muslim.uz

muslim.uz

Середа, 24 июнь 2020 00:00

Жаннатдаги 3 хазина

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий садақа бериш, бошига тушган қийинчиликлардан одамларга шикоят қилмаслик ва мусибатларини ҳеч ким кимга билдирмаслик жаннат хазиналаридандир”, дедилар.

Махфий садақа бериш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий қилинган иш ошкора қилинган ишдан афзал, агар ошкора қилинган иш унга эргашишлари учун қилинган бўлса, у афзалдир”, дедилар (Ҳаким Термизий ривояти).

Ибодатларнинг энг афзали махфий қилинганидир. Чунки бундай амал риёдан узоқ бўлди. Аммо тоатни ошкор қилишдан одамларга яхшиликни тарғиб қилиш, уларга намуна бўлиш ният қилинса бундай амал ҳам афзал ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Бошига тушган қийинчиликлардан одамларга шикоят қилмаслик ва мусибатларини ҳеч ким кимга билдирмаслик. Мўмин киши ҳаётда дучор бўладиган ҳар бир нарса Аллоҳдан эканига имон келтиради, Аллоҳ таоло синовларни Ўзига яқин қилиш учун юборганига ишонади. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳнинг синови эканига иқрор бўлган банда фақат Роббисига илтижо қилади, барча дарду аламларидан ёлғиз Унга шикоят қилади:Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан...” (Юсуф сураси, 86-оят).

Аллоҳим барча мўмин-мусулмонларни ҳар бир ҳолатда Сенгагина суянувчи, ёлғиз Сендангина умидвор бўлувчи ва Сенгагина таваккул қилувчилардан қилгин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармонига мувофиқ “ВАҚФ” хайрия жамоат фондининг Васийлик кенгашига аъзоларни аниқлаш бўйича ўтказилган онлайн овоз бериш якунланди.
nomzod.vaqf.uz сайтида овоз бериш, номзодларнинг қанча овоз олгани онлайн тарзда шаффоф ўтказилганини алоҳида таъкидлаб ўтамиз.
Сўровнома натижасига кўра 6 нафар номзоддан энг кўп овоз олган уч нафар номзод Васийлик кенгаши аъзолигига танлаб олиниши белгилаб қўйилган эди. Унга кўра, 3 нафар Холиқназаров Нуриддин, Раззақов Яхёбек, Абдурахманов Яхъёга кўпроқ овоз берилганини маълум қиламиз.
Энг мақбул номзодга овоз беришда иштирок этган барча инсонларга миннатдорчилик билдириб ўтамиз.

 

VAQF.UZ 

Середа, 24 июнь 2020 00:00

Динга даъват этишнинг 5 одоби

Исломий даъват пайғамбарларнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Уларнинг барчалари муаллим ва даъватчи бўлишган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил” (Наҳл сураси, 125-оят). Бошқа бир оятда эса бундай марҳамат қилади: «Сен: Бу – менинг йўлимдир. Мен Аллоҳга билиб – ишонч ила чақираман ва менга эргашганлар ҳам. Аллоҳ покдир. Ва мен мушриклардан эмасман, деб айт» (Юсуф сураси, 108-оят). Оятдаги “басират” сўзи манфаатли илм ва солиҳ амалдир.

Аллоҳ таолога даъват этишда бешта одоб бор. Ушбу беш одобнинг беш воситаси ва беш натижаси ҳам бор. Беш одоб қуйидагилардир:

  1. Аллоҳ учун холис, У зотга содиқ бўлиш ва У зотнинг ҳузуридаги нарсаларнигина ният қилишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар” (Баййина сураси, 5-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзах энг биринчи уч кишини куйдириб, азоблашини айтганлар. Ўша уч кишининг биринчиси инсонлар уни олим дейишлари учун илм олган ва шундай деб ном чиқарган кишидир.

  1. Ўзи даъват этаётган нарсага амал қилиш. Чунки ўзи даъват этган нарсага амал қилмаслик жуда уятли ва шармандали ишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақлни ишлатмайсизми?!” (Бақара сураси, 44-оят).
  2. Даъватни етказишда юмшоқ феълли бўлиш. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломни Фиръавнни тўғри йўлга чақириш учун юборганда уларга бундай буюради: “Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд эсласа ёки қўрқса” (Тоҳа сураси, 44-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Енгиллаштиринг, қийинлаштирманг, хушнуд этинг, нафратлантирманг”.
  3. Даъватни босқичма-босқич амалга ошириш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тутган йўллари каби даъватда энг муҳим ва аҳамиятли нарсадан бошлаш лозим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга даъват учун жўнатаётган вақтларида бундай деган эдилар: “Албатта, сен аҳли китоб (насроний) қавмига борасан. Уларни даъват қиладиган энг аввалги нарсанг Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва мен Унинг элчиси эканимга гувоҳлик бериш бўлсин. Сўнгра, улар бу нарсада сенга жавоб берсалар (қабул этсалар) Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганининг хабарини бер”.
  4. Ҳар бир қавм билан уларга муносиб тарзда суҳбатлашиш ва улар муҳтож бўлган нарсани уларга гапириш. Шаҳар аҳлига бошқача, қишлоқ аҳлига ўзгача услубда сўзлашиш керак. Ҳар бир кишига ўзига хос услубда даъват қилиш самарали бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади. Фақат ақл эгаларигина эсларлар” (Бақара сураси, 269-оят).

Аллоҳим, манфаатли илм, солиҳ амал ва динни теран англашимизни зиёда айла!

Доктор Оиз Ал-Қарнийнинг

“Рўзадорлар учун 40 дарс” китобидан

Саидхон қори МАХСУМ таржимаси.

Макка шаҳри Ҳиро тарихий ғори жойлашган тоғ Жабал ан-Нур (Нур тоғи) этагида маданий марказни яратишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда Saudi Gazette сайти.
Шаҳар ҳокими Муҳаммад Қувайҳаснинг айтишича, аввал тоғ ва унинг атрофи ёзув, граффити, харобалар ва бошқа шу каби нарсалардан тозаланади. "Марказ Муқаддас Макка шаҳри ва Ҳиро ғори ҳақида ҳужжатлаштирилган ва ишончли маълумотларни тақдим этади",- дея ал-Арабия шаҳар ҳокими сўзларидан иқтибос келтиради.
Ҳиро ғори бутун дунё мусулмонлари учун катта аҳамиятга эга бўлиб, Ҳаж ва Умра давомида бу ерга кўплаб зиёратчилар ташриф буюрадилар. Унда Муҳаммад (сав) пайғамбарлик вазифаси топширилгунга қадар ҳам узлатда ёлғиз қолиш истагида бўлганлар. Бу ерда у Зот ҳаётнинг икир-чикирларидан, одамларнинг майда-чуйда ташвишларидан узилиб, тўлиқ бир ой «муроқаба» ва «таҳаннус» ибодатлари билан машғул бўлар ҳамда йўловчи мискинларга таом берар эдилар. "Исломосфера" га кўра, бу ерда улар Фаришта Жаброил уларга келтирган биринчи ваҳийни – Ал-Алақ сурасининг дастлабки беш оятини олганлар.
Ал-Қувайҳаснинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда тоғ этакларини эгаллаб турган барча тартибсиз объектлар демонтаж қилинади. "Ғор жойлашган тоғ тепасига кўтарилишни ва ундан тушишни осонлаштириш учун зиналар қурилади. Меҳмонларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва тоғни Ислом тарихида катта аҳамиятга эга бўлган табиий маскан сифатида сақлаб қолиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилади", - дейди у.
Шаҳар ҳокими баъзи меҳмонлар нотўғри амалиётларга олиб келадиган тоғ ҳақида тўғри маълумотга эга эмаслигини таъкидлади. "Маданият маркази тоғнинг ўтмиши ва пайғамбарлик миссияси ҳақидаги тарихий ҳужжатлар билан бирга, ишончли тўғри ахборот манбаи бўлади. Марказ исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача тоғ ва ғор тарихини намойиш этади ",- дейди Ал-Қувайҳас.
Жабал ан-Нур бу Каабадан 4 километр узоқликда жойлашган. Унинг баландлиги бор-йўғи 640 метрни ташкил этади, лекин кўтарилиш тахминан икки соат давом этади. Ҳиро ғори унинг шимоли-шарқий ёнбағрида жойлашган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top