muslim.uz

muslim.uz

Субота, 13 Январь 2018 00:00

Домла Икромча

Мовароуннаҳр уламолари

Муҳаммад Икром ибн Абдуссалом Бухорий XIX аср охири – XX аср бошларида Бухоронинг кўзга кўринган зиёлиларидан бири эди. У 1855 йили Бухоронинг Галаосиё тумани Боғикалон қишлоғида дунёга келади. Бошланғич мактабдан сўнг 1860-1880 йиллари Бадалбек мадрасасида ўқийди. Қози Абдушукур ибн Абдурасул Бухорийдан таҳсил олади. Муҳаммад Икром Бухорийни замондошлари ва ундан кейингилар Домла Икромча деб аташган.

Домла Икромча Бухоронинг Пойи Остона гузарида яшаган ва мударрис, қози, судур ва муфтий сифатида танилган. Замондошлари уни: “Бухоро уламоларининг улуғи, мударрисларнинг устози” дейишган. “Тазкират аш-шуаро”да Домла Икромча Мир Араб мадрасасида, “Афзал ат-тизкор”да эса “Абдуллоҳхон” мадрасасида дарс бергани айтилган. Наманганлик шайхулислом Иноятуллоҳ Лангарий (1836-1899)1, таниқли адиб Садриддин Айний (1878-1954)2, Ўрта Ўсиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния бошқармасининг раиси, муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1860-1957)3, андижонлик таниқли уламо Ҳасанхон Махдум Восилий (1898-1979)4 кабилар Домла Икромчадан сабоқ олган.

Домла Икромча 1894-1896 йиллари бухоролик мударрис Муҳаммад Аваз Хўжандий (вафоти 1907 й.) ҳамроҳлигида ҳажга бориб қайтади. Истанбул, Бағдод, Шероз ва бошқа шаҳарларнинг ўша вақтдаги тараққиётини кўриб таъсирланади. Садриддин Айний ёзишича, у Ҳижоз сафаридан қайтиши биланоқ мадрасаларда таълимни ислоҳ этишни ёқлаб чиқади.

1896 йили Бухорога мадиналик олим Шайх Саййид Муҳаммад Али Маданий (1846-1904) келади ва Бухорода олти ой туриб қолади. Домла Икромча ундан ҳадис илми бўйича сабоқ олади.

Домла Икромча янги мактаблар очиш тарафдори экани ва уларни қўллаб тургани маълум. У кичик ўғли Абдураҳмон махдумни жадид мактабига ўқишга беради. Катта ўғли Ҳабибуллоҳ 32 ёшда бўлса ҳам, ушбу мактабда ўқитиб олади. Баъзилар жадид мактаблари ёмон деб фатво бериб турган пайтда муфтий Домла Икромча уларда ўқиш дуруст эканини тасдиқлаб, фатво чиқаради.

1910 йил 6 августда жадид мактабида ўқиётган болаларни имтиҳон қилиш, мактабларни ёпиш ёки очиқ қолдириш масаласи кўрилади. Бухоронинг каттаю кичик аҳолиси ҳозир бўлган мажлисда Домла Икромча мударрис ва талабаларга қарата: “Мен бу мактабни Ислом одобига бутунлай мувофиқ деб топдим. Диний тарбия бу мактабда эски мактаблардагидан кўп даража устун экан. Исломият нуқтаи назаридан бу хил мактабларни ривожлантириш лозим деб биламан...” дея хитоб қилади5.

Шаҳар уламолари Домла Икромчага таъна-дашномлар ёғдиради. Аслида бундай норозиликларининг сабаби Домла Икромчанинг бидъатларни қоралаб ёзган асари эди. Унда бидъатчилар танқид остига олинган эди. Асарнинг тўлиқ номи “Ийқоз анноимин ва иълом алжоҳилин” (“Ғофилларни бедор қилиш ва жоҳилларни огоҳлантириш”) бўлиб, 1911 йили Бухорода чоп этилади. Асар катта шов-шувларга сабаб бўлади. Баъзилар муаллиф фикрларига қарши чиқса-да, китоб оддий одамлар, ёшлар ва талабаларга кучли таъсир кўрсатади. У халқ орасида “Дар баёни бидъаоти машҳура” (“Машҳур бидъатлар баёни”) номи билан танилади ва халқнинг кўзи очилишига самарали таъсир қилиб, маърифатпарварларнинг бидъатларга қарши курашига яхши туртки беради. Натижада Домла Икромча 1912 йили қозилик баҳонаси билан Бухородан Пешкуга жўнатилади. Олим икки йил Пешку ва Қоракўл туманларида қози бўлади.

1917 йил апрел ойи охирларида бир неча мутаассиблар муфтийларга жадид мактаблари шаръан “жоиз эмас”лиги, жадидлар билан мулоқот қилмаслик кераклиги ҳақидаги фатвога муҳр бостириб олишади. Домла Икромча бунга қарши чиқади ва қушбегига норозилик хати ёзади. Қушбеги ва қозикалоннинг аралашуви билан ҳукумат Домла Икромчани Ғузор вилоятига қозилик қилиш баҳонасида иккинчи бор сургун қилади. Шу билан олимни жараёнлардан узоқлаштириб, таъсир кучини камайтирмоқчи бўлишади.

1918 йилнинг март-апрель ойларида бўлган воқеалардан сўнг Бухоро ҳукумати Домла Икромчани ҳибсга олади. Олимнинг уй-жойи мусодара этилиб, барча китоб ва қўлёзмалари ёндирилади.

1920 йили Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати Домла Икромчани оиласи билан бирга озод қилади. Олим Бухорога таклиф қилиниб, адлия вазирлиги нозири этиб тайинланади. 1922 йили ўлкада шаръий қозилик маҳкамаси ташкил этилади. Домла Икромча маҳкаманинг биринчи раиси бўлади. Олим 1925 йил, вафотидан бир неча ой олдин нафақага чиқади.

Домла Икромчанинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, ҳар хил бидъат- хурофотларнинг келиб чиқиш сабаблари, унинг динга, миллий-маънавий қадриятларга зарари баён этилган асарини тадқиқ ва тарғиб этиш долзарб вазифаларимиздандир.

 

Ҳамидуллоҳ АМИНОВ,

тарих фанлари номзоди

 

 

 

1Абдураҳим Муҳаммадхон ўғли. «Иноятуллоҳ Лангарий». «Ҳидоят». 2009, 3-сон. 21-б.

2 Ҳаёт Неъмати Самарқандий. «Домулло Икромчаи ҳақгў ки буд?» «Овози тожик». 2004 йил, 1 декабр. 94-сон.

3 Шамсиддинхон Бобохонов. «Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон». Тошкент, 2001. 22-б.

4 Махдум Восилий. «Марҳамат илҳомлари». Тошкент, 2002. 4-б.

5 Садриддин Айний. «Таърихи инқилоби фикрий дар Бухоро». Теҳрон. “Суруш”, 1381. 36-б.

Субота, 13 Январь 2018 00:00

Мен дуогўй мушфиқа аёл...

Оддий уй бекасиман. Мактабни тугатишим яқин қолган кезларда отажоним оғир хасталикка чалиниб қолди. Пахтада сувчи бўлиб ишлаган одамнинг топгани нима бўлади. Рўзғорга кирган уч-тўрт сўм пул ҳам дори-дармон олишга кета бошлади. Яна ўша вақтларда акам техникумда, укам “Нафис санъат” лицейида ўқийди. Ўзи етимликда ўсиб ўқий олмаганидан армонда қолган отам фарзандларининг олий даргоҳларда ўқишини астойдил орзу қилар эди. Аммо айни биз улғайган, ўқишимиз зарур бўлган чоқда касал бўлиб қолганидан жуда қаттиқ сиқилиб хижолат бўлар, бу сиқилиш эса унинг соғлигини баттар ёмонлаштирар эди.

Хуллас, отам қайдандир озгина пул топиб акамга қўшиб мени ҳам пойтахтга имтиҳон топширишга юборди. Тошкент педагогика институтига (ҳозир университет) ҳужжат топширдим. Ўша вақтларда тест тартиби жорий этилган эди. менга берилган тестларни бир зумда ечиб бўлиб, нима қилишни билмай атрофга аланглаб ўтирган эдим ёнимдаги қиз ёрдам сўради. Унга ёрдамлашиб унинг ҳам ҳамма саволларини ечдик-да биргалашиб тест саволларини топшириб чиқиб кетдик.

Институт биносидан гўёки учиб чиқдим. Ўқишга 100 фоиз қабул қилинганимга ишончим комил эди. Имтиҳондан чиқишимни кутиб ўтирган акамдан суюнчи олмоқчи бўлиб олдига югуриб бориб ҳаммасини тўлиб-тошиб айтиб берганимда акамнинг севинчдан юзи ёришиб, “Вариантни белгиладингми?” деб сўради. Шу гапни эшитиб ҳушимдан кетиб қолаёздим. Негаки, вариантни белгилаш кераклиги акам сўрагандан кейингина эсимга келган эди...

Ҳосили калом, отам бечоранинг дарди кундан кунга ортиб бораверди. Шу сабабдан яна ўқишга келишимга имкон бўлмади. Кейин турмушга чиқдим, тўртта фарзандли бўлдим. Бу орада отам ҳам қазо қилиб кетди. Аммо ҳар доим илм олишга интилиб яшадим. Янги чиққан қўлланма-китоблардан ўқиб, ундан-бундан сўраб-суриштириб, бир нималарни ўрганиб, Қуръони каримга тушиб олдим. Муқаддас Китобимизни бир неча бор хатм ҳам қилдим.

Тақдирнинг тақозоси ила уч-тўрт йил бурун турмуш ўртоғим иккимиз Истанбулга келиб қолдик. Мавлид ойи эди ўшанда. У ерда аёллар ҳам мавлид ўқигани масжидга борар экан. Ўша аёлларга қўшилиб мен ҳам бордим. Вақтлироқ бориб қолган эканмиз, токчада турган Қуръони каримни олиб ўқиб ўтирган эдим. Аёллардан бири қизиқиш билан ёнимга келиб, паст овозда ўқиётган бўлсам-да бир оз қулоқ солиб ўтирди. Сўнг “Қуръон ўқишни биласанми?” деб сўради. “Ҳа”, дедим. “Яхши”, деб қўйди.

Бир пасдан кейин мавлид бошланди. Мавлид сўнгида тиловат қилиниб дуога қўл очилди. Дуо қилиб бўлган эдик ҳамки, ҳалиги аёл минбарга чиқиб: “Азизлар, ҳозир сизга Ўзбекистондан келган меҳмонимиз Қуръони каримдан тиловат қилиб беради”, деб эълон қилди-да мени ёнига чақирди. У кўрсатган жойга ўтириб тиловат қилдим. Тиловатни якунлаганимдан сўнг масжиддаги аёлларнинг ҳаммаси келиб мен билан қучоқ очиб кўришди. Улар ҳайратланиб: “Жуда гўзал ўқидинг, раҳмат”, деб ташаккур айтишар, “Шундай ўқишни ўрганиш бизга ҳам насиб этсин”, деб дуо қилишар, “Қуръон ўқишни қаердан ўргангансан?” “Сизнинг мамлакатингизда Қуръонни ўрганиш мумкинми?” деб сўрашар эди. Ўшанда минбардан тушаётиб кошкийди ўзимнинг она Ватанимда ҳам шундай табаррук жойларда Қуръон ўқиш насиб айласа эди деб йиғладим.

Аллоҳнинг марҳаматини қарангки, Қуръон мусобақасини ўтказиш ҳақида Давлатимиз раҳбарининг ўзи ташаббус кўрсатди, Бу ишларга муфтий ҳазратлари бош бўлди. Аммо ўша, Истанбулга борган вақтимда 40 ёш остонасида эдим. Ҳозир 43 га кириб қўйдим. Ушбу танловда, афсуски, ёшим баландлиги боис қатнаша олмас эканман. Йўқса, 2000 нафардан ошган Қуръонга муҳаббатли бандалардан бири бўлиб турар эдим.

Аммо мен қатнаша олмасам ҳам дуогўйман. Бизни шундай саодатли кунларга етказган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар айтаман, диний маърифатга катта эътибор қаратаётган юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг умрига, ризқига, имонига барака тилайман, динимиз раҳнамоси муфтий ҳазратларининг илми, обрўси, эътибори бундан-да зиёда бўлишини тилаб кеча-кундуз дуолар қиламан.

Президентимиз раҳнамолигида ўтган бир йилни хаёлим тасмасида жонлантириб кўриб шунга амин бўлдимки, халқимизнинг табиатида яхши тарафга ўзгариш юз берибди. Элимизнинг Раббимизга муҳаббати янада зиёда бўлибди. Аллоҳ таоло ваъдасига мувофиқ элнинг табиатига мос йўлбошчи юборди. Иншоаллоҳ, яқин келажакда фарзандларимиз орасидан дунё илмини тебратган аждодларимиздек буюк алломалар етишиб чиқажак.

Қизманой ҲАЙИТОВА

Субота, 13 Январь 2018 00:00

Ибратли ҳикоя: Камбағаллик

Ибратли ҳикоя: Камбағаллик

...Шинамгина қаҳвахонага тушлик қилиш ва хушбўй қаҳва устида мазмунли суҳбат қуриш учун мижозлар ташриф буюрди. Уларнинг баъзилари веб-сайтларга бепул кирувчи Wi-Fi очиқ тармоғидан фойдаланишга қарор қилади. Вақт ўтиб, улар ўз реквизитлари, пароль ва шахсий маълумотларини ўзлаштирган уддабурон кибержиноятчилар қурбонига айлангани маълум бўлади. 

Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар томонидан фирибгарликнинг бу усулига «honeypot» деб ном берилган. Ушбу усулнинг моҳияти гўёки қонуний ва очиқ ижтимоий тармоқ сифатида фаолият юритувчи Wi-Fi боғланишларни яратишдан иборат. Фойдаланувчилар бу тармоққа билмай туриб уланса, жиноятчилар хакерлик ҳужумини амалга ошириб, фойдаланувчи ва "псевдо тармоқ" ўзаро алмашган барча маълумотлардан фойдаланиш имконига эга бўлади. Бундай ҳужумлар кўпинча қаҳвахона ва ресторанлар, чакана савдо шохобчалари ва аэропортларда амалга оширилади. 

Маиший ва офис техникаси, гаджет ва планшет компьютерлари сўнгги моделларининг аксариятига Wi-Fi технологияси ўрнатилган. 

Wi-Fi тармоқларини ривожлантириш бўйича «Wi-Fi Alliance» тармоқ консорциуми тахминига кўра, бу йил дунёда Wi-Fi сигналини қабул қилувчи 3 миллиарддан ортиқ мослама ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, жорий йил ўтказувчанлик қобилияти катта бўлган ва кўп сонли мижозлар уланишини таъминлайдиган 802.11ax стандартидаги янги Wi-Fi авлоди сигналини қабул қилувчи маҳсулотлар бозорга чиқарилиши кутилмоқда. 

Айни дамда Wi-Fi тармоқлари орқали амалга оширилаётган жиноятлар сони ҳам ортиб бормоқда. Бу жиноятлар орасида энг кўп тарқалгани «Sniffing»дир. Жиноятчи жамоат жойларида ҳимояланмаган Wi-Fi тармоғига уланган барча фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ва реквизитларини осонликча ўзлаштириб олиши мумкин. У қурбоннинг бошқа хизмат турлари, жумладан, банк хизмати ва онлайн-тўлов тизимига ҳам кириш имконини берувчи шахсий маълумотларини қўлга киритишга уринади. 

Жиноятчилар орасида, шунингдек, «Sidejacking» паролни бузиб очиш усули ҳам кенг тарқалган. У фойдаланувчи сессиясига уланиб олиш мақсадида маълумотлар пакетини таҳлил қилишдан иборат. 

Кибержиноятчилар қурбонига айланмаслик ва Wi-Fi тармоғига хавфсиз уланишни таъминлаш учун UZCERT компьютер ҳодисаларига чора кўриш хизмати мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган қатор муҳим қоидаларга амал қилиш лозим. 

Очиқ Wi-Fi тармоқлари бор жойда "фейк" тармоғига уланиб қолмаслик учун, биринчи навбатда, оммавий кириш нуқтаси номининг ишончлилигини текшириш зарур. Бунинг учун бино маъмуридан Wi-Fi уланиш тармоғи қандай номланишини сўраш кифоя. Оммавий Wi-Fi дан фойдаланиш жараёнида онлайн-банкинг ва онлайн-тўлов хизматлари, шунингдек, бошқа муҳим ресурсларга кирмаган маъқул. Мобиль телефон созламасида Wi-Fi тармоқларига автоматик уланиш кўзда тутилган бўлса, телефон эгаси аппарат тармоққа улангани ва шахсий маълумотларини мустақил равишда узатаётганини хаёлига ҳам келтирмаслиги мумкин. Бундан ташқари, Wi-Fi дан фойдаланадиган мосламалардаги ҳимоя дастурларини мунтазам янгилаб туриш лозим. 

Wi-Fi – истиқболли ва жадал ривожланаётган интернет-технологиялардан биридир. Оммавий Wi-Fi очиқ тармоқларидан фойдаланишда оддийгина хавфсизлик қоидаларига амал қилиш ҳар қандай кўнгилсизликларнинг олдини олишга ёрдам беради. 

 

Роман Бондарчук, ЎзА

 

Субота, 13 Январь 2018 00:00

Достоевский ва ислом

Бошқирдистон давлат университетининг рус адабиёти кафедраси доценти Валентина Борисова билан суҳбат

“Достоевский олами” ва “Ислом дунёси” тушунчаларини ёнма-ён қўйишнинг ўзиёқ Фёдор Михайловичнинг меросини “рус ғояси” деб қатъий ишонадиган, биринчи навбатда “Православликни сақлаб қолиш йўли” деб билган кишиларга кучли зарба бергандек туйилиши мумкин.  

Аммо буюк рус ёзувчиси ва мутафаккирининг тажрибаси, аён бўлишича, анча кенг бўлиб чиқмоқда. Ҳа, У Россия учун жон куйдирган ва унинг буюк мамлакатга айланишини орзу қилган эди. Ҳа, у ҳақиқий насроний бўлган. 

Шунинг билан бирга у мусулмонлар билан самимий муносабатлар ҳам ўрнатганки, ўша алоқалар унинг ҳаётида муҳим роль ўйнаган эди. Боз устига Иброҳим динининг чуқур бирдамлигидан яхши хабардор эди. Ва унинг кузатишлари бугунги кунимизда ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ.

Бу ҳақда Бошқирдистон давлат университетининг рус адабиёти кафедраси доценти Валентина Борисова билан суҳбатлашдик.

Валентина Васильевна, Сиз нима деб ўйлайсиз, Достоевскийга “асос-илдиз” ўлароқ муносабатда бўлиш қанчалик тўғри ва у Ислом динига жуда қаттиқ қизиққанми?

– Достоевскийнинг ботиний олами ўқув юртларида муҳрлаб қўйилган дарс соатлари ва ўшаларга асосланиб ўрганилаётгани, тасаввур ҳосил қилинаётганидан кўра бағоят кенг. Унинг тафаккури ҳар доим изланишда бўлган, ўтказган кунлари эса шахсий катта ҳаётий тажрибаси эди. Эслатиб ўтаман, у ўлимга маҳкум этилган чоқда, лаҳзанинг қадрини ҳис қилган, кейин эса бирданига афу этилган. Достоевский Россиянинг шафқатсиз меҳнат лагерларини биларди, ўша даҳшатнинг учоқларига тушиб қолиб хўрланганлар, ҳақоратланганлар, уларнинг вақтинчалик раҳбарлари ва ҳукмдорлари билан суҳбатлашар эди.  

У мусулмонлар билан кўп муносабатда бўлгани сабабли уларнинг таъсирида Исломга қизиқиши ўта жиддий бўлган. Шуни унутмаслик керакки, ёш Достоевский Осиёда тўққиз йил яшаган: дастлаб Омскда сургунда бўлган, кейинги тўрт йилни Семипалатинскда ўтказган. Феодор Михайлович Осиёга кейинги келганида дўстлашган инсонлар ичида унинг энг қадрдон ва яқин дўсти ўша замонларда ҳам, ҳозирги кунда ҳам ғоят машҳур шарқшунос бўлган ажойиб инсон Чўқон Чингизович Валихонов бўлган. 

У Феодор Михайловичга нисбатан ёшроқ эди. Шундай бўлса-да, ёзувчига Ислом дини ва маданияти ҳамда Шарқдаги бошқа динлар, хусусан, буддавийлик ҳақида ҳам кўп нарсаларни гапириб берган эди. Икки буюк инсоннинг самимий дўстлиги хотираси – рус ва қозоқ адабиёти классиклари – Қозоғистонда бугунги кунда ҳам шарафланади ва Семипалатинскда Достоевскийнинг адабий-мемориал музейи очилган.   

Достоевскийнинг ундан бошқа ҳам мусулмон дўстлари кўп бўлган ва у мусулмонлар билан юзма-юз суҳбатлашиш тажрибасига эга эди. Унинг  маҳкумликда ёзилган машҳур “Ўлик уйдан мактублар” романидаги деталларни эслаб кўринг.

Унда ёзувчининг доғистонлик ёшгина татар йигити, мусулмон Али билан қандай муносабат ўрнатгани, уларнинг узундан-узун суҳбатлашгани ёритилган ажойиб саҳифалари бор. Масалан, унда муаллиф (бу “икки карра муаллиф” – бир вақтнинг ўзида роман ёзувчиси ва ҳикоя қилиб берувчи) ҳикояда Алини ўзида мавжуд бўлган Инжилдан фойдаланиб русча ўқишни ва ёзишни ўргатган.

Достоевский ёш мусулмонга фақат ўқитувчилик вазифасини бажариш билан чекланмаган, шунингдек, у ўзига хос равишда православ динига тарғиб этувчи “миссионерлик” ёки “воизлик” вазифасини ҳам бажаргани тўғрисида ҳайратланарли фактлар мавжуд. Аммо унинг ўзи ҳам Алидан кўп нарсаларни ўрганган.

Мана, Достоевскийнинг Исо алайҳиссалом ҳақидаги ҳикоясини эшитган Али нима деб хитоб қилади: “Исо – Аллоҳнинг пайғамбари! Исо алайҳиссалом ҳақ гапларни сўзлаган! Ахир айнан ана шу гаплар бизнинг китобимиз – Қуръони каримда ҳам ёзилган”. 

Эҳтимол, Фёдор Михайлович насронийлик ва  Исломнинг яқинлигини, Қуръон ва Инжил, Қуръон ва Хушхабар – туғишган китоблар эканини илк даъфа ўшанда ҳис қилгандир. Менинг фикримча, Достоевский дунёнинг икки динининг ўзаро яқин қариндош эканини ўша кезлардаёқ англай бошлаган. 

“Ўлик уйдан мактублар”ни саҳифалаймиз:

“Доғистонлик татарлар уч киши – туғишган ака-укалар эди. Уларнинг иккови қартайиб қолганди, учинчиси, Али эса йигирма ёшлардан ошмаган бўлса-да, аммо ундан ҳам ёш кўринар эди. Унинг ётадиган жойи менинг ёнимда эди. Унинг чиройли, очиқ, ақлли ва шу билан бирга, хайрихоҳ ва содда юзи бир қарашдаёқ менинг қалбимни ўзига мафтун қилди, мен тақдирдан турмадагиларнинг бошқа бири билан эмас, айнан у билан ёнма-ён қилганидан мамнун эдим.  Бемалол айтиш мумкинки, унинг бутун қалби  – гўзал чеҳрасида акс этиб турар эди. Унинг кулгуси жуда ҳам самимий, худди болаларникидек беғубор эди; катта қора кўзлари мулойим ва меҳрибонлик билан боқарди, мен ҳар доим ўша қарашлардан бир ажойиб меҳрни ҳис қилар, ҳатто кўнглимдаги ғамгинлик ва қайғудан енгил тортгандек бўлиб қолар эдим. Мен асло муболаға қилмаяпман. (...)”  

Боланинг турма ҳаётини шунча йил яшаган эса-да, қалбининг салимлигини, ўзида ҳалолликни қатъиятлаштириб олганини, бундай самимийлик ва хушфеълликни, қўполлик ва дағалликдан йироқликни сақлаб қолганини тасаввур қилиш қийин эди. Бироқ унинг ана шу мулойим муносабати ортида кучли ва қатъиятли табиати акс этиб турар эди. Мен унинг ана шу ботиний қувватини аста-секин ўрганиб олдим.

У ҳаёли қизлардан ҳам покиза эди ва кимнингдир ёмон, уятсиз, ифлос сўзлари ёки адолатсизлиги, зўравонлик ҳаракатлари унинг чиройли кўзларида ғазаб учқунини чақнатиб юборар эди. Лекин у жанжал ва ади-бадилардан йироқ юрар, ўзини хафа қилганларни жазосиз қолдирмайдиганлар тоифасидан бўлмаса-да, ўзини ҳимоя қилиш учун туриб бера олар эди. Аммо унинг ҳеч ким билан баҳс-мунозара қилишга эҳтиёжи ҳам йўқ эди, чунки ҳамма уни яхши кўриб, унга меҳрибончилик кўрсатарди.

Дастлабки кезларда у мен билан шунчаки яхши муомала қилиб юрди. Секин-аста мен у билан гаплаша бошладим ва у бир неча ой ичида рус тилида бехато гапиришни ўзлаштириб олди. Бироқ акалари неча йилдан бери турмада ўтирган бўлса-да, русчада яхши гаплаша олмас эди. У менга фавқулодда ақлли, фавқулодда камтарин ва фавқулодда нозик табиатли ва ҳатто бағоят сермулоҳазали бола бўлиб кўринди.

Умуман олганда, шуни айтишим мумкинки, Али оддий одамларга ўхшамас эди ва уни мен ҳаётимда учратган одамларнинг энг яхшиси деб хотирлайман. Табиатнинг ҳаддан ортиқ гўзал табиий гўзалликлари борки, улар Парвардигорнинг  мукофотидир ва уларни ҳеч қачон вақти келиб салбий томонга ўзгариши мумкин деган фикрни хаёлингизга ҳам келтира олмайсиз. Ундан сиз ҳар доим хотиржам бўласиз.

Бир сафар биргаликда Тоғдаги ваъзни ўқидик. Ўшанда айрим жойларини у худди ўзининг туйғуларини ифода этаётгандек ўқиётганини фаҳмлаб қолдим.   

Мен ундан ўқиётганинг ўзингга ёқаяптими деб сўрадим.

У кескин ўгирилиб қаради ва юзига қизиллик югурди.

– Ҳа, албатта! – деб жавоб берди у, – Исо алайҳиссалом муқаддас пайғамбар, У Раббимизнинг амрини айтган. Қандай ажойиб!

– Сенга ҳаммасидан кўпроқ қайси ёқади?

– Алвидо, муҳаббат, душманларингни ранжитма ва уларни яхши кўр. Қаранг, у қандай яхши ўгитлар берган!

У бизнинг суҳбатимизга қулоқ солиб ўтирган акалари тарафга юзланди ва уларга қизғинлик билан нималарнидир тушунтирди. Ака-укалар ўзаро хийла вақт гаплашди ва бошлари билан нималарнидир тасдиқлашди.

Сўнгра муҳим аҳамиятга эга, аниқроғи, тоза мусулмончасига жилмайди (мен айнан муҳимлиги учун ниҳоятда севадиган мафтункор жилмайиш), менга мурожаат қилиб Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг пайғамбари эканини таъкидлашди, у буюк мўъжизалар кўрсатган: лойдан қуш ясаган ва пуфлаганда қуш учиб кетган... бу ҳодиса уларнинг Китобида ёзилган экан. Буларни айтаётганда улар нима қилаётганини билгани ҳолда комил ишонч билан гапирар эди. Менга Исони мақтаётганда Алининг ўзини ниҳоятда бахтиёр ҳис қилаётгани жуда ҳам ёқаётган эди. Унинг акалари менга шу мамнунликни бахш этишга қарор қилган эди.

Ҳозир қаерларда юрган экан, қаерда ҳозир менинг меҳрибон ва азиз дўстим, қадрдоним Али!..”

– Ҳа, одамлар аксаран қамоқ синовларини фақат оғир жазо сифатида қабул қилади. Бироқ Аллоҳ таолонинг иродаси ила Достоевскийнинг ҳаёт йўлида китоблардаги эмас, маърифатпарвар Валихонов ва доғистонлик оддий ака-укалар сиймосида мусулмонлар билан юзма-юз бўлиш насиб этди. Петербургда яшашда давом этганида ўзи учун янги олам бўлган мусулмонларни учратиб, улар билан яқин дўст тутиниши маҳол эди. Аммо Достоевский учратган одамларининг сиймосини тасвирлаш билан кифояланмасдан, олис ўтмишда қолган ҳаёт тарзини теран таҳлил қилиб, тушунишга ҳаракат қилди. 

Шубҳасиз, уни Исломнинг асосчисининг шахси қизиқтирар эди. Унинг “Жиноят ва жазо” романида Раскольников тилида Муҳаммад алайҳиссаломнинг номи жаранглайди: “Оҳ, мен Пайғамбарни шундай тасаввур қиламан! Аллоҳ амр қилмоқда, тавба қилинг, эй титраётган махлуқлар”.

Раскольников шуурида қаҳри қаттиқ Пайғамбарнинг образи шаклланганини тушуниш қийин эмас – бундай қараш билан албатта мусулмонлар муроса қилмайди. Ахир мусулмонлар учун «Магомет» (Россияда XIX асрда у зотнинг номини шундай аташган. Аммо Достоевский бу отнинг тўғри талаффузи – “Муҳаммад” эканини билар эди) – насронийларга Исо алайҳиссалом қандай бўлса, шундай мукаммал инсон эди.

Бу ерда адабий қаҳрамон Пайғамбар алайҳиссалом образини нотўғри тасаввур қилади. У қўпол диний хатога йўл қўяди. Муаллиф эса унинг хатосини тўғрилайди.

Қандай қилиб?

– У ўз қаҳрамонининг Исо ва Муҳаммад тўғрисидаги фикрини инкор этади.  Улар бир-бирига қарши қўйиш мумкин бўлган идеаллар эмаслигини илгари суради. Бундай мухолифат – фақат Раскольниковнинг шахсий тушунчаси, холос.

Пайғамбарлик рутбасининг давомийлиги: Исо алайҳиссалом, кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам образи роман ниҳоясида қайта тикланади. “Жиноят ва жазо” романининг эпилогида Иброҳим алайҳиссалом ҳам тилга олинади. “Раскольников сибирь дарёси бўйида ўтирибди (бу Иртиш, албатта) ана у бепоён боқиб турибди. Қаршисида – қуёш нурида товланаётган тилларанг саҳро манзараси. Қозоқлар уни “сари арка” – олтин, сариқ чўл деган бўлишарди. У узоқларга боқиб ўтирар экан, уни қандайдир ташвиш ва сиқилиш азоблайди. Албатта, бу ғамгинлик ва зерикиш идеал билан боғлиқ. Унга Иброҳим алайҳиссаломнинг замони давом этаётгандек туйилди, ана унинг суруви.

Ана шу қирғиз, қозоқ чўли унга мўъжизавий тарзда семит халқлари, шунингдек, яҳудийлар ва арабларнинг бобокалони бўлган Иброҳим алайҳиссалом қачонлардир у ёққа, бу ёққа юраётган қадимий фаластин ерлари бўлиб кўринди. Иброҳим – “умумий одам”.

У Инжилдаги умумий одам: уни яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам, мусулмонлар ҳам ўзларининг бобокалони деб ҳисоблайди. Иброҳим алайҳиссалом ҳақидаги бу  сўзлар рамзий маънога эга. У Раскольниковнинг руҳий-ахлоқий чанқоқлигини қондиришга ҳаракат қилиб қайтган маънавий манбаига ишора қилади. 

“Жиноят ва жазо”нинг эпилогини очамиз:  

“Яна ҳаво очилган ва илиқ кун эди. Тонг саҳарлаб, соат олтиларда дарё бўйидаги алебастр куйдирилиб, тўпон қилинадиган печь жойлашган саройга қараб йўл олди Бу ерда ишлаш учун бугун уч киши ажратилганди. Маҳбуслардан бири соқчи билан аллақандай асбоб олиб келгани қўрғонга кетди; бошқа маҳбус ўтин ёриб печга қалай бошлади. Раскольников саройдан соҳил бўйига чиқди ва сарой олдига тахлаб қўйилган ғўлалар устига ўтириб ҳувиллаган яйдоқ дарёга кўзларини тикди. 

Баланд қирғоқдан атроф кафтда тургандек кўринарди. Нариги олис соҳилдан элас-элас  қўшиқ саси эшитиларди. У ерда, офтобнинг нури пойандоз бўлган бепоён чўл бағрида билинар-билинмас нуқтадай бўлиб кўчманчиларнинг ўтови қорайиб кўринарди. У ёқда эркинлик ҳоким эди, бу ердагиларга сира ўхшамайдиган одамлар яшашарди, у томонда вақт гўё қотиб қолганга, гўё Иброҳим ва унинг подалари замонидан бери асрлар ўтмаганга ўхшар эди. Раскольников тикилганча қотиб қолганди. Хаёл ва хулиё дунёсига ғарқ бўлганди; у ҳеч нарсани ўйламас, лекин аллақандай соғинчи, интизорлик юрагини ўртарди”.

Аслида Достоевскийнинг исломий қадриятларни тушунишга интилиш тажрибаси ўша даврда ноёб тажриба бўлган эди. Шуни унутмаслик керакки, ўша даврдаги рус маданияти тарбиясини кўрган ўқимишли одамлар ҳам худди бошқа европалик зиёлиларга ўхшаб Ислом ҳақида бевосита маълумотга эга эмас эди – Қуръони каримни мусулмон бўлмаган кимсалар таржима қилар ва ўша таржималарда “империя-миссионерлик” мақсадлари устуворлик қилар эди. Мусулмонлар тарихида ва бугунги ҳаётида муҳим ўринга эга бўлган ҳадиси шарифлар таржима қилинмаган эди.  

Аслида эса, ҳозирги кунда, янги мингйилликда Исломнинг муқаддас манбалари рус тилига ўгирилмоқда ва уни рус миллатининг фикр эгалари ўқиб-ўрганмоқда. Ўша замонлар кўпчилик шунга ишонар эдики, “ухлаётган Шарқ” фақат эртаклар ва мураккаб “арабеска”ни сақлаб қолган, диний ҳаёти эса бидъату хурофотдан иборат, холос. 

Ажабланарлиси шундаки, Достоевский пайғамбарларнинг давомийлигини ва уларнинг барчаси ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилишини билган ва Ислом динини олиб келган Пайғамбарга хайрихоҳ бўлган.

Жаннат Сергей Маркус суҳбатлашди,

Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.

 

 

Мақолалар

Top