muslim.uz

muslim.uz

П'ятниця, 07 апрель 2017 00:00

Тани жонга тажовуз – осийлик

Инсонга берилган ҳаёт неъмати, муборак жисми-жони – Аллоҳнинг омонати. Зеро, Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотлар ичида энг мукаррам ва азизи инсондир. Бу ҳақда У: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро, 70), деб хабар берди. Омонатга хиёнат қилувчи – Яратганга исён қилувчидир. Шу боис одам фарзандининг танасига тажовуз қилувчи барча зарарлар ҳаром қилинди. У хоҳ ақлига, хоҳ жисмига: қайси аъзосига зарар етказишидан қатъи назар гуноҳи азим деб ҳисобланди. Бандага гуноҳ саналган осийликдан сақланиш фарз ҳисобланади.

Эътибор қилсангиз, Қуръони каримда бандаларни ўзи ва бировларнинг яшаш ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик тўғрисида:

“...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара, 195);       “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”  (Нисо, 29), деб бундай ноинсоний тажовузга қўл уришдан қайтаради. Ҳаёт неъматига тажовуз қилишдан сақланиш лозимлигини такрор-такрор таъкидлайди. Негаки, бу дунёда инсон учун ҳаёт неъмати мукофот қилиб берилган. Тирик жон учун ҳар бир олган ва чиқарган нафаси қанчалик бахт-саодат экани баён қилинган.

Ўз жонига қасд қилганларга нисбатан ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, деганини Имом Бухорий раҳматуллоҳу алайҳ ривоят қилганлар.

Луқмони Ҳакимдан: “Сиз ҳаётни нима деб биласиз?” деб сўрадилар. У киши: “Агар фаразан курраи заминни айлантираётган ер ўқини менинг бошимга ўрнатса-ю етти қават ер бошим устида айланса, мен шу ҳолда ҳам яшаб турсам, вафот этганимдан яхшироқдир”, деб жавоб қилди.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳажжатул вадоъда:

“Эй одамлар, хоҳ ўзингизнинг, хоҳ бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди;

Эй одамлар, бир-бирингизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди;

Эй одамлар, ушбу арафа кунида одам ўлдириш ва бошқалар жонига қасд қилиш қанчалик ҳаром бўлса, мол ва жонингизга тажовуз қилиш ҳам  шунчалик ҳаромдир”, деб жиддий огоҳлантирдилар.            

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу каби муборак ҳадисларда ҳар бир инсоннинг яшашга бўлган ҳуқуқи муқаддаслигини ёритиб бердилар. Хусусан, бу қутлуғ насиҳат ила инсоннинг ўз жонига қасд қилиши ҳаром ва гуноҳи кабира эканини  яна бир бор таъкидладилар.

Айнан шу ҳадисдан Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига нақадар меҳрибон бўлганлари, уларни гумроҳликдан, ақлсизликдан, ҳаёт неъматига беписанд бўлишдан қайтарганига гувоҳ бўламиз.

Ушбу ояти карима ва ҳадиси шарифларга амал қилган ҳолда юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларга тавсия қиламизки, Аллоҳ таолонинг тақдирига имон келтирганмиз, турмушда учрайдиган яхши-ёмон синовларга сабр-тоқат қилишга буюрилганмиз. Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт неъматини зое қилмаслик фарз эканига ишонганмиз. Унутмаслик керакки, ҳар бир етган азият ва мусибат учун сабр-бардошимиз эвазига ажру савоблар ато этишига умид боғлаганмиз.   

Ҳозирда адашган фирқалар ўзларининг нопок мақсадларига етиш учун пуч даъволар қилиб, ғаразли мақсадларини бажариш учун ўз жонига қасд қилган кимсани “шаҳид” деб эълон қилишлари фитна-фасод, кўрнамакликдан бошқа нарса эмас. Аслида бу ҳаракатлар негизига назар солсангиз онги паст кимсанинг ўз ҳаётига тажовуз қилгани, Аллоҳнинг амрига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига қарши бўлганини кўрасиз холос. Ўз жонига қасд қилиш муқаддас динига, она юртига, жамиятига кўр-кўрона душманликдир.

Аллоҳ таоло барчамизга берган ҳаётини яшашни, бу неъматга шукрона келтиришни насиб этсин. Имон-эътиқоддан жудо қилиб қўювчи балолардан Ўзи асрасин! 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти вакили

П'ятниця, 07 апрель 2017 00:00

Ҳаёт – улуғ неъмат

Ҳаёт – инсоннинг тириклиги, атроф оламдаги ҳаракатни ҳис қилишидир.  Инсон Аллоҳ таоло берган неъматларни бардавом ва зиёда бўлишини ҳоҳлайди. Ҳаётни қадрлаш – умрни савобли ишларга сарфлаш, Аллоҳ таолонинг олдида тавозели бўлишдир. Дунё ҳаёти ибодат, хайрли амалларни бажариш учун берилган фурсат. Аллоҳ таоло инсонга ана шу фурсатдан фойдаланиш учун  унга ҳаёт берган. Ҳаётда Роббисини таниб Унинг амрларни бажариб яшаш ҳаётнинг шукридир.

Аллоҳ таолонинг беҳисоб наъматларига ношукрлик билан ҳаёт кечириш неъматларни инъом этувчи Аллоҳ таолонинг ғазабини  уйғотади. Ҳаётнинг қадрини билмай, ўз жонига қасд қилган инсонни Аллоҳ таоло кечирмайди. 

Суиқасд – Ислом динидаги энг катта гуноҳлардан бири саналади. Аллоҳ Қуръони каримда бундай дейди:

وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا (29) وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ عُدْوَانًا وَظُلْمًا فَسَوْفَ نُصْلِيهِ نَارًا وَكَانَ ذَلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرًا 

 “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай қилса, Биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир” (Нисо, 29-30).

Бу ояти каримадан мусулмон кишига ўзини ўлдириши ва кўра-била ҳалокатга отиши ҳаром экани маълум бўлади.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарининг “Ўз жонига қасд қилиш ҳақида келган ҳадислар” бобида қуйидаги уч ҳадисни ривоят қилган:

عن ثَابِتِ بْنِ الضَّحَّاكِ رضي الله عنه ، قال : قَالَ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ حَلَفَ بِمِلَّةٍ غَيْرِ الإسْلامِ كَاذِبًا مُتَعَمِّدًا ، فَهُوَ كَمَا قَالَ ، وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ عُذِّبَ بِهِا فِى نَارِ جَهَنَّمَ»

رواه البخاري

Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким исломдан бошқа миллат номига қасддан, ёлғондан қасам ичса , у ўзи айтганидекдир. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида ўша билан азобланади”  дедилар;

عن الحسن حدثنا جندب رضي الله عنه في هذا المسجد فما نسينا وما نخاف أن يكذب جندب عن النبي صلى الله عليه و سلم قال  جُنْدَب، عن الرسول، قَالَ: « كَانَ بِرَجُلٍ جِرَاحٌ فَقَتَلَ نَفْسَهُ، فَقَالَ اللَّهُ تَعَالَى: بَدَرَنِى عَبْدِى بِنَفْسِهِ، حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الْجَنَّةَ » . رواه البخاري

Ҳасандан ривоят қилинади: “Жундуб розияллоҳу анҳу бизга шу масжидда сўзлаб берган эди – биз (буни) эсдан ҳам чиқармадик, Жундуб Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан ёлғон гапиради, дея қўрқмаймиз ҳам. “У зот бундай дедилар: “Бир кишининг жароҳати бор эди. У жонига қасд қилди. Шунда Аллоҳ: “Бандам жони хусусида Мендан “илгарилаб” кетди. Унга жаннатни ҳаром қилдим, деди”;

عن أبي هريرة رضي الله عنه ، قَالَ صلى الله عليه وسلم : «الَّذِى يَخْنُقُ نَفْسَهُ، يَخْنُقُهَا فِى النَّارِ، وَالَّذِى يَطْعُنُهَا، يَطْعُنُهَا فِى النَّارِ »

 رواه البخاري

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Ўзини бўғ(иб ўлдирган)ган дўзахда ҳам бўғади. Ўзига санчган дўзаҳда ҳам санчади”,  дедилар”.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳи Муслим” асарининг “Иймон китоби”да “Инсоннинг ўз жонига суиқасд қилиши улкан ҳаромлардан экани ҳақида боб”ида қуйидаги ҳадисларни ривоят қилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : (مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ فَحَدِيدَتُهُ بِيَدِهِ يَجَأُ بِهَا فِي بَطْنِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِسُمٍّ فَسُمُّهُ بِيَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ تَرَدَّى مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ يُرَدَّى فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا) رواه مسلم

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад ўша темир асбобини қўлида тутиб, ўз қорнига уриб туради. Ким ўзини заҳар билан ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад ўша заҳарни қўлида тутиб, ундан ичиб туради. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад тоғдан ташлаб туради”,  дедилар;

عَنْ يَحْيَىَ بْن أَبِي كَثِير أَنّ أَبَا قِلاَبَةَ أَخْبَرَهُ أَنّ ثَابِتَ بْنَ الضّحّاكِ أَخْبَرَهُ أَنّهُ بَايَعَ رَسُولَ اللّهِ صلى الله عليه وسلم تَحْتَ الشّجَرَةِ. وَأَنّ رَسُولَ اللّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ بِمِلّةٍ غَيْرِ الإِسْلاَمِ كَاذِبا فَهُوَ كَمَا قَالَ. وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ عُذّبَ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. وَلَيْسَ عَلَى رَجُلٍ نَذْرٌ فِي مَا لاَ يَمْلِكُهُ". رواه مسلم

Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинади. “Абу Қилоба розияллоҳу анҳу хабар беради. Собит ибн Заҳҳок Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт остида байъат қилганларида Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Исломдан бошқа миллат номи билан ёлғондан қасам ичса, у айтганидек бўлади. Ким бирор нарса билан ўз жонига қасд қилса, қиёмат куни ўша нарса билан азобланади. Киши мулки бўлмаган нарсада назр қилишга мажбур эмас”,  дедилар;

عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَّاكِ الْأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ وَأَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : َلَيْسَ عَلَى رَجُلٍ نَذْرٌ فِيمَا لَا يَمْلِكُ وَلَعْنُ الْمُؤْمِنِ كَقَتْلِهِ مَنْ قتل نَفْسَه بشيء عُذِّبَ به يوم القيامة مَنْ ادَّعَى دَعْوَى كَاذِبَةً لِيَتَكَثَّرَ بِهَا ، لَمْ يَزِدْهُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ إلَّا قِلَّةً

رواه مسلم

Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳу соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши эга бўлмаган нарсасида назр қилишга мажбур эмас. Мўминни лаънатлаб сўкиш уни ўлдириш кабидир. Ким ўз жонига бирор нарса билан қасд қилса, қиёмат куни ўша нарса билан азобланади. Ким “ўзида йўқ нарса билан” кўп кўрсатиш мақсадида ёлғон даъво қилса. Аллоҳ таола унга фақат йўқчиликни зиёда қилади. Ким фужур қасам ичса ҳам, ана шундайдир ”, дедилар;

عن أَبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: شَهِدْنا مَعَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم خَيْبَرَ، فَقالَ لِرَجُلٍ مِمَّنْ يَدَّعِي الإِسْلامَ: هذا مِنْ أَهْلِ النَّارِ، فَلَمّا حَضَرَ الْقِتالُ قاتَلَ الرَّجُلُ قِتالاً شَديدًا فَأَصابَتْهُ جِراحَةٌ، فَقِيلَ يا رَسُولَ اللهِ الَّذِي قُلْتَ إِنَّهُ مِنْ أَهْلِ النَّارِ فَإِنَّه قَدْ قاتَلَ الْيَوْمَ قِتالاً شَدِيدًا، وَقَدْ مَاتَ، فَقالَ صلى الله عليه وسلم: إِلى النَّارِ قَالَ فَكادَ بَعْضُ النَّاسِ أَنْ يَرْتابَ؛ فَبَيْنَما هُمْ عَلى ذلِكَ إِذْ قِيلَ إِنَّهُ لَمْ يَمُتْ وَلكِنَّ بِهِ جِراحًا شَدِيدًا، فَلَمّا كانَ مِنَ اللَّيْلِ لَمْ يَصْبِرْ عَلى الْجِراحِ فَقَتَلَ نَفْسَهُ: فَأُخْبِرَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم بِذلِكَ، فَقالَ: اللهُ أَكْبَرُ أَشْهَدُ أَنّي عَبْدُ اللهِ وَرَسُولُهُ، ثُمَّ أَمَرَ بِلالاً فَنادى في النَّاسِ: إِنَّه لا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ إِلاّ نَفْسٌ مُسْلِمَةٌ، وَإِنَّ اللهَ لَيُؤَيِّدُ هذا الدِّينَ بِالرَّجُلِ الْفاجِرِ

رواه مسلم

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васалам билан бирга Ҳунайн ғазотида эканимизда у зот Исломдалигини даъво қилувчи бир кишини “Бу дўзах аҳлидандир”, дедилар. Урушда бўлганимизда ўша киши қаттиқ урушиб жонбозлик кўрсатди ва жароҳатланди. Баъзилар “Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз ҳозиргина дўзах аҳлидан, деган одам бугун қаттиқ уришиб вафот этди” дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “У дўзахга (тушади)”, дедилар. Бу сўзларидан баъзи одамларда шак пайдо бўлишига оз қолди. Улар шу ҳолда туришганида “У киши вафот этмабди, лекин қаттиқ жароҳатланибди”, деб айтилди. Кеч кирганида у киши жароҳатига чидай олмасдан ўз жонига қаст қилди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар берилганида, у зот “Аллоҳу акбар, мен Аллоҳнинг қули ва расули эканимга гувоҳлик бераман”, деб, кейин Билол розияллоҳу анҳуга буюрдилар. У киши одамларга қарата: “Жаннатга фақат мусулмон нафсгина киради. Албатта, Аллоҳ таоло бу динни фожир киши билан ҳам қувватлаб қўяверади”, деб жар солдилар”.

Имом Темизий раҳматуллоҳи алайҳ  “Заҳар ёки  ундан бошқа нарсалар билан ўз жонига қасд киши ҳақида келган ҳадислар боби”да қуйидаги ҳадисларни ривоят қилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : (مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ فَحَدِيدَتُهُ بِيَدِهِ يَجَأُ بِهَا فِي بَطْنِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِسُمٍّ فَسُمُّهُ بِيَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ تَرَدَّى مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ يُرَدَّى فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا)

رواه الترمذى

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад ўша темир асбобини қўлида тутиб, ўз қорнига уриб туради. Ким ўзини заҳар билан ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад ўша заҳарни қўлида тутиб, ундан ичиб туради. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида ҳам ўзини абадул абад тоғдан ташлаб туради” дедилар”;

عَن عَن أَبِي هُرَيْرَةَ عَن النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِسُمٍّ عُذِّبَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ وَلَمْ يَذْكُرْ فِيهِ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا

رواه الترمذى

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир санадда “Ким ўзини заҳар билан ўлдирса, жаҳаннам оташи ичида азобланади” дейилиб, у ривоятда  “абадул абад ўша азобда қолиши” зикр қилинмаган.

Ўзини-ўзи ҳалок қилишдан Қуръони карим ояти қатъий қайтармоқди. Муҳаддисларнинг улуғлари Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисларда Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин қайтармоқда. Уломаларимиз ўзини ҳалок қилишни энг катта гуноҳ дейдилар. Ҳатто бошқа кишининг жонига қасд қилишдан каттароқ гуноҳ дейдилар. Мусулмон киши ўзини ўлдириши эмас, балки ўзига ўлимни сўраши ҳам гуноҳ экани айтилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَتَمَنَّ أَحَدُكُمْ الْمَوْتَ إِمَّا مُحْسِنٌ فَيَزْدَادَ إِحْسَانًا وَإِمَّا مُسِيءٌ فَلَعَلَّهُ أَنْ يَسْتَعْتِبَ

 رواه احمد

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўлимни талаб қилмасин! Агар яхши бўлса ўлими орқага сўрилиб яхшилиги зиёда бўлади. Агар ёмон бўлса эҳтимол тавба қилади”, дедилар”.

Хуллас, мўмин ҳаётни яхши кўрсин, яхшиликлар, солиҳ амал қилиш учун бу ҳаётни бир фурсат билсин!

Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

2017 йил 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китобининг тўлдирилган қайта нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан ҳамкорликда ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли, “Мовароуннаҳр” нашриёти ходими Илҳом Маърупов ҳамда университет профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Мазкур тақдимотни ўтказишда ёшларни маънавий таҳдидлардан огоҳлик руҳида тарбиялаш ва уларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш борасида профессор-ўқитувчиларга услубий ёрдам бериш асосий мақсад қилиб белгиланган. Бинобарин, бугунги глобаллашув жараёнида ахборот хуружлари ҳар жиҳатдан инсон онги ва қалбини эгаллашга қаратилганлиги билан характерлидир. Айниқса, глобал тармоқ ҳисобланган интернет орқали бўлаётган таҳдидларнинг хавфи ва таҳдиди ортиб бормоқда. Бу таҳдидлардан ёшларни ҳимоялашда миллий мафкурани сингдириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бу борада маънавий-маърифий ишларни фаол олиб бориш лозимлигини тақозо этади. Ўтказилган тақдимот тадбири ҳам шу жиҳатга қаратилганлиги билан муҳим ва долзарбдир.  

Тақдимот тадбирида сўз олганлар “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг тўлдирилган қайта нашри юзасидан фикр-мулоҳаза билдирар экан, асарнинг мазмун-моҳияти, унинг бугунги глобаллашув жараёнларида турли информацион таҳдидлардан ҳимояланишдаги ўрни ва аҳамияти ҳамда ёш авлод онгу шуурини ёт ғоя ва қарашлардан асраш, ҳимоялашда муҳим қўлланма эканилигини таъкидлаб ўтдилар.

Тадбир сўнгида мазкур китобдан тадбир иштирокчиларига ҳамда университет Ахборот-ресурс марказига тақдим этилди. Ўтказилган тақдимот тадбири диний-маърифий, шу билан бирга илмий қиймати юқори эканлиги билан аҳамиятлидир.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб бир юртдан  иккинчи  юртга  инсонпарварлик  ёрдамини уюштирган шахсдирлар.

Ибн Абдул-Ҳакам ал-Лайс ибн Саъддан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Мадинада одамларга қаттиқ очлик етди. Бас, у киши Мисрдаги Амр ибн Оссга мактуб ёзди:

«Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умардан Осий ибн Осийга. Салом! Аммо баъд: Умрим ила қасамки, эй Амр! Сен ўзинг ва сен билан бўлганлар тўқ бўлса, мен ва мен билан бўлганлар ҳалок бўлса ҳам ишинг йўқми?! Ёрдам! Ёрдам!»

Амр ибн Осс унга мактуб ёзди:

«Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умарга Амр ибн Оссдан. Аммо баъд: Лаббайка! Яна лаббайка! Батаҳқиқ, сизга бир карвон юбордим. Унинг авали сизнинг  ҳузурингизда,  охири  менинг  ҳузуримда. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу».

Амр катта карвон юборди. Унинг аввали Мадинага етиб келганида, охири Мисрда эди. Ниҳоятда узун карвон эди. У Умарга етиб келганида одамларга кенглик яратди. У Мадинадаги ҳар бир уй аҳлига бир туяни устидаги таоми билан берди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Авф, Зубайр ибн Аввом ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумни одамларга уларни тақсимлаб бериш  учун юборди. Улар ҳар бир хонадон аҳлига бир туяни устидаги таоми билан бердилар. Таомни ейдилар, туяни сўйдилар, гўштини ейдилар, ёғини эритиб олдилар, терисини оёқ кийими қилдилар ва таом солинган матони чойшаб ёки бошқа нарса қилдилар. Шу билан Аллоҳ одамларга кенглик яратди».

Ибн Абу Шайба, ал-Баззор ва Байҳақийлар Ғафранинг озод қилган қули Умардан, жумладан ривоят қиладилар:

Умар: «Бу мол бўйича Абу Бакрнинг ўз фикри бор эди.

Менинг бошқача фикрим бор. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш қилганларни у зот билан бирга уруш қилганларга ўхшатмайман», деди. Бас, у муҳожир ва ансорларни афзал қилди. Улардан Бадрда иштирок этганларига беш минг-беш мингдан тайин қилди. Исломга Бадр аҳлидан аввал кирганларга тўрт минг-тўрт мингдан тайин қилди.

Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг завжаларидан ҳар бир аёлга ўн икки мингдан тайин қилди. Фақат София ва Жувайрия розияллоҳу анҳумонинг ҳар бирларига олти мингдан тайин қилди. Улар уни олишдан бош тортдилар.

Шунда у: «Мен уларга ҳижратга қараб тайин қилдим», деди. «Сен  уларга  ҳижратга  қараб  эмас,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мартабаларига қараб тайин қилдинг. Биз ҳам уларнинг мартабасидамиз», дедилар.

Буни қайта кўриб чиқиб, уларнинг ҳаммаларини тенг қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаробатини ҳисобга олиб, Аббос ибн Абдулмуттолибга ўн икки минг тайин қилди. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга тўрт минг тайин қилди.

Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга беш мингдан  тайин  қилди.  Уларнинг  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаробатлари туфайли оталарига қўшди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога уч минг тайин қилди. Шунда у:

«Эй отажон! Усома ибн Зайдга тўрт минг тайин қилдингиз. Менга уч минг тайин қилдингиз. Унинг отасининг сенда йўқ фазли бўлган эмас. Унинг ўзининг менда йўқ фазли бўлган эмас», деди. Умар: «Унинг  отаси  Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи васалламга сенинг отангдан маҳбуброқ бўлган! Унинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сендан кўра маҳбуброқ бўлган!» деди.

Бадрда иштирок этган муҳожирларнинг болаларига икки мингдан тайин қилди. Унинг олдидан Умар ибн Абу Салама ўтаётганида:

«Бунга минг зиёда қилинглар! (Ёки) «Эй ғулом, бунга минг зиёда қил!» деди. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ:

«Бунга нима учун зиёда қиласан? Унинг отасининг бизнинг оталаримизда бўлмаган фазли йўқ эди!» деди.

«Унга Абу Салама розияллоҳу анҳо учун икки минг тайин қилдим. Умму Салама учун минг зиёда қилдим. Агар сенинг Умму Саламадек онанг бўлганида, сенга ҳам минг зиёда қилар эдим», деди.

У Толҳа ибн Убайдуллоҳнинг акасининг ўғли Усмон ибн Абдуллоҳ ибн Усмонга саккиз юз тайин қилди. Назр ибн Анасга икки минг тайин қилди. Шунда Толҳа унга: «Сенга Усмоннинг ўғли келганда саккиз юз тайин қилдинг. Ансорлардан бир ғулом келган эди, икки минг тайин қилдинг?!» деди. У: «Мен бунинг отасига Уҳуд куни дуч келдим. У мендан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўради. Мен, у зот қатл бўлган бўлсалар керак, дедим. У қиличини яланғочлаб, ўқларини тўғрилади-да: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатл қилинган бўлсалар, Аллоҳ тирик, ўлмайди!» деб, қатл бўлгунича жанг қилди.

Анави  бўлса  қўй  боқади.  Икковларини  баробар қилишимни хоҳлайсизларми?!» деди. Умар умри давомида шунга амал қилди».

Бундан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг фуқароларга жамият нафақасини аввалги қилган хизматларига қараб тайин қилишни биринчи бўлиб тартибга солганларини кўрмоқдамиз.

Ҳатто ота ва онанинг хизматлари туфайли уларнинг болаларига ҳам жамият нафақаси тайин қилинган экан.

        Наргиза ОДИЛОВА,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

 

Мақолалар

Top