muslim.uz
Шоҳ ва шоир
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғоят мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтди, у ўн икки ёшида тахтга ўтирди. Ана шу фурсатдан бошлаб бир қўлида қалам, бир қўлида қилич ушлади, қалам ила ижод этди, қилич билан юртини қўриқлади.
У яшаган давр Мовароуннаҳр ижтимоий ҳаёти ва тарихий шароити ички низолар гирдобига тушиб қолган эди. Соҳибқирон Амир Темур барпо этган давлат эндиликда таназзулга юз тутган ва темурий ворислар мамлакатни пароканда ҳолатга келтириб қўйган эди. Бобур шундай бир пайтда Андижонда туриб, Самарқандга кўп бор интилди, унинг нияти бобоси Амир Темур салтанати соҳиби бўлиш эди. Бобур икки бора Самарқандни эгаллади, бу воқеалар 1498 ва 1500-йилларга тўғри келади. Бу орада Мовароуннаҳр ҳудудига Шайбонийхон хуружлари авж олади, бирин-кетин темурийзодалар қўл остидаги манзиллар маҳв этила бошлайди. Бобур иложсиз, хомуш ва паришон бир аҳволда она юртини тарк айлашга мажбур бўлади ва 1504 йилда аввал Ҳисор ва кейин Кобулга йўл олади. У эндиликда келажак тақдирини айни шу минтақалардан излайди, бу эса осон кечмайди, Бобур ўз лашкари билан тинимсиз изғийди, қўналға топиш мушкул эди. Бу ҳодисалар унинг ижодида ҳам ўз аксини топди:
Толеъ йўқки, жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишниким айладим, хатолиғ бўлди.
Ниҳоят, Бобур Ҳиндистон сари йўл олади. Ушбу йўл ўта хавфли ва хатарли эди:
Ўз ерни қўйиб ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.
Ҳиндистон мўъжизавий ўлка, у қадим-қадимдан кишиларни ўзига ром этиб келади, бу мафтункор ўлка Бобурни ҳам кўпдан бўён қизиқтириб келар эди. Бобур 1525 йили Ҳиндистонга лашкар тортди, унинг ҳудудларига кириб борди, жангларда ғолиб келиб бу афсонавий ўлканинг шимолий қисмларига эгалик қилди. Бобурнинг Ҳиндистондаги давлатини европаликлар “Буюк мўғул” империяси деб атай бошладилар ва бу атамани қасддан таомилга киритдилар. Европаликлар темурийларни Чингизхон (1155-1227) авлоди деб ҳисоблайди, бу ғалат талқин, чунки Бобур ўз асарларини мўғул тилида эмас, балки соф туркий, яъни ўзбек тилида яратган. Ана шу нуқтанинг ўзи европаликларнинг даъвоси мутлақо хато ва ноўрин эканлигини исботловчи катта далилдир. Бобур ва бобурийлар Ҳиндистон хўжалиги ривожида ҳамда маданияти равнақида улкан ишларни амалга оширдилар. Бобурийлар даврида Ҳиндистонда туркий тилли адабиёт вужудга келди, унинг намояндалари ижоди ўз тадқиқотчиларига мунтазир.
Бобур йирик давлат арбоби, етук саркарда бўлиш баробарида улкан адиб, ҳассос шоир, буюк олимдир. У яратган бадиий мерос ўзига хослиги билан ажралиб туради, унинг шеърияти мазмунан равон, англаш осон, унинг насри мусиқа оҳанги каби ёқимлидир. Бобурдан ўзбек тилида яратилган бир шеърий девон, “Бобурнома” (асли номи “Вақое” – “Воқеалар”), Хожа Аҳрори Вали (1404-1490)дан қилинган “Волидия” шеърий таржимаси, аруз назариясига доир “Муфассал”, Ислом рукнлари ҳақида “Мубаййин”, “Мусиқий илми”, “Ҳарб иши”, “Хатти Бобурий” асарлари етиб келган. Унинг “Мусиқий илми”, “Ҳарб иши” асарлари етиб келмаган ва “Хатти Бобурий” алифбоси ҳаётда татбиқ этилмаган. Бобур шеърларида аксар унинг ўз ҳаёти лавҳаларига ва лаҳзаларига ишоралар сезиларли даражада баён этилади:
Кўнгли тилаган муродға етса киши,
Ё барча муродларни тарк этса киши.
* * *
Чархнинг мен кўрмаган жавру жафоси қолдиму?
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?
Бобурнинг бошидан кечирган воқеалар тизими акс эттирилган “Бобурнома” асари ўзбек насрининг бебаҳо бадиий обидасидир. Шоир “Бобурнома” мазмуни нималардан иборат эканини бир рубоийсида эслатиб ўтади:
Бу оламаро ажаб аламлар кўрдим,
Олам элидин турфа ситамлар кўрдим.
Ҳар ким бу “Вақое”ни ўқур,билгайким,
Не ранжу не меҳнату не ғамлар кўрдим.
“Бобурнома”да, асосан, Бобур кўрган-кечирганларини ёзади, билганларини баён этади, натижада ўша давр табиати, набототи, ҳайвоноти, кишилар тақдири ҳақида тўкис тасаввур беради. Бобур воқеаларни холисона ёритади, тарихий шахсга муносабатда, улар тасвирида бу яққол кўзга ташланади. “Бобурнома”да воқеалар тасвири жараёнида халқ мақолларига, таъбирларига мурожаат қилишлар тез-тез учраб туради. Бобур бу билан ўзбек тилининг бойлигини кўрсатиб, ўзбек тилининг донишманди ва иштиёқманди эканини намоён этади.
Бобур эзгулик ва яхшилик ғояларини ўз асарларида баён этди, инсон ҳаёти давомида яхшиликка интилади, бу унга болаликдан ўргатилади. Инсон эзгулик қилиш учун дунёга келади, умри давомида яхшилик қидиради, бошқаларга ҳам худди шуни раво кўради. Бобурнинг қарийб мадҳияга айланиб кетган бир рубоийсида бу ҳолат ўзининг чинакам тажассумини топган:
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидир.
Яхши киши кўрмагай ёмонлиғ ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидир.
Бобур васиятига биноан унинг хоки Аградан Кобулга кўчирилади, боиси Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигорхоним 1505 йили Кобулда вафот этиб, шу ерда дафн этилган эди. Бобур ўзини онасининг ёнида дафн этилишини истайди ва шунга кўра унинг хоки олти ойдан сўнг Кобулга олиб келиб дафн этилади. Бобур дафн этилган жой ҳозирда Кобулда “Боғи Бобур” деб юритилади ва шаҳар аҳолиси Наврўз сайлини айни шу боғдан бошлайди. Бу афғон халқининг Мирзо Бобурга бўлган эътибори, эъзози ва эҳтироми рамзидир. Қолаверса, Кобул Бобурнинг Афғонистондаги давлатининг пойтахти эди. Афғонистон ўзбек халқи учун ҳам муқаддас замин. Зеро, ўзбек халқининг буюк фарзандлари Абу Райҳон Беруний (973-1048), Атоий, Лутфий, Алишер Навоий (1441-1501) ҳамда Ҳусайн Бойқаро (1438-1506) хоки Ғазна, Балх ва Ҳиротдадир. Айни замонда, бу улуғ алломаларнинг қабрлари афғон халқи учун муқаддас зиёратгоҳ ҳисобланади.
Бобоназар МУРТАЗОЕВ,
филология фанлари номзоди, доцент,
Анвар ОМОНТУРДИЕВ,
филология фанлари доктори,
Термиз ДУ профессори
“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили амалга оширилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Маҳалла тизими жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади. Охирги уч йилда уни ривожлантириш борасида қатор амалий ишлар амалга оширилди.
Хусусан, маҳалла институтига оид 38 та қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, 50 дан ортиғи такомиллаштирилди. Жамият ҳаётида жонбозлик кўрсатган соҳа ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг ўзида 1,5 баробарга оширилди.
Сўнгги уч йилда 624 та маҳалла идораси янгидан қурилди, 2 минг 265 таси реконструкция қилинди ва таъмирланди. 102 та туман ва шаҳар марказида “Маҳалла маркази” мажмуалари барпо этилди. Ҳар бир фуқаролар йиғинида “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари, 4 мингдан зиёд маҳалла биноларида кутубхоналар ташкил қилинди.
Маҳалла фаолларининг масъул ташкилотлар ва профилактика инспекторлари билан ҳамкорлигида охирги уч йилда 87 мингга яқин кам таъминланган оила эҳтиёжмандлик даражасидан чиқарилди.
Президентимиз маҳалла тизимидан халқ ҳам, давлат ҳам тўла рози эмаслигини, бу соҳада камчилик ва долзарб масалалар кўплигини таъкидлади.
Хусусан, маҳаллаларда 18 мингдан ортиқ ходим фаолият кўрсатиб келаётган бўлса-да, уларнинг иши самарали ташкил этилмаган. Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизим йўлга қўйилмаган. Оқибатда айрим маҳаллаларда нотинч оилалар, ҳуқуқбузарликлар кўпайган. Шунингдек, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари учраётгани жуда ачинарли.
Йиғилишда оилавий ажримлар, ёшлар саломатлиги, эрта туғруқлар, маънавий-ахлоқий тарбия билан боғлиқ муаммолар кўрсатиб ўтилди.
– “Оила – муқаддас” деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиб, минг йиллик миллий қадриятларимиз завол топар экан, бу каби оғриқли ҳолатларни камайтириб бўлмайди. Бунинг учун маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак. Чунки фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз, агар истаса, жамоатчилик билан биргаликда ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, хато қилган ёшларни тўғри йўлга солишга қодир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда маҳаллаларнинг ўзида ҳам қатор муаммолар борлиги қайд этилиб, уларни қўллаб-қувватлаш, маҳалла идораларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Масалан, бугунги кунда 1 минг 234 та фуқаролар йиғини турли ташкилотлар ёки тадбиркорларга тегишли биноларда жойлашган. Яна мингдан зиёди ижтимоий муассасаларда, 78 таси қўшни маҳалла йиғинлари биноларида фаолият кўрсатмоқда, 48 та маҳалла биноси авария ҳолатида. Маҳалла бинолари учун коммунал тўловларни тўлаш бўйича мақбул ва ягона тартиб ишлаб чиқилмаган.
Маҳалла тизимида кадрлар қўнимсизлиги одатий ҳолга айланган. Маҳалла ходимларини уларга боғлиқ бўлмаган ишлар, йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилиш тақиқланган бўлса-да, бу борада сезиларли ўзгариш бўлмаяпти.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари зиммасига 200 дан ортиқ вазифа юкланган. Лекин бор-йўғи 2 та штат бирлиги билан шунча вазифани бажариш мумкинми, деб ўйлаб кўрилмаган. Ҳеч бир ҳоким ёки кенгаш маҳаллалар фаолиятининг самарадорлигини ошириш масаласини муҳокама қилмаган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга яқинда йўллаган Мурожаатномасида маҳалла тизимини ўзгартириш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этиш зарурлиги тўғрисида фикр билдирган эди.
Видеоселектор йиғилишида ана шу тамойилни амалга ошириш, маҳалла тизимини ислоҳ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш шартлигини таъкидлади. Ушбу улкан соҳага масъул алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Қайд этилганидек, янги вазирлик маҳалладан тортиб республика даражасигача 40 мингдан ортиқ ходимни бирлаштиради ва уларнинг “бир ёқадан бош чиқариб”, ягона мақсад йўлида фаолият кўрсатишларини таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, жойларда муаммоларни ҳал қилишнинг яхлит ва таъсирчан вертикал тизими яратилади.
Вазирнинг биринчи ўринбосари оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалаларга масъул этиб белгиланади. Вазирнинг яна бир ўринбосари кексаларни ижтимоий рағбатлантириш, ёшларда ватанпарварликни мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланади. Оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш, томорқа ва ободонлаштириш, экология, бандликка кўмаклашиш масалаларига масъул ўринбосар лавозими жорий этилади.
Вазир – “Маҳалла” жамғармасига, вазирнинг биринчи ўринбосари – “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” жамоат фондига, Кексалар ва фахрийлар бўйича ўринбосар “Нуроний” жамғармасига раисликни ҳам бажаради.
Вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари ҳоким ўринбосари ҳисобланади. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ҳудудлардаги ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари даражасига кўтарилади. Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан узвий ҳамкорликда ишлайди.
Янги тузилмада хотин-қизлар билан ишлашга устувор аҳамият қаратилади. Шу вақтга қадар хотин-қизлар қўмиталарида, маҳаллаларда меҳнат қилиб келган аёллар тузилмада фаолиятини давом эттиради, уларнинг мавқеи, моддий шарт-шароитлари ва иш ҳақи ҳам сезиларли оширилади.
Маҳалла раисининг ваколат муддати уч йилдан беш йилга ўзгартирилади. Унинг уч нафар ўринбосари лавозими жорий этилади. Профилактика инспектори эндиликда маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлайди. У ҳам 5 йил муддатга тайинланади.
Маҳаллалардаги турли йўналишлар бўйича ташкил этилган, бироқ кутилган самарани бермай келаётган 12 та жамоатчилик комиссия ва тузилмалари ҳам оптималлаштирилади.
Йиғилишда маҳалла институтининг иқтисодий-молиявий асосларини кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Жорий йил 1 мартдан маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ойлик иш ҳақи ўртача 1,35 бараварга оширилиши бегиланди.
Маҳалла ходимлари ҳамда профилактика инспекторлари фаолиятини баҳолашнинг ягона мезони ишлаб чиқилади ва самарадорлик рейтинги жорий қилинади. Барчага ўрнак бўладиган маҳаллалар аниқланиб, муносиб рағбатлантириб борилади.
“Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳунармандчилик” дастурлари доирасида маҳаллаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун арзон кредит маблағлари ажратилади. Бу маблағлар ҳисобига сартарошхона, новвойхона, шунингдек, ҳунармандчилик, тикув, қандолатчилик цехлари, оталар чойхонаси, гузар масканлари ташкил этилади.
Молия вазирлигига маҳаллаларни қўллаб-қувватлашнинг иқтисодий-молиявий асосларини пухта ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Мутасадди вазирлик ва идораларга маҳаллаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар фаолиятига замонавий ахборот ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари эндиликда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини амалиётга жорий этиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва осойишталикни таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, ер участкаларини ноқонуний эгаллашнинг олдини олиш, ҳудудни ободонлаштириш каби масалалар билан шуғулланиши таъкидланди.
Фуқаролар йиғинларининг фаолиятига хос бўлмаган 50 дан ортиқ вазифа бекор қилиниши, профилактика инспекторларига юклатилган ортиқча топшириқлар ҳам кескин қисқартирилиши белгиланди. Маҳалла раисига қўшимча ҳуқуқлар берилиб, мақоми ва обрўси кучайтирилиши қайд этилди.
Мутасаддиларга “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизимни жорий этиш, маҳаллага ва қадриятларимизга ҳурмат туйғусини шакллантирадиган саҳна асарлари ва бадиий фильмлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича таъсирчан тизимни шакллантириш мақсадида профилактика инспектори кўриб чиқадиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар сонини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Ички ишлар вазирлигига профилактика инспекторларига яратилган шароитларни ўрганиб, таянч пунктларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш вазифаси қўйилди. Шу билан бирга, профилактика инспекторлари фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, бу вазифага муносиб ходимларни қўйиш бўйича топшириқ берилди.
Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фуқаролар йиғинлари комплексларини қуриш, бўш турган биноларга маҳалла идораларини жойлаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Маҳаллаларда аҳиллик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик туйғуларини кучайтиришда кексалар тажрибасидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Маҳалла ва оила масалалари бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда амалиётга жорий этиш мақсадида “Оила” ва “Маҳалла зиёси” марказлари негизида “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллалар миллий менталитетимиз кўзгуси эканини, жамият ҳаётида катта ўрин тутишини таъкидлар экан, Наврўз байрамига ҳамоҳанг тарзда 22 март санасини “Маҳалла тизими ходимлари куни” деб эълон қилишни таклиф этди.
Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди, нуронийлар ва фаоллар фикр билдирди.
Манба: https://president.uz
Самарқандда Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган тарғибот тадбирлари бошланди
Шонли тарихимиздан маълумки, Мовароуннаҳрдан нафақат ислом цивилизацияси, балки жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб буюк шахслар етишиб чиққан ва самарали ижод қилган. Ана шундай алломалардан бири буюк мутафаккир, калом илмининг асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Аввал хабар берилганидек, Аллома таваллудининг 1150 йиллиги муносабати билан жорий йил 3-5 март кунлари Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро анжуман ўтказилиши режалаштирилган. Айни кунларда вилоятда мазкур анжуманга қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ва вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамкорлигида Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси тарғиботига бағишланган “ҳафталик” тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳафталик доирасида Самарқанддаги таълим муассасалари ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, унда Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси хусусида маърузалар қилинади. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан мутакаллимнинг хориждан олиб келинган асарлари тақдимоти ўтказилади.
Дастлабки тарғибот тадбири 11 февраль куни Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди, дея хабар бермоқда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати.
Истиқлол йилларида миллий қадрият, урф-одат ва анъаналаримизни тиклаш, улуғ алломалар меросини ўрганиш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, сўнгги йилларда бу борадаги ишлар кўлами янада кенг қулоч ёйди. Юртимиздаги муқаддас қадамжолар таъмирланиб, ободонлаштирилмоқда. Янги илмий-тадқиқот муассасалари очилиб, мутафаккир алломларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бунда албатта, республика ва халқаро даражадаги илмий-амалий семинарлар ва конференциялар алоҳида аҳамият касб этади. Айни жиҳатлар тадбирда сўзга чиққанлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
– Марказнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари натижасида 2019 йилда Миср Араб республикасидан Аллома қаламига мансуб қатор асарлар, яқинда эса, Туркиянинг Мармара университети Илоҳиёт факультетидан 18 жилдик “Таъвилотул Қуръон” асарининг турк тилидаги таржимаси олиб келинди. Бугунги тадбирда мазкур асарлар ва Марказ илмий ходимлари томонидан«Жаҳолатга қарши-маърифат» рукни остида нашр этилган“Самарқандлик алломалар”, “Алоуддин ал-Усмандий ас-Самарқандий”, “Иброҳим Саффор Бухорий”, “Имом Бухорий мажмуаси китоб-альбоми”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони” номли китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди. Тарғибот тадбирлари доирасида Марказ томонидан нашр этилган китоблар ҳадя қилинади. Мазкур асарлар орқали халқимиз, ёшлар ва илмий жамоатчилик вакиллари юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир ва алломлар ҳаёти ва илмий мероси, маърифий исломнинг асл инсонпарварлик тамойиллари ҳақида атрофлича маълумотларга эга бўлишади. Шу ўринда айтиш жоиз, айни кунларда Марказ илмий ходимлари томонидан Имом Мотуридийнинг “Таъвилотул Қуръон” асарини араб тилидан ўзбек тилига таржима қилиш ишлари олиб борилмоқда. Таржима ишлари якунлангач мазкур асар ҳам замонавий китоб ҳолида нашр этилиб китобхонлар оммасига тақдим этилади, дейди – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов.
Тадбирда шунингдек, жорий йилнинг март ойида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро анжуман ва унга тайёргарлик жараёнлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Конференция мотуридийлик таълимотининг туб мазмун-моҳиятини очиб бериш, Имом Мотуридий меросини ўрганиш ва унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати
Тасаввуфда йўл олиш одоб билан амалга ошади
Нақшбандий тарбия йўлининг буюклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган ҳам ботиний ҳам зоҳирий одобларга маҳкам боғланганлар.
Сайру сулук асносидаги суҳбат, вирд, хатм ва бошқа зикрлар зоҳирий одобларни ўз ичига олади.
Қалбнинг ғафлат ва ёвузликлардан покланиши, нафснинг тарбия қилиниши ва руҳнинг илоҳий ҳузурга юксалтирувчи ҳоли ботиний одоблар ичига киради.
Одоб – ҳар нарсанинг керагича ва етарли бўлишидир. Бунинг йўлида барча фикр ва феълларда одоб намунаси Пайғамбарларнинг имоми ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тобеъ бўлишдир.
Буюк валий Сирис-Сақотий қаддасаллоҳу сирроҳу “Одоб ақлнинг таржимонидир”, деганлар. Демак, ҳамма одоби қадар ақлли, ақли қадар шарафли, шарафи қадар қийматлидир.
Одобига риоя қилинмаган ҳар қандай иш кўб бўлса ҳам асло фойда бермайди. Инсон бир ишни усулига риоя қилмаган ҳолда қилса, у ишга умрини берган бўлса ҳам хайрли бир натижа ололмайди.
Аллоҳнинг ер юзидаги шоҳиди ва халифаси бўлган орифларга ҳурмат қалбдаги тақводан дарак беради. Уларга нисбатан одобини сақламаган кимсанинг тасаввуф йўлида ҳеч қандай насибаси бўлмайди.
Орифлар “Аввал усул, сўнг вусул” деганлар. Яъни, мақсадига етишни хоҳлаган кимса, аввало, у ишининг қоидасига кўра йўлга чиқса, мақсадига эришади, бўлмаса йўлда қолиб кетади.
Буюк олим Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Бизлар яна ҳам кўп илмга эмас, балки, яна ҳам кўп одобга муҳтожмиз”, деганлар.
Ҳақ йўлига кирган толиб учун асосий сармоя одобдир. Одоби бўлмаганнинг Аллоҳ йўлида қозонадиган ҳеч вақоси йўқ.
"Буюк ориф Имом Ғаззолий қаддасаллоҳу сирроҳу тасаввуф йўлининг қоида ва одоблари ҳақида “Равзатут-Толибийн” номли асарида шундай дейди:
“Банда билан улуғ Аллоҳ ўртасидаги ишлар кўпинча уч соҳада амалга ошади. Булар: ёрдам сўраш, ғайрат ва одобдир. Ёрдам сўраш бандадан, тавбасини қабул қилиш эса улуғ Аллоҳдандир. Ғайрат бандадан, муваффақиятга эриштириш эса улуғ Аллоҳдандир. Одоб бандадан, икром ва эҳсонлар Аллоҳдандир.
Ким солиҳларнинг одоби билан одобланса, у кароматга ва илоҳий эҳсонларга эришади. Ким авлиёнинг одоби билан одобланса, у илоҳий яқинликка олинади. Ким содиқларнинг одоби билан одобланса, у мушоҳадага эришади. Ким пайғамбарларнинг одоби билан одобланса, унга унсият (алоҳида муҳаббат ва дўстлик) неъмати бахш этилади. Ким одобдан маҳрум бўлса, барча хайрлардан маҳрум қолади.
Комил муршидларнинг амрларига бўйсунмаган ва одобларига рози бўлмаган кимса ёлғиз ўзи Қуръон ва суннат билан ҳақиқий одобга эга бўлолмайди.
Тарбия йўлининг бошидаги кимсаларга керакли одобни сақлай олмаган кимса қандай қилиб тарбиянинг охирига келган, юксак мақом эгаси –валийларнинг мақомларига етганини иддао қилади?!”.
Одоб қалбда, сўзда ва феълда бўлади.
Қалбнинг одоби ният, ихлос ва самимиятдадир. Буларнинг натижаси Аллоҳ учун севмоқ, Аллоҳ учун бермоқ, Аллоҳ учун ёмонламоқ ва Аллоҳ учун ман этмоқдир. Бу ҳол иймоннинг энг юксак чўққисидир ва комил инсон бўлишнинг аломатидир. У Аллоҳ таолонинг севган бандаларига
бир туҳфасидир. Буюклар бу аҳлоқнинг эҳсон мартабаси бўлгани ва унинг вужудга фақатгина зоти зикр соясида жойлашишини белгилаб ўтганлар.
Зоти зикр бу ҳар жойда, ҳар ишда, ҳар қандай ҳолатда руҳ, сир ва бошқа латоифлар билан Аллоҳ таолони зикр қилишдан иборатдир.
Ғавс Билвонисий Саййид Абдулҳаким Ҳусайний қаддасаллоҳу сирроҳу зикр ва одоб ҳақидаги бир суҳбатида шундай деганлар:
“Қаранг, бу миллатнинг бошига нимаики келса, ғафлатдан келди. Шоҳи Хазна қаддасаллоҳу сирроҳу: “Ғафлатчалик ҳеч бир ёмон ҳол йўқдир”, деди. Кимнинг бошига нимаики келса, нафснинг ҳийлаларидан ғофил бўлгани учун келган. Бир киши ўз кучи билан ғафлатни тарк этолмаса, одобга йўналсин. Шундайки, Раббим мени ҳар он, ҳар жойда мени кўрябди, деб ўйласин ва нафсини қийнасин. Очиқ ва махфий одобларга бош эгиш билан инсоннинг қалби уйғонади. Шундай қилиб ғафлат йўқ бўлади”.
Сўзнинг одоби мақомга мос сўзлашдир. Ҳар мақом ўзгача шакл
ва тавр (тур, илмаҳилик) талаб қилади. Ҳар сўз ўрнида, вақтида, етарлича сўзлансагина қийматли ва таъсирли бўлади. Сўз эҳтиёж қадар сарф қилиниши керак. Сўзда ёлғон ва сохталик бўлмаслиги керак. Сўз эгасининг сўзи билан ўзи, ичи билан ташқариси бир хил бўлиши керак. Муршид
ва мўъминларга самимият фақатгина шу ҳолда бўлиши мумкин.
Феълнинг одоби – мақомига мос хатти-ҳаракатда бўлиш.
Ҳар шахснинг, ҳар мақомнинг, ҳар ибодат ва тоатнинг ўзига хос одоби бордир. Барча одоблар суннати санийяда ўргатилгандир. Одоб Ҳаққа
ва халққа нисбатан қандай муомала қилишни билишдир. Қисқа қилиб айтганда, одоб гўзал аҳлоқдир. Бу одобларни бирма-бир ўрганиш ва имкон маҳал амалда кўрсатиш керак.
Илм одоб билан гўзал бўлади. Ҳақ йўлчиси фақатгина одоб билан йўлга чиқа олади. Зикр одоб билан фойда беради. Ибодат одоб билан қилинса, Аллоҳга юксалади. Тавба одоб билан қабул этилади. Мана шу сабабдан Аллоҳ дўстлари талабаларидан ҳар бир ишда одоб талаб қилиб, одоб кутади. Тасаввуф йўлида барча манзил ва мақомларда инсоннинг олдига ягона лавҳа чиқади”.
ҲУСАЙН ҲАМДАМОВ
Мир Араб олий мадрасаси проректори
(Саййид Соқий Эролнинг “Орифлар йўлининг одоблари” китобидан таржима қилинди)
“Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг”
Аллоҳ таоло биз бандаларига ато этган кўплаб неъматлари орасида фарзанд неъмати ҳам бор.
Баъзи оилаларда узоқ йиллар тирноққа зор бўлинади. Эр-хотин сабр қилиб яшайдилар. Ҳатто 10-15 йил фарзанд неъматини кутиб яшаб, охирида орзулари рўёбга чиқадиган оилалар ҳам бор.
Фарзанд дунёга келгач, ота-она, бобо-бувилар қалби қувончга тўлади. Чақалоқ йиғласа юпатишга, ухласа тинчланишга, кулса бирга кулишга тушишади. Ҳамма уни эркалайди, унинг ўйинлари, табассумларини кўргиси келади.
Афсуски, кейинги пайтда янги туғилган чақалоғини турли жойларга ташлаб кетадиган кимсалар кўпайди. Кимдир никоҳсиз ҳомиладор бўлиб қолгани учун чақалоғини ташлаб кетса, кимдир етишмовчилик ваҳимасидан ўз боласидан воз кечишни раво кўрмоқда.
Бири ҳожатхонага ташлаб кетса, бошқаси ахлатга ташлаб кетяпти, айримлари эса ўз боласини пулга сотиб юбориши ҳам қулоққа чалиняпти.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда янги туғилган чақалоқнинг анҳорга ташлаб кетилгани ҳақида хабар тарқалди.
Чақалоқни ким ташлаган? Туққан аёлми? Ёки аёлни кимдир мажбур қилганми? Балки камбағаллик сабабли ташладимикан? Ким ташлаганидан қатъи назар, бу иш нақадар жирканч, катта мусибат!
Бу қанақаси бўлди?! Халқимизга нима бўляпти?!
Аёллардаги ҳаё, уят ҳисси қаёққа йўқолди?!
Эркаклардаги орият, ҳамият қаерларга кетди?!
Ёки боласидан очлик, фақирлик туфайли воз кечган бўлса, ризқни берувчи Аллоҳ таолонинг Ўзи эканини, уларга шунча йил ризқ бераётган Зот янги туғилган чақалоққа ҳам ризқ беришини наҳот билмасалар?!
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ إِلاَّ عَلَى اللّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُّبِينٍ
“Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (Ҳуд сураси, 6-оят)
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деб марҳамат қилган:
وَلاَ تَقْتُلُواْ أَوْلادَكُمْ خَشْيَةَ إِمْلاقٍ نَّحْنُ نَرْزُقُهُمْ وَإِيَّاكُم إنَّ قَتْلَهُمْ كَانَ خِطْءاً كَبِيراً
“Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир”. (Жоҳилият даврида арабларда фақирлик ва очликдан қўрқиб фарзандни тириклай кўмиб юбориш одати бор эди) (Исро сураси, 31-оят)
Ахир бу халқ Ақида бўйича дунёга устозлик қилаётган Мотуридий, Насафий, Фиқҳ бўйича мударрислик қилаётган Марғиноний, Ҳадис бўйича пешқадамликда бўлиб келаётган Бухорий, Термизий, тасаввуфда Нақшбанд сингари алломаларнинг бешигини тебратган эди-ку!
Ахир бу халқ қайнотаси кирганда ўлим тўшагида ётган бўлса ҳам ўрнидан туриб, рўмолини ўрашга уринган Кумушларни тарбия қилган эди-ку!
Совуқ уруш даврида, бир бурда нонга зор бўлинган вақтларда ўзининг 5-6 нафар боласининг ёнига етим қолган 10 дан зиёд болаларни ўз бағрига олган халқ эдик-ку?
Ахир бизнинг мастура, ҳаёли момоларимизнинг жуфту ҳалоллари урушда ҳалок бўлиб, 18-20 ёшларидаёқ эрдан бева қолган бўлсалар ҳам бошқа турмушга чиқиш у ёқда турсин, турмушга чиқишни ўйлаб ҳам кўрмай, умрбод ёрига вафодор бўлиб яшаб ўтишган эди-ку!
Ахир бизнинг боболаримиз белларидаги белбоғларини бегоналар остонасида ечмаган, номаҳрамларнинг қўлини ушлаш у ёқда турсин, уларга суқланиб қарамаган мард, ориятли, садоқатли эркаклар бўлишган эди-ку!
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَإِذَا الْمَوْؤُودَةُ سُئِلَتْ بِأَيِّ ذَنبٍ قُتِلَتْ
“Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса. У нима гуноҳ учун ўлдирилган?” (Таквир сураси, 8-9-оятлар)
Қиёмат куни ўлдирилаётган чақалоқлардан қайси гуноҳи учун ўлдирилгани сўралганда, уларни ташлаб кетаётган онаси, шунга мажбур қилаётган отаси Аллоҳ таолога нима деб жавоб беради?!
Бундай нобакорликларнинг сабаби нима деб ўйлайсиз? Жамиятда қандай бош кўтариб юраман деган қўрқувми? Ота-онамга нима дейман деган фикрми? Нима бўлганда ҳам бундай жирканч ишни амалга оширишга сабаб Динни билмаслик, илмсизлик, оилада Исломий тарбиянинг йўқли, инсонпарварлик қадриятларидан узоқликдир!
Дўконларда диний-маърий китобларимиз кўп. Аммо уларни сотиб олиб, ўқийдиганлар кам. Ўша китоблардаги илмни уйида татбиқ этадиганлар оз. Улфатлар билан ош ейиш учун бир ўтиришда беш-олтита китоб пулини ишлатишни биламиз. Аммо боламизнинг тарбиясига зарур бўлган китобни олишга келганда, ўша китоб қимматдек туюлади ёки пулимизни қизғонамиз.
Фарзандларимизга гўдаклик пайтларидан бошлаб, аждодларимиз мероси асосида таълим-тарбияга жиддий эътибор қаратмас эканмиз, бошимиз ташвишлардан чиқмай қолаверади.
Нозимжон Иминжонов