muslim.uz
Ханскую мечеть отреставрируют
В ближайшее время в знаменитой Ханской соборной мечети под Рязанью, возраст которой составляет порядка 500 лет, начнутся реставрационные работы. По данным islamisemya.com, необходимые средства выделило Министерство культуры России.
Все объекты уже осмотрены экспертами из Москвы и Санкт-Петербурга. Примечательно, что мечеть, как отмечается, была построена «на сухую», без применения скрепляющих растворов. Проект реставрации с эскизами планируется представить в конце года.
Ханская мечеть, или мечеть Касим-хана — мечеть XVIII-XIX веков с минаретом XVI века. Это памятник татарской культовой архитектуры. От древней постройки сохранился лишь каменный минарет. Здание кирпичной мечети было разрушено в 1702 году по приказу Петра I, который, по преданию, во время плавания по Оке принял мечеть за церковь и перекрестился на неё.
В 1768 году на старом фундаменте вплотную к старому минарету, по разрешению и именному указу Екатерины II, было построено из камня одноэтажное здание мечети. С 1938 года в нём находится краеведческий музей.
В ноябре 2013 года по решению Арбитражного суда Рязанской области мечеть была передана во владение Духовному управлению мусульман Европейской части России.
Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана
Муфтий Татарстана заявил о росте антиисламских настроений в Европе
Муфтий Татарстана Камиль хазрат Самигуллин в интервью Daily Storm заявил о росте антиисламских настроений в Европе. По данным islam.ru, он назвал «жалкими моральными уродцами» тех, кто «оскверняет имя Пророка Мухаммада ﷺ».
«Антиисламские настроения и действия, которые мы наблюдали в эти дни в отдельных европейских странах, задели чувства всех мусульман мира. Потому что несправедливость и произвол всегда причиняют людям боль. Безусловно, те, кто осмелился осквернить имя величайшего человека Пророка Мухаммада ﷺ и Книгу Всевышнего,— жалкие моральные уродцы, ничтожества, стремительно деградирующие от собственной бездуховности»,— заявил муфтий Татарстана.
Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана
Мазҳабларнинг пайдо бўлиш тарихи
Фиқҳий мазҳаблар тарихи Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларига боғлиқдир. У зот алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини ўзларидан сўралар ва У зотнинг сўзлари масалага охирги нуқтани қўяр эди. Лекин ўша пайтда ҳам ижтиҳод бўлган. Саҳобалар У зотга мурожаат қилишнинг иложи бўлмаганда ёки Мадинадан чиқишганида ижтиҳод қилишган ва Мадинага қайтишганда Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ижтиҳодларининг тўғри ёки нотўғри эканини сўраб билиб олишган. У зот алайҳиссалом ё саҳобаларнинг хатосини тўғирлаганлар ёки уларнинг ижтиҳодларини тўғрилигини тасдиқлаганлар. Баъзан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишга буюрсалар саҳобаи киромлар уни турлича тушуниб, ўзаро фикр мулоҳаза қилар эдилар. Бунга мисол, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга шундай дедилар:
"لَا يُصَلِّيَنَّ أَحَدٌ الْعَصْرَ إِلاَ فِي بَنِي قُرَيْظَةَ" (رواه الإمامُ البخاري عن ابن عمرَ رضي الله عنهما)
яъни: “Бирор киши аср намозини Бану Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин!” (Имом Бухорий ривоятлари). Шунда баъзи саҳобалар: “Аср намозини фақат, Бану Қурайзада ўқиймиз”, – деб аср намози вақти кирган бўлса ҳам уни ўқимасдан йўлда давом этдилар. Баъзи саҳобалар эса: “Расулуллоҳ бу гаплари билан бизни тез юришга ундадилар, асрни ўқиб олиб, тез юриб кетаверсак зарари йўқ” , – деб йўлда асрни ўқиб олдилар. Кейин Расулулллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга икки томоннинг ҳам ишлари баён қилинганда, иккиси ҳам тўғрилигини айтдилар.
Иккинчи мисол, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни яманликларга исломни ўргатиш учун юборганлар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу жўнаб кетаётган пайтларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тўхтатиб шундай деганлар:
" كَيْفَ تَقْضِي إِذَا عَرَضَ لَكَ قَضَاءٌ" قَالَ: "أَقْضِي بِكِتَابِ اللَّهِ" قَالَ: "فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي كِتَابِ اللَّهِ" قَالَ: "فَبِسُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم" قَالَ: "فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي سُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَلاَ فِي كِتَابِ اللَّهِ" قَالَ: "أَجْتَهِدُ رَأْيِي وَلاَ آلُو" فَضَرَبَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم صَدْرَهُ وَقَالَ: "الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَفَّقَ رَسُولَ رَسُولِ اللَّهِ لِمَا يُرْضِي رَسُولَ اللَّهِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ أبو داود والإِمَامُ الترمذي)
яъни: “)У ерда сизга) бирор масала дуч келса, қандай қилиб ҳукм чиқарасиз?”. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу “Аллоҳнинг китоби ила”, – деб жавоб бердилар. Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг китобидан топа олмасангизчи?” – деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳнинг суннатлари билан”, – деб жавоб бердилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Расулуллоҳнинг суннатларидан ҳам топа олмасангизчи?” – деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу: “Қараб турмасдан, фикрим ила ижтиҳод қиламан”, – дедилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам (бу жавоблардан ғоят мамнун бўлиб) Муознинг кўксига урибдилар ва: “Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Саҳобалар даври
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ихтилофлар жуда кам эди. Одамлар билмаган нарсаларини асосан халифалар ва катта саҳобалардан сўрар эдилар. Халифалар қийин масалаларни ечиш учун энг билимдон саҳобаларни йиғиб машварат қилишар ва фатво беришарди (Аллоҳ улардан рози бўлсин). Кейинчалик саҳобалар турли шаҳарларга тарқаб кетдилар. Одамлар ўзлари суҳбатига етишган олим саҳобаларнинг фатволарига амал қилишарди. Хусусан, саҳобалар даврининг охирида аҳвол шундай эди. Шундай қилиб одамлар ишончли манбадан соф ва тўғри маълумотларни олишарди ва уларнинг сўзига, баъзи масалаларни ҳисобга олмаса, тўлиқ амал қилишарди. Ўша даврнинг марказий шаҳарлари Мадинада Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) фатволарига амал қилинарди. Айнан мана шу даврларда саҳобалар мазҳаби шакилланганини кўриш мумкин.
Тобеъин ва таба тобеъинлар даври
Тобеъинлар даврида ҳам иш худди мана шундай давом этди. Одамлар асосан саҳобалардан илм олган катта тобеъинларнинг фатволарига амал қилишган.
Улардан кейин таба тобеъинлар даврида саволлар ва янги ҳодисалар кўпайиб кетди. Фатвога эҳтиёж ортди. Шунда бир қанча катта илм соҳиблари юзага чиқдилар. Улар: Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Авзоъий, Имом Жаъфари Содиқ, Имом Муҳаммад ибн Боқир, Имом Ал-Лайс ибн Саъд ва бошқалар эди (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин). Улардан кейин улуғ фуқаҳолар бўй кўрсатдилар. Улар: Имом Шофеъий, Имом Аҳмад, Имом Суфён ибн Уяйна, Имом Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Имом Али ибн Мадиний, Имом Довуд ибн Али ва бошқалар эди (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин).
Юқорида зикр қилинган зотларнинг ҳар бирининг ўзига хос ижтиҳодлари бўлган. Улардан бирининг бирор масалада ўз раъй (ёндошув, фикр)и бўлса, буни мазҳаб дейиларди. Уларнинг ҳамма ижтиҳодларини жамланмасини ҳам мазҳаб деб аталган. Демак, у зотларнинг ҳар бирини ўзига хос ва мустақил мазҳаби (масалани ечиш, саволларга жавоб беришда ўзига хос ёндошуви) бўлган.
Фиқҳий мазҳабларнинг шаклланиши
Шундан кейин бу зотларнинг шогирдлари уларнинг ишларини давом эттиришди. Баъзи масалаларда устозларининг ижтиҳодларига хилоф қилишган бўлишсада, фатволарнинг асосий қисмида ўз имомларига эргашдилар ва уларнинг мазҳабларини қўллаб қувватладилар. Лекин замонлар ўтиши билан 20 га яқин мазҳаблар ичидан фақат 4 таси қолди. Қолганларининг баъзи фатволари турли китобларда учраб туради холос. Демак, фиқҳий мазҳаблар баъзилар даъво қилгани каби умматнинг бўлиниши эмас балки унинг бирлашишидир. Сақланиб қолган 4 мазҳаб:
- Ҳанафий мазҳаби, асосчиси Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит. Куфа шаҳри. (80-150 ҳижрий й./ 699-767 мелодий й.)
- Моликий мазҳаби, асосчиси Молик ибн Анас. Мадина шаҳри. (93-179 ҳ.й/ 711-795 м.й.)
- Шофеъий мазҳаби, асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий. Ғазо шаҳри. (150-204 ҳ.й/ 767-820 м.й)
- Ҳанбалий мазҳаби, асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбал. Бағдод шаҳри. (164-241 ҳ.й/ 780-855 м.й)
Бу мазҳабларнинг сақланиб қолишига асосий сабаб мазҳаб имомининг шогирдлари кўплиги, мазҳаб масалалари китоб шаклига келтирилганлиги, бошқа талабаларга мазҳабнинг фатволари дарс қилиб берилганидир.
Имом ибн Аҳмад аш-Шаъроний (ваф. 973/1565) ўзларининг “Ал-Мийзан аш-шаърония” асарида мазҳаблар ҳақида қуйидаги фикрларни зикр қилган: “Мазкур тўрт мазҳабнинг сақланиб қолишининг асосий омили бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир”.
Ҳанафий мазҳаби фатво беришда Қуръони карим, суннат ва саҳобаларнинг сўзларидан кейин асосан ижтиҳод (қиёс)га суянганлари учун тарихда уларни баъзилар “Аҳли раъй” деб атаганлар. Лекин аслида фиқҳий мазҳабларнинг ҳаммасини “Аҳли раъй”, деганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Ҳанафий мазҳабининг бошланиши Куфа шаҳрида бўлган кейин Ироқ, Шом, Хуросон, Яман ва Мисрга тарқалган. Қирққа яқин олимлар бу мазҳабнинг тарқалишига китоб ёзиб хизмат қилганлар. Улардан энг машҳурлари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад, Имом Зуфар ва бошқалар эдилар.
Ҳорун ар-Рашид халифаликни қўлга олгач Имом Абу Юсуфни бош қози мансабига кўтаради ва қозиларни тайинлашни унга топширади. Имом Абу Юсуф қозиларни ҳанафий мазҳабидан тайинлар эдилар. Кейинчалик Усмонийлар халифалиги даврида ҳам қозилар фақат Ҳанафий мазҳабидан тайинланган. Бу ҳолат Ҳанафий мазҳабининг обрў-эътиборини ниҳоятда оширган. Ҳозирги кунда ҳам Ҳанафий мазҳаби шарқда: Хуросон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Ўрта Осиё ва Қозоғистон, Туркияда устун мазҳаб ҳисобланади. Ироқ, Шом ва Миср диёрларида ҳам Ҳанафий мазҳаби тарқалган. Ҳанафий мазҳабининг машҳур кишилари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад, Имом Мотурдий, Ибн Нужайм ал-Ҳанафий ва бошқалар.
Мазҳабга эргашиш табий ишдир
Юқоридаги маълумотларни чуқур ўйлаб кўрсак мазҳабга эргашиш ҳар бир ҳолатда бизни таъқиб қилувчи табиий иш эканлигини тушуниб етамиз. Мазҳабга эргашишни хато ҳисобловчи тоифалар ҳам гарчи уммат тан олган тўрт имомга эргашмасада, умумий маънода эргашувчи ҳисобланади. Фарзандлар оталарга эргашадилар. Чунки бола намоз ўқишда отасини кўриб, унинг қандай намоз ўқишини кузатиб, шунга қараб намозни ўрганади. Билмаган нарсаларини сўрайди, ўрганади. Шариат ишларида билмаган нарсасини сўраш, ўрганиш гуноҳ-маъсият, бидъат ёки ёмон иш эмас. Эътибор берсак, одамлар нафақат дин ишларида балки дунёвий ишларда ҳам бир бирларига тақлид қиладилар.
Тиббиёт олийгоҳини тугатиб шаҳодатнома олган шифокор ҳеч қачон назарий билимларнинг ўзи билан беморларни муолажа қилишни бошламайди. Албатта ўз соҳасини яхши билган, моҳир шифокорнинг суҳбатида бўлиш, бир қанча вақт унинг амалиётларини кузатиш, баъзи саволлар билан мурожаат қилиб ўзига керакли кўникмани ҳосил қилгандан кейингина мустақил фаолиятга киришади. Зотан, дунёвий ишда шунчалик бўлгач, дунё ва охират саодатини ўйлаган, дўзаҳ азобидан халос бўлиб, жаннат неъматларига мушарраф бўлиш учун уммат эътироф қилган, ижтиҳодларига тасаннолар айтган буюк имомларга эргашмаслик жаҳолат, кибр ва қайсарликдан бошқа нарса эмас. Ҳолбуки, дунё ишларида ақл ишлатиш, бировдан сўрамай ўз билганича иш қилиш кўп ҳолларда зарар келтирмайди. Аммо, охират ишининг манбаси Аллоҳнинг каломи ва Расулининг суннати бўлиб, уни тушуниш, англаб етишнинг ўзига яраша усули ва йўриғи бордир. Бунда моҳир мутахассисларга эргашилмаса зарар кўриш, залолатга кетиш, қадамлар тойилиши эҳтимоли юқоридир. Ислом уммати Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбалларни ана шундай моҳир мутахассис деб эътироф қилганлар. (“Тақлидуш шаръия ва аҳамиятуҳу фил ислам” китоби, 85-бет).
Муҳаддис Абдулҳақ Деҳлавий роҳимаҳуллоҳ тўрт мужтаҳид имомлар ҳақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта уйи, яъни тўртта йўли бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди”(“Шарҳу сафарус-саъада” 1 жилд, 21 саҳифа).
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий “Муватто” китобининг шарҳида: “Тўрт мужтаҳид имомларнинг илми бутун Ислом шариатини қамраб олган”, деганлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими мутахассиси
Абдуғофур Ниёзқулов
Сийрат илмининг буюк устози
Араб тилида ёзилган манбаларни мутолаа қилар экансиз Бухорий, Самарқандий, Шоший, Термизий, Насафий, Хоразмий, Кеший, Фарғоний, Намангоний дея танилган юзлаб, балки минглаб олимларнинг исмига ва уларнинг ёзган нодир асарларига дуч келасиз. Улар ҳақида айтилган мақтовлар, уларнинг илм даражалари ва қилган хизматларини ўқисангиз беихтиёр ана шундай зотларнинг авлоди эканингиздан фахрланасиз. Ана шундай зотлардан бири улуғ муҳаддис Абу Исо Термизийдир. У зотнинг сийрат фанида ёзган “Шамоил” китоби бу соҳада катта бурилиш ясади. Қуйида у зотнинг ҳаётлари ва ушбу асарлари ҳақида олиб борилган илмий тадқиқот маълумотларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Имом Термизийнинг насаби: Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок[1] бўлиб, манбаларда келган боболари исмининг энг ишончлиси мана шудир. Айрим таржима китобларда Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра деб ҳам келган[2]. “Иршод ила маърифати уламои-л-ҳадис” китобининг муаллифи Имом Термизийни Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Шаддод деб келтирган[3]. Лекин кўпчилик тарихчи олимлар Муҳаммад ибн Исо ибн Саврага иттифоқ қилганлар.
Куняси: Имом Термизийнинг куняси Абу Исо бўлиб, Имом Термизийни ўзи ҳам бу куняни яхши кўрар эди. У зот бу куняни ўз исмига ихтиёр қилиб, ўзини фақат Абу Исо, деб номланишини яхши кўрган[4].
Имом Термизийга ал-Буғий, ат-Термизий ва ас-Суламий деб нисбат берилишига қуйдагилар сабаб бўлган:
- Термизий – ушбу нисбат Термиз шаҳрида туғилган инсонларга берилган. Бундай нисбат бериш ислом оламида жуда машҳур бўлиб, ҳар бир инсон ўзи туғилган жойга нисбати берилган.
- Буғий – бунга сабаб Имом Термизий туғилган қишлоқ бўлиб, бу қишлоқ Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган. Ҳозирда Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида. Лекин Марказий Осиёлик машҳур тарихчи Абу Саъад Абдулкарим ас-Самъоний (1113-1167) Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун Буғий тахаллусини олган деган.
- Суламий деб нисбат берилишининг тарихчи олимлар икки қабилага нисбат берган. Улардан бири Сулайм ибн Мансур бўлиб, бу араб қабилалари ичидаги машҳур қабиладир. Бу нисбатни “ал-Ансоб” китоби соҳиблари берган[5]. Мулла Али ал-Қори бўлсалар Сулайм ибн Фаҳм қабиласига нисбат берган[6]. Шу ўринда айтиш лозимки, Имом Термизийнинг оилалари ва ота-оналари ҳақида манбаларда аниқ маълумот йўқ. Олимлар Имом Термизийдан фақатгина “Бобом асли Марвлик бўлиб, Лайс ибн Сайёр даврида Марвдан Термизга кўчиб келган ”, деган сўзини келтирадилар[7].
Таваллуди: Имом Термизий ҳижрий III асрнинг аввалида 209/824 йили Термиздаги Буғ қишлоғида ўртаҳол бир оилада таваллуд топган. Имом Заҳабий ўзининг "Сияр аълам ан-нубало" китобида ҳижрий 210 сана бошларида деб келтирган[8]. Ибн Асир ўзининг “Жомеъ-ал-усул” китобида ҳижрий 209 санада таваллуд топганини келтирган[9]. Имом Термизий умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолгани учун у зотга “Зарийр” деган тахаллус берилган[10].
Имом Термизийни илмга юзланиши ва илм талабидаги сафарлари: Имом Термизий ёшлик чоғида ғоятда тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлиб, бу фазилати билан ўз тенгдошларидан батамом ажралиб турган. Имом Термизийни ёшлик чоғида илмга ўта қизиқиш ва иштиёқи ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллашида яққол намоён бўлди. Имом Термизий илм олишда фақат ўз юрти ёки қўшни вилоятлар билан чекланмади. Тарихчи олимлар Имом Термизийнинг илмий сафарга чиқиши 240/850 йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошланганини, илм талабида узоқ юртларга, қатор хорижий мамлакатларга сафар қилганини айтишган. Жумладан, у зот Бухоро, Марв[11], Рай [12], Басра, Куфа ва Ҳижоз (Макка ва Мадина)га сафар қилиб, кўплаб муҳаддислар, уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан таълим олган. Имом Термизийнинг Бағдодга киргани ҳақидаги маълумот борасида олимлар ихтилоф қилганлар.
Вафоти: Узоқ йиллик илмий ҳаётдан сўнг Имом Термизий 279/892 йил ражаб ойининг ўн учинчисида, душанба куни ватани бўлмиш Термизнинг Буғ қишлоғида вафот этди. Ҳозирда у зотнинг қабри Ўзбекистондаги машҳур зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади.
У зот ҳақида айтилган мақтовлар: Имом Самъоний “Имом Термизий ҳеч шубҳасиз ўз асрининг имомидир”, деган[13]. Имом Самъоний яна бошқа бир ўринда “Имом Термизий ҳадис илми борасида иқтидо қилинадиган имомлардан бири бўлиб, “Жомеъ”, “Таворих” ва “Илал” каби буюк асарлар муаллифи, у зотнинг зеҳни борасида зорбулмасаллар келтирилган”, деган[14]. Ҳоким Абу Аҳмад мен Умар ибн Алакдан “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этди. Хуросонда ўзидан кейин илм ва тақвода Абу Исога ўхшашини қолдиргани йўқ. У кўп йиғлаганидан ҳатто кўр бўлиб қолди”, деганини эшитдим” деган[15]. Абул Фазл Байламоний “Мен Наср ибн Муҳаммад Шайрокуҳийдан у мен Муҳаммад ибн Исо Термизийдан у Менга “Муҳаммад ибн Исмоил Мен сендан кўрган фойда сен мендан кўрган фойдадан кўпроқдир”, деганини эшитдим”,[16] деган.
Ибн Касир “Имом Термизий бу иш (ҳадис илми) борасида ўз замонасининг имомларидан эди”, деган[17]. Ҳофиз Абул Ҳажжож Миззий “Имом Термизий кўзга кўринган ҳофиз имомлардан бири бўлиб, Аллоҳ у билан мусулмонларни манфаатлантирди”,[18] деган. Мулла Али Қори “Термизий имом, ҳужжат, ишончли, ҳофиз, мутқиндир”, деган[19]. Бундан ташқари бошқа жуда кўплаб олимларни имом Термизий ҳақида айтган сўзларини келтириш мумкин. Буларнинг ҳаммаси Имом Термизийнинг ҳадис илми борасида катта олимлардан бўлгани ва салаф солиҳларнинг фиқҳини яхши ўзлаштирганига далолат қилади. У зот илм ва амални жамлаган инсонлардан бири бўлган.
“Шамоили Муҳаммадия” китоби ҳақида олимларнинг айтган мақтовлари: Ушбу китоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари борасида ёзилган энг улуғ ва фойдали манба ҳисобланади. Муаллиф ушбу китобда мавзунинг асл чашмаси, дуру гавҳарлари ва барча қирраларини келтириб, чиройли услубда тартибга солган ва мухтасар ҳолда жамлаган. Китоб шу даражага етганки, ўқувчига малол келадиган даражада узун ҳам, мақсадни ифодалашда бирор камчилик пайдо қиладиган даражада қисқа ҳам бўлмай, ўз мавзусини тўла қамраб олиши жиҳатидан ўрта ҳажмли китоблар сирасига киради. Бунга Ибн Касир “Бидая-ван-ниҳоя” китобида ишора қилиб шундай деган: “Инсонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари борасида қадимда ҳам, ҳозирда ҳам айнан шу мавзуда ва бу мавзуга алоқадор китобларни битганлар. Шамоил борасида жуда фойдали ва аъло даражада ҳадисларни жамлаган асарлар сирасига Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра Термизийнинг китобини келтиришимиз мумкин. У зот бу йўналишда машҳур “Шамоили Муҳаммадия” китобини ёзган. Каминада у зотга етадиган муттасил санад мавжуд”,[20] деган. Муҳаммад ибн Абдурауф Муновий (в.1031 ҳ.) “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзган шарҳининг муқаддимасида шундай дейди: “Ривоят ва дироят олими Имом Термизийнинг (Аллоҳ таоло у зотнинг қабрини ҳушбўй мискнинг ҳидидан муаттар бўлган жаннат боғчаларидан қилсин) “Шамоили Муҳаммадия” китоби ўз бобида тенгсиз, тузилиш ва маълумотларни қамраб олиш жиҳатидан якка-ю ягонадир. Бирон киши бу китобга тенг бўлувчи ёки ўхшашини ёзмаган. Муаллиф китобни ёзишда гўзал услуб тутган. Ҳадис ва хабарларнинг чашмаси билан нақш солган. Ҳатто бу китоб Аллоҳ таоло тарафидан инъом этилган иқтидорнинг самараси деб ҳисобланган ва машриқу мағрибда донғи кетган”[21]. Мулла Али Қори китоб ҳақида: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ва шамоиллари борасида ёзилган китобларнинг энг гўзали Термизийнинг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сийратлари борасида мукаммал тарзда ёзилган жоме мухтасар китобдир. Бу китобни ўқиган киши У жанобнинг ташқи кўринишини кўргандек ва ҳар бобда У зотнинг шарафли хислатларини тасаввур қилади”,[22] деган. Китобнинг яхшиликлари, фойдалари ва самаралари ҳақида кўп нақллар ривоят қилинган. Шунингдек, олдин ҳам, кейинчалик ҳам аҳли илмлар томонидан бу китобга хизмат қилиш мақсадида мухтасар, шарҳ, таҳқиқ қилиш ва назмга солиш каби турли йўналишларда катта меҳнатлар амалга оширилди.
Китобнинг номи: “Шамоил” сўзи ишлатилганда инсоннинг хислатлари, сифатлари, ўзига хос хусусиятлари, ахлоқу одоблари ва шунга ўхшаш маънолар назарда тутилади. Фалончи гўзал шамоил эгаси дейилганда гўзал ахлоқ эгаси деган маъно тушунилади. Олийжаноб шамоил эгаси дейилганда олийжаноб ахлоқ эгаси деган маъно тушунилади. Шунинг учун Имом Термизий ва у зотдан бошқа аҳли илмлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари, ахлоқлари, одоблари ва шунга тегишли бўлган бошқа хислатларни “Шамоил” деб номлаганлар. Имом Термизийнинг “Шамоил” китоби турли номлар билан нашр қилинган. Нусха кўчирувчи хаттотлар, китобни ривоят қилувчилар ва олимлар унга турли номларни ишлатганлар. Бу номлардан энг машҳурлари “Шамоили Набавийя” ёки “Шамоил Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам” бўлиб, бу номлар энг кўп ишлатилган. Баъзан “Шамоили Муҳаммадия”, “Шамоили Мустафо” номлари ҳам ишлатилади. Гоҳо олимлар китобни муаллифига ҳам нисбат бериб “Шамоил Термизий” ёки “Шамоил Термизийя” деб ҳам ишлатганлар[23].
“Шамоил” китобини шарҳлаган Абдураззоқ ибн Абдумуҳсин Бадр китоб муқаддимасида: “Олдинги аҳли илм олимлар китобни “Шамоил Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам” деб номлаганлар. Кейинги мутааххир олимлар бўлса, “Шамоили Муҳаммадия” деб номлаганлар” деган. Олим ушбу сўзи билан китобни номларини жамлашга ҳаракат қилган. Китобнинг исми борасида олиб борилган изланишда юқорида зикр қилинган номлардан ҳам узунроқ ном учради. У “Шамоили Муҳаммадия ва Хосаи-л- Мустофавийя” номидир[24]. Бу номни асосан араб мамлакатларидаги нусхаларда кўриш мумкин. Хусусан, бу номни Марокаш давлати пойтахти Работ шаҳридаги Подшо фондида сақланаётган қўлёзма нусхаларда учратиш мумкин[25]. Китоб номи турли хил номланишига сабаб китобнинг умумий муқаддимаси йўқлигидир. Чунки муаллифларнинг китоб ёзишдаги одатлари китобни қайси мавзу борасида ёзилганини, китоб номи нима экани ва ундаги йўналишни баён қилиб сўнгра китобни бошлаганлар. Имом Термизий бўлса, басмала ва ҳамд айтгандан сўнг тўғридан тўғри китобни бошлаб кетган. Шунинг учун китоб турлича хил номлана бошлаган. Эҳтимол муаллиф ўзи ёзган нусхада китобнинг номини ёзган бўлиши мумкин. Китобни ундан ривоят қилганлар ва нақл қилганлар уни ўзлари турлича номлаганлари учун аниқ бир ном қарор топмаган бўлиши ҳам мумкин. Модомики ҳозиргача бу ихтилоф бор экан, демак, Имом Термизий китобга қандай ном қўйганини ҳеч ким аниқ келтира олмайди. Биз эса юртимизда танилган номи бўлган “Шамоили Муҳаммадия” номини мақоламизга киритдик.
Китобнинг қўлёзма нусхалари: Имом Термизийнинг шамоил китоблари ислом оламида энг кўп тарқалган китоблардан бири ҳисобланади. Бунга бир неча сабабларни келтириш мумкин:
- “Шамоили Муҳаммадия” китоби Аллоҳ таолонинг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида бўлгани учун ислом уммати бу китобни жидду жаҳд билан ўрганишга ҳаракат қилган.
- Имом Термизий ҳадис илмида иқтидо қилинадиган (эргашиладиган) Имомлардан бўлгани учун оми халқ ва олимлар орасида китоб кенг тарқалган.
- Имом Термизий нафақат олим, балки жуда тақводор зот бўлганлар, бу ҳам китобнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган. Бундан ташқари бошқа кўплаб сабабларни ҳам келтириш мумкин.
Китобнинг қўлёзма нусхалари сони ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг аниқ ададини аниқлаш жуда мушкул. Китобнинг қўлёзмалари қанча эканлигини аниқ айтиб бўлмайди. Чунки баъзи қўлёзма нусхалар шахсий фондларда сақланаётган бўлиши мумкин. Жумладан, Дамашқдаги Асад кутубхонасининг ўзида китобнинг 23 та қўлёзма нусхаси бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги “Шамоили Муҳаммадия” китобининг қўлёзма нусхалари қуйидагилар:
- “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзилган форс тилидаги шарҳ. Шарҳловчи Абул Хайр Фазлуллоҳ ибн Рузибаҳондир. Бу китоб “Шамоили Муҳаммадия” асарининг форс тилига таржимаси бўлиб, аввал арабча матн ёзилган. Сўнгра ёзув остидан форсча ёзилиб, кенг услубда шарҳланган. Қўлёзманинг охирги 10 вараққа яқин қисмига бир оз шикаст этган. Ҳаммод ибн Саламадан ривоят қилинган ҳадис билан тугаган бўлиб, тўлиқ ҳолатда эмас. 299 варақдан иборатдир. Китоб № 2351 рақам остида сақланади.
- “Жаму-л-Васоил шарҳ Шамоил” китобининг қўлёзма нусхаси № 422 рақам остида сақланади. Бу нусхада бир жилдда китобни ҳаммаси жамланган. Ушбу қўлёзма жуда равон насх хатида ёзилиб, ҳижрий 1231 сана рабиул-аввал ойида тугалланган.
- “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзилган арабча шарҳ. Шарҳловчи исми номаълум, чунки қўлёзманинг аввалги ва охирги варақлари йўқ. Қўлёзма 639 варақдан иборат. Ҳар бир бетда 19 та қатор бўлиб, № 461 рақам остида сақланади. Ушбу қўлёзма ҳижрий 555 санада ёзилган.
- Жамланма китобда келган қўлёзма нусха бўлиб, № 441 рақам остида сақланади. Ушбу қўлёзма ҳижрий 1350 санада ёзилган.
- “Шамоили Муҳаммадия” китобининг ҳижрий 990 санада Маккаи Мукаррамада ёзилган қўлёзма нусхаси. У 90 варақдан иборат бўлиб, № 481 рақам остида сақланади.
- Ушбу қўлёзма XVI асрга оид бўлиб, 104 варақдан иборат. 1980 йилда “Шамоили Муҳаммадия” китобининг ушбу қўлёзмаси офсет босмада чоп этилган бўлиб, ундаги қисқача сўзбоши собиқ Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳайъатининг раиси, марҳум муфтий Зиёвуддинхон Ибн Эшон Бобохон ҳазратлари томонидан ёзилган. Ушбу қўлёзманинг бобларни боши қизил рангда бўлиб, чиройли насх хати билан ёзилган. Ҳошиясида бошқа нусхалардан ривоятлар бор. У № 2797 рақам остида сақланади.
«Шамоил Муҳаммадия» асарига ёзилган шарҳлар: “Шамоили Муҳаммадия” асарига кўплаб шарҳлар ёзилган. Уларни бирон бир адад билан чегаралаш мумкин эмас. Кўпчилик тадқиқотчилар китоб таҳқиқини келтиришдан олдин китоб муаллифининг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида бир оз сўз юритадилар. Сўнгра китобнинг аҳамияти ва унга ёзилган шарҳлар ҳақида маълумот берадилар. Ҳудди шунингдек, “Шамоили Муҳаммадия” китоби борасида тадқиқот олиб борган олимлар унга ёзилган шарҳларни келтирганлар. Уларнинг баъзилари ўнта, баъзилари йигирмата шарҳни келтирган. Ҳозиргача қилинган тадқиқотларда энг кўп шарҳларнинг номларини жамлаган тадқиқот бу Абдуҳ Али Кушкнинг тадқиқоти бўлиб, унда 72 та шарҳнинг номи ва муаллифлари исмлари келтирилган. Аммо илмий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, китобга ёзилган шарҳлар 80 тадан ошиқроқ бўлиб, уларнинг номлари тарих китобларида келгандир.
Улардан машҳурлари:
- “Иттиҳафатур-Роббонийя бишарҳиш-шамоили Муҳаммадия” – Аҳмад ибн Абдулжаввод Думий.
- “Аъзобул-манохил ала шамоил” – Аҳмад ибн Жаъфар Каттоний.
- “Аснал-васоил би шарҳиш-шамоил” – Аллома, муҳаддис, муфассир, муаррих Наҳвий Исмоил ибн Муҳаммад Ажлуний.
- “Ашрофул-васоил” – Исмоил Муфид ибн Али Аттор Румий.
- “Ашрофул-васоил ила фаҳмиш-шамоил” – Фақиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳажар Маккий, Ҳайтамий, Ансорий.
- “Ашрофул-васоил шарҳи шамоил” – Сайфуллоҳ ибн Нуруллоҳ Бухорий, Деҳлавий.
- “Ақробул-васоил фи шарҳиш-шамоил” – Ҳофиз Муҳммад ибн Абдураҳмон Саховий.
- “Анжаҳул-васоил” – Абулқосим ибн Муҳаммад ибн Абулбарокат ибн Махлас.
- “Туҳфатул-ахёр ала шамоилил мухтор” – Муҳаддис Абулҳасан Али ибн Аҳмад Ҳурайший.
- “Ровзул-азҳар фи шамоил Набий мухтор” – Абдуссалом ибн Аҳмад Имроний Фосий.
- “Дурару фазоил-шарҳ шамоил” – Алимуддин ибн Фасиҳиддин Қоннужий.
- “Заҳрул-хамоил ала шамоил” – Жалолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютий.
- “Турар ала шамоил” – Ориф Абу Зайд Абдураҳмон Фосий.
- “Шарҳ шамоил” – Абдураззоқ ибн Абдулмуҳсин Бадр.
- “Итру шазий фи шарҳ мухтасар шамоил Термизий” – Фақиҳ Абдулмажид Шурнубий, Азҳарий.
- “Ихтисор шарҳ шамоил ли жассус” – Муҳаммад ибн Ҳасан Ҳажавий.
- “Фатҳул-айман мақбул вал-шарҳ муҳда ашроф росул” – Фозил Муҳмуд ибн Абдул Муҳсин ибн Муваққеъ Шофеий.
- “Фаваид жалилатул-баҳийяту ала шамоили Муҳаммадия” – Муҳаддис, фақиҳ, Муҳаммад ибн Қосим ибн Жассус.
- “Китабату ала шамоил” – шайх Али ибн Зайниддин Ужҳурий.
- “Кашфул-фазоил” – Нур ибн Муҳаммад Кошоний.
- “Мухтар мин шарҳил” – Ҳасан ибн Исҳоқ ибн Маҳдий.
- “Маваҳибул-ладунийя ала шамоил Муҳаммадия” – Шайх, Иброҳим ибн Муҳаммад Бажурий.
Шамоил Муҳаммадия асарига форс тилида ҳам шарҳлар ёзилган бўлиб, улардан қуйидагиларни келтириш мумкин:
- “Шарҳ” – Шайх Муҳаммад Ошиқ ибн Умар Ҳанафий.
- “Шарҳ” – Шайх Муҳаммад Файз ибн Муҳаммад Биликромий.
- “Шарҳ” – Абилхайр Фазлуллоҳ ибн Рузибаҳон.
Туркий шарҳлардан бўлса энг машҳури шайх Ҳисомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Нақшбандийнинг шарҳларидир. Китоб дунёнинг бир нечта тилларига таржима ҳам қилинган. Булар: ўзбек, инглиз, француз, урду, форс тилларидир. Келтириб ўтилган маълумотлардан Ислом оламида мазкур асарнинг ўрни беқиёслигини англаш мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳадис илмининг ривожи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини кенг оммага етиб боришида улуғ ватандошимизнинг хизматлари буюкдир. Зеро, юқорида келтирилган уламоларнинг мақтовлари ҳам сўзимизни тасдиқлайди. Хусусан, у зотнинг “Шамоил” асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқ-атворлари, ташқи кўринишлари, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида намуна бўлиб, амалга оширган ишларини мукаммал тарзда баён этиб берган. Китобни мутолаа қилган китобхон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни янада яқиндан танийди. Аллоҳ таоло бу бобокалонимизнинг хизматларини қабул этиб, жаннатдаги мартабаларини юқори қилсин!
Манбалар асосида Тошкент вилояти Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби,
Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Мирҳамидов Обиджон тайёрлади.
[1] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам 2001. –Б.37.
[2] Қаранг: ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибут таҳзиб. – Байрут, Дорул маърифа 1395 ҳ. – 9/ 387.
[3] Қаранг: Абу Яъло Халилий. Ал-Иршод. – Риёз, Мактабатул Рушд 1409-ҳ. – 3/904
[4] Муҳаммад Абдураҳмон ибн Абдуроҳим. Муқаддима Туҳфатул-Аҳвузий. – Байрут, Дорул кутуб илмийя 1990. – Б. 242.
[5] Имом Самьоний. Ансоб. – Байрут, Дорул Муҳаммад Амин, 1401. Ж.2. – Б.361.
[6] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.38.
[7] Тақюддин Исирдий. Фазоилал-китаб ал-Жомеъ. – Байрут, Оламул кутуб, 1409 ҳ. – Б. 40..
[8] Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияру аьломин-нубало. – Байрут, Муассасату-р- рисола, 1302ҳ. Ж. 13. –Б.371.
[9] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.39..
[10] Тақюддин Исирдий. Фазоилал-китаб ал-Жомеъ. – Байрут, Оламул кутуб, 1409 ҳ. – Б. 40.
[11] Туркманистон ҳудудида жойлашган..
[12] Хозирги кунда Эрон пойтахти Теҳрон.
[13] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.51
[14] Имом Самъоний. Ансоб. – Байрут, 1401 ҳ. Ж.2. –Б.45.
[15] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дорул маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389
[16] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дорул маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389
[17] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.52.
[18] Абул Ҳажжож Юсуф.Таҳзибу-л-Камол. – Байрут, Муассасатур-рисола, 1407 ҳ. Ж.26. –Б. 250.
[19] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.53.
[20] Ибн Касир. Бидая–ван-ниҳоя. –Байрут, Ҳижр, 1997. Ж.6. –Б.13.
[21] Имом Муновий. Шарҳ Шамоил. – Миср, Матбатул адабия, 1317 ҳ. Ж.1. –Б.2.
[22] Али Қори. Жаму-л-васоил. – Миср, Матбату-л-адабия, 1317 ҳ. Ж.1. –Б.2.
[23] Ҳассон Ҳолий. Шуруҳ Мағрибийя. – Работ, Манбаату Абу Рақроқ, 2012. – Б.30.
[24] Ҳассон Ҳолий. Шуруҳ Мағрибийя. – Работ, Манбаату Абу Рақроқ, 2012. – Б.30.
[25] Подшо фўндида 1615,11806- рақамлар остида сақланаётган нусхаларда шу ном билан келади.
30.10.2020 й. Оламларга раҳмат бўлган Пайғамбар
بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ وَجَعَلَهُ أُسْوَةً حَسَنَةً لِلْمُؤْمِنِيْنَ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى نَبِيِّنَا الرَّؤُوفِ بِالْمُؤْمِنِيْنَ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ
Оламларга раҳмат бўлган Пайғамбар
(саллаллоҳу алайҳи васаллам)
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат ва ҳидоят нури қилиб юборди. У Зот сабабли инсониятни зулматлардан нурга чиқарди. У Зотни бу дунёда ҳидоят йўлбошчиси қилди. У Зот саллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин ва ундаги кўрсатмалар барча оламларга – инсонлар ва ҳайвонлар оламига ҳам, жамодот ва наботот оламига ҳам меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат манбаидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида бежизга:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, дея таъкидламаган (Анбиё сураси, 107-оят).
Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни билиш учун Муҳаммад алайҳиссаломнинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, меҳр-оқибатлари, эзгуликлар ва фазилатлар манбаи эканларидан хабардор бўлишимиз зарур. Бугунги суҳбатимизда шулардан баъзиси билан танишиб чиқамиз.
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига нисбатан шафқатлари ва меҳрибонликлари;
Набий алайҳиссалом ўз умматларига ота ўз фарзандига шафқатли ва меҳрибон бўлганидан кўра шафқатли эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ
яъни: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз Унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди” (Тавба сураси, 128-оят).
Ушбу ояти каримада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асосий сифатларидан бир нечтаси зикр қилинмоқда. Дарҳақиқат, дунё тарихида У Зотдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Набий алайҳиссаломнинг энг суюкли аёллари Оиша разияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Бир куни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хурсанд ҳолда кўриб, У Зотга: “Эй Аллоҳнинг расули, мени дуо қилинг”, дедим. Шунда У Зот: “Эй Аллоҳ, Оишанинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилдилар. Оиша онамиз (бу дуодан қувониб) шундай кулдиларки, хурсандликларидан бошлари Расулуллоҳнинг тиззаларига тушди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Дуоим сени қувонтирдими?” – деб сўрадилар. “Сиздек зотнинг дуоси мени қувонтирмасмиди?!” – дедилар Оиша онамиз. Шунда сарвари олам: “Аллоҳга қасамки, бу менинг умматим учун ҳар бир намозимда қиладиган дуоимдир!” – дедилар” (Имом Баззор ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом дуолари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қайтарилмайдиган буюк Зот ўз умматларининг ҳаққига ҳар намозларида “Эй Аллоҳ, умматимнинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилар эканлар. Бундан ҳам ортиқ меҳрибонлик борми дунёда?!
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг шаксиз қабул бўладиган дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуоларини (бу дунёда) қилиб бўлдилар. Мен ўз дуойимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай ўлганларга, албатта, етгувчидир”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).
У Зот алайҳиссалом катта дуоларини умматлари энг муҳтож бўладиган пайт – охират учун сақлаб қўйган эканлар. Бу ҳадисда У Зотнинг умматларига бўлган меҳрлари, лутфлари, шафқатлари яққол кўриниб турибди. Умматларини ўзларидан ҳам, оилаларидан ҳам устун кўриб, уларни дуо қилишни кўзламоқдалар.
- Инсониятнинг энг буюк муаллими ва мураббийи эканликлари;
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни бир нечта муҳим сифатларини келтириб ўтган:
هُوَ الَّذِي بَعَثَ فِي الْأُمِّيِّينَ رَسُولًا مِنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ
وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ
яъни: “У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар) илгари аниқ залолатда эдилар” (Жума сураси, 2-оят).
Ояти каримадаги “омилар” деганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларидаги араблар назарда тутилган. Зеро, ўша даврда араблар ўқиш, ёзишдан кўра маълумотларни ёдда сақлашни афзал кўрардилар, саводхонлари жуда кам эди. Араб ёзуви асосан Набий алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлиб келганларидан бошлаб бутун Ислом оламида тез суръатда ривожланди. Ўқиш ва ёзишга тарғиб этадиган оят ва ҳадисларга амал қилиш натижасида, араб тили мукаммал шаклга келди, мусулмон ҳалқлар орасида илм-маърифат ривож топди.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам орқали қўпол, қаттиққўл, жаҳолат ботқоғига ботган қавмларни қисқа муддатда инсонпарвар, илм ва маърифатли, олий жаноб инсонларга айлантирди. Имом Қирофий раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар фаразан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор-бир мўъжизалари бўлмаганида ҳам саҳобаларининг ўзи У Зотнинг набувватлари исботи учун етарли эди”, – деганлар.
Ҳа, У Зот илмга, маърифатга ва ҳикматга бой муаллим ва энг меҳрибон буюк мураббий эдилар. Аллоҳ таолонинг юксак ҳикматига кўра ўқиш ёзишни таълим олмаган – уммий бўлсаларда, инсониятнинг энг илмлиси ва маърифатлиси бўлганлар.
- Гўзал ва олий хулқ эгаси эканликлари;
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло У Зотни мадҳ этиб, шундай марҳамат қилган:
وَإِنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيمٍ
яъни: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).
Ушбу мақтов оддий мақтов эмас. Балки у оламларнинг Роббисидан келган мақтовдир. Зеро, ҳеч бир инсон бундай шарафга эришган эмас. У Зот ўзларининг муборак ҳадиси шарифларидан бирида:
إِنَّمَا بُعِثْتُ لِأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الْأَخْلَاقِ
яъни: “Мен яхши хулқларни тўлиқ қилиш учун юборилганман”, – деганлар (Имом Байҳақий ривоятлари).
Барча ишларида намуна бўлган, гўзал ахлоқлар набийси – севикли Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларига қарата доимо: “Сизларнинг яхшиларингиз, ахлоқи яхшиларингиздир”, – дер эдилар (Имом Бухорий ривоятлари).
- Қўполлик қилганларга ҳам юмшоқлик билан жавоб қайтарардилар;
Сарвари олам энг ҳалим, босиқ ва мулойим инсон эдилар. Аллоҳ таоло У Зотнинг ушбу хусусиятларини мақтаб Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لانفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ
яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар...” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Набий алайҳиссаломнинг ҳалимликларига қуйидаги ҳадисда ҳам ёрқин намоён бўлади. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдим. У Зотнинг эгниларида дағал матодан бўлган кийим бор эди. Олдиларига бир аъробий келиб, ридоларидан қаттиқ тортди. Тортиш натижасида кийим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларида из қолдирганини кўрдим.
Аъробий: “Эй, Муҳаммад! Ҳузурингдаги молдан менга ҳам улуш берсинлар”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўгирилиб қарадилар ва табассум қилиб, сўнг унга ҳам молдан улуш беришни буюрдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
- Муҳтожларнинг ҳожатини раво қилишлари;
Саҳоба Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бевалар, мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас ва орланмас эдилар” (Имом Насоий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).
- Камтар ва тавозелиликлари;
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам либосларини ўзлари ямаб, жониворлар сутини ўзлари соғар эдилар. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлакларини ямар, оёқ кийимларини тикар, эр киши уйда қиладиган барча ишларни бажарар эдилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиш (да сув қуйиб туриш) ва садақа бериш ишларини ҳеч кимга буюрмас, фақат ўзлари бажарар эдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам чақириғини бирдек қабул қилар эдилар. У Зот камбағаллар билан бирга мажлис қурар ва мискинлар билан бирга овқатланар эдилар.
- Камтар ҳаёт кечирсалар-да, эҳсонлари шоҳларникидан ҳам аъло эди;
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси бўлганлар. У Зот ҳузурларида динор ёки дирҳам бўлса, ухлашга ётмаганлар. Агар бирор нарса ортиб қолса ва уни бергани одам бўлмаса, ўша нарсадан қутилмагунларича, муҳтож одамга бермагунларича ухламаганлар. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келди. Унга икки тоғ ўртасидаги садақа қилиш учун боқиладиган қўйлардан кўпини бериб юборишга буюрдилар. У киши ўзининг қавмига келгач: “Эй қавм! Исломни қабул қилинглар! Дарҳақиқат, Муҳаммад йўқчиликдан қўрқмасдан буларни берди”, – деди (Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).
Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан нама сўралса, ўшани берар эдилар. Кўпинча йил охиригача бирор нарса келмаса, ўзлари муҳтож бўлиб қолар эдилар.
- Ҳар бир ишни охирига етказардилар:
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бирон иш ёки нарсани эртага қолдирмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
- Поклик ва озодаликка эътибор беришлари;
Набий алайҳиссалом инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги нарсалар ҳам озода бўлишига катта аҳамият берар эдилар. У Зотнинг ўзлари бу борада барчага ўрнак эдилар. Ўз ҳадиси шарифларида: “Поклик иймоннинг ярмидир”, – дер эдилар (Имом Муслим ривоятлари). Бошқа бир ўринда: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Покланинглар, ён-атрофларингни озода тутинглар, ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”, – дер эдилар” (Имом Термизий ривоятлари).
(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида Пайғамбаримизнинг покликка жиддий эътибор қаратганлари бугунги кунда, хусусан пандемия шароитида нақадар долзарб эканлиги ҳақида ўз сўзлари билан, жонли тарзда намозхонларга тушунтириб берадилар...).
Муҳтарам жамоат! Суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг фазилатларини, гўзал хислатлари, олий хулқларини санаб адоғига етказиб бўлмайди. Афсуски, ҳозирда дуёнинг баъзи жойларида сарвари оламнинг шаъниларига нисбатан одобсизликлар қилинмоқда. Бунинг сабаби уларнинг Набий алайҳиссаломнинг оламларга раҳмат эканларини, инсониятга тақдим этган улкан хизматларини билмасликларидир. Аслида бундай ғайри инсоний ҳатти ҳаракатлар уларнинг ўзларига зиён келтиради халос. Зеро, Қуёшга қарата чанг солмоқчи бўлган кимсанинг ўз усти боши кир бўлади, Қуёшга заррача ҳам таъсир қилмайди.
Биз уммат ўлароқ инсониятнинг энг буюги – суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари, суннатлари, гўзал шамоиллари ва юксак ахлоқларини қунт билан ўрганишимиз ва ёш авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг муборак сийратларига бағишланган турли-туман китоблар нашр этилган. Биз оила аъзоларимиз даврасида шу китоблардан мутолаа қилишни жорий қилайлик. Фарзандларимиз қалбида Набий алайҳиссаломга нисбатан муҳаббатни уйғотайлик. Зеро, ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"أدِّبُوا أوْلادَكُمْ على ثلاثِ خِصالٍ: حُبِّ نَبِيِّكُمْ ، وَحُبِّ أهْلَ بَيْتِهِ ، وقِراءَةِ القُرآنِ ، فإِنَّ حَمَلَةَ القُرآنِ في ظِلِّ الله يَوْمَ القِيامَةِ يَوْمَ لا ظِلَّ إلاَّ ظِلُّهُ مَعَ أنْبِيائِهِ وأصْفِيائِهِ (رواه الامام الطبرانى)
яъни: “Фарзандларингизга уч хислат: Набиййингизга , У зотнинг аҳли байтига ва тиловати Қуръонга муҳаббат асосида одоб беринглар. Чунки, Қуръон эгалари Қиёмат куни Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда, У Зотнинг соясида анбиёлар ва асфиёлар билан бирга бўлурлар”, – деганлар (Имом Табароний ривоятлари).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишни, У Зотдан ўрнак олишни насиб этсин! Омин!
Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “Тўқима ҳадис ва асоссиз ривоятларни келтиришнинг хатари” хусусида бўлади, иншааллоҳ.