muslim.uz

muslim.uz

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бугун, 23 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси Ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлагани ҳақида ваколатли давлат органини хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлади.
Эндиликда 1 июлдан бошлаб ноширлик фаолияти учун лицензия, матбаа фаолияти учун рухсатнома талаб этилмайди.
Шунингдек, тадбиркор ноширлик ёки матбаа фаолиятини бошлаганидан кейин 10 кун ичида Давлат хизматлари марказлари (Ягона Интерактив давлат хизматлари портали) орқали Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига хабарнома юбориши кифоя.
Хабарнома юборилганидан кейин 1 иш кунида тасдиқнома электрон кўринишда хабардор қилувчига етказилади.
Шу билан бирга ноширлик ва матбаа соҳасида амалдаги қонунчилик талаблари сақлаб қолинади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 16 мартдаги “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига асосан ноширлик ва матбаа фаолияти учун лецензия бекор қилинган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Фитна турлари кўп: нафсу шаҳват фитнаси, шубҳаю гумон фитнаси, бузуқ эътиқодлар фитнаси, оммавий ёки хос фитналар ва ҳокозо.

Давр тараққиёти ёки тадрижий ихтироларга қараб фитна турлари кўпайиб бораверар экан. Масалан, бундаги ихтиролар ва тараққиётларнинг яхшилиги билан бир қаторда инкор қилиб бўлмайдиган фитналар ҳам талайгина. Жумладан, ёмон ниятда ишлатилаётган телефон ва интернет, инсонлар онгига салбий таъсир қилувчи бошқа ахборот воситалари...

Фитна жуда хатарли. У денгиз каби мавж уриб, кишини йўлдан оздиради. Улуғ саҳоба Ҳузайфа ибн Ямоний айтади: “Биз мўминлар амири Умар разияллоҳу анҳу билан бирга эдик. У зот биздан бола-чақа, қўни-қўшнилар билан боғлиқ фитналардан ташқари, денгиз мавжлари каби тўлқинқинланиб, ҳар бир хонадонга кириб борадиган охир замон фитналари ҳақида Расуллоҳдан эшитганингиз борми?” деб сўраганларида ҳамма сукут қилди. Шунда мен У кишига Пайғамбаримиздан эшитган мана бу ҳадисни айтиб бердим: “Охиризамон фитналари кишилар қалбига бўғинма-бўғин чирмашиб олади. Бундай фитна шарбатини тотган ҳар қандай қалбда қора доғ пайдо бўлади. Шундай қилиб, одамлар ўз-ўзидан икки хил кўринишдаги кишиларга айланади. Биринчиси, ҳаёт давомида жуда камчиликни ташкил қиладиган қалби пок инсонлар. Буларга фитналар зарар етказа олмайди. Иккинчиси эса, тўнтарилиб оғзи бекилиб қолган, қора кўза каби қора қалб эгалари бўлиб, улар маърифатни тан олмайдиган, мункар ишлардан қайтмайдиганлардир”.

Хўш, фитналар авж олган пайтда мусулмон киши нималар қилиш керак?

Биринчидан, ҳар бир уммати Муҳаммадий бу ўринда ўз пайғамбарига қаттиқ эргашиб, унинг саботидан ўрнак олиб, ҳақ устида собит туриши лозим. Зеро, Расулу акрам энг оғир синов, ғорда яшириниб туран пайтда ҳам шериклари Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Ташвиш чекма! Албатта, Аллоҳ биз билан биргадир!» (Тавба сураси, 40-оят) дедилар.     

Иккинчидан, мусулмон киши фитналар кўпайганда уламолар, имомлар, тўғри йўл кўрсатувчи пешволар бошқараётган мусулмонлар жамоасини лозим тутиши керак. Ҳар қандай фитнадан, турли номлар билан урчиб бораётган номлари ҳам алламбало фирқалардан жуда узоқ бўлиш лозим. Бежиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло менинг умматимни залолатда жамламайди”, демаганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Демак, биз ҳар турли гуруҳбозлик, фитналардан жуда эҳтиёт бўлишимиз зарур. Уламолар тафриқалар, гуруҳбозликлар кўпайса, дарахт илдизини шимиб бўлса ҳам ўзингни асра, деганлар. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳам динда тортишиб, тафриқага борганларни фосиқлар деб, уларнинг  орқаларидан намоз ўқиманглар, деганлар.

Учинчидан, фитналардан сақланмаслик, ғаламис фитначиларга қўшилиш Қуръони каримда очиқдан-очиқ мусулмонларга қилинган амри илоҳийга зиддир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг» (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Хуллас, бундай балолардан сақланиш, эҳтиёт бўлиб яшаш, айниқса, киши ўз динида фитналаниб қолиш, ҳар қандай фиқҳий ёки ақийдавий асоссиз қарама-қаршиликлар атрофида ўралашиб қолиш масъулияти шунчалар оғир бўлса, бундай фитна-фасодларни келтириб чиқараётганларнинг ҳоллари икки дунёда қандай бўлишини мулоҳаза қилиш азиз ўқувчининг ҳукмларига ҳавола.

 

                     Эргашали РУСТАМОВ,

Чилонзор тумани бош имом-хатиби

Афсонавий дарвозабон Ринат Дасаев КХЛ расмий сайтига берган интервьюсида ҳаётдаги қийин вазиятларда Қуръон унга ёрдам бергани ва ёрдам беришда давом этаётганини айтиб ўтди.
Islam-today маълумотларига кўра, бугун футболчи ҳар бир ўйинда дарвоза олдига захира қўлқоплари билан бирга Қуръонни ўз ичига сумкачани қўйганини тан олди.
"Менинг бутун оилам, шу жумладан мен ҳам болалигимдан динга эътиқод қиламиз. Қуръон ҳар доим уйимизда эди. Бир куни ўйинларнинг биридан кейин менинг сумкачамни ўғирлашибди. Эҳтимол, буни тўпларни олиб бериб турадиган болалар қилгандир. Ўшанда жуда хафа бўлганман. Қуръон доим ёрдам берган. Янгисини сотиб олишимга тўғри келган", - дейди у.
"Жамоадаги ҳамма менинг масжидга боришимни биларди. Бироқ, бу ўша вақтдаги Совет Иттифоқида ҳаммага ҳам хуш ёқмас эди. Юқори мартабали шахслардан бири менга шундай деган эди: "Мен масжидга боришим мумкин, лекин сенга мумкин эмас, чунки сен ҳамманинг кўз ўнгида одамсан". Яна бошқа кўплаб нарсалар мумкин эмас эди. Масалан, машғулотларда ҳазил қилиш", - дейди Дасаев.
Эслатиб ўтамиз, Ринат Дасаев 1991 йилда ўйинчилик фаолиятини тугатган, унинг сўнгги клуби Испаниянинг "Севилья" жамоаси бўлган.
"13 йил давомида "Спартак" ва терма жамоада ўйнадим. 35 ёшимда Испанияда футбол ўйнаб карьерамни тугатдим. Айрилиқ оғир эди. Аммо мени ҳали футболда қолганим - жумладан, дарвозабонларга ёрдамчи мураббий бўлганим сақлаб қолди. Футбол менинг ҳаётим, унга умримнинг кўп йилларини бердим. Шунинг учун имкониятим бўлганида, Испанияда фахрийлар таркибида майдонга чиқдим ва соғлигим рухсат берса, Россияга қайтганимдан кейин ҳам майдонга чиқдим", - дейди дарвозабон.
Дасаев спортчилик фаолияти давомида Европа чемпионатида кумуш, Олимпиада ўйинларида бронза медали соҳиби бўлди ва 6 марта "йил дарвозабони" мукофотини қўлга киритди. 10 мавсум ўйнаган "Спартак" аъзоси сифатида Дасаев икки марта СССР чемпиони бўлди. Бош мураббий сифатида "Севилья" ва "Торпедо Москва"ни бошқарган ҳамда Россия терма жамоасида мураббий бўлиб ишлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Жаҳоннинг энг йирик ҳалол туризм интернет портали - "HalalTrip" Ўзбекистонда мусулмон-саёҳатчилар учун яратилаётган қулайликларни алоҳида эътироф этиб, COVID-19 пандемиясидан сўнг ташриф этиладиган мамлакат сифатида тавсия этди.

Мақолада Ўзбекистон туризм соҳасига алоҳида эътибор қаратаётгани ва Президент Шавкат Мирзиёев томонидан асос солинган "зиёрат туризми" янги туризм йўналиши эканлиги эътироф этилган.

Шунингдек, мусулмон-сайёҳатчиларга яратилаётган қулайликлар ичида халқаро аэропортлар, темир йўл вокзаллари, шунингдек, яқиндагина савдо масканларида очилган ибодат шароитлари мақталган.

"HalalTrip" портали Ўзбекистонни COVID-19 пандемиясидан сўнг ташриф этиладиган мамлакат сифатида тавсия этмоқда.

***
HalalTrip ҳалол туризм интернет портали CrescentRating халқаро ташкилотининг лойиҳаси бўлиб, унда ҳалол туризм янгиликлари ва ҳалол дестинациялар бўйича маълумотларни бериб боради.

CrescentRating, Mastercard ташкилоти билан бирга ҳар йили "Жаҳон мусулмон саёҳати индекси" (Global Muslim Travel Index) рейтингини тузиб боради. 2019 йилда Ўзбекистон ушбу рейтингда ўн поғона кўтарилиб, 140 мамлакат орасида 22-ўринни эгаллади.

"Жаҳон мусулмон саёҳати индекси" туризм дестинацияларининг мусулмон-саёҳатчилари учун жозибадорлиги ва қулайлигини баҳолаб келади.

Ўзбекистонда мусулмон-саёҳатчилар учун яратилган ҳар бир қулайлик, мамлакатнинг "Жаҳон мусулмон саёҳати индекси"га ижобий таъсир кўрсатади.

 “Azon.uz” мухбири

Мақолалар

Top