www.muslimuz

www.muslimuz

Жорий йилнинг 9 октябрь санасида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоиди Насафия” (Насафийнинг Ақида асарига шарҳ) асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси асосида уч йиллик амалий лойиҳанинг молиялаштирилиши тасдиқланган эди.

2021 йил 26 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида “InnoWeek.Uz-2021” Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида 2021-2024 йилларда амалга ошириладиган илмий фаолиятга оид давлат дастурларига киритиладиган амалий лойиҳалар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тақдирлар маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ижрочилигида таржима қилиниши режалаштирилган “Шарҳу ақоиди Насафия” асари Давлат буюрмаси асосида ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича лойиҳа раҳбари Аминов Ҳамидулла Абдураҳимович Инновацион ривожланиш вазири Aбдурахмонов Иброхим Юлчиевич томонидан махсус сертификат билан тақдирланди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, мазкур лойиҳа  Инновацион ривожланиш вазирлигининг мақсадли лойиҳаларга қўйилган талаблари асосида бир неча босқичдан муваффақиятли ўтиб, Ҳайъат аъзолари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан аниқланган эди.

Таъкидлаш лозимки аллома Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоди Насафия” асарини тадқиқ қилиш ва ундаги ақидавий масалаларни илмий асосда таҳлил қилиш каломга оид масалаларга аниқлик киритади. Шунингдек, халқимизга Ислом динининг асл моҳиятини тўғри етказишда бу асар аҳамияти ниҳоятда каттадир. Шу билан бирга ҳозирги кунда мавжуд турли хилдаги диний-сиёсий гуруҳлар ва бузғунчи мафкураларга қарши курашда, мазкур асардан ғоявий қурол сифатида фойдаланиш мумкинлигини ҳам айтиш зарур.

Мазкур асарни ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимасини амалга ошириш беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, халқимиз, айниқса, ёшларимизни чин инсоний фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш, улар қалбида аждодларга муносиб авлодлар бўлиш ҳамда турли бузғунчи, адашган оқимларга қарши раддиялар бериш кўникмаси шаклланишида муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. 

Эслатиб ўтамиз ушбу асар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти мутахассисларидан иборат ижодий гуруҳ томонидан таржима қилиниб китобхонлар оммасига тақдим этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бош мутахассиси Ў.Собиров

Хабар берганимиздек, шу йил 22-27 ноябр кунлари Ўзбекистон мусулмонлар идорасида Қорақалпоғистон қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликлари кадрлар ва ташкилий масалалари бўйича мутахассислар билим ва малакаларини оширди.

Ушбу курс Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тизимдаги вакилликлар – Қорақалпоғистон қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликларида иш самарадорлигини ошириш, амалдаги қонунчилигикдаги ўзгаришлардан хабардор этиш, вакилликларнинг кадрлар ва ташкилий масалалари бўйича мутахассисларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.

Дарсларни “Юрист ва кадр” нодавлат таълим муассасаси таъсисчиси Саидали Мухторалиев бошчилигидаги амалиётчи ҳуқуқшунослар олиб боришди. Унда тингловчилар меҳнат соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари, соҳани тартибга соладиган бошқа ҳуқуқий манбалар, корхона ва ташкилотларда кадрлар хизмати фаолиятини тўғри ташкил этиш масалалари бўйича билим ва малака олишди.

Бир ҳафталик малака ошириш курси давомидаги дарслар қизғин мунозара ва савол-жавобларга бой бўлди. Иштирокчилар фаол бўлишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда кенг қулоч ёзган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятининг барча жойларида хайрли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, вилоятнинг Пастдарғом туманида жойлашган "Норқул бобо" жоме масжиди ҳовлисида диний соҳа вакиллари, уламо ва нуронийлар иштирокида манзарали ва мевали дарахтлар кўчати экилиб, "Эзгулик боғи" ташкил этилди.

Шу куни " Эзгулик боғи"га 1000 тупга кўчатлар ўтқазилди.

Пастдарғом туманидаги тадбирлардан сўнг вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигидаги диний соҳа ходимлари ва уламолар Каттақўрғон туманида жойлашган “Хўжа Абдурахмон ота” жоме масжидида пешин намозидан сўнг масжид ҳудудида жойлашган ерга 3000 туб мевали ва манзарали дарахтларни ўтқазди. Бу боғга уламолар “Сўфи Оллоёр” боғи номи берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Қозоғистон сафари асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бугунги жума намозини Нур-Султон шаҳрида бир неча ўн минглаб жамоат тўпланган “Ҳазрати Султон” жоме масжидида адо этиш учун ташриф буюрдилар. Жума намози аввалида Қозоғистон бош муфтийси Наврўзбай ҳожи мавъиза қилиб, сўнг сўзни Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига берди

Муфтий ҳазратлари қардош халқ мўмин-мусулмонларига Қуръони каримнинг Нисо сурасидаги: “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” мазмунидаги ояти каримани айтиб, уни тафсир қилиб бердилар.

Шунингдек, инсонлар бир-бирига дўст-қардош бўлиши лозимлиги ҳақидаги ҳадиси шарифлардан айтиб, шарҳлаб бердилар.

Маъруза давомида Муфтий ҳазратлари Қозоғистонда ўтган “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро анжуман муваффақиятли бўлгани, нуфузли тадбир, учрашувлар, умуман яхшилик йўлидаги ҳамкорлик алоқалари қардош халқлар дўстлигига катта ҳисса қўшганини алоҳида қайд этдилар.

Икки давлат президентларининг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқиб, жадал ривожланиб бораётганини таъкидладилар.

Жума намози давомида Муфтий ҳазратларидан дуо талабида бўлган ўн минглаб намозхонлар, хусусан турли сабаблар ила ушбу шаҳарда бўлиб турган ватандошларимиз ҳаққига жамоат билан бирга хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top