muslim.uz
Худкушлик – аср вабоси
Аллоҳ таоло одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азиз-у мукаррам қилиб яратган. Қуръони Каримда “Батаҳқиқ биз бани Одамни азиз-у мукаррам қилиб қўйдик”[1] − дейилади. Аллоҳ таоло борлиқдаги турли туман мавжудодларнинг яратгувчиси, уларни бир-биридан афзал қилиб қўйган зотдир ва у одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратиб қўйди.
Одам боласининг мукаррамлиги борасида сўз кетганда уламолар инсон танаси ва табиатидаги турли даражадаги мукаррамлик сифатларини санаб берадилар. Аввало одамнинг шакли - суврати, барча аъзоларни тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Ҳақиқатан ҳам инсон зотининг танаси бошқа мавжудотларнинг танасида фарқли равишда мукаммал ва нозик тузилган. Унинг ташқи кўриниши ҳам бошқа махлуқотларнинг суратида кўркамроқ ва чиройлироқ ҳисобланади. Буни инсон тана аъзоларининг бирор ҳайвон тана аъзолари билан қиёсаб кўрилиши ҳам тасдиқлайди.
Шунингдек, Аллоҳ таоло одам боласини ўзи яратиб мукаррам қилди ва Ўз руҳидан жон пуфлаб улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан инсон мукаррамдир. Бас шундай экан ҳеч бир инсон ўз нафсига зулм қилишга ва озор етказишликка ҳаққи йўқ.
Инсон мукаррамлигининг яна бир кўриниши унинг ақли ва маърифат ҳосил қилиш имкониятларининг мавжудлигидир. Аллоҳ таоло инсонга ўзини таниши, маърифатуллоҳ ҳосил қилиши учун унга илм-маърифат, идрок ва ҳиссиётни ато қилди. Уламолар инсон мукаррамлини тавсифлаганларида айна мана шу сифатида алоҳида урғу бериб ўтадилар. Токи бу дунёда ҳаёт бор экан, турфа хил одамлар ва уларнинг онгу тафаккуридаги ўзаро тафовут ва зиддиятлар сақланиб қолаверади. Айнан ана шундай турли дунёқарашлар, бир-бирини инкор этадиган оқим ва йўналишлар мавжудлигини табиий бир ҳол деб қабул қилишни ҳаёт воқелигининг ўзи талаб этади.
Шубҳа йўқки, бугунги кунда на миллат, на чегара ва на дин танламайдиган терроризм сайёрамизнинг ҳар қандай давлати сиёсий ҳаётидаги энг катта муаммога айланди. Зўравонлик, бошқалар устидан ҳукмронлик қилиш истаги инсоннинг табиатида мавжуд бўлиб, шайтон васвасаси, ҳавои нафс истаги оқибатида ижтимоий тараққиётнинг барча даврларида ўзининг вайронкорлик кайфиятини намоён қилиб келди. Унинг кўплаб кўринишларидан бири, бугуннинг глобал муаммоларидан бирига айланган, аср вабоси бўлган худкушликдир.
Бугунги кунда инсоният айнан ушбу ҳодисадан тасаввур қилиб бўлмас даражада азият чекмоқда, миллионлаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлмоқда. Энг ачинарлиси ва дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётганини дин ниқоби остида ўз манфаатлари учун курашаётганлар четда туриб, бошқаларни ўтга солаяпти.
Ислом инсонларни бир-бирига зарар етказишликдан ва ўзини ҳам қийинчиликка солишликдан қайтаради. Аммо минг афсуслар бўлсинки инсоният “шаҳидлик” дея аталмиш буюк мақомни ўзларига “ қалқон” қилиб минглаб инсонларга ва ўзларига зулм қилаётган шаҳсларнинг аянчли ишларига гувоҳ бўлмоқда. Уларни ўзларига ёки машиналарига портловчи моддани боғлаб олиб халқ ичига кириб ўзини портлатиб бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётганликлари ва мана шу қилган амалим мени шаҳид бўлишимга сабаб бўлади дея хом ҳаёл қилаётганликлари жуда ҳам ачинарлидир. Бу ўй ҳаракатлар остида саёз илм, жаҳолат ва сингдирилган ёт, вайронкор ғоялар ётади. Улар бу ҳаракатлари билан ўзларининг ҳам қадрли жонларига қасд қилмоқдалар.
Қуръони Каримда ўз жонига қасд қилиши энг катта гуноҳлардан экани таъкидланган: “Ўзларингизни-ўзларингиз ўлдирмангиз албатта Аллоҳ сизларга раҳм шавқатлидир”[2]. Ва яна “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради”[3]. Ўзини-ўзи ўлдириш Исломда қаттиқ қораланади. Бу иш мўмин-мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайдиган иш бўлиб, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг қазои қадарига норози бўлиш, У берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилиш осийлик ва иродасизликдир. Ўзи ўзи ўлдириш мусулмонларга ҳос бўлмаган қўрқоқлик ва номардликдир.
Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилган ҳадиси шарифда эса ўзини ўлдирган кишининг жазоси янада равшанроқ ёритилган: “Ким ўзини бир темир парчаси билан ўлдирса, қиёмат кунида жаҳаннам ўтида темирлар парчаси қўлида, абадий равишда у билан ўзини ўлдириб азобланиб ётади. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, доимий равишда заҳарланиб жаҳаннам ўтида азобланади. Ким ўзини тоғдан ташлаб юборса, доимий равишда жаҳаннам ўтида ўзини ташлаб ўлдириб азобланади.”
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Аллоҳ таоло ҳадиси қудисийда марҳамат қилурки, “Бандам ўзини ўзи ўлдириб мен унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий харом қилдим”.
Демак ўзини ўзи ўлдирган одам дўзаҳга тушишда шубҳа йўқ. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, исломда инсоннинг ўз жонига қасд қилиши гуноҳи кабиралар (энг оғир гуноҳлар)дан саналиб. Бундай киши шаҳид эмас. Балки дўзахий бўлиши қайта-қайта таъкидланган.
Ибни Сирин (р.а.)айтадилар: “Ўзини ҳалокатга ташлаш Аллоҳ таолони раҳматидан умидсизлик белгисидир”. Имом Насафий айтадилар “Баъзи жоҳиллар каби одам ўзини ўзи ўлдирмаслиги керак”.
Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўзи ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганликлари бу одамнинг қилган номаъқулчилиги учун муносиб жазодир. Охиратда эса алоҳида жазо бўлади. Ўз жонига қасд қилган инсон Аллоҳ таоло раҳматидан узоқ бўлиб, охиратда ҳадисларда келтирилганидек, абадий азоб уқубатда бўлиш билан бирга ҳар бир мусулмоннинг гуноҳларини каффорат бўлишига сабаб бўладиган жаноза намозидан ҳам маҳрум қилинар экан.
Жаҳонда кейинги пайтда содир бўлаётган фожиали воқеалардан бири террорчилик хатти-ҳаракатларидир. Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида ислом ва иймондан мутлақо бехабар кимсаларнинг нодонларча ва хато баёнотлари пайдо бўлиб қолди. Уларнинг таъкидлашича, тинчликсевар Ислом дини ўзларини ўлимга маҳкум этаётган террорчиларнинг хатти-ҳаракатларини оқлар эмиш. Ваҳоланки, ўз жонига қасд қилиш, бошқа одамларни ўлдириш каби Исломга бутунлай зид нарсадир. Аллоҳ таоло суиқасдни очиқ-ойдин манъ этган: “Ўз-ўзингизни ўлдирмангиз!”[4]. Қандай сабаб билан бўлмасин, кишининг ўзини ўзи ўлдириши Ислом томонидан таъқиқланган.
Ўз жонига қасд қилиш, жумладан суиқасдчи-террорчиларнинг минглаб бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлиши Исломнинг маънавий-ахлоқий асосларига тамоман қарама-қаршидир. Шунинг учун Аллоҳга ишонганини ва Қуръон амрларига бўйсунганини тасдиқлайдиган ҳар бир киши ана шундай ишларни қилмайди. Бу ваҳшийлик фақат ақл-идрок ва виждонидан маҳрум бўлган, иймоннинг ҳақиқий мазмунини англашда қаттиқ адашаётган, Қуръоннинг илоҳий даъватини билмайдиган, онги ўзгалар томонидан нафрат ва аламзадалик орқали бошқариладиган, худосиз мафкура ва кенг миқёсдаги ташвиқот таъсирига тушиб қолган кимсаларнинггина қўлидан келади.
Ҳаёт аталмиш азиз неъмат инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан бизларга топширилган имконият ва масъулият ҳамдир. Ҳар инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга ҳиёнат қилмаслиги керак, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган бўлиб, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.
Хадичаи Кубро ўрта махсус
ислом таълим муассаси
ўқитувчиси Жозиба Жамол қизи
[1] Қуръони карим. Исро –70- оят.
[2] Қуръони карим. Нисо сураси, 29-оят.
[3] Қуръони карим. Бақара сураси, 195-оят.
[4] Қуръони карим. Нисо сураси, 29-оят
Мадинада зиёратчилар учун иккита янги тиббий марказ очилди
Ҳаж ва Умра вазирлиги Мадинадаги зиёратчиларга тиббий хизмат кўрсатадиган яна икки янги марказ очилганини эълон қилди. Бу Saudi Vision 2030 дастури доирасида амалга оширилган.
Ушбу тиббиёт муассасалари ал-Бақида ва шаҳзода Муҳаммад ибн Абдел Азиз халқаро аэропортида жойлашган, деб хабар беради Ислам.ру сайти. Бу ерда зиёратчилар махсус ёрдамчи мосламаларидан фойдаланиш, зарур ҳужжатларни осон тўлдириши ва бир неча тилларни биладиган таржимонлар хизматидан фойдаланиши мумкин.
Бугунги кунгача Ҳаж вазири ва доктор Муҳаммад Солиҳ бин Таҳер Бентен кўмаги остида Макка ва Мадинада тўртта тиббий марказ очилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ватикан ислом молиясини юқори баҳолади
Ватикан жаҳон иқтисодий инқирози шароитида ўз мижозлари ишончини тиклаш учун ислом молиясига синчковлик билан назар солишга оид баёнот билан чиқди. Бу билан Ватикан ислом молияси тамойиллари ҳикматини эътироф этди. Бу ҳақда “Ислом молияси” каналида хабар берилди.
“Ислом молияси асосидаги ахлоқ тамойиллари банкларни ўз мижоз, молиявий маҳсулот ва хизматнинг асл моҳиятига яқинлаштиришга хизмат қилади”, деб ёзади Ватиканнинг расмий газетаси L’Osservatore Romano.
2010 йилда Халқаро валюта жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқот жаҳон инқирози ислом банкларига ҳам таъсир қилган. Аммо улар мураккаб молиявий шароитларда анъанавий молия муассасаларидан сезиларли даражада барқарор ўтганини кўрсатди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Шаръий никоҳ ноқонуний бўлмасин!
Инсоннинг бахту камоли, жамиятда қандай мақомга эга бўлиши кўп жиҳатдан оилага, ундаги маънавий муҳит барқарорлигига боғлиқ. Лекин юз бераётган оилавий ажримлар туфайли ота меҳридан бенасиб вояга етаётган фарзандлар ҳам, афсуски, кўпайиб бормоқда.
Оилавий ажримдан, аввало, аёл, вояга етмаган бола азият чекмоқда. Айрим ҳолларда оиладаги турли келишмовчиликлар туфайли ёш оила пароканда бўлиб, афсуски, норасидаларнинг моддий таъминоти, руҳияти, тарбияси, тақдири, келажаги савол остида қолмоқда.
Ажримларнинг олдини олиш, оилани мустаҳкамлашга тарғиб қилишга масъул бўлган шахсларнинг шаръий никоҳни ноқонуний бўлишига сабабчи бўлишлари янада ачинарли ҳолатдир. Шаръий никоҳни белгиланган тартибларга зид равишда норасмий шахс томонидан ўқилиши эса ушбу никоҳни ноқонуний бўлишига олиб келади.
Бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ишлар олиб борилмоқда. Олиб борилаётган амалий ва тарғибот ишларига қарамай, ноқонуний никоҳлар учраб турибди.
Ҳозирги кунда жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда одамлар орасида «мулла» ёки «домла» деб танилган кимсалар мана шундай ишларга қўл ёраётганлари кузатилмоқда. Масалани чуқурроқ ўрганиб, таҳлил қилсак, бу ишлар жуда хато эканига амин бўламиз.
Чаласавод, яъни диний ва дунёвий илмларни эгалламаган, тегишли ҳужжат – шаҳодатномаси йўқ, ўзини ўзи «домла» деб номлаб, шаръий ҳукмларни билмаган, ҳатто, оддий шаръий масалаларни ҳам англамайдиган киши қандай қилиб, шаръий никоҳ ўқиш каби масъулиятли ишга қўл уруши мумкин.
Мана шундай норасмий шахслар ўзбошимчалик билан никоҳ шартларига амал қилмай, сўраб-суриштирмай, тиббий кўрик хулосаси ва ФҲДЁ бўлимлари гувоҳномасини олмаган, яна ачинарлиси, никоҳ ёшига ҳам тўлмаган ёшларнинг никоҳларини ўқиши оқибатида турли салбий ҳолатлар юз бермоқда.
Масалан, она ва бола саломатлигига жиддий зиён етмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига шикоят қилинаётган оилавий масалаларни таҳлил қилинса, аксар ҳолда ФҲДЁ рўйхатидан ўтмаган оилаларда ажрим кўплиги ва бундай ҳолларда аёллар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаётганлари маълум бўлмоқда. Натижада, оилалар пароканда бўлиб, болалар тирик етим бўлиш каби нохуш ҳолатлар юзага келмоқда.
Ҳозирги кунда, шаръий никоҳ ўқишга лойиқ бўлмаган, норасмий кишилар томонидан никоҳ ўқилиши юқоридаги бир қанча муаммоларга сабаб бўлаётгани учун бундай шахсларга жавобгарлик қўлланмоқда. Агар ноқонуний никоҳ ўқишга чора кўрилмас экан, жуда кўпчилик оилалар бундай ўзбошимчаликдан зарар кўриши аниқ.
Шаръий никоҳ шартларига ҳукумат томонидан берилган Фуқаролик ҳолати бўйича далолатнома ёзиш гувоҳномаси бўлишини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътироф қилиш ўринлидир. Норасмий кишиларнинг ушбу гувоҳномани суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, расмий имомларнинг бундай гувоҳномани сўраб, сўнг никоҳ ўқишлари ёш оиланинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари” ҳақидаги фатвосида никоҳ маросими диёримизда қадимдан миллий ва диний удумлар асосида амалга ошириб келингани баён қилинган. Шаръий никоҳдан ўтиш учун келин-куёвлардан талаб қилинадиган шарт ва одоблар бор.
Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан «Дуррул мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да бундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.
Шундай экан, мамлакатимизда оила давлат ва жамият ҳимоясида. Бинобарин, уни мустаҳкамлаш ҳар бир фуқаро, айниқса, масъул лавозимда ўтирган шахслар зиммасидаги энг муҳим вазифадир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
Аслиятни атайин бузиб талқин этиш хиёнатдир!
Бугунги кунда экстремистик кайфиятдаги мутаассиб шахслар томонидан “жиҳод” ва “ҳижрат” каби тушунчаларни атайин аслиятидан бузиб талқин этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай қарашларга ҳали Исломни яхши тушунмайдиган кишилар, айниқса, ёшлар кўп чалғимоқда, оқибатда уларнинг ширин ҳаёти буткул издан чиқмоқда.
Бу каби тушунчалар аслида қандай изоҳланиши ва уларни ғаразли талқин этишнинг оғир гуноҳ экани ҳақида қуйида баён этилади.
Ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчилар ўта нозик ва ҳассослик билан ёндашиш талаб этиладиган “жиҳод” ва “ҳижрат” каби тушунчаларни турли шахсларнинг фикрларига таянган ҳолда интернет сайтларида талқин этмоқдалар. Бундай талқин ёшлар онгида Ислом гўё, ёвузликка, жангу жадал, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши муросасиз кураш олиб боришга асосланган ботил тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Ҳозирда ижтимоий тармоқлардаги экстремистик руҳдаги кўплаб материаллар инсонларни “жиҳод” қилишга, сабабсиз ўз юртидан “ҳижрат” қилиб, чиқиб кетишга чақириб, Ислом дини ниқоби остида ўзларининг манфур ниятларини амалга ошириш пайида бўлмоқда. Уларнинг мақсади дин йўлида хизмат қилиш эмас, балки дунёвий манфаат, мол-дунёга эришишдир. Ҳали тафаккури шаклланмаган, илми ва тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар бундай сайтларга кириб қолса, оқибати қандай аянчли якунланиши кундай равшан.
Мана шундай тушунчаларни ғаразли талқин этадиганлардан бири “Абдуллоҳ Зуфар” исмли шахсга маҳаллий забардаст уламолар ҳамда Саудия Арабистонида, Мисрда, Туркияда фаолият кўрсатаётган аҳли илмлар ёппасига унга очиқ эътироз билдиришган.
Жумладан, Абдуллоҳ Зуфар ижтимоий тармоқ орқали эълон қилган маърузасида жиҳод ҳамма учун фарз экани ҳақида сўз юритган. Аслида, жиҳод икки қисмдан иборат:
“Талаб жиҳоди” ҳозир йўқлигига уламолар ижмо (иттифоқ) қилишган. Чунки, ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишган.
“Мудофаа жиҳоди” душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.
Абдуллоҳ Зуфар фиқҳий манбалардаги “Мудофаа жиҳоди”га тааллуқли масалаларни муайян давлат фуқароларини ўзи яшаб турган юрт ҳукуматига қарши қайрашда айёрлик билан фойдаланиши унинг асл мақсадини фош қилади.
Аслида “Мудофаа жиҳоди” ҳар бир фуқаронинг дини, қадриятлари ҳамда Ватани олдидаги бурчидир. Ушбуларга қаратилган ҳар қандай таҳдидга қарши туриб, уларни ҳимоя қилиши нафақат кишининг диний, балки инсоний бурчидир.
“Мудофаа жиҳоди” ҳам ҳаммага фарзи айн бўлмайди. Имом Абу Ҳанифа ва қолган уч мазҳаббоши имомларимиз, шунингдек, жумҳур уламоларнинг барчаси жиҳоднинг фарзи кифоя эканига иттифоқ қилганлар. Чунки, Мадинаи мунавварага Макка мушриклари ҳужум қилганида баъзи саҳобалар маълум сабабларга кўра мудофаа жанггига чиқа олмаганлар.
Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай оят нозил қилган:
وَكُلًّا وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَىٰ ۚ وَفَضَّلَ اللَّهُ الْمُجَاهِدِينَ عَلَى الْقَاعِدِينَ أَجْرًا عَظِيمًا
яъни: «Аллоҳ ҳаммаларига яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб олувчилардан буюк ажр ила афзал қилган» деган (Нисо сураси, 95-оят).
Аллома алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ушбу оятда мужоҳидлар ва жиҳодда иштирок қилолмаганларга ҳам жаннатни ваъда қилди. Агар жиҳод ҳамма ҳолатда фарзи айн бўлганда эди Аллоҳ унда иштирок этолмаганга жаннатни ваъда қилмас эди. Чунки унда иштирок этмаслик ҳаром бўлар эди” (Бадоиъ ас-саноиъ. 7-жуз. 380-бет).
Маълумки, жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Биринчидан, жиҳодга сафарбар қилиш учун “Халифа” бўлиши лозим. Ваҳоланки, халифалик масаласи тарихда қолгани барчага маълум. Қолаверса, жиҳод жорий бўлиши учун умматнинг ижмоси ҳам талаб этилади. Булар чақираётган “жиҳод”га ислом умматининг деярли барчаси қарши экани кундек равшан.
Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса бас у жоҳилият ўлимини топибди” деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозимки муқаддас динимиз ҳатто уруш остида бўлган ва душман заминларида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига ҳам рухсат бермайди. А.Зуфар кабиларнинг аксарият халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши мумкин эмас.
«Нисо» сурасининг 93-оятида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда «Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир» деб бу жиноятнинг оқибати қанча ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа ривояти).
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “жиҳод” сўзи айрим кимсалар иддао қилаётганидек “уруш” маъносини англатмайди. Араб тилида уруш бошқа сўзлар билан ифода этилади. Уруш маъносини англатиш учун, асосан, “қитол” сўзи ишлатилади. "Жиҳод" сўзининг луғавий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, маълум даврларда халқларнинг босқинчиларга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиши ҳам жиҳод дейилган. Кейинчалик ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, “жиҳод” кўпроқ қўлланиладиган бўлди.
Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишяпти. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг қони ноҳақ тўкилишига сабабчи бўлмоқда. Бунга дунёнинг турли нуқталарида “жиҳод” ёки “шаҳидлик” ниқоби остида амалга оширилаётган қўпорувчиликлар мисол бўлади. Айниқса, Афғонистон, Покистон, Сурия ва Ироқ давлатларида бўлаётган худкушликлар оқибатида бегуноҳ қариялар, аёллар ва ёш болаларнинг ўлими кўпайгани жуда ачинарли ҳолдир.
Ислом душманлари мусулмонлар ўртасида фитна чиқариш учун интернет – “ўргимчак тўри”дан жуда усталик билан фойдаланишмоқда. Биргина "Facebook" ижтимоий тармоғида турли тилларда бир қанча гуруҳлар очиб, сохта ғояларини мунтазам равишда тарқатиб, кўпайтириб боришяпти.
Террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Шу ўринда машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг террорчилар хусусида айтган қуйидаги сўзларини келтириш лозим: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”
Муқаддас Ислом динида бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Ислом дини ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар динга эътиқод қўйгани ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати