muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Сунани Термизийни Аллоҳ насиб этиб ўқиганимизда, бир савол кўп безовта қиларди. Бу саволга баъзи таъвиллар бўлган бўлсада, қалбнинг жоҳилликдан иборат шубҳа ва гумон оловини буткул ўчира олмаган эди.

  Саволнинг келиб чиқиши шундан иборатки, бобомиз Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳадисларни ривоят қила туриб, уларга бўлган фақиҳ ва мужтаҳидларнинг  фикрларини, уларнинг муборак исмларини тилга олиб зикр қиладиларда, лекин биз севиб унга эргашадиган «Ҳанафия» мазҳаби имомларини, хоссатан, Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимларнинг исмларини зикр қилмасдан, умумий ном билан, яъни «Куфа аҳли» ибораси билан уларнинг фикрларини келтирадилар. Бу эса, ўқувчини ҳар хил уй ва хаёлларга олиб боради.   

Улуғлар барибир, улуғда! Улар бўлмаганда, бу уммат дунёси ва динида албатта, адашиб кетарди!

Улуғ муҳаддис, умматнинг фахри Ҳазрат Шайх Мавлоно Муфтий Саъид Аҳмад Полонпурий ъаттараллоҳу марқадаҳу бу саволга ўзларининг машҳур «Сунани Термизий»га ёзган шарҳлари «Туҳфатул Алмаъий Шарҳи Сунани Термизий»да бундай гўзал жавоб берганларки, бу ўқувчининг зеҳнидан гумон ўтини илдизи билан юлиб олади ва кўпроқ эмас, балки жуда кўп китоб мутолаа қилиш лозим эканлигига ишора қилади. Қуйида у зотнинг фикрларини келтирамиз:

«Шуни билиб олмоқ лозимки, дастлабки даврда, иккита илм мактаби бор эди. Бири «Ҳижоз илмий мактаби» бўлса, иккинчиси «Ироқ илмий мактаби».

«Ироқ илмий мактаби» вакиллари, асосан, «нусуслар» (Қуръон ва ҳадис)дан масалалар чиқариб олардилар ва зимнан ҳадис илми билан шуғулланардилар. Уларни «Аҳли рай» ҳам дейишарди.

«Ҳижоз илмий мактаби» эса, асосан ҳадис ривояти ва ҳадис илмига доир масала ва фатволар билан шуғулланардилар.

«Ироқ илмий мактаби» деганда, фақат Имом Аъзам ва у зотнинг шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимларни тушуниш хатодир, балки бу мактабнинг вакиллари жуда кўп бўлиб, улардан: Суфёни Саврий, Суфён ибн Уяйна, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Аби Лайло, Ибн Шибрима раҳимаҳумуллоҳлар ва жуда кўп бошқа имомлар шу мактаб вакилларидир. Улардан кейин келган мактаб вакиллари уларнинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, далил жиҳатидан бойитганлар. Шундай қилиб, «Ҳанафия» мазҳаби мактаби вужудга келади.

Бу мактаб билан бир даврда, «Ҳижоз илмий мактаби» вужудга келади. Бу мактаб бошланишда, бир бўлиб, замонлар ўтиши билан турли мактабларга ва мазҳабларга бўлиниб кетади. Аввалда, бу мактабнинг етакчиси: Саъид ибн Мусаййаб раҳматуллоҳи алайҳ бўлиб, кейинчалик эса, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ етакчи бўладилар. Сўнг, Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ алоҳида йўл тутадилар ва у зотнинг алоҳида илмий мактаби вужудга келади. У зотдан кейин, шогирдлари Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ алоҳида йўлни ихтиёр этадилар ва у зотнинг ҳам  алоҳида мазҳаблари вужудга келади. У зотлардан ташқари, яна кўплаб  имомлар ўзларининг алоҳида мактабларини тузадилар. Масалан: Имом Авзоъий, Имом Жарир Табарий раҳимаҳумуллоҳ. Лекин бу мазҳабларга эргашувчилар қолмаганидан кейин бу мазҳаблар ўз-ўзидан табиий тарзда тугайди.

«Ҳижоз илмий мактаби» учта асосий мактабга бўлинади. «Ироқ илмий мактаби» эса, яхлидлигича қолади. Ҳозир ҳам шу тўрт илмий мактаблар бизгача етиб келган ва машҳурдир. «Сиҳоҳи ситта» ёзилган даврда, ҳали «Ҳижоз илмий мактаби» тўлиқлигигача учга бўлинмаган эди. Агар бир киши Моликий бўлса, у тўлиқлигича Моликий эмас эди, балки унинг ружҳони (майли) Моликий мазҳабига эди. Яъни кўп масалаларда, Моликийлар билан маслакдош бўларди. Ким Шофиъий бўлса, кўп масалаларда, Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ билан бирга эди, лекин тўлиқлигича эмас.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ «Ҳижоз илмий мактаби» талабаларидан ва эргашувчиларидан бири эдилар. У зотнинг ружҳонлари (майллари) Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга эди, яъни кўп масалаларда, у зот билан мувофиқ эдилар. Худди Имом Абу Довуднинг ружҳонлари Имом ибн Ҳанбалга бўлгани каби.

«Сунани Термизий»нинг баъзи жойларида бунга сариҳ (очиқдан очиқ) ишоралар бор. Китобнинг ҳеч қаерида, Имом Термизий Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳга очиқлаб эътироз билдирмайдилар, балки у зотни қўллаб-қувватлайдилар. Лекин Имом Абу Ҳанифа ва Имом Шофиъий раҳимаҳумуллоҳга очиқ эътироз билдирадилар. У зот, яна Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳимаҳуллоҳга ҳам эътироз билдирмаганлар, чунки бу зотнинг мазҳаблари, бир-икки масалаларни инобатга олмаганда, Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мазҳабларидан деярли фарқ қилмайди. Имом Термизий шу икки мазҳабга эргашганлар.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ «Сунан»ларида «Ироқ илмий мактаби»нинг фақиҳлари: Суфёни Саврий ва Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳларнинг сўзларини, уларнинг исмларини зикр қилиб келтирадилар. Ваҳоланки, Суфёни Саврийнинг 95 фоиз сўзлари ва Абдуллоҳ ибн Муборакнинг 98 фоиз сўзлари Имом Абу Ҳанифанинг сўзларидир. Лекин Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳеч қаерда сароҳатан (очиқчасига) Имом Абу Ҳанифа ва икки соҳибайн Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳларни зикр қилмайдилар, балки «Куфа аҳли» ибораси билан келтирадилар. Кўп «Ҳазратлар» бу ҳолатни: «Ироқий ва Ҳижозий мактаблар орасидаги ўзаро кураш ва тортишувлар сабабли, Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ўз «норозилик»лари ифодаси сабабидан у зотларни шу тарзда зикр қилганлар», -деб тушунишади, лекин бу фикр- нотўғри. Асл гап шуки, у замонда китоблардан ривоят қилиш жоиз бўлмаган, балки ўзига келган санад билан ривоят қилишни жоиз санашган.

 Шунга кўра, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ «Китобул Илал»ларида мужтаҳидларнинг сўзларини санадлари билан келтирганлар. Мужтаҳидларнинг бу сўзлари ҳадисларнинг шарҳи орасида баён қилинган эди. Шунга кўра, Суфёни Саврий ва Ибн Мубораклар ҳадис дарси ҳалқасида баён қилган сўзлари Имом Термизийга санад билан йетиб келган ва у зот бу сўзларни ривоят қилганлар. Уч Имом эса, фиқҳдан дарс берардилар, ҳадислар масалалар зимнида баён қилинар эди. Шунинг учун ҳам бу фиқҳий масалалар уч имомдан у зотга санад билан етиб бормайди. Агар бу сўзлар Термизий раҳимаҳуллоҳга санад билан етиб борганда еди, у зот албатта, бу улуғ зотларни номини, уларнинг фикрларини зикр қилардилар.

Масалан, у зотга санад билан етиб келган, Имом Абу Ҳанифанинг Жобир Жуъфий борасидаги жарҳларини олсак. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ бу жарҳни у зотнинг исмларини зикр қилиб, «Китобул Илал»ларида келтирганлар. Агар шу каби бошқа сўзлар ҳам санад билан келганида, албатта, қавлни у зотнинг исмларини тилга олиб келтирар эдилар.

Лекин шу билан бирга, Ҳижозий мактаб вакиллари Ироқий мактаб вакилларининг фиқҳга доир китобларини мутолаа қилар ва уларнинг фиқҳий маслакларини билар эдилар. Шунингдек, Ироқий мактаб вакиллари ҳам Ҳижозий мактаб вакилларининг ҳадисга оид китобларини мутолаа қилар ва уларнинг ҳадисларидан воқиф эдилар. Шунинг учун ҳам Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ у зотларнинг исмларини зикр қилмасдан фиқҳий маслакларини баён қилиб қўя қолганлар, чунки исмларини зикр қилиш учун санад зарур эди. Бундай ҳолатни Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг «Шарҳи Маъониюл Осор» китобларида ҳам кўришимиз мумкин. У зот Ҳанафий имомларининг фикрларини уларнинг исмларини зикр қилиб келтирадилар. Бошқа имомларнинг фикрларини эса, «Заҳаба қавмун» истилоҳи остида келтириб, уларнинг маслакларини баён қиладилар. Бу тарзда йўл тутишларининг сабаби Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг сабаблари билан бир хилдир. Валлоҳу Аълам! (Манба: «Туҳфатул Алмаъий Шарҳи Сунани Термизий» 1-жилд, 183-184 бетлар).

 

Тошкент ислом институти 4 босқич талабаси

Нодирбек ОДИНАЕВ тайёрлади

Бугун, 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи бўлиб ўтади.

Ташриф дастурида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан икки томонлама учрашув ўтказилиши кўзда тутилган.

Музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорлик ва минтақавий шерикликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Давлат раҳбарлари Туркманистон етакчисининг отаси Маликгули Бердимуҳамедов хотирасига бағишланган тадбирларда иштирок этадилар.

 

uza.uz

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида кундузги таълим йўналиши битирувчи курс талабалари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи С.Шерхонов, бўлим ходими А.Дусматов, Масжидлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Музаффар Камолов, институт ректори У.Ғафуров ва проректор У.Ходжаев иштирок этди.

Мулоқот давомида диний соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди ва битирувчиларни иш тақсимоти лойиҳаси билан таништирилди.

Халқнинг диний эҳтиёжларини қондиришда масжидлар ва диний соҳа ходимларининг хизмати катта ўрин тутади. Имом ва ноиблар жамоатга намозларни адо қилиб бериш билан бирга кундалик масалаларда мусулмонларга йўл-йўриқ кўрсатиши, уларнинг дардига қулоқ солиб, қийнаётган муаммоларига ечиш орқали ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этади. Шу боис имом-хатиб вазифасида ишловчи талабаларнинг илмий савияси, дунёқараши ва шахсий сифатлари юқори даражада бўлиши лозим.

Масжид меҳроби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос экан, У зотга муносиб бўладиган диний соҳа ходимларини тайёрлаш асосий вазифа ҳисобланади.

Маълумот учун, 2020-2021 ўқув йилида институтни кундузги таълим йўналиши бўйича 100 нафар йигит ва 32 нафар аёл-қиз битирмоқда. Уларга юртимиздаги масжидларга имом-хатиб, имом ноиби ҳамда ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқитувчи вазифаларида ишлаш учун йўлланма берилади. Магистратура босқичида таълимни давом эттирмоқчи бўлган битирувчилар республика олий таълим муассасаларидан бирига ҳужжат топширишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 23 апрел куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Музаффар Камолов ва Таълим ва илмий тадқиқот бўлими мутахассиси Муҳаммадяҳёхон Ходжаевлар Диний идора тасарруфидаги Наманган вилоятидаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, мадраса ўқтувчи ва талабалар билан учрашиб, диний таълим муассасалари битирувчилари иш тақсимоти билан таништиришган эди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Муҳаммаджон Ибрагимов билан уюштирилди.

 

Аввал ифтор қилинадими ёки шом намози ўқиладими?

Ислом динида ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда аввал оғиз очиб, кейин шом намозини адо этар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғзиларини ҳўл хурмолар билан очардилар...» (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, рўзадор шом намозининг вақти кириши билан оғзини очиб, чанқоғини қондириб олгандан кейин шом намозини адо этишга киришиши мақсадга мувофиқ экан.

Ифторни тезлатиш афзаллиги борасида Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар оғиз очишни тезлаштирсалар, яхшиликда бардавом бўладилар», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла шундай деди: Бандаларимнинг менга энг суюклиси, уларнинг тезроқ оғиз очганларидир», дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, фуқаҳоларимиз қуёш ботиши билан намоздан олдин оғиз очиш мустаҳабдир, деганлар («Раддул муҳтор»). Ушбу ҳукм барча фарз ва нафл рўзаларнинг барчасига тегишли. Чунки бу борада ворид бўлган ҳадислар фарз рўзаларга хосланган эмас.

Рўзадор кундузи ювиниши мумкинми?

Одамлар орасида рўзадор киши кундузи ювиниши ҳақида бир бирига мутлақо зид икки хил қараш бор. Бири рўзадор киши кундуз куни мутлақо ювиниши мумкин эмас, дейди. Бошқаси кундуз куни рўзадор ҳам бемалол ювиниш мумкинлигини таъкидлайди.

Бу мавзуда сўз бошлашдан аввал, кундуз куни эҳтилом бўлиб қолган рўзадор ғусл қилиши вожиблиги, албатта, ювиниши шарт эканини таъкидлаймиз ва бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бизнинг мавзумиз ғусл қилиши вожиб бўлмаган рўзадорнинг ювиниши ҳақида бўлади.

Бу мавзуда «Ал-Фатовол Ҳиндия» китобида шундай дейилади: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, рўзадор таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиши макруҳдир. Шунингдек ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш ҳам макруҳдир. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: ‘Юқорида саналган ишлар макруҳ эмас’. Мана шу гап устунроқ, ‘Муҳити Сарахсий’ китобида шундай келган».

Демак, жиддий зарурат бўлмаганда, таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиш, ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш каби ишларни қилинмаса, бу ишларни ифтордан кейинга қолдирилса, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига амал қилинган бўлади.

Лекин, масалан, кун жуда исиб кетганида ва бошқа шу каби ҳолатларда юқоридаги ишларни қилиш зарурати туғилса ва ибодатдан безор бўлиш маъносида эмас, балки ибодатга ёрдам олиш маъносида бу ишларни қилинса, имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига, кейинги уламолар устун кўрган сўзга амал қилинган бўлади, макруҳ бўлмайди.

Рўзадор одам чанқаган вақти оғзига сув олиб, ютмасдан ғарғара қилса бўладими?

Зарурат бўлса, рўзадор одам оғизини оҳиста чайиши мумкин. Лекин ғарғара қилиб, оғиз чайиш макруҳ бўлади. Чунки бунда сув ютилиб кетиб, рўзани очиб юбориш хавфи бор. Агар қаттиқ чайиш оқибатида ичга сув кетиб қолса, рўзаси бузилади ва Рамазондан кейин қазосини тутиши шарт бўлиб қолади. Валлоҳу аълам.

Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

Мақолалар

Top