Дунё янгиликлари

Ўзбекистоннинг жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўли юқори баҳоланди

17 январь куни Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Малайзия пойтахти Қироллик полицияси раҳбари Азми бин Абу Қосим билан икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Музокаралар чоғида Малайзия томони Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, мамлакатда жиноий ҳуқуқбузарликлар, диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан батафсил таништирилди.
Малайзия томони Ўзбекистоннинг маърифат йўли билан радикаллашув, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш борасидаги, жумладан, ислом динининг асл қадриятларига нисбатан ёндашувларини юксак баҳолади. Мамлакат раҳбарияти томонидан Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар зонасидан ўз фуқароларини ватанига қайтариш бўйича олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати алоҳида эътиборга лойиқлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, суҳбат давомида пойтахтда истиқомат қилаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида элчихона ва Қироллик полицияси ўртасида амалий ҳамкорликни ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 701 times

Янгиликлар

Top