muslim.uz

muslim.uz

Шу йил 16 май куни Афғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси маслаҳатчиси, Миллий бирдамлик партиясининг Шимолий ҳудудлар бўйича раҳбари Муҳаммад Муҳсин Донеш бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Меҳмонларни Термиз шаҳридаги Ўзбекистон–Афғонистон чегара постида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ғуломжон Ҳолбоев, Сурхондарё вилояти бош имом хатиби Алиакбар домла Сайфуддинов ва бошқа мутасаддилар кутиб олди.

Афғонистон делегацияси вакиллари бугун, 17 май куни Тошкент шаҳрига етиб келди. Шу куни Афғонистон делегацияси “Минор” масжидини зиёрат қилиб, пешин намозини адо этишди.

Ташриф давомида афғонистонлик меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан учрашув, “Имом Термизийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этиши ва юртимиздаги диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишлари режа қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги “Шўработ” МФЙда қурилганига қарийб 150 йил бўлган масжид топилди. Бу ҳақда Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, “Шўработ” МФЙ раисининг мурожаатига асосан маҳалла ҳудудида жойлашган қадимги масжид биноси Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси мутахассисилари томонидан жойида ўрганилган.

Аниқланишича, масжид биноси ХIX асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1884-1885 йилларда маҳалла гузар масжиди сифатида қурилган бўлиб, уч асрлик тарихга эга. Масжид ёғоч конструкцияли бўлиб, квадрат шаклли бир устунли, ўймакори тўсин ва васса ёпилган. Устун, тўсин ва “боғдоди” эшиклари ёғоч ўймакорлиги билан безатилган. “Г” ҳарфи шаклидаги етти устунли айвони ҳозирда сақланмаган, унинг ўрнида ХХ аср охирларида қурилган айвон мавжуд.

Ҳозирги кунда ушбу масжидда қишлоқ кутубхонаси (Қоракўл тумани кутубхонаси филиали) жойлашган.

Шунингдек, Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси Бадиий экспертиза бўлими бошлиғи У.Жумаев томонидан маҳалла раиси Ш.Хакимов, қишлоқ оқсоқоли Н.Аширов, “Қадимги Пойкент шаҳри тарихи” музейи директори Н.Собиров иштирокида илмий ўрганиш ишлари ўтказилган. Натижада масжид устунига ўйиб ёзилган тарихий ёзув, араб алифбоси асосидаги форс тилида насталиҳ хатидаги ёзув эканлиги ва у қуйидаги мазмунга эга эканлиги аниқланди:

Форс тилида “Ин масжидро бино кард Рўзибой ибн Ғайбуллобой 1304” яъни, “Бу масжид Ғайбуллобой ўғли Рўзибой томонидан ҳижрий 1304 йилда қурдирилган” деган сўзлар ёзилган.

Ушбу ёзувлар асосида хулоса қилиб айтганда, мазкур масжид тарихий ва бадиий қийматга эга эканлигини инобатга олиб, уни моддий маданий мерос ёдгорлиги сифатида рўйхатга олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 
 
 
Включить звук
 
 
 
 
 


 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тавба, истиғфор ва Аллоҳни зикр қилиш.

Албатта Рамазон ойида тавба қилган, истиғфор айтган ва Аллоҳни зикр қилган мусулмон банда йилнинг қолган вақтида ҳам шундай давом эттириши керак. Чунки Аллоҳ таолони зикр қилишлик тилга енгил ва банданинг қиёмат кунидаги яхшиликлар мезонида оғирдир. Шунингдек бу нарса банданинг ризқи кенглиги, қалб хотиржамлиги ва кулфатлардан озод бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун банда Аллоҳ таоло зикридан ғофил қолмаслиги керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз китобида шундай дейди:

“Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, ошкор бўлмаган сўзлар билан (яъни дилдан) эрта-ю кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг!” (Аъроф сураси, 205-оят).

«Эй мўъминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Ва эрта-ю кеч У Зотни поклаб тасбеҳ айтинглар!» (Аҳзоб сураси 41-42 оятлар).

«Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳни зикр қилиш-эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур». (Раъд сураси, 28-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Эй инсонлар Аллоҳга тавба қилинглар албатта, мен ҳар куни юз марта тавба қиламан”. Муслим ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло айтади : Мен бандам ўйлагани кабиман ва у мени эсласа у билан биргаман, агар мени ичида эсласа мен ҳам уни ичимда эслайман, агар мени ўзгалар ичида (ошкора) эсласа уни ҳам улардан яхшилар ичида эслайман, Менга бир қарич яқинлашса унга бир аршин яқинлашаман, Менга бир аршин яқинлашса унга бир қулоч яқинлашаман, Менга юриб келадиган бўлса унга югуриб бораман”. Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Саъд ибн Абу Ваққосдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олдиларида эдик шунда улар “Бирортангиз мингта ҳасанотни олишни ҳойламайсизми?”- дедилар. Ўтирганлар орасидан бири “бирортамиз қандай қилиб мингта ҳасанот олади?”- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: – “Юз марта тасбеҳ айтади шунда унга мингда ҳасанот ёзилади ёки мингта гуноҳи ўчирилади”.

Аллоҳ таоло хукмига ва Расулуллоҳга бўйсиниш.

Рамазон ойида Аллоҳ таолонинг шариатига эргашиб қуёш чиқишидан ботгунига қадар таом шароб ва шаҳватлардан ўзини ман қилишни одат қилган мусулмон бошқа вақт ҳам ўзининг бошқа ишларида Аллоҳнинг амрига эргашишлиги осон бўлади. Бу банданинг дунёю охиратдаги саодати бўлади. Шунингдек, ҳар бир банда Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига қарши бўлишидан огоҳ бўлиши керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўъмин ва мўъмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишларини ихтиёр қилишлари жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди”(Аҳзоб сураси, 36-оят).

“Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир”. (Ҳашр сураси, 7-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас”- дедилар.

“Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?» дейишди. “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради, ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади”- дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у рад қилингандир”- дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

(Давоми бор)

Манба: islamtoday.net

Муҳаммадали таржимаси

Бангладешда Гиннеснинг рекордлар китобига кириш имконига эга ноёб масжид қуриб битказилмоқда.

Тангайл округида 201 гумбазли масжид ва баландлиги қарийб 140 метр бўлган миноранинг қурилиши ниҳоясига етиш арафасида.

Ушбу округ марказидан 7 км узоқликда жойлашган Даккхин Патхалия қишлоғининг масжиди борасидаги ғояни Бангладеш Банк ходимлари федерациясининг собиқ президенти Рафиқул Ислом 2012 йилдаёқ амалга оширишни дилига тугиб қўйган эди. Бунга эса қишлоқдаги масжидга жамоатнинг сиғмай қолгани сабаб бўлди, қишлоқдагилар ташаббусни қўллаб-қувватлади.

Қурилиш ишлари 2013 йилнинг январида бошланди ва биринчи ғиштни Рафиқул Исломнинг онаси Ризия Хотун қўйиб берган эди. Рафиқул Исломнинг укаси Абдул Қодирнинг айтишича, ҳозирга келиб қурилиш ишларининг 75 фоизи тугалланган.

“Дунёда чиройли ва катта масжидлар кўп, бироқ бизнинг масжиднинг фарқи шуки, унда 201 та гумбаз бор. Билишимизча, дунёнинг ҳеч бир масжидида гумбазлар бунчалик кўп эмас”, – дейди Абдул Қодир.

Қурилиши тугагандан кейин Даккхин Патхалия масжидида бир пайтнинг ўзида 15 минг киши намоз ўқиши мумкин бўлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ислом дини таълимотида кишининг ҳамма жиҳатдан – ички дунёси ҳам, ташқи қиёфаси ҳам гўзал, соғлом, пок бўлиши талаб этилади. Инсон соғлигини асраши, ҳалокатга олиб борувчи иллатлардан ўзини четда тутиши вожиб эканига далолат қилувчи ояти карималар ва ҳадиси шарифлар бор.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз!» (Моида сураси, 88-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир инсон ўз саломатлигига қайғуриши лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар. Зеро, тана аъзолари соғлом бўлиши ва уларни турли зарарли одатлардан, касалликлардан сақлаш ҳар бир кишининг муҳим бурчидир.

Бироқ гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлганлар буни англашганида эса анча кеч бўлади. Зеро, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига хавф солиш билан бирга, мамлакат тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.

Имом Санъоний айтади: “Гиёҳвандлик нима нарсадан бўлишидан қатъи назар, маст қилдими ёки афюн каби нарса бўлиб, истеъмол қилинишида кайф бердими, у мутлақ ҳаромдир”.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларидаги мужтаҳид уламолардан Ибн Обидин ҳазратлари Ибн Ҳажардан нақл этиб, бундай дейди: “Банг-афюн истеъмол этишда 120 хил диний ва дунёвий зарар ва офатлар бор”.

Кўп гиёҳвандларда наркотик модданинг биринчи истеъмолидан бошлаб, 2–3 ҳафтада тобелик пайдо бўлади, аммо ҳозир шундай синтетик наркотиклар борки, улар иккинчи инъекция олинганидан сўнг тобеликка олиб келади. Ҳамма наркотиклар гиёҳванд шахснинг руҳий ҳолатини ўзгартириб юборади.

Тиббиёт маълумотларида қайд этилишича, ҳамма гиёҳвандларда ички аъзолар хасталиклари ривожланади. Беморлар ёшига нисбатан катта кўринади, терилари серажин, сарғимтир ёки кулранг тусга киради. Сочлари ва тишлари тўкилади. Гиёҳвандлар наркотик модда миқдорини ошириб юборганида, хумор ҳолатида юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этади.

Қарийб ўттиз йил давомида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ўнта оилани кузатган француз олими Демма мазкур оилаларда дунёга келган болаларнинг деярли аксарияти ногирон бўлган. Тинимсиз заҳри қотилни истеъмол қилганларнинг аксарияти эса ўпка саратони, асаб, бўғма касалликлари билан оғриб, ҳаётдан эрта кўз юмган. Гиёҳванд шахслар хумори қўзғаганда ўзига етарли миқдорда гиёҳванд модда олиш учун уйидаги бор-йўғини сотади. Охир-оқибат жиноят йўлига киради. Жамиятда юз бераётган қанчадан-қанча қотилликлар, босқинчиликлар, ўғирликлар, оилаларнинг бузилиб кетиши гиёҳвандлик оқибатида содир бўлмоқда.

Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволи бўлиб, Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва иродасига зид хатти-ҳаракатдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..» (Бақара сураси, 195-оят).

Бошқа бир оятда эса: «...ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир» (Нисо сураси, 29-оят).

Муфассирлар ушбу оятни бир неча хил тафсир қилишган, шулардан бири – “Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилмангиз!” Яъни, ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирор нарсанинг аламига чидаёлмай, ўзини ўзи ўлдириш тақиқланмоқда. Шаръан рухсат этилмаган ҳар қандай иллатга, хусусан, гиёҳвандликка муккасидан кетиш ҳам шулар жумласидандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилади (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади. Шу боис уни истеъмол қилиш шаръан ножоиз. Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар қиладиган гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши шаръан ҳаром қилинган.

Инсон зоти бангилик, гиёҳвандлик каби иллатлар билан ўзини заҳарлаши ҳам худди ўз жонига қасд қилганлик билан баробардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Аллоҳ таоло (ҳадиси қудсийда) марҳамат қилади: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”» (Имом Бухорий ривояти).

Аллома Ибн Ҳажар Маккийнинг “Фатавойи кабир”ида айтилишича, “Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”.

Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.

Гиёҳвандликка мубтало бўлганлар атроф-муҳитдаги воқеаларга бепарво бўлиб қолади. Унинг гирдобига тушган одам нафақат ўз яқинлари, балки юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади. Мана шунинг ўзиёқ гиёҳвандликнинг нақадар тубанликка туширишини англатади. Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама улкан зарар беради. Буни дунё тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, бевақт ўлим ҳолатлари, мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан баробардир. Зеро, инсоннинг ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳлиги барчамизга маълум.

Таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни аҳоли орасида тарқатаётганлар жамиятимизнинг ҳам, динимизнинг ҳам душманлари бўлиб, уларнинг охиратлари барбод бўлади.

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири

 

“Ҳидоят” журналининг 3-сонидан

Мақолалар

Top