Дунё янгиликлари

Гарвард ҳуқуқшунослари Қуръон оятини энг яхши адолат намунаси ҳисоблашади

Гарвард университетида Қуръони карим ояти адолатнинг энг яхши ифодаси сифатида тан олинган. Бу ҳақда thedeenshow.com веб-сайтида маълумот берилган.

АҚШнинг жаҳонга машҳур Гарвард университети ҳуқуқшунослик факультети кириш қисмига Қуръони каримнинг «Нисо» сураси 135-ояти ёзилган лавҳ ўрнатилди. Унда адолат тушунчасига аъло даражада таъриф берилиб, шундай дейилган:
“Эй, имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлсада, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига (огоҳлик жиҳатидан) яқинроқдир. Бас, адолатли бўлишингиз учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангиз! Агар (тилларингизни) бурсангиз ёки (гувоҳликдан) бош тортсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир”.

"Saudi daily" хабар беришича, Гарвард университетида таҳсил олувчи, саудиялик талаба деворга илинган Қуръон оятининг расмини биринчи бўлиб Twitter’да эълон қилган: “Мен, ҳуқуқшунос факультети кириш қисмига Қуръон ояти илинганини пайқадим, фикримча, ушбу оятдаги адолат ҳақидаги тушунча энг яхши ифодадир” – деб шарҳлайди Абдулла Жума.

Гарвард расмий сайтида ёзилишича, бу оят инсонларнинг адолатга бўлган ташналигини ифодалайди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3061 times

Янгиликлар

Top