muslim.uz
Қуръоннинг энг аввал ва энг охирги нозил бўлган оятлари
Қуръони карим йигирма уч йил давомида парча-парча ҳолатда нозил бўлди. Тарихчи Ибн Саъд роҳимаҳуллоҳнинг ривоятига кўра Қуръон нозил бўлишининг бошланиши Пайғамбар алайҳиссалом туғилганларининг қирқ биринчи йили, Рамазон ойининг ўн еттинчи душанба кунига тўғри келади. Бу воқеа Ҳиро ғорида содир бўлган эди. Ўшанда Жаброил алайҳиссалом тушиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни уч марта сиқиб қўйиб юборганлари, у кишига: “Ўқинг”, деб буюрганлари, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мен ўқишни билмайман”, деганлари ва ниҳоят учинчи мартасида:
اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ
яъни: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси, 1-5-оятлар) деганлигини Имом Буҳорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз китоблари бўлмиш “Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг “Ваҳийнинг қандай бошланганлиги ҳақидаги боб” қисмида Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилиб келтирганлар. Оиша разияллоҳу анҳо ва жумҳур уламоларнинг сўзларига қараганда юқоридаги бешта оят Қуръоннинг биринчи нозил бўлган оятларидир.
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳунинг фикрларича, биринчи нозил бўлган оят:
يَاأَيُّهَا الْمُدَّثِّرُ
яъни: “Эй, (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад!)” (Муддассир сураси, 1-оят)дир. Аммо юқоридаги биринчи фикр тўғрироқ. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мен ўқишни билмайман”, деган сўзлари бу воқеадан олдин ҳеч нима ўқимаганликлари, ваҳий нозил бўлмаганлигини равшан кўрсатиб турибди.
Бундан ташқари яна Жобир разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Бошимни осмонга кўтариб қарасам тепамда Ҳиро ғорида олдимга келган фаришта турибди. Дарҳол уйимга қайтиб келиб, мени ўраб қўйинглар, устимни беркитиб қўйинглар, дедим. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй, либосларига бурканиб олган зот” оятини нозил қилди”. Ушбу ҳадис “Муддассир” сурасини “Иқро” оятидан сўнг нозил бўлганлигига яққол далил бўлади.
Шунинг учун ҳам уламолар Жобир разияллоҳу анҳу билан жумҳур уламоларнинг фикрларини мувофиқлаштириб бир нечта фикрларни айтишган ва бу фикрларнинг барчаси ҳам иккала тоифанинг сўзларини келиштиришга салоҳиятлидир.
- “Муддассир” сураси ваҳий келиши тўхтаб қолганидан кейин биринчи бўлиб нозил бўлган сурадир.
- “Муддассир” Қуръондаги бошидан охиригача тўлиқ нозил бўлган сураларнинг биринчиси.
- “Муддассир” сураси Қуръондаги сураларнинг ичида динга даъват қилишга буюрган сураларнинг биринчиси. Чунки, унда:
قُمْ فَأَنْذِرْ
яъни: “Туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг” (Муддассир сураси, 2-оят) жумласи бор. Аммо, “Алақ” сурасидаги “ўқинг” сўзи пайғамбарликни тасдиқлашга ишора қилган биринчи сурадир.
Уламолар Қуръоннинг энг охирги нозил бўлган ояти қайси эканлиги ҳақида ихтилоф қилганлар. Бу ихтилофларнинг энг машҳурларини қуйида келтирамиз.
Баъзи уламолар охирги нозил бўлган оят:
الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا
яъни: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят) деб айтишган. Барро ибн Озиб разияллоҳу анҳунинг сўзларига қараганда, энг охирги нозил бўлган оят “Нисо” сурасидаги “калола” оятидир:
يَسْتَفْتُونَكَ قُلِ اللَّهُ يُفْتِيكُمْ فِي الْكَلَالَةِ إِنِ امْرُؤٌ هَلَكَ لَيْسَ لَهُ وَلَدٌ وَلَهُ أُخْتٌ فَلَهَا نِصْفُ مَا تَرَكَ وَهُوَ يَرِثُهَا إِنْ لَمْ يَكُنْ لَهَا وَلَدٌ فَإِنْ كَانَتَا اثْنَتَيْنِ فَلَهُمَا الثُّلُثَانِ مِمَّا تَرَكَ وَإِنْ كَانُوا إِخْوَةً رِجَالًا وَنِسَاءً فَلِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ أَنْ تَضِلُّوا وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: “Аллоҳ сизларга отаси ҳам, фарзанди ҳам бўлмаган одам тўғрисида (шундай) фатво беради: агар фарзандсиз бўлган бир эркак ҳалок бўлса (ўлса), агар синглиси (қолган) бўлса, қолдирган мероснинг ярмини олур. Агар синглисининг фарзанди бўлмаса, у (акаси) меросхўр бўлур. Агар (сингиллар) иккита бўлса, уларга (ака) қолдирган нарсанинг учдан иккиси (тегур). Агар (меросхўрлар) ака-ука ва опа-сингиллар бўлса, (ҳар) бир эркакка икки аёл ҳиссаси (берилур). Янглишиб кетмасликларингиз учун Аллоҳ сизларга (мерос ҳукмларини Ўзи) баён этади. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир” (Нисо сураси, 176-оят).
Имом Муслим роҳимаҳуллоҳнинг Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, охирги нозил бўлган оят “Наср” сурасининг оятларидир.
إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ إِنَّهُ كَانَ تَوَّابًا
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида, одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда, дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи зотдир” (Наср сураси, 1-3-оятлар).
Бу хусусда энг эътиборга лойиқ сўз Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг яна бир бошқа сўзлари бўлиб, унда энг охирги нозил бўлган оят “Бақара” сурасининг 281-оятидир, деганлар.
وَاتَّقُوا يَوْمًا تُرْجَعُونَ فِيهِ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ تُوَفَّى كُلُّ نَفْسٍ مَا كَسَبَتْ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ
яъни: “(Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан (қиёматдан) қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жон (эгаси)га қилган амалларига яраша нарса (мукофот ёки жазо) берилур ва уларга адолатсизлик қилинмас”.
Мана шу гапга биноан Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилган яна бир бошқа сўзларини, яъни “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга энг охирги нозил бўлган оят “рибо” (судхўрлик) (Бақара сураси, 275-оят) оятидир”, деган сўзларини қуйидагича таъвил қилиш лозим. Яъни, бу оят рибо оятларининг энг сўнггисидир. Шунда кўпгина ривоятларда айтилган (Бақара сураси, 281-оят) ояти Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга видолашув ҳажидан сўнг нозил бўлган, деган сўзга мувофиқ келади. Бу оятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари яқинлашганликка ишора қилинган. Ривоятларга қараганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу оят нозил бўлганидан кейин тўққиз кеча ёки етти кеча яшаганлар. Бошқа ривоятда эса, йигирма бир кун яшаганлар, дейилган. Бу оят нозил бўлишидан олдинроқ, ташриқ кунларида “Наср” сураси нозил бўлган ва бундан ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг вафотлари яқинлашганлигини тушунганлар.
Аммо, “Моида” сурасининг 3-ояти эса, уламоларнинг иттифоқига кўра видолашув ҳажида Арафа куни, “Наср” сураси ва “Бақара” сурасининг 281-ояти нозил бўлмасидан аввал нозил бўлган. Шунга кўра “Моида” сурасининг 3-оятини энг охирги нозил бўлган оят деб бўлмайди, балки уни диннинг комил бўлганлигини, Аллоҳнинг неъматлари тўла-тўкис берилганлигини баён қилувчи энг сўнгги оят дейиш тўғри бўлади. Ас-Суддий роҳимаҳуллоҳнинг сўзларига биноан бу оятдан кейин ҳалол ва ҳаром ҳукмларни баён қилган ҳеч қандай оят нозил бўлмаган. Аммо, ундан кейин ваъз-насиҳат оятлари нозил бўлишига ҳеч қандай монеълик йўқ, ҳудди “Наср” сураси ва “Бақара” сурасининг 281-оятлари каби.
Аммо “калола” оятига келсак, бу оят “Моида” сурасидаги оятдан олдин нозил бўлган. Унинг ҳақида айтилган гап эса, аҳком оятларидан энг охирги нозил бўлган, деган маънога йўйилади.
Қуръоннинг етти хил қироатда нозил бўлиши
Қуръон етти хил қироатда нозил бўлган эди. Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай сўзлари ворид бўлган:
إِنّ هَذَا الْقُرْآنَ أُنْزِلَ عَلَى سَبْعَةِ أَحْرُفٍ
яъни: “Ушбу Қуръон етти хил қироатда нозил бўлган” (Муттафақун алайҳи).
Уламолар ушбу қироатлардан мурод нима эканлиги ҳақида турли фикрлар билдиришган. Баъзилар: у – етти хил маъно бўлиб, Қуръон оятлари мана шу маънолар билан чамбарчас боғлиқдир. Улар – амр, наҳий, ваъд, ваъид, ибоҳат, иршод, эътибор, дейишган. Баъзи уламолар эса, у – қироат қилишдаги еттита қоидадир. Улар – идғом, изҳор, тафхим, тарқиқ, имола, ишбоъ, мад ва қаср, ташдид ва тахфиф, талйин ва таҳқиқ, дейишган.
Бу масаладаги энг тўғри сўз шундан иборатки, етти хил қироат дегани – араб тилидаги еттита лаҳжа демакдир. Араблар ўртасида энг машҳур ва кенг тарқалган, шунингдек энг ширин лаҳжалар: Қурайш, Ҳузайл, Тамим, Ал-Узд, Робиъа, Ҳавозин, Саъд ибн Бакр лаҳжаларидир. Бу сўзнинг тўғри эканлигини Имом Байҳақий тасдиқлаган, Ибн Атия ҳам шу гапни ихтиёр қилганлар. Тилшунос олимлардан Саълаб, Абу Убайд ва Азҳарийлар ҳам шу гапни айтганлар.
Қуръон етти хил қироатда нозил бўлди, дегани ундаги ҳар бир калима ҳам етти хил қироатда ўқилади, дегани эмас. Балки, Қуръон нозил бўлиш жиҳатидан арабларнинг етти хил лаҳжасидан ташқари чиқмайди, деганидир. Масалан, бир калима Қурайш тилида бўлса, иккинчи калима бошқа қабила тилида бўлади. Чунки, Қуръон оятлари араб тили лаҳжаларининг энг фасоҳатли ва ширин сўзларидан ташкил топгандир, яъни бирорта сўз қайси лаҳжада яхши ифода қилинса, оятда ўша сўз ишлатилгандир. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича: “Усмон разияллоҳу анҳу Қуръони каримни Мусҳафга кўчириш учун Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобаларни тўплаган вақтларида, уларга: Агар Қуръоннинг бирор ояти устида тортишиб қолсаларингиз, у ҳолда уни Қурайш тилида ёзинглар, чунки Қуръон уларнинг тилида нозил бўлгандир”, деганлар.
Энди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қуръон етти хил лаҳжада нозил бўлган”, деган сўзлари билан Усмон разияллоҳу анҳунинг: “Қуръон Қурайш тилида нозил бўлган”, деган сўзларини қандай тушуниш мумкин? – деган савол туғилади. Бу саволга иккиёқлама жавоб бериш мумкин:
- Усмон разияллоҳу анҳу Қуръоннинг кўпгина қисми қурайш тилида нозил бўлганлигини назарда тутганлар.
- Қуръон биринчи галда Қурайш тилида нозил бўлган. Ворид бўлишича, Жаброил алайҳиссалом Қуръонни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар гал биттадан лаҳжада ўқитар ва шу тариқа етти хил тилда ўргатар эдилар. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил биродарим менга Қуръонни бир қироатда ўқитган. Мен ундан яна ўқитишини сўраганимда, менга бошқа қироатда ўқитди. Шу тариқа етти қироатни ўргатди”, деганлар.
Баъзи калималарни еттитадан ҳам ортиқроқ қироатда ўқилади-ку, дейиш тўғри эмас. Чунки, сўзни еттитадан ортиқ важҳда ўқилиши, қироатнинг кўплигидан эмас, балки у қироат қоидасидаги ҳилма-ҳилликдан (масалан: мад, имола ва ҳоказо) келиб чиқади.
Имом Суютий роҳимаҳуллоҳ юқоридаги гапга эътироз билдириб: Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу билан Ҳишом ибн Ҳакам разияллоҳу анҳу икковлари ҳам Қурайшлик бўлишларига қарамай қироатда келишмовчиликка борганлар. Бундан кўринадики, демак етти хил қироатдан мурод етти хил лаҳжа эмас экан, деганлар.
Бунга жавобан айтиш мумкинки, Қуръоннинг етти лаҳжада нозил бўлди бегани, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон оятларини ўргатаётганларида ҳар бир қабила учун айнан ўша қабиланинг лаҳжасида таълим бермаганлар. Кўпинча Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида бир нечта қабиланинг кишилари жам бўлишар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга етти қироатнинг биттасинигина тиловат қилиб берар эдилар. Шунда, ўша ерда ўтирган барча қабила кишилари битта қироатни ёдлаб олар эдилар. Қуръонни битта қироатда ёдлаш учун битта қабила кишилари тўпланишлари шарт эмас. Демак, шунга биноан, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Ҳишомнинг эшитмаган қироатларини билишлари мумкин бўлади. Чунки, Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу бу қироатни Ҳишом иштирок этмаган бошқа мажлисда эшитган бўладилар. Улар икковларининг ҳам бир қабиладан бўлишлари бунга монеъ бўла олмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон Ишматбеков
Имом-хатиблар Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази дарсларида иштирок этишмоқда
Қашқадарё вилоятидан бир гуруҳ имом-хатиб домлалар Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказида бўлиб ўтаётган танишув дарсларида иштирок этишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилоят вакиллигининг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифалари:
www.nasafziyo.uz
t.me/nasafziyo
Instagram: nasafziyo.uz
Facebook : Nasafziyouz.Qashqadaryo
Youtube: nasafziyo.uz
Ёриқлар ўрни тўлармикин ёки илм аҳли орасидаги улкан йўқотишларимиз
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бугуннинг гапи
Сон-саноқсиз неъматлар ичида инсониятнинг бошқа махлуқотлардан ажралиб, юқори мартабаларда туришига сабаб бўладиган неъматлардан бири, шубҳасиз, унинг илм соҳиби бўлишидир. Чунки илм рағбат қилинган нарсаларнинг энг шарафлиси, орзу этилишидан ташқари, қўлга киритилиши учун жидду жаҳд қилишга ундалган нарсаларнинг энг устуни ва эришилган нарсаларнинг энг фойдаси кўпроғидир.
2020 йил улкан йўқотишлар йили бўлмоқда. кеча забардаст олим, кўплаб уламолар устози Довудхон домла, Қуръон ҳофизи, ўн хил қироат соҳиби, устоз Зайниддин қори, аввалроқ имом Хайруллоҳ домла, мураббий, устоз Олимхон домла, Алихон қори Зоҳидхон, бир неча имом домлалар, ёшгина қори йигитлар, дунё миқёсида таниқли аллома, шайх, муҳаддис Нуриддин Итр раҳимаҳуллоҳ ва яна кўплаб олимлар, уламолар бирин-кетин бу ёруғ оламни тарк этиб, охират сари кетмоқдалар. Мубашшир домла айтганидек, «Кейинги кунларда кўп олимлардан айрилиб қоляпмиз. Бу жуда қўрқинчли».
Ижтимоий тармоқларда кунда-кунора таъзия эълонларини кўравериб, тўғриси интернетни очишдан чўчиб қолди киши. Яхши инсонлар, солиҳ кишилар, устозлар тарк этишяпти бизни. Ёши улуғлари ҳам, эндигина 40 ёшни нари берисидаги ёшга кирганлари ҳам бор. Аллоҳнинг тақдири, қазоси. Унинг қазои қадарини розилик ила қарши олган барча яқинларига Аллоҳ таолодан гўзал сабр тилаймиз.
Шу ўринда ушбу ҳадис ёдга келади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғириш ила суғириб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади...».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Ўзини билган ҳар бир миллат ўзидан етишиб чиққан уламоларни эъзозлай олади. Ҳақиқий олимларидан дину-диёнат, иймон-эътиқод, элу юрт фойдаси учун фойдалана олади. Чунки, бундай одамларнинг борлиги ҳар бир халқ, ҳар бир миллат учун катта бахтдир. Улар оламдан ўтишлари билан бу бахт ҳам кетади.
«Мавтул олими - мавтул олами» (яъни, олимнинг ўлими-оламнинг ўлими) дейилган. Шу билан бирга ўзини билган ҳар бир миллат доимо ўз эҳтиёжларини қондирадиган даражада, сифатда ва сонда уламоларни бўлиши учун қўлидан келган ҳар бир ишни қилади.
Илмнинг кўтарилиши, уламоларни вафотлари борасида Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ шундай дейдилар: «Олим кишининг ўлими Ислом деворидаги бир ёриқдир. Тун-у кун ўзгарар экан, унинг ўрнини бирор нарса беркита олмайди». (Ҳасан Басрий).
Мусулмонлар ҳар куни Ислом деворида янги ёриқ пайдо бўлаётганини гувоҳи бўлишмоқда. Ораларидаги илмига амал қиладиган уламолар билан видолашмоқдалар. Бугун мусулмонларнинг зиммасида бу бўшлиқни тўлдириш учун Исломий илмларга юзланишлари ва доимо бу борада солиҳ уламоларнинг ўрнини тўлдира оладиган авлодни етиштиришни фикр қилмоқликлари лозимдир! Зеро, мусулмонларнинг солиҳлар ўрнини тўлдира оладиган авлодни етиштиришни кечиктиришлари олимни йўқотишдаги мусибатлариданда кўра оғир мусибатдир!
«Атрофимиздаги яқинларимиз ўтавериб биз ҳам охират кишиларига айланиб қолдик. Аллоҳ ҳаммамизни ҳидоятда муқим қилсин! Охир амалларимиз солиҳ ва сўзларимиз рост бўлсин!» (Мубашшир Аҳмад).
«Сабрлиларга хушхабар берингки, улар ўзларига мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир».
Бобур Аҳмад тайёрлади
Манба: https://islom.uz
ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Хотин-қизлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Мунира ҳожи она Абубакировага падари бузрукворининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло раҳматли отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Мунира ҳожи она Абубакировага ва марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Абдусалом ҳожи ака Фатхуллаевга оналари Бибигул она Сафаралиеванинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат айласин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло раҳматли онахоннинг барча яқинларига сабру жамил ато қилиб, мусибатларига ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Абдусалом ҳожи ака Фатхуллаевга ва марҳума онахоннинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!
Ҳаёлотларим ёхуд афсусдан аввал огоҳликка чақириқ
Ҳозир барчамиз коронавирус ҳақида кўп ва ҳўп гапларни эшитиб турибмиз. Фикримиз илмий асосга эга бўлмасада, бироқ мақсадимиз битта, кўрсатмаларга беэътибор бўлиб, карантин қоидаларига амал қилмаётганларни афсусдан аввал огоҳликка чақириб қўйишдир.
Коронавирус, таъбир жоиз бўлса, эшикни беркитсангиз тешикдан бўлса ҳам ичингизга киришга ҳаракат қиладиган хавфли душман экан. Унинг мақсади битта, ҳаётимиз хизматчилари бўлган ички аъзоларимизни бирин-кетин фаолиятини яроқсиз ҳолга келтириш.
Аллоҳ аъзоларимизни жуда гўзал яратган. Коронавирус биринчи қайси аъзомизга айёрлик билан хужум қилса, у бошқа аъзоларга вазиятни сездирар экан. Кўнглимиз айниб, ичимиз бузилиб, ё иссиғимиз чиқиб: “Ҳой, инсон ичинга душман кирди. Ҳаракат қил, огоҳ бўл! Биз Аллоҳ берган имкониятларни ишга соляпмиз, иммунитетлар қарши курашяпти, лекин кучимиз етмайди, бизга ёрдам кучларини жўнат», дея хабар бераркан. Аллоҳнинг тавфиқи билан танамиз айтганларига “қулоқ солиб”, қўшимча дори-дармон кучларини юборганлар ўз ҳаётини сақлаб қоларкан. Бефарқлар ўзларига жабр қиларкан.
Қизиғи, дори ичингизга тушиши билан душман коронавирус билан қизғин, шафқатсиз жанг бошланаркан.
Азиз биродарим, бу жанг сизнинг ҳаётингиз устида, ҳа айнан сизнинг жонингиз учун бўларкан. Дори-дармон сақлаб қоламан, – деса, коронавирус мен ҳаётини поёнига етказиш учун кирганман, дер экан.
Энг қизиғи, ўша жанг сизни ичингизда, уни жанговор овозини қорнингиз қулдираши, алғов-далғов овозлар орқали, ожизгина тинглаб, дунёдаги ҳамма нарсаларни Яратгувчиси, фақат Ўзи хоҳлаган ишни қилувчи, Хокими мутлақ Аллоҳга таваккал қилиб, Ўзидан умид қилиб, ҳақиқатни тан олиб беҳол ётаркансиз.
Муддат-муддати билан безовта бўлиб хожатга борасиз. Ичингиздан бавл билан жангда қурбон бўлган қоп-қора чиқиндилар тушиб кетади. Хайратланасиз.
Жойингизга келиб, умидла ҳаёл сурасиз. Бу тушиб кетаётганлар шифо бўлсин деб, қабул қилган доривор сувларим, дори-дармонларим, ҳалок қилган вируслар чиқиндиси бўлсинда, дейсиз. Озгина ҳотиржам бўлиб, кайфиятингиз кўтарилади.
Афсуски, бироздан сўнг яна жанг бошланаркан, иссиқ чиқиб, иштаҳа бўғилиб, ғала-ғовур овозли жанга гувоҳ бўлиб ётаркансиз. Ҳаёлиздан: «И-е бояги чиқиб кетган, вируслар билан жангда ожиз қолиб, қурбон бўлган, шифо бўлсин деб ичган дори-дармон, ва таомларим эканмикин, наҳотки, вирус ғолиб келяпти, коронавирус сабаб ўлаётган инсонлар сафида кетиб қолсам-а”, деб тушкунликка тушиб қоларкансиз.
Бу жараён неча кун давом этишини ва натижа қайси томонни ғалабаси билан тугашини эса сиз ҳам, шифокор ҳам билмайди. Уни фақат Аллоҳ биларкан….
Азизлар, сизга хамир учидан патир қилиб, ҳаёлотдаги кечинмаларимни айтиб ўтдим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Каъба зиёратига келиб,туясини боғламай Аллоҳга таваккал деб, кейин бебош туяни йўқотган шикоятчи бадавийга: “Аввал туянгни боғлагинда, кейин Аллоҳга таваккал қил!” дея бежиз айтмаганликларини унутмайлик.
Аввал карантин қоидаларига амал қилиб, бемор бўлсак шифокорга мурожаат қилиб, зарур дори-дармонларни ўз вақтида олиб, Аллоҳга таваккал қилсак, тўғри йўл тутган бўламиз. Чунки Аллоҳни иродаси сабаблар билан юзага чиқади. Йўқса қуруқ таваккал билан, юқоридаги бадавийга ўхшаб қоламиз. Аллоҳ асрасин!
Аллоҳ ҳамма беморларимизга Ўзи шифои комил берсин, уларга туну-кун хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари, соғлиқ-саломатлик, илмий муваффақиятлар, оилавий бахт ато этсин! Бу дардга чалинмаганларга эса дарддан омонлик берсин!
Бизни ёзишдан умидимиз, Яратган дуоиларингизда бизни ҳам ёдингизга солсин. Амин!
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Миршавкат Музаффар,
Паркент тумани «Бешкаппа» жоме
масжиди имом-хатиби