muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 2 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва бир гуруҳ мутасаддилар Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Тошкент ислом институтининг ўқув хоналарига бўлган эҳтиёжни тўла таъминлаш мақсадида, мавжуд асосий бинони реконструкция қилиш, янги 3-қаватни қуриш ишларининг боришини муфтий ҳазратлари кўздан кечирдилар. Қурилиш ишларини миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий архитектура талаблари асосида олиб бориш, аудиторияларни кенг ва ёруғ бўлишига эътибор қаратиш, қурилиш ишларида қишнинг совуқ ва ёзнинг иссиқ кунларини ҳам инобатга олишга урғу қаратдилар. Шунингдек, асосий бино пештоқи ва деворларига Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлардан намуналар ёзишни ҳам муфтий ҳазратлари алоҳида қайд этдилар.
Маълумот ўрнида, институтнинг асосий биносига қўшимча равишда 15 та талабалар ўқув аудиторияси, 1 дона мажлислар зали, кутубхона, 1 дона ўқитувчи ва талабалар ошхонасини жойлаштирилиши режалаштирилган.
Муфтий ҳазратлари ушбу ўқув даргоҳи ҳудудида қад ростлаётган 4 қаватли бинода бўлаётган қурилиш жараёнларини ҳам кўздан кечирдилар. Ҳозирда мазкур бинонинг ички ва ташқи томонларида пардозлаш ишлари давом эттирилмоқда. Қайд этиш керакки, ушбу бинода 30 ўринлик таҳоратхона ва 30 та хонадан иборат талабалар турар жойи – ётоқхона ва бошқа қўшимча хоналар жойлашади.
Садақаи жория ҳисобланмиш мана шундай ишларга ҳисса қўшиш, амалга ошириш ва иштирокчиси бўлиш нақадар улуғ савобли амал эканини муфтий ҳазратлари изоҳладилар. Шунингдек, келгусидаги режалари ҳам бисёр эканини баён этдилар.
Ташриф сўнгида муфтий ҳазратлари мазкур қурилиш ишларида фаоллик кўрсатган Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғофуров, проректорлар, ишчи-ходимлар ва уста-муҳандислар ҳаққига дуои хайрлар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понеділок, 02 ноябрь 2020 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари буйича қўмита жамоаси Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуровнинг волидаи муҳтарамалари Дилбар ҳожи она вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

73 ёшларида охират сафарига кузатилган ҳожи она эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзандларни ўстирдилар, тарбияладилар. Фарзанди Уйғун домла диний-маърифий соҳа йўналишида Президент Администрацияси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Ислом академияси каби йирик даргоҳларда фаолият олиб борди. Юқоридаги кўп йиллик тажрибаси сабабли Тошкент ислом институтида 2015 йилдан буён ректор вазифасида меҳнат қилиб келмоқда.

Аллоҳ таоло ҳожи онанинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳуманинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Жаноза бугун, пешин намозидан кейин Тошкент шаҳридаги Имом Бухорий жоме масжиди, Чиғатой қабристонида ўқилади.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Олимхон Исахон ўғли,

Ҳадис илми мактаби ректори

Миср Араб Республикасининг ал-Азҳар университети Франциянинг Ницца шаҳридаги ҳужумгв муносабат билдирди. Ушбу муносабатда жумладан шундай дейилади:   

Ал-Азҳари шариф ва унинг раҳбари Шайхул-азҳар  Доктор Аҳмад Тоййиб ҳазратлари Франциянинг Ницца шаҳридаги Нотр Дам черкови яқинида уч кишининг ўлимига ва бошқаларнинг жароҳатланишига сабаб бўлган машъум террор ҳужумини қатъиян қоралайди. 

Ал-Азҳар ҳар қандай ҳолатда ҳам террористик ҳаракатларни оқлаб бўлмаслигини, ушбу хатти ҳаракатлар нафақат Ислом динининг, балки барча илоҳий динларнинг бағрикенглик таълимотига зид эканини таъкидлайди. Шу билан бирга ҳар қандай зўравонлик, экстремизм ва муросасизлик ҳаракатларига қарши кураш заруратини яна бир бор эслатиб ўтади. 

Азҳари шариф ушбу жирканч террор ҳодисасини қоралаш билан бирга, халқлар орасида зўравонлик ва нафрат риторикаси кучайиб бораётгани ҳақида огоҳлантиради. Айниқса, гап бошқаларнинг эътиқоди ҳақида кетганда донолик, ақл ва ижтимоий масъулиятга содиқликни устун қўйишга чақиради. 

Ал-Азҳар қурбон бўлганларнинг оилалари ва француз халқига ҳамдардлик билдиради, Аллоҳдан жароҳат олганлар тезроқ соғайиб кетишини сўраб дуо қилади.

 

Манба: azhar.eg

 

Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит!  

17-ўгит:  Росулуллоҳга кўп-кўп саловот айтинг!

 

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом айтинг»  (Аҳзоб сураси )

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга битта салавот айтса Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади ва ундан ўнта гуноҳ ўчирилади ва у учун ўнта даража кўтарилади”, дедилар (Насаий ривоят қилган).

Хулоса:

1. Муҳаммад алайҳиссаломга энг аввало Аллоҳ таоло саловот айтмоқда. Аллоҳ томонидан у зотга  юборилган салавотнинг маъноси: “Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссаломга ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини”, англатади.

2. Аллоҳ таолонинг муқарраб фаришталари ҳам тўхтовсиз ҳолда Пайғамбаримизга салавот юбориб туради. Фаришталар томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиладиган салавотнинг маъноси: “У зотнинг ҳақларига дуо қилишлари ва истиғфор айтишларини”, англатади.

3. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган кишилар ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишга буюрилгандирлар. Мўминлар томонидан у зотга салавот айтишнинг маъноси: “Набий алайҳиссаломга дуо қилишлари ва у зотни улуғлашларини”, англатади.

4. Қуръон ва суннатда буюрилган бирорта амал ҳақида “Аллоҳ ва Унинг фаришталари шу амални бажаради”, деган хабар келмаган. Фақатгина, Росулуллоҳга саловот айтиш ҳақидагина ушбу амални Аллоҳ ва Унинг фаришталари ҳам бажариши айтилмоқда. Бу эса, саловот айтишнинг фазилатини янада юксалтиради.

5. Қолаверса, саловот айтган киши Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат қилиш билан биргаликда жудаям кўп ажр ва савобларга эга бўлади.

6. Аввало, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир марта саловот айтган кишига Аллоҳ таоло саловот айтади.

7. Атиги бир марта саловот айтган кишининг ўнта гуноҳи, хатоси ўчирилади.

8. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир марта саловот айтган кишининг даражаси ўн баробар кўтарилади.

9. Агар бу саловотлар қанча кўп бўлса, берилган ваъдалар ва хушхабарлар ҳам шунчалик зиёда бўлиб бораверади.

10. Саловотнинг турлари жудаям кўпдир. энг қисқаларидан бири: “Соллаллоҳу алайка я Росулаллоҳ”, “Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳи”, каби  жумлалардир.

Аллоҳумма  солли аъла саййидина Муҳаммад, Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳи.

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Ёрбек Ислом

Янгиликлар

Top