muslim.uz

muslim.uz

Президентимиз Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида барча соҳалар, айниқса, коррупциянинг илдизига болта уриш, уни бутунлай йўқ қилиш борасида янги ташаббусни илгари суриб: “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “Ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Лекин ўша вакцинани қаердан оламиз”, деган саволни ўртага ташлади.

Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди. Ҳорис Муҳасибий ёшлик пайтларида хурмо сотадиган киши олдида ўйнаётган болаларнинг ўйинларини томоша қилиб турардилар. Бир пайт хурмо сотадиган киши қўлида бир қанча хурмо олиб чиқиб, Ҳорис Муҳасибийга: “Бу хурмолардан егин”, - деди. Шунда У зот: “Бу хурмоларни қаердан олдингиз?”- дедилар. Хурмо сотувчи: “Ҳозир бир кишига хурмо сотгандим, унинг хурмосидан тушиб қолди, шу хурмодан”, - деб жавоб берди. Ҳорис Муҳасибий: “У кишини танийсизми?” - деб сўрадилар. У киши “Ҳа”, - деди. Ҳорис Муҳасибий болаларга қараб: “Бу киши мусулмонми?” - дедилар. Болалар: “Ҳа”, - дейишди. Шунда Муҳасибий тез-тез юриб кетдилар. Хурмо сотувчи у зотнинг орқаларидан бориб маҳкам ушлаб: “Аллоҳга қасамки, нима демоқчи эканлигингни айтмагунингча, сени қўйиб юбормайман”, - деди. У зот: “Агар мусулмон бўлсангиз, хурмонинг эгасини топиб, уни рози қилиб қўйинг. Ўзингиз мусулмон бўлиб туриб, мусулмон болаларнинг луқмасини ҳаром билан таомлантирасизми?” Бу гапни эшитган хурмо сотувчи: “Аллоҳга қасамки, бундан буён тижорат қилмайман”, - деди.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, биз болаларимизга ёшлик чоғиданоқ ҳалоллик борасидаги тарбияни уларнинг онгига сингдира олишимиз керак. Шундагина биз юртбошимиз таъкидлаган даража эришак ажабмас.

 

Камолиддин АКБАРОВ,
Қўштепа тумани “Қорашбува” масжиди имом-хатиби

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

Умр бўйи дунёга эришиш учун курашилади, елиб-югурилади. Охирида ўша инсонга дунёдан фақат қабр насиб этади.

Эй Роббим, дунёни энг катта ғамимиз, орзуйимиз қилиб қўймагин ва хотимамизни чиройли қилгин!

*****

Тақводор – шаҳватлари йўқ одам эмас.

Саховатли – пулни ёмон кўрадиган одам эмас.

Энг аълочи ўқувчи – ўқишни яхши кўрадиган одам эмас.

Мазкурлар ҳавои нафсларига қарши қувват билан туриб бераётган кишилардир. Шунинг учун ҳам энг катта жиҳод нафсга қарши қилинган жиҳоддир дейилади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Сенинг чинакам эркаклигинг намозингни қандай ўқишинг билан маълум бўлади. Атрофингда аёлларнинг кўплиги билан эмас.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Луқмани аёлингнинг оғзига солиб қўйишинг, унга лутф ила муомала қилишинг ва юзига табассум билан боқишинг суннат амаллардандир. Садақанинг афзали кишининг ўз аёлига оғзига солиб қўйган луқмасидир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Онам бизга доим шундай дердилар “Отангиз ишдан уйга келганларида у кишини табассум билан кутиб олинглар. Чунки улар чарчаб келишади”.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Диндорлик ҳаромдан узоқлашишдир, ҳаётдан эмас.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ғийбатни тўхтатинг!

— Оғайни, бўлди, ғийбатни бас қилайлик!

— Йўқ нарсани айтмаяпмиз. Қилган ишини айтяпмиз. Ўзи шу ерда бўлганда ҳам юзига айтардим.

— Бор айбини ўша инсон йўқлигида гапириш ғайбат бўлади. Агар йўқ айбини гапирганингда бўҳтон қилган бўлардинг. Ўзи билан холи турганингда айтиб, ислоҳ қилишинг керак эди. Йўқлигида гапиряпсанми, демак, ғийбат қиляпсан. Агар у ҳақида, умуман, ўзи йўқ кишиларнинг айбларини гапиришни бас қилмасанг, мен сен билан ўтирмайман.

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Вівторок, 11 февраль 2020 00:00

Мазҳабга эргашиш вожиб амал

Aввало “мазҳаб” сўзига таъриф берсак мақсадга мувофиқ бўлади. “Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини У Зот алайҳиссаломнинг ўзлари кўрсатар эдилар. Саҳобаи киромлар эса, У Зот алайҳиссаломдан содир бўлган ҳар бир гап ва ишларни катта эътибор билан қабул қилиб, ўз ҳаётларига тадбиқ қилардилар.

Aста-секин мусулмонларнинг сафи кенгайиб, ислом дини бошқа ўлкаларга ҳатто араб бўлмаган диёрларга ҳам етиб борди. Натижада, шариат ҳукмларини яхши ўрганган инсонларни кўмагига эҳтиёж сезилди. Бунга мисол қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманликларга ислом дини аҳкомларини ўргатиш учун юборганликларини келтириш мумкин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин шариатга боғлиқ барча масалалар саҳобалардан сўралди. Ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар аввал мусулмон бўлган саҳобалардан ўзлари тушунмаган турли масалалар ечимини сўрардилар.

Имом ибн Aҳмад аш-Шаъроний ўзларининг “Aл-Мийзан аш-шаърония” асарларида мазҳаблар ҳақида қуйидаги фикрларни зикр қилган. “Aслида саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳабларнинг сони ўн саккизта бўлган. Уларнинг барчаси ўз вақтида амалда бўлган. Лекин вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари ажралиб чиқди. Мазкур тўрт мазҳабнинг сақланиб қолишининг асосий омили бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир”.

Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган.

Aфсуслар бўлсинки, мана шундай бутун уммат эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, ўзларича бир нечта ҳадисни маъносини билиб олиб: “Мен ўзим Қуръон ва ҳадисдан ҳукм оламан, мен мазҳабга эргашмайман, мен ҳадисга амал қиламан”, - деб катта даъво ва хато қилмоқдалар. Билмайдиларки, ҳадис илмининг султонлари бўлган ва минглаб ҳадисларни ўрганиб, уларни жамлаб, ҳадис китобларини ёзган буюк муҳаддислар ҳам мазҳабда юрганлар. Хатоларининг асосий сабаби – улар мазҳаб ўзи нима, мазҳаб асосчилари қанақа мартабадаги зотлар эканини билмасликларидир.

Aллома Aбдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шох Валийюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Aбу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи-Мукаррама ва Мадинаи-Мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг диёримизда фақатгина Aбу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Aллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар.

 Ҳошимжон ЭРГАШЕВ,
Бувайда тумани ”Пошшопирим” масжиди имом-хатиби

 

Вівторок, 11 февраль 2020 00:00

Навоийни ёд этиб

Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Хотира шундай руҳий-маънавий, инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва келажак билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир.

Жорий йилнинг 10 февраль куни Ҳадис илми мактабида улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан “Навоийни ёд этиб” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбир икки қисмда ташкил этилди. Дастлаб Мактаб мажлислар залида ўқитувчи ва талаблар учун “Навоий ижодини англаш” мавзусида илмий-маърифий давра суҳбати ташкил этилди. Илмий мажлисга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказидан директор Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Тўраев, Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи филалогия фанлар номзоди, доцент О.Рустамов, Самарқанд давлат университети 2 курс магистранти А.Собиров иштирок этди.

Тадбир аввалида мактаб ректори О.Юсупов сўзга чиқиб, республикамизда Навоий ҳазратларининг ижодини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар ва амалий ишлар, мутафаккир зотнинг таваллудига бағишлаб ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг профессор Б.Тўраев Алишер Навоийнинг “Муножаат” асарининг ёзилиш тарихи ва асарда келтирилган назмий байтларнинг мазмун-моҳияти ҳақида, доцент О.Рустамов Алишер Навоий қурдирган маърифий-маданий иншоатлар, ислом маърифатини англашда Хожа Аҳрор Вали билан мулоқотлари тўғрисида сўз юритди.

Албатта, Навоийхонлик кечаларини ғазал ва байтларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу тадбирда ташриф буюрган магистрант А.Собиров Навоий асарлардан ғазаллар ўқиб, уларни шарҳлаш асносида байтларда илгари сурилган илоҳий ишқ мавзусида илмий маъруза қилди.

Илмий-маърифий давра суҳбатидан сўнг Мактаб ошхонасида Алишер Навоийни хотирлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳамда мактаб ўқитувчи ва талаблар учун эҳсон дастурхони ташкил этилди. Тадбир якунида хатми Қуръон қилиниб, диёримизда ўтган барча алломалар, хусусан, мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратларига бахшида қилинди.

 

 

Ж.Акрамов

Ҳадис илми мактаби

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

7 февраль куни Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг навбатдан ташқари ІХ қурултойида Қозоғистоннинг Бош муфтийси сайланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистоннинг янги бош муфтийси Наврўзбай ҳожи Таған ўғлини шарафли вазифа билан қутлаб, қуйидаги табрикни йўлладилар:
Ҳурматли, Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси раиси, Бош муфтий Наврўзбай ҳожи Таған ўғли ҳазратлари!
Сизни Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий этиб тайинланганингиз билан чин қалбдан, самимий муборакбод этаман. Ушбу шарафли вазифани адо этишингизда, Аллоҳ таолодан Сизга куч-қувват ва улкан зафарлар тилайман.
Маълумки, халқларимиз азалдан бир заминда яшаб, бир дарёдан сув ичган. Оғир дамларда бир-бирига ёрдам қўлини чўзган, ҳол-аҳвол сўраган. Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда: “Ўзбек ва қозоқ бир-бирига елкадош бўлиб, аҳл-иноқ яшаб келган илдизи бир халқдир”. Бунинг ёрқин мисоли, Сиз ҳурматли Наврўзбай ҳожи Таған ўғли ҳазратларининг бизнинг заминда ўқиб, таҳсил олганингиздир.
Яратганга шукрки, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқиб, жадал ривожланиб бормоқда. Икки давлат президентларининг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.
Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани бизни янада қувонтирмоқда.
Биз дин пешволари халқларимиз орасидаги яқин қўшничилик ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга ҳамда Ислом дини маърифатини кенг ёйишга бор кучимизни сафарбар этишимиз лозим, - дейилади табрик матнида.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top