам ишлатибсиз.  Бемазҳаб сўзини мен ишлатмаганман. Сиз ҳам ишлатмабсиз. Мен бир мазҳаб ушламайдиган, дейишим, жуда камдан – кам ҳолда мазҳабсиз биродарлар дейишим мумкин. “Бемазҳаб” деган сўз эса лақабга ўхшагани учун мен ишлатмайман одатда. 

2-иқтибос: Мазҳабга эргашганлар ҳам адашиши мумкин. Мазҳабларда ҳам шоз – кам учрайдиган фатволар бор.  

Мен бундай эътироз бўлиши мумкинлигини билганим учун ўша мақолада бу эътирозга жавоб бериб ўтдим: 4 мазҳаб имомларидан келган бундай фатволарни мазҳабдаги кейинги фуқаҳолар тўғрилаганлар. Қолаверса, бундай масалалар мазҳабларда нисбатан анча кам. Мен “Бидаят ул-мужтаҳид” ва “Истизкор”дан биргина Ҳасан ал Басрий роҳимаҳуллоҳга нисбат бериладиган шу каби нодир фатволардан 30 га яқинини тўплагандим. Сабабини, ўша мақолада баён қилганман. 

3-иқтибос: “Аввалдан масалаларни илмий тақрир қилмагансиз” 

Бундай гаплардан фойда йўқ. Мен ҳам Аҳмад Қодир жуда паст саъвияда нарса ёзган десам бўлади, масалан. Одатда бу каби гапларни жоҳил ҳамфикрларини қониқтириш учун ишлатадилар. 

4-иқтибос: “Уламоларнинг барчаси иттифоқ қиладиган қоида шуки: Тўла-мутлоқ итоат фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун бўлади... 

Қолган одамларнинг сўзлари олинади ҳам, ташланади ҳам.” 

Бу масалада кимга раддия беряпсиз? Ўзингиз қандайдир қавлни зикр қилиб, ўзингизга раддия беряпсизми? Мен қаерда расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқасининг барча сўзига эргашиш лозим, дедим? 

5-иқтибос: “Уламолар одамларни умумий даражада бир неча қисмга бўлишган: Мужтаҳид мутлоқ, бир масалада мужтаҳид, илмли муқаллид, илмсиз муқаллид”

Ким шундай тақсимга бўлган? 

Уламолар деганингизга қараганда ҳеч бўлмаса 3 та. Илмий омонат ўлароқ айнан шундай бўлган 3 та олимга ишора қилиб юборарсиз, раҳмат. 

Бу тақсимга бир неча эътирозлар келтириш мумкин: 

1. Ким бўлганини зикр қилмагансиз. 

2. Ижтиҳод тажазъу қилиш қилмасигида хилоф борлиги, 3 қавл борлигини инобатга олмагансиз. 

3. Мазҳабда мужтаҳид деган даражани зикр қилмагансиз. Бу эса муҳим. Сабаби, ижтиҳоди мазҳаб билан қайдланган уламолар мужтаҳидларнинг аксарини ташкил қилади. Мазҳабни инкор қилмоқчи бўлган киши учун бу даражани зикр қилмаслик “қулай”.

Қолаверса, бу тақсимингизни келтиришдан мақсангизни зикр қиламагансиз. Унинг умумий ёзганингизга нима алоқаси борлиги тушунарсиз. 

Шу жойгача мақолангизда мен аниқ бир аниқ эътироз кўрмадим.  

Сўнгра 4 имомнинг китобидан иқтибос келтиргансиз:

1. Ибн Солаҳ, «Адаб ул муфтий вал мустафтий»

2. Ибн Обидийн, «Ҳошия»

3. Ибн Амир ал Ҳаж, «Таҳрирнинг шарҳи»

4. Нававий. «Ровзатуттолибийн».

Мен ушбу имомлардан иқтибос келтирганингиздан хурсанд бўлдим. Сабаби, бу (ўртамизда хилофли нуқтани аниқлаб олсак) сизнинг  ўша имомларнинг сўзларини қабул қилишингизга далолат қилади, шундай эмасми?

Энди, 2-3-4-иқтибосларни келтиришингиз менга эмас, ўзингиз тасаввур қилган бир қавлга раддия бўлибди. Учаласида ҳам бу уламолар оми одам қайси мазҳабдаги фатво беришга лаёқатли кишидан сўраса  ҳам бўлаверади, деган. Мен эса бу қавлни ҳеч бир пайт инкор қилмадим. Сиз ўша мен ёзган мақолаларни кўринг-чи. Қаерда мен фақат бир мазҳаб олимидан сўрасин, омий бир мазҳабдан чиқиши ҳаром ёки чиқмаслиги вожиб дедим? 

Кейин, бу масалада бир эмас, икки қавл бор. Oми одам ўзини бир мазҳабга нисбат берса, ўшанда фатво сўраши керак деган уламолар ҳам бор: 

أدب المفتي والمستفتي (ص: 161)

"الثالثة": هل يجوز للعامي

يتخير ويقلد أي مذهب شاء؟ لينظر، إن كان منتسبًا إلى مذهب معين بنينا ذلك على وجهين، حكاهما القاضي حسين: في أن العامي هل له مذهب أولا؟

"أحدهما": أنه لا مذهب له، لأن المذهب إنما يكون لمن يعرف الأدلة، فعلى هذا له أن يستفتي من شاء من شافعي، أو حنفي, أو غيرهما

"والثاني": وهو الأصح عند القفال المروزي، أن "له مذهبًا" لأنه اعتقد أن المذهب الذي انتسب إليه هو الحق، ورجحه على غيره فعليه الوفاء بموجب اعتقاده ذلك.

فإن كان شافعيًّا لم يكن له أن يستفتي حنفيًّا، ولا يخالف إمامه، فقد ذكرنا في المفتي المنتسب ما يجوز له أن يخالف إمامه فيه، وإن لم يكن قد انتسب إلى مذهب معين فينبني ذلك فيه على وجهين

Бироқ мен бу қавлни ҳам, унисини ҳам айтмадим. Агар мен демаган бўлсам, унда сиз кимга раддия ёзгансиз бу иқтибослар билан? Бировга эътироз билдиришдан олдин у билан ўзининг хилофли нуқтасини аниқлаб олиши керак одам, биродарим. Бўлмаса, ўзингиз билан ўзингиз мунозара қилаётгандек бўлиб қоласиз. 

Бироқ менинг эътиборимни тортган иқтибосингиз шайхулислом Ибн Солаҳнинг китобларидан олган матнингиз бўлди. Мана ўша матн ва сизнинг унга таржимангиз:

قال الإمام ابن الصلاح الشافعي رحمه الله: [فمَنْ وَجَدَ من الشافعيين حديثًا يُخالِف مذهبه نظر: 

- فإنْ كمُلَتْ آلات الاجتهاد فيه، إما مُطلقًا، وإما في ذلك الباب، أو فى تلك المسألة؛ كان له الاستقلال بالعمل بذلك الحديث. 

- وإن لمْ تكْمُل إليه، ووجَدَ في قلبه حزازةً من مُخالفة الحديث بعد أن بحَثَ فلَمْ يَجِد لمُخالفته عنه جوابًا شافيًا، فلينْظُر هل عَمِل بذلك الحديثِ إمامٌ مُستقلٌّ؟ 

- فإنْ وجَدَ فله أنْ يتمَذْهبَ بمذهَبِه في العمل بذلك الحديث عُذرًا في ترك مَذهَب إمامه في ذلك]. 

أدب المفتي والمستفتي 1/58

"Шофеий мазҳабида (яъни: ўзларининг мазҳабларида мисол келтириб айтяптилар) бўлган инсон ўзининг мазҳабига мухолиф бўлган бир ҳадисни эшитса, унинг ҳолати қуйидагича бўлади: 

"Агар мужтаҳид мутлоқ бўлса ёки ўша (ҳадис келган) бобда ёки ўша (ҳадис келган) масалада мужтаҳид бўлса, ўзи мустақил ўша ҳадисга амал қилиши мумкин. 

Агар мужтаҳид бўлмаса, лекин қалбида ҳадисга қарши чиқаётгандай ғашлик топса-ю, лекин ўша ғашликни кетказадиган қониқарли жавоб топа олмаса, қарайди: Агар бу ҳадисга бирор эътиборли мужтаҳид олим амал қилганини топса, ўша олимнинг мазҳабига ўтиб, ўша ҳадисга амал қилиши жоиз. Бу нарса имомининг мазҳабини ташлашликка узр бўлади", дедилар.  

Кейин эса бу матнни хато тушунишингизга биноан қуйидаги саволларни сўрагансиз:

“Салафийлар ёки бемазҳаблар ким? Мужтаҳид мутлоқми ёки баъзи масалаларда мужтаҳид бўлган олимми? Далилларни ажрата олгани учун мазҳабдан чиқиб, бошқа қавлга эргашадиган муқаллид олимми? 

Ёки қалби қониққан олимга эргашаётган авом одамми?

Бир мазҳабга амал қилган одам бир саҳиҳ далил учун мазҳабидан чиқса ва бошқа бир (мустақил) имомга эргашса салафий (бемазҳаб) бўладими? 

Ундай бўлса Ибн Солаҳ ва Имом Нававий роҳимаҳуллоҳлар салафий бўлганми ёки салафийликка чақирганми?” 

 

Таржимангиз, ортидан берган саволингиз ва умуман бу матнни келтиришингиздан кўриниб турибдики, сиз шайхулислом Ибн Солаҳнинг ушбу асарини ўқимагансиз.  Шунинг учун бу матндан, ҳар қандай инсон бир ҳадис топса, унга эргашаверар экан - омими, бошқачими - деб тушуниб олгансиз. 

Мен буни ўзингиздан сўраб аниқламоқчиман. Айтинг-чи, биродар, сиз ўзингиз иқтибос келтирган мана шу китобни - шайхулислом Ибн Солаҳнинг “Адаб ул муфтий вал мустафтий” китобларини менга мана шу раддиянгизни ёзишингиз ва у китобдан нақл қилишингиз пайтида тўлиқ ўқиганмидингиз? Шу саволга жавобингизни кутаман. 

Китоб 175 бет атрофида (нашр қилганнинг узундан узун қўшимчаларини ҳисобга олмаса).

Китоб қуйидаги 3 қисмга бўлинади:

1. Фатвонинг шарафи…. баёни. 

2. Муфтийнинг шартлари, сифати, ҳукми, одоби.

3. Фатво сўровчининг шартлари, сифати, ҳукми, одоби. 

( Сиз келтирган иқтибос 2-қисмдан. )

Шайхулислом ушбу муборак китобларини фатво беришнинг нақадар хатарли иш эканини таъкидлаш билан бошлайдилар. Фатво  хатари ҳақида 30 га яқин уламолар сўзларини келтириб, бу ишдан қаттиқ эҳтиёт бўлишга чақиради, мен мақолам чўзилмаслиги учун уларни келтириб ўтирмайман. 

Шундан сўнг иккинчи қисм – Муфтийлар ҳукмлари ва шартлари қисмини бошлайди. 

У қисмда муфтийларни 5 даражага бўлади:

Аввало, Мустақил мужтаҳид муфтийлар.

هد المستقل: هو الذي يستقل بإدراك الأحكام الشرعية من الأدلة الشرعية من غير تقليد وتقيد بمذهب أحد. 

Мустақил мужтаҳид – шаръий далиллардан шаръий аҳкомларни олишда (уларга етиб боришда) ҳеч кимга тақлид қилмайдиган ва ҳеч бир мазҳаб билан чегараланмайдигандир. 

Сўнра имом мустақил мужтаҳиднинг ҳолати ҳақида ёзиб, охирида бундай дейди:

ومنذ دهر طويل طوي بساط المفتي المستقل المطلق، والمجتهد المستقل وأفضى أمر الفتوى إلى الفقهاء المنتسبين إلى أئمة المذاهب المتبوعة، وللمفتي المنتسب أحوال أربع:

“Кў-ўп замонлардан бери мустақил мужтаҳид (мужтаҳид мутлоқ) қолмади. Ва фатво бериш иши мазҳаблар имомларига ўзини нисбат берувчи фуқаҳоларга қолди. Мазҳабга нисбат берилувчи фуқаҳолар эса 4 ҳолат (даражада)лар:

الأولى: أن لا يكون مقلدًا "لإمامه"، لا في المذهب ولا في دليله لكونه قد جمع الأوصاف والعلوم المشترطة في المستقل، وإنما ينتسب إليه لكونه سلك طريقه في الاجتهاد، ودعا إلى سبيله.

Биринчи ҳолат: имомига на мазҳабда ва на далилида муқаллид бўлмайди, сабаби мужтаҳид учун шарт қилинган васфлар ва билимларни ўзида жамлаган бўлади. ўша имомининг ижтиҳоддаги йўлини танлагани учунгина унга ўзини нисбат беради. 

Сўнгра баъзи кибор шофеий имомлари мана шундай даражани даъво қилганларини зикр қилиб, “бу жуда катта даъво, уларнинг ҳолати бу даражага муносиб эмас” дейди:

أدب المفتي والمستفتي (ص: 93)

قلت: دعوى انتفاء التقليد عنهم مطلقًا من كل وجه لا يستقيم إلا أن يكون قد أحاطوا بعلوم الاجتهاد المطلق، وفازوا برتبة المجتهدين المستقلين، وذلك لا يلائم المعلوم من أحوالهم, أو أحوال أكثرهم، وقد ذكر بعض الأصوليين منا: أنه لم يوجد بعد عصر الشافعي مجتهد مستقل

Ўша буюк имомлар учун бу катта даъво бўлса, ҳозирги одамлар учун нима дейилар экан?!

(давоми бор)

Маҳмуд Усмон,
Мадина

azon.uz

Мақолалар

Top