muslim.uz

muslim.uz

Савол. Билими йўқ бир кимса имомлардан бирортасига тақлид қилишни ўзига лозим тутмайди. Балки ўз эътиқодича, ҳар бир олимни муқтадо ва пешво деб билади. У ўз давридаги тақводор ва диндор олимнинг айтганига қараб амал қилади. Бу хилда бирорта мазҳабга боғлиқ бўлмасдан, бирортасига тақлид қилмасдан амал қилишнинг ҳукми нима?  

Унга жавоб. Қадимги ва ҳозирги уламолар муайян мазҳабга боғлиқ бўлишнинг лозимлиги борасида ихтилоф қилиб келадилар. Айрим олимлар муайян мазҳабга тақлид қилишни вожиблигини айтганлар. Аллома Маҳаллий Шофиъий «Жамъ ал-жавомеъ» шарҳида ёзганлар:

يجب على العامى و غيره ممن لم يبلغ مرتبة الاجتهاد التزام مذهب معين من مذاهب المجتهدين يعتقده ارجح من غيره او مساويا له و ان كان فى نفس الامر مرجوحا على المختار، انتهى

«Омига ва ижтиҳод мартабасига етмаган бошқага мужтаҳидларнинг мазҳабларидан ўзича бошқасидан кўра устунроқ ёки тенг деб эътиқод қилган бирорта муайян мазҳабни лозим тутиши вожиб бўлади. Гарчи амалда ўша мазҳаб устун бўлмаса ҳам майли. Ихтиёр қилинган гап мана шудир». Тамом.

Имоми ҳумом Камолиддин ибн ал-Ҳумом «Таҳрир ал-усул» асарида бундай деган:

نقل الامام الاجماع على منع تقليد العوام لاعيان الصحابة و من بعدهم الذين وضعوا و دونوا على هذا ما ذكره بعض المتأخرين من منع تقليد غير الايمة الاربعة لانضباط مذاهبهم و تقييد مسائلهم و لم يدر مثلهم غيرهم الى الآن، انتهى

«Имом (муаллиф) авомларнинг таниқли саҳобалар ва улардан кейинги илмларни ажратиб, тартиб бериб чиққанларга эргашишдан ман қилинганлиги тўғрисида ижмоъни нақл қилган. Айрим кейинги давр уламолари тўрт имомдан бошқасига тақлид қилишни ман қилганлари зикр қилинган. Бу уларнинг мазҳаб тузишлари, масалаларни қайд қилишлари кабилар ҳозиргача бирорта бошқа мазҳабларда содир бўлмаганлиги учундир». Тамом.

Айрим уламоларнинг ихтиёр қилгани эса муайян мазҳабга тақлид қилиш зарур эмас. Ҳар кимга ўзи хоҳлаган мазҳабига амал қилиши ихтиёрлидир. Бироқ, шарт шуки, бирор мазҳабни паст санамасин, ўзи амал қилаётган мазҳабга таассуб қилмасин. Агар тўрт мазҳабдан бирортасига таассуб қилса ёки ҳақорат қилса, унга таъзир бериш вожибдир. Зулманосиб Шайх Ибн Ҳожиб «Мухтасар ал-Усул»да бундай деб келтиради:

و لا يرجع عن قول المجتهد بعد تقليده اتفاقا و فى حكم آخر المختار جوازه لنا القطع لوقوعه و لم ينكر فلو التزم مذهبا معينا كمذهب مالك او الشافعى فثالثهما كالاول، انتهى

«Мужтаҳидга тақлид қилганидан сўнг уламолар иттифоғига кўра унинг гапидан қайтиб бўлмайди. Бошқа ҳукмга кўра унинг жоизлиги ихтиёр қилинган. Бизнингча, бундай воқеанинг юз бериши қатъийдир, буни ҳеч ким инкор қилмаган. Агар бирорта муайян мазҳабни, масалан Молик ёки Шофиъий мазҳаби кабини ўзига лозим тутса, учинчи мазҳаб аввалгиси каби бўлади». Тамом.

Дин имомларининг суянчиғи Қози Азуд ал-милла ва-д-дин мазкур асарнинг шарҳида ёзади:

«Агар оми бир масаланинг ҳукмида бирор мужтаҳиднинг гапига амал қилса, ундан бошқа ҳукмга қайтиши тўғри эмас. Бунга уламолар иттифоқ қилганлар. Аммо бошқа бир масаланинг ҳукмида бошқа мазҳаб ҳукмига тақлид қилиши жоиз бўлади, дейилган. Саҳобалар ва бошқалар даврида бундай воқеа юз бергани учун бунинг жоизлиги ихтиёр қилинган. Чунки, одамлар ҳар бир асрда ўзлари хоҳлаган муфтийларидан фатво сўраб келганлар. Бир муайян муфтийни ҳаммаси лозим тутмаганлар. Бу ҳолат кенг тарқаб, авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.

Агар бир муайян мазҳабни лозим тутса ёки агар уни лозим тутмаса, бу борада уч хил қараш бор. Қатъий бировини лозим тутиш, лозим тутмаслик ва кейингиси худди ўзи лозим тутмаган биринчиси кабидир, деган фикрлар. Агар бирор воқеа юз берса, бу борада бир мазҳабнинг ҳукмига эргашса, ундан қайтиб бўлмайди. Бошқа масалаларда эса хоҳлаганига эргашиши мумкин». Тамом.

«Мусаллам ас-субут»да ва унинг шарҳида Валийуллоҳ Лакнавий бундай деб ёзганлар:

«Кўпчилик олимлар фикрича, илмда афзал турганида афзал бўлмаганга тақлид қилиш жоиз бўлади. Бу фикрни аксари ҳанбалийлар ёқлаганлар. Уни Ибн ал-Ҳожиб ихтиёр қилган, муаллиф ҳам уларга эргашган. Имом Аҳмаддан ҳикоя қилинишича, устун фикрга назар солиш вожиб бўлади, деган. Бу имомийлар мазҳабининг ҳам ихтиёр қилганидир. Муқаллид ўзи тақлид қилмаётган мазҳабига тақлид қила оладими? Амал қилмаётган масаласида ёки ихтиёр қилган ҳукмидан бошқасида тақлид қила олади. Агар фатво сўраганининг фатвосига қаноатланадиган бўлса. Саҳобалар даврининг барчасида фатво сўровчилар бир марта бирор мужтаҳидга эргашса, бошқа маротаба умуман бошқа мужтаҳид сўзига амал қилаверганлар. Муайян бир мазҳабни лозим тутса, унда доим қолиши керакми? Қолиши керак, дейилган. Ҳатто айрим такаллуф қилувчилар: «Ҳанафий одам ўз имомининг мазҳабини тарк қилса, унга таъзир берилади», деганлар. Ҳақиқат шуки, ушбу гапнинг асло далили йўқ. Бу ҳолда ўзича шариат қилиб олган бўлади. Доим қолиши шарт эмас, дейилган. «ат-Тайсир шарҳ ат-Таҳрир»да буни энг тўғри фикр дейилган. Чунки, фақат Аллоҳ таолонинг ўзи вожиб қилган нарсаларгина вожиб бўлади. Хуллас, муайян мазҳабга тақлид қилиш вожиб бўлмайди, бошқасига ўтиш жоиз бўлади. Лекин, унинг бу иши улуғ мужтаҳидларни менсимаслик ёки ҳою ҳаваси учун бўлмаслиги лозим». Қисқартирилган ҳолда тамом.

Шунингдек, Баҳр ал-улум Мавлоно Абдулали «Мусуллам ас-субут» шарҳида ва «ат-Таҳрир»нинг шарҳида муайян мазҳабга тақлид қилиш шаръан вожиб эмаслигини ҳақиқат деганлар.

Бу бобдаги таҳқиқ шуки, авомларни бу хилдаги масалалардан узоқ тутиш лозим. Хусусан, бизнинг замондаги авомларга билдирмаслик керак. Уларнинг бирор мазҳабга тақлид қилишдан бошқа чоралари йўқ. Агар фаразан улар турли мазҳабларни ўз хоҳишларича ихтиёр қилаверадиган бўлсалар, динда фитналар юз беради, тил таъналарни чиқаради, улуғ имомларни ҳақорат қилишлар пайдо бўлади. Айниқса, Имом Аъзам Абу Ҳанифа ва бошқалар ҳақида айтадилар: «Бизнинг мазҳаблар билан ишимиз йўқ. Бизга Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари кифоядир». Мазҳабларга тақлид қилиш далилларга тақлид қилишнинг айни ўзгинаси, эканини улар билмайдилар. Аллоҳ жалла ва ъалонинг мана бу буйруғи:

فَاسْأَلُواْ أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ

«Агар билмасангизлар, зикр аҳлидан сўранглар!» (Наҳл, 43) ояти каримаси бунга адолатли шоҳиддир.

Бирор билимсиз бир олимни муқтадо қилиб, унга суянадиган бўлса, гарчи ўтган имомлар ундан кўра тақводорроқ бўлса ҳам, унинг учун шу олим афзал бўлиб ҳисобланади. Демак, ўтган имомларга тақлид қилиш ўрнига ўша олимга тақлид қилишни афзал деб ҳисоблайдиган бўлса, бу яхши бўлмаган устунликдир. Аллома Фахриддин аз-Зайлаъий «Шарҳ Канз ад-дақоиқ»да, Шайх ал-ислом Бадриддин Айний ва бошқалар аниқ қилиб ёзганлар:

الأحكام يتبدل بتبديل الأزمنة

«Ҳукмлар замонлар ўзгариши ила ўзгариб боради».

Бунга гувоҳ сифатиди Абу Довуд Ҳазрати Ойша (р.а.)дан ривоят қилган:

لو أدرك رسول الله صلى الله عليه و سلم ما احدثه النسآء لمنعهن من المساجد كما منعه نسآء بنى اسرائل

«Агар хотинлар пайдо қилган нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрганларида эди, худди Бани Исроилнинг хотинларини ман қилингандек, уларни масжидлардан ман қилган бўлардилар».

Шу сабабдан «Ҳидоя» соҳиби ва Шамс ал-аимма Сарахсий, балки жумла ҳанафий ва шофиъий фақиҳлари бир неча ўринда масалаларни ёритганларидан сўнг бундай деб ёзганлар:

لكن هذا مما لا يفتى به الناس

«Лекин бу одамларга фатво берилмайдиган масалалардандир!».

Фиқҳ китобларига назар солиб юрувчига бу иш махфий эмас.

Демак, муҳаққиқ олимлар наздида муайян мазҳабни ихтиёр қилишнинг вожиб эмаслиги ҳақидаги равшан фикр бўлса-да, бироқ, замонамиздаги авомлар учун ихтиёр қилинган фатво муайян мазҳабга тақлид қилиш вожиб ёки мустаҳсан дейишдир. Чунончи, бу айрим олимлар фикри ҳамдир. Авомларни ушбу мазҳаб борасида ихтиёрли бўлиши ишидан ҳаргиз, ҳаргиз хабардор қилмаслик керак. Моҳир олим, мутаассибдан холи диндор ва тақводор бўлса, ўзининг ихтиёридаги мазҳабни тутавериши албатта авло ва яхшироқдир. Орифи раббоний Абдулваҳҳоб Шаъроний «Мезон»да ёзадилар:

«Бирор инсон Саййидим Али ал-Хавоссдан ҳозирда муайян мазҳабга тақлид қилиш борасида, унинг вожиб ёки вожиб эмаслиги ҳақида сўрайдиган бўлса, унга айтар эдилар: «Шариатнинг айни шоҳидликларига етмасанг, Бирорта мазҳабга тақлид қилишлик сенга вожиб бўлади. Жами мазҳабларнинг бир-бирига муттасил эканини кўрадиган бўлганингда эса сенга тақлид вожиб бўлмайди». Тамом.

Шоҳ Валийуллоҳ Деҳлавий «Ҳужжатуллоҳ ал-болиға»да ёзади:

«Таҳрир қилиб, тузилган тўрт мазҳабга тақлид қилишнинг жоизлигига бугунги кунгача уммат ижмоъ қилиб келган. Бунда масолиҳи мурсала қоидаси борлиги махфий эмас. Хусусан, ҳимматлар жуда ҳам камайиб кетган, нафслар ҳавога шўнғиган, ҳар бир фикр эгаси ўз фикри ила ифтихор қиладиган бу кунларда бу фикр айниқса муҳим. Ибн Ҳазмнинг тақлид ҳаром деган гапи хатодир». Тамом.

Яна «Иқд ал-жийд фий аҳком ат-тақлид»да қайд қилган:

«Билгинки, ушбу тўрт мазҳабни ушлашда катта маслаҳатли фойдалар бор. Улардан юз ўгиришда эса катта фасод-бузуқликлар бор. Биз сенга бунинг бир неча жиҳатларини баён қиламиз:

Биринчидан, уммат шариатни танишда ўтган олимларга суянишга ижмоъ қилиб келганлар. Демак, тобеъинлар саҳобаларга суянганлар, табъа тобеъъинлар эса тобеъинларга суянганлар. Шунингдек, ҳар бир табақадаги олимлар ўзларидан олдингиларга суянганлар. Қабул қилиш мана шу ишнинг яхши эканлигига далолат қилади. Агар ўтган олимларнинг гапларига суяниш аниқ бўлса, суянилаётган уларнинг гаплари саҳиҳ иснод билан ривоят қилинган бўлмоғи лозим ёки машҳур китобларда битилган бўлмоғи керак. Ушбу тўртта мазҳабдан бошқа ҳеч бир мазҳаб бу хилда эмас. Эй, Аллоҳ! Имомийлар ва зайдийлар мазҳаби ҳам бор. Улар бидъат аҳли бўлиб, уларнинг гапларига суяниш жоиз бўлмайди.

Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: «Ўзингизга катта жамоани – саводи аъзамни лозим тутинг!». Ҳақ мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, демак, уларга эргашишлик саводи аъзамга эргашишлик демакдир». Тамом.

Яна «ал-Инсоф фий баён сабаб ал-ихтилоф»да келтирган:

«Одамлар аввалги ва иккинчи юз йилликларда муайян мазҳабга тақлид қилишда жамланмаган эдилар. Иккинчи юз йилликдан сўнг одамлардан мазҳаблашув юз берди. Муайян мужтаҳиднинг мазҳабига суянмайдиган кимсалар жуда оз эди. Бу нарса ушбу даврда вожиб бўлганди. Агар «Қандай қилиб бирор нарса бир замонда вожиб бўлади-ю, бошқа бир замонда эса вожиб бўлмайди, ахир шариат битта бўлса», деб сўралса, мен жавоб бераман: «Асли вожиб тафсилий далиллардан фаръий ҳукмларни таний оладиган кимсага тақлид қилишдир. Бунга ҳақиқат аҳли ижмоъ қилган. Агар турли йўллар вожиб бўладиган бўлса, таъйин қилмасдан йўллардан бирини таҳсил қилиш вожиб бўлиб қолади. Агар битта йўл бўлса, ўша йўлни махсус муайян қилинади. Чунончи, салафи солиҳлар ҳадисларни ёзмас эдилар. Сўнг бизнинг давримизда ҳадисларни ёзиб олиш вожиб бўлиб қолди. Чунки, ҳадис ривоятида ушбу китобларни танишдан бошқа йўл қолмади. Ўтганлар наҳв-сарф ва луғат билан ҳам машғул бўлмаганлар. Чунки, уларнинг тиллари арабча эди. Сўнг бизнинг кунларга келиб уларни ўрганиш вожиб бўлди. Демак, Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр шаҳарларида шофиъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби йўқ, ушбу мазҳаб китоблари ҳам топилмайди. Шунинг учун ушбу шаҳарларда яшовчи билимсиз инсонга Абу Ҳанифа мазҳабига тақлид қилмоғи вожиб бўлади, унга ўз мазҳабидан чиқиши ҳаром бўлади. Ҳарамайнда яшаган кимсага ундай эмас. Чунки, у ерда жами мазҳабларни топиш имконияти бор». Тамом.

Гапнинг хулосаси шуки, билимсиз кимса бирор мазҳабни лозим тутмайдиган бўлса, тақводор бир олимнинг гапига амал қилсин. Шарт шуки, ўша билимсиз динни енгил санашдан, мужтаҳид имомларга таъна қилишдан ва бошқа шунга ўхшаш беодобликларда холи бўлиши керак. Шунингдек, у суянаётган олимнинг масалаларни таҳқиқ қилиш бобида тўлиқ маҳорати бўлсин. Унда ҳам таассуб асари бўлмасин, унинг тилидан мужтаҳид олимларга таъна қилиш содир бўлмасин. Шу суратда ўша кимса муайян мазҳабни лозим тутмаслик бобида ихтиёрлидир. Лекин, бизнинг давримизда на бундай диндор олим ва на бундай билимсиз тақводор учрайди. Ин ша-Аллоҳ, бундайлар ҳам учраб қолар….

Валлоҳу аълам би-с-савоб ва ҳува аъламу би-л-Китоб!

Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 1-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1907. – Б. 22-25.

Ҳамидуллоҳ Беруний таржимаси

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги томонидан 2022 йил якунига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда вилояти ҳокимияти вакиллари, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай домла Турсунов ҳамда ҳудудларда фаолият юритаётган имом-хатиблар иштирок этди.
Тадбирда жорий йил давомида эришилган натижалар ва камчиликлар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, диний-маърифий ва турли тарғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок ўтган ўнлаб имом-хатибларга ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар берилди.
Учрашув якунида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномаларидан келиб чиққан ҳолда "Жаҳолатга қарши маърифат" шиори остида тарғибот тадбирларини кўплаб ташкил этиш бўйича фикр алмашилиб, 2023 йил учун вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ҳозирги кунда баъзилар фарзандларини ўқитиш учун чет элларга олиб бориб, уларни ўзга юртларда қаровсиз ҳолда ташлаб келмокдалар. Натижада, фарзандлари илм олишнинг ўрнига бефойда ишлар, кимлиги номаълум кишилар билан қимматли вақтини беҳуда сарфламокда. Шуни унутмаслик керакки, фарзанд баркамол ва эл-юртга хизмат қилиши учун унинг устози, аввало, тўғри йўл да ва эътикодда адашмаган бўлиши ҳамда соҳа мутахассислари томонидан эътироф килинган шахс бўлиши катта аҳамият касб этади.

Агар устознинг ўзи тарбия ва насиҳатга мухтож бўлса, ундан таълим олган шогирддан яхши натижа чиқиши жуда қийин. Сир эмаски, ҳозирги кунда тўғри йўлдан адашган устозлардан таълим олган фарзандлар, ўз ота-оналарини хурмат қилмасдан: "Ота-онам фақат мени дунёга келишимга сабаб бўлган холос" деяётган бўлса, баъзилари ота-онасини имонсизликда айбламоқда. Баъзилари туғилиб ўсган юртига қарши чиқиб, бир қанча муаммоларга сабаб бўлмокдалар.

Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб, билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий масжидлар ва имом-домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид булиб, фирқаланиш, динда ғулувга кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар.

Айтиш жоизки, бугунги кунда ёшлар тарбияси ва камолоти мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Ёшлар орасида китобхонликни ошириш учун жойлар да янги кутубхоналар ташкил этилаётгани, мусобақа лар ўтказилаётгани, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун жойларда тўгараклар, технопарклар очилаётгани, ёш олимлар учун берилаётган турли имтиёзлар шулар жумласидандир. Зеро, имон-эътикоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир.

Хулоса шуки, ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзанд ларимиздан ҳам Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний, Алишер Навоий каби буюк олиму алломалар чиқади, иншаАллоҳ.

Суфиев Жаъфархон Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме масжиди имом хатиби

Ҳабибуллоҳ домла Зокиров

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

Бугунги кунда турли оқим вакиллари томонидан ислом динидаги турли тушунчалар ва ҳатто дин асослари ҳам бузиб талқин этилмоқда. Ана шундай масалалардан бири бу «жиҳод» тушунчаси билан боғлиқ. Бузғунчи кимсаларнинг талқинича, «жиҳод мусулмоннинг ғайридинларга қарши муқаддас урушидан бошқа нарса эмас ва у исломнинг олтинчи арконидир». Бундай талқин динимизнинг гўёки ёвузликка, жангу жадал, уруш, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши кураш олиб боришга асослангани ҳақидаги қарашлар шаклланишига туртки бўлмоқда. Аслида эса, «жиҳод» Қуръонда «муқаддас уруш» деб аталмаган.

Ислом ўз моҳиятига кўра тинчлик динидир. У инсонларни тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида бор куч-ғайратини сафрлашга, турли фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг асосини ташкил этади. Аммо бугунги кунда динни ниқоб қилиб, унинг номидан иш олиб боришга интилаётган экстремистик ва террорчи оқимларнинг чиркин фаолияти муқаддас ислом дини ва тинчликсевар мусулмонлар ҳақида нотўғри тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. 

Хўш, бузғунчи оқимларнинг жиҳод борасидаги қарашлари қай даражада асосли, жиҳоднинг моҳияти нимада?

“Жиҳод” сўзи арабча «жаҳада» феълидан олингани, «ғайрат қилмоқ», «ҳаракат қилмоқ», «интилмоқ», «зўр бермоқ», «бор кучини сарфламоқ», «курашмоқ», «меҳнат қилмоқ» каби маъноларни англатиши бугунги кунда кўпчиликка маълум. Диний истилоҳга кўра, жиҳоднинг Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон 356 нафс, шайтон ва ёв билан курашишдек турларининг мавжудлиги, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида мўътабар манбаларда етарлича тушунтиришлар берилган.

Дастлаб «жиҳод» мазмунида исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун қилинган саъй-ҳаракат, ғайрат қилиш маъноси тушунилган. Шу боис Макка даврида Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобийлар Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!» (Наҳл, 125) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар.

Кейинчалик, яъни Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан Мадинага кўчиб ўтганларидан сўнг ислом дини ва мусулмонлар жамиятини ташқи душманлардан мудофаа қилиш мақсадидагина ҳарбий мазмундаги жиҳодга рухсат берилган. Жумладан, Ҳаж сурасининг 39-оятида: «(Мушриклар томонидан) ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир», дейилади. Бундан кўринадики, жангу жадал маъносидаги жиҳодга мудофаа, муқаррар душман ҳамласини даф этиш мақсадида рухсат берилмоқда.

Таассуфки, ҳозирда жиҳод дейилганда унинг уруш маъносидан бошқаларини инкор этиш, боз устига террорчилик билан боғлиқ жиноятларни ҳам Аллоҳ йўлидаги жиҳод, деб эълон қилиш ҳолатлари қулай бормоқда. Айниқса, экстремистик ва террорчи оқимларнинг мутаассиблик билан йўғирилган ғаразли мақсадлари йўлидаги босқинчилик урушини жиҳод деб эълон қилиши ва бу йўлда ўзини портлатган ва бошқа бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлган кимсаларни «шаҳид» деб атаётганлари динимиз таълимотларига мутлақо зиддир. Ваҳоланки, ислом динида жон неъматига Аллоҳнинг энг буюк ва қадрли неъматларидан бири, деб қаралади. Бу неъматнинг қадрига етмаганларга улкан азоблар борлиги ҳақида Қуръони карим ва ҳадисларда кўплаб огоҳлантиришлар келган. Жумладан, Имом Бухорийдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийдабундай дейиладиАллоҳ таоло марҳамат қилурки: «Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим».[1]

Шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Муслимдан ривоят қилинган яна бир ҳадисда ҳам шунга оид масала баён этилган. Унда айтилишича«Кимки ўзини тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан кейин ҳам жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам унинг ҳукми билан баробардир».[2]

Юқоридаги ҳадислар фақат ўзини ўлдирган кимса ҳақида бўлса, ўзи билан бирга бегуноҳ инсонлар ўлимига сабаб бўлаётган шахсларнинг гуноҳи унданда оғирроқ бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу ҳақда Қуръони каримда айтилади: «Кимдаким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай» (Нисо, 93).

Жиҳод ҳаракатини террор йўли орқали амалга ошираётган кимсалар ўз қилмишларини муқаддас ислом учун кураш, мусулмонларни бирлаштириш ёки ислом халифалигини қуришга қаратилган амаллар, дея гўё ўзларини оқламоқчи бўладилар. Агар жиҳод, улар айтганидек, ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлар эдилар. Бироқ Пайғамбар алайҳиссалом бундай йўл тутмадилар. Аксинча, янги пайдо бўлган мусулмон жамиятини ҳимоя қилиш учун ҳамда юртга бостириб кириши муқаррар бўлган душмангагина уруш эълон қилганлар.

Шу билан бирга Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан Мадинага келганларидан сўнг қилган дастлабки ишларидан бири мусулмонлар жамоаси ва ҳудуддаги турли дин вакиллари ўртасида ўзаро тинч-тотув яшашни таъминлашга қаратилган шартнома тузиш бўлган. 622 йилда тузилган бу шартнома «Мадина саҳифаси» номи билан машҳур бўлиб, унда яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар ўзаро ҳурмат асосида яшаш, уларнинг ўз диний эътиқоди ва ибодатларини амалга оширишларига тўсқинлик қилмаслик каби муҳим масалалар ўрин олган эди. Ислом дини ҳамма давр ва ҳар қандай вазиятда тинч-тотувликнинг барқарор бўлишидан манфаатдор бўлганини унинг тарихи ҳам намоён этади.

Исломнинг муқаддас манбаларида жиҳоднинг улуғ амал эканига далолат қилувчи ва унга тарғиб этувчи кўплаб кўрсатмалар келган. Жумладан, Тавба сурасининг 111-оятида марҳамат қилинади: «Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди — улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар, (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақикий буюк бахтдир», дейилади.

Жиҳод бузғунчи тоифлар айтаётганидек, босқинчилик уруши эмас, унинг моҳияти ўзгача. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида жиҳоднинг моҳиятини ёритиб берувчи кўрсатмалар мавжуд. Бу ҳадисларнинг мазмун-моҳиятини англаб етмасдан, жиҳодни ўзича талқин этиш қайтарилган амаллардандир. Маълумки, ислом дини сулҳпарвар дин. Пайғамбар алайҳиссалом ўз саҳобийларига ғаним билан жанг қилаётганида душман сулҳ сўраса, албатта, бунга эътибор қаратиш лозим экани ҳақида айтиб ўтганлар. 

Шунинг учун саҳобийлар ҳеч қачон Муҳаммад алайҳиссалом кўрсатмалари бўлмасдан, ташқи душманга қарши уруш мазмунидаги жиҳодга чиқмаганлар. Бу ҳолатдан жиҳод эълон қилиш ваколати давлат раҳбарининг мутлақ ҳуқуқи экани келиб чиқади. Дин уламолари бир ҳолатдагина давлат раҳбарининг топшириғисиз, жиҳод қилиш мумкин, деб айтганлар, яъни ташқи душман ватанга бостириб кирганида, ғанимга қарши жанг қилиш учун раҳбарнинг топшириғи кутилмайди.

Шу билан бирга ислом динида душман билан жанг қилишнинг ҳам ўзига хос қоидалари баён этилган. Бу ҳақида Бақара сурасининг 190-оятида: «Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз, (лекин жанг асносида ҳам) ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай», дейилади.

Шайх Абдулазиз Мансур ушбу оятни қуйидагича тафсир қиладилар: «Ислом динида инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам риоя қилинади. Аллоҳ таоло ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаддан ошмаслик ва тажовузкорликка ўтмасликни буюради. Бу ҳамма учун жуда ибратли танбеҳдир[3]. «Жиҳод» сўзи ҳамма вақт ҳам жанг ва уруш мазмунида эмас, балки жидду жаҳд, саъй-ҳаракат, ижтиҳод маъноларида ҳам келади». Бу фикрнинг исботини Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисдан ҳам кўриш мумкин: «Мусулмонларнинг афзали, қўлидан ва тилидан мусулмонларга озор етмайдиганидир. Мўминларнинг афзали эса, хушхулқроғидир. Муҳожирларнинг афзали Аллоҳ қайтарган нарсалардан ўзини йироқ тутувчидир. Жиҳоднинг афзали эса, Аллоҳ йўлида ўз нафси ва хоҳишига қарши қилинадиган жангдир».

Бундан ташқари, сохта салафийларнинг жиҳодни исломнинг олтинчи аркони, деб аташлари диндаги бузғунчиликдир. Энг аввало, адашган оқимлар назарда тутгандек, жиҳод исломнинг олтинчи аркони бўлганида эди, ўн тўрт аср илгари Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом мусулмонларни беш рукнга эмас, балки олти рукнга амал қилишга буюрган бўлардилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом эса: «Ислом беш нарса устида бино қилинган. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг пайғамбари эканига гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, рамазон рўзасини тутиш ва (имкони бўлса) ҳаж қилиш», деб ислом асослари нимадан иборат эканини айтиб ўтганлар. Ислом уламолари, жумладан, юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис ва мутакаллимлар ҳам ушбу ҳадиси шарифда диннинг арконлари ва моҳияти тўлиқ ва қатъий баён этилганини таъкидлаганлар.

Бундан ташқари Қуръони каримнинг: «Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломнинг дин бўлишига рози бўлдим» (Моида, 3), деган ояти нозил бўлган вақтда ислом дини беш аркондан иборатлиги ва бундан кейин улар ҳеч қачон ўзгармаслиги таъкидланган. Яна бир ҳадисда эса, Пайғамбар алайҳиссалом: «Сизлардан ким мендан кейин яшаса, яқинда кўп ихтилофларни кўради. Менинг суннатим ва мендан кейинги ҳидоят топган рошид халифалар суннати сизларга шарт бўлади. Уларни қаттиқ тутингиз ва озиқ тишлар билан тишлангиз. Шариатда янги пайдо қилинган нарсалардан сақланингиз. Зеро, (шариатда) ҳар бир янги пайдо қилинган нарса – бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир», деганлар. Сохта салафийлар эса, исломнинг беш арконига қаноат қилмай, жиҳод борасида ғулувга кетиб, уни шариатнинг олтинчи аркони деб аташлари жуда таажжубланарлидир. Бу эса, мазкур ҳадисда таъкидланган диндаги бидъат бўлиб, у ўз эргашувчиларини албатта, залолат сари етаклайди. Ана шу ҳолатнинг ўзи инсонни сергакликка чорлаши, жиҳод масаласида ғулувга кетишдан сақланиши учун кифоя қилади. Зеро, жиҳод борасида ғулувга кетиш бошқа диндагиларга нисбатан босқинчилик бўлишидан ташқари, ислом аҳкомларига қарши чиқиш ва уларни оёқости қилиш билан баробардир.

Шуни доимо ёдда тутиш керакки, ислом жангу жадал дини эмас, балки тинчлик динидир. Исломда амалга ошириладиган ҳар қандай жиҳод – яъни саъй-ҳаракат фақатгина тинчтотув яшаш, тинчликни таъминлашга қаратилган бўлиши керак.

Шукрулло Жўраев,

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот

маркази Нашрлар бўлими бошлиғи

Мақолалар

Top