muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 08 октябрь 2020 00:00

Рағбат – эзгу ишларга қанот

Бугун шундай даврда яшаяпмизки, бирор тадбир, маросим у ёқда турсин, баъзан ҳатто кўчага чиқишга ҳам иккиланиб, ҳадиксираб қоляпмиз. Бунинг асосий сабаби барчага маълум – коронавирус. Бу офат анъанавий турмуш тарзимизни издан чиқариб юборди.

Лекин, шундай бўлса-да, карантин даврида ҳам фидойилик кўрсатиб, халқ, эл манфаатини йўлида хизмат вазифасини сидқидилдан бажараётган инсонлар замонамизнинг чинакам қаҳрамонларидир. Улар – шифокорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари...

Бундай фидойи инсонлар сафида динимиз жонкуярлари бўлган имом-хатиблар, отинойилар ҳам борлиги кишини қувонтиради.

Бугун пойтахтимиздаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасида карантин даврида ҳам оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, аёл-қизлар ўртасида муқаддас динимизнинг асл моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, аёлларнинг турли оқимлар таъсирига тушиб алданиб қолишининг олдини олишда жонбозлик кўрсатган барча отинойиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир, табиийки, каломларнинг энг улуғи – Қуръони карим тиловати билан бошланди.

  • Бутун башарият, шу жумладан, халқимиз бошига тушган оғир синовли дамларни мардонавор енгиб ўтяпмиз, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов. – Пандемия одамларнинг сабрини синовдан ўтказяпти. Шундай оғир вазиятда карантин талабларига қатъия риоя қилган ҳолда ўз вазифасини муваффақиятли уддалаётган бир гуруҳ отинойиларни тақдирлашга қарор қилдик. Аслида бугунги ҳадялар – рамзий: динимиз вакилаларини рағбатлантириш, холос. Ҳақиқий мукофотни Буюк Раббимиз беради, иншоаллоҳ. Бунга асло шубҳа йўқ.

Йиғилишда фаол бўлган отинойилар сўзга чиқиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Тадбир қатнашчиларига Қуръони карим туҳфа этилди.

Тадбир сўнгида яна Қуръони карим тиловат қилиниб, савоби коронавирус инфекциясини юқтириб олиб вафот этган барча юртдошларимиз, хусусан, имом домлалар, отинойиларнинг руҳониятларига бахшида қилинди.

 

 

Т. Низом

Середа, 07 октябрь 2020 00:00

Садақаи жория

Маънавий комил киши Аллоҳ йўлида дунё ва оҳират учун бирор бир яхшилик қилса руҳи яйраб, завқланади. Агар ўша яхши амали вафотидан кейин ҳам башариятга нафи етиб турадиган бўлса, унинг ажру-савоби хам тўхтамасдан соҳибига етиб туради.
Язид Раққоший Анас ибн Моликдан ривоят қилади:
"Вафот этгандан сўнг етти нарса бандага ажр бериб туради. Масжид қурдирган бўлса, унинг ажри шу масжидда бир киши намоз ўқиса ҳам, бориб туради; ариқ қазиб сув оқизиб қўйган, модомики, у оқиб одамлар ундан ичиб турган бўлса ҳам, ажри бориб туради; кимики қуръон ёзиб, одамлар ундан фойдаланса, савоб бориб туради; кимики бир кўчат экиб кўкартирса, унинг ажри одамлар ва қушлар еб туриши билан бораверади. Ким илм ўргатган бўлса ва Фарзанд қолдирган бўлса, гуноҳларини кечиришини сўраб, ўтганидан кейин дуо қилиб турса, у фарзанд солиҳ бўлса, ота фарзандига Қуръон, одоб ва илмни ўргатган бўлса, унинг ажру-савоби фарзанднинг савобидан камаймасдан боради. Агар ота фарзандига Қуръон ўргатмаса, ёмон йўлларни ўргатган бўлса, унинг гуноҳи ўз гуноҳидан камаймасдан отасига бориб туради."
Илоҳо умримиз мобайнида юқоридаги барча савобли ишларни қилиб улгуришга Аллоҳ мададкор бўлсин! ОМИН.

Шофиркон туман

"Қори Фазлиддин" масжиди имоми М. Исоев.

Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит!  15-ўгит: Ўлчовда хушёр бўлинг! 

Аллоҳ таоло айтади: “Ўлчаган чоғингизда тўлиқ ўлчанг ва тўғри тарози ила тортинг. Ана ўша яхшидир ва оқибати гўзалдир”  (Исро сураси, 35-оят).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай хушхабар бор: «Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир»  (Имом Термизий ривояти).

Хулоса:

  1. Ушбу оят барча мусулмонларга, хоссатан, савдо сотиқ билан шуғулланадиган кишиларга қилинган хитобдир.
  2. Ўлчаб сотиладиган барча нарсаларда ўлчовни тўлиқ қилинг. Бунда ўлчовнинг қайси тури бўлишининг фарқи йўқ. Муҳими, тўлиқ бўлсин.
  3. Аллоҳ таоло яна такрор ва хоссатан тарозининг тўғрилигига эътибор беришга буюрмоқда. Бу эса масаланинг нақадар муҳим эканлигини таъкидламоқда.
  4. Ўлчовда ва тарозида ҳушёр бўлиш шу дунёнинг ўзида ҳам кўп яхшиликларнинг калитидир.
  5. Энг муҳими, оқибати гўзал ишдир. Яъни, кишини жаннатда улкан мақомлар топишига сабаб бўладиган амалдир.
  6. Савдода рост сўзлаган, омонатга хиёнат қилмаган савдогар жаннатда Пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир.
  7. Жаннатнинг энг олий даражаларида бўлиш учун ростгўйлик, омонатдорлик ва ўзгаларнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик ҳам сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга инсоф берсин. Хусусан, омонатдор ва ростгўй савдогарларнинг  ризқига барака  берсин. Ўзгалар ҳаққидан ҳазар қиладиган, мўминларнинг ҳожатини чиқарадиган, ҳалолига қаноат қилган ҳолда жаннатдаги даражаларни қўлга киритган савдогарлардан қилсин.

 

Олмазор туманидаги “Мевазор”

масжиди имом ноиби:  Ёрбек Ислом

Вівторок, 06 октябрь 2020 00:00

09.10.2020 й. Динимизда мерос масаласи

بسم الله الرحمن الرحيم 

ДИНИМИЗДА МЕРОС МАСАЛАСИ

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي تَوَلَّى بِنَفْسِهِ تَقْسِيمَ الْمِيرَاثِ بَيْنَ الْوَرَثَةِ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى مَنْ قَالَ "مَنْ تَرَكَ مَالًا فَلِوَرَثَتِهِ" وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ اَمَّا بَعْدُ   

Муҳтарам жамоат! Маълумки, ҳар бир инсон, бир кун келиб Аллоҳнинг қазои қадарига биноан, ўлим шарбатини татийди. Шундай экан, ҳар бир киши ўзидан кейин қоладиган мол-мулкнинг адолат билан тақсимоти ҳақида ҳам ўйлаб кўриши ва меросхўрлар орасида низо ва юзкўрмаслик ҳолатларини имкон қадар олдини олиши зарурдир.

Шариатимизда “марҳумнинг барча мол-мулки тирик ворисларига ўтиши – мерос дейилади. Мерос ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

لِلرِّجَالِ نَصِيبٌ مِمَّا تَرَكَ الْوَالِدَانِ وَالْأَقْرَبُونَ وَلِلنِّسَاءِ نَصِيبٌ مِمَّا تَرَكَ الْوَالِدَانِ

وَالْأَقْرَبُونَ مِمَّا قَلَّ مِنْهُ أَوْ كَثُرَ نَصِيبًا مَفْرُوضًا

яъни: “Эркаклар учун ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган (мерос)дан улуш бордир. Аёллар учун (ҳам) ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган (мерос)дан улуш бордир. Бу озми-кўпми, фарз қилинган улушдир” (Нисо сураси, 7-оят).

Азизлар! Кейинги вақтларда халқимиз орасида меросни тақсимлашга доир масалаларда айрим тушунмовчиликлар содир бўлмоқда. Натижада меросхўрлар ўртасида, ака-ука, опа-сингил ва қавм-қариндошлар ўртасида турли оилавий низолар келиб чиқиши кузатилмоқда. Шундай экан, ҳар бир мол-мулки бор шахс тириклик вақтида фарзандларига мерос тақсимотига оид масалаларни тушунтириши ва ота-она вафотидан кейин мерос талашиб силаи раҳмни узмаслиги ҳақида панд-насиҳат қилиши даркор.

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, киши вафот этганидан кейин у қолдирган мол-дунёга нисбатан тартиб билан қуйидаги тўрт иш бажарилади:

  • Маййитни кафанлаш ва дафн қилиш. Яъни, киши вафот этгандан кейин ундан қолган мол-мулк биринчи навбатда кафанлаш ва дафн маросимига сарфланади. Бу ҳақда мерос илмига оид “Сирожийя” китобида шундай дейилган:

اَلْأَوَّلُ يُبْدَأُ بِتَكْفِيْنِهِ وَتَجْهِيْزِهِ مِنْ غَيْرِ تَبْذِيْرٍ وَلاَ تَقْتِيْرٍ

яъни: Маййитдан қолган мол-мулк исроф ҳам, зиқналик ҳам қилинмасдан биринчи навбатда уни кафанлаш ва дафн этишга сарфланади.

  • Кафанлаш ва дафндан сўнг маййит қолдирган молдан унинг қарзлари тўлиғича адо қилинади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деганлар:

أنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَضَى بِالدَّيْنِ قَبْلَ الْوَصِيَّةِ

(رواه الامام الترمذي عن علي رضي الله عنه)

яъни: “Албатта, Русулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам маййитнинг қарзини васиятдан олдин деб ҳукм чиқардилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Афсуски, гоҳида қолдирилган молдан маййитнинг қарзлари узилмасдан меросхўрлар меросни бўлиб олишади ва бу билан катта гуноҳни бўйниларига олишади. Баъзида қарздор одам ҳеч қандай мол қолдирмасдан вафот этса, уни тўлашга фарзанд ёки бошқа меросхўрларини мажбурлаб бўлмайди. Лекин шундай ҳолатда қарзни маййитнинг номидан фарзандлар ёки бошқа киши тўлаб берса, қарз адо бўлади. Маййит қарздан халос ва ҳисоб-китоби осон бўлади.  Қарзни тўлаган киши эса улкан савобга эришади.

3) Маййитнинг васиятлари, агар шаръан жоиз васиятлар бўлса, улар маййитни кафанлаш, дафн қилиш ва қарзини тўлашдан қолган молнинг учдан биридан бажарилади. Меросхўрларга эса васият қилинмайди. Чунки улар шундай ҳам мерос оладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар:

إِنّ الله تَبَارَكَ وَتَعَالَى قد أَعْطَى لكُلّ ذِي حَقّ حَقّهُ فَلاَ وَصِيّةَ لِوَارِثٍ

(رواه الامام الترمذي)

яъни: “Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берди. Мерос олувчига васият қилиш йўқ” (Имом Термизий ривоят қилганлар).

Баъзилар меросхўрига бирор мол-мулк бермоқчи бўлиб, унга васият қилади. Васият қилинган киши эса васият қилувчининг вафотидан кейин васият қилинган нарсани талаб қилади. Ваҳоланки, васият бундай ҳолатда дуруст бўлмайди ва бу васият ўз-ўзидан бекор бўлади. Бу муаммони ечими шуки, киши ўз меросхўрига бир нарсани бермоқчи бўлса, тириклик пайтида васият қилишни ўрнига ҳадя қилиши керак. Шу билан муаммо бартараф бўлади, иншааллоҳ. Шунинг учун ҳар бир мол-мулк эгаси васият билан ҳадянинг фарқига бориб, шунга қараб иш тутмоғи лозим.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, фарзандларга ҳадя қилишда адолатли бўлиб, барча фарзандларни бирдек кўриш керак. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

"اِتَّقُوا اللهَ وَاعْدِلُوا فِي أَوْلاَدِكُمْ"

(متفق عليه عن النعمان بن بشير رضي الله عنه)

яъни: “Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар” дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисга биноан мусулмон инсон молиявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса адолатсизлик бўлади.

Агар узр сабабли ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол ҳадя қилса бўлади. Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз.

4) Маййитнинг юқоридаги сарф-харажатлардан ортиб қолган мол-дунёси Қуръони карим, суннат ва ижмоъда кўрсатилганига биноан ҳақдор меросхўрларга бўлиб берилади. Масалан, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган:

وَإِنْ كَانُوا إِخْوَةً رِجَالًا وَنِسَاءً فَلِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ

яъни: “Агар (меросхўрлар) ака-ука ва опа-сингиллар бўлса, (ҳар) бир эркакка икки аёл ҳиссаси (берилур)” (Нисо сураси, 176-оят). Бошқа ояти каримада шундай марҳамат қилинган:

وَلَهُنَّ الرُّبُعُ مِمَّا تَرَكْتُمْ إِنْ لَمْ يَكُنْ لَكُمْ وَلَدٌ فَإِنْ كَانَ لَكُمْ وَلَدٌ فَلَهُنَّ الثُّمُنُ مِمَّا تَرَكْتُمْ

яъни: “У (хотин)ларга сизлар қолдирган (мерос)дан – агар фарзандларингиз бўлмаса – тўртдан бир (ҳисса) тегур. Агар фарзандингиз бўлса, уларга сиз қолдирган (мерос)нинг саккиздан бири тегур”.

Бундан бошқа бир қанча ояти карималарда ким қанча улуш олиши батафсил баён қилинган. Шундай экан, мерос тақсимоти оят ва ҳадисларда зикр қилинган улушларга мувофиқ амалга оширилади. Масалан, бир киши вафот этди. Уни хотини, уч ўғил ва бир қиз фарзанди бор. Мана шу ҳолатда фарзандлар борлиги учун хотинга мерос молининг саккиздан бир улуши берилади. Қолган молнинг барчаси “бир ўғилга икки қиз ҳиссаси” қоидасига мувофиқ  бўлинади. Фарзандлар борлиги учун амакилар ва аммалар меросхўр бўлмайдилар.

Мисол учун, ушбу суратда вафот этган кишидан саккиз миллион сўм пул қолган бўлса, шуни 1/8 (саккиздан бир қисми яъни бир миллион сўм) хотинга берилади. Кейин, қолган етти қисмни ҳар бир ўғил болага икки ҳиссадан ва қиз болага бир ҳиссадан берилади. Яъни ҳар бир ўғил болага икки миллиондан ва қиз болага эса, бир миллион берилади (Агар марҳумнинг ота-онаси ҳаёт бўлса тақсимот бошқача шаклда бўлади).

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи хонадонларда мерос масаласи киши вафотидан сўнг бир неча йил ўтгандан кейин кўтарилмоқда. Ваҳолангки, бу масала аслида дафндан кейин ҳал қилиниши керак эди.

Азизлар! Киши меросдан ўзига тегадиган ҳаққини кечиши ёки ҳаққини олиб бошқа меросхўрга бериши жоиздир.

Шуни унутмаслик керакки, мерос тақсим қилинмасдан олдин маййитнинг молидан хайри-эҳсон қилиб юбормаслик керак. Айниқса, маййитнинг балоғатга етмаган фарзандлари бўлса, бундай қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Ота ёшлик ҳолида оламдан ўтиб, ортидан етим фарзандлари қолса, ундан қолган мол-мулк унинг болалари то балоғатга етгунича авайлаб, сақлаб турилиши лозим бўлади. Лекин кўпинча маййитнинг хотини ёки ота-онаси бу мол-мулкни шариат кўрсатмасига номувофиқ сарфлаб юборишади. Аллоҳ таоло бундан огоҳлантириб шундай деган:

إِنَّ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ أَمْوَالَ الْيَتَامَى ظُلْمًا إِنَّمَا يَأْكُلُونَ فِي بُطُونِهِمْ نَارًا وَسَيَصْلَوْنَ سَعِيرًا

яъни: “Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар” (Нисо сураси, 10-оят). Бошқа бир оятда эса шундай дейилади:

وَتَأْكُلُونَ التُّرَاثَ أَكْلاً لَّمّاً

яъни: “Меросни эса (ўз улушингизга ўзгаларникини) қўшиб еяверасиз” (Фажр сураси, 19-оят). Муфассирлар ояти каримадаги “қўшиб еяверасиз” жумласини ҳалолга ҳаромни, ўзининг ҳиссасига бошқаларнинг ҳиссасини, айниқса аёллар ва болаларнинг ҳиссасини қўшиб ейиш, деб тафсир қиладилар.

Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзи ака-укалар ва опа-сингиллар ота-она вафотидан сўнг мерос талашиб элу юрт олдида уятли ҳолатларга тушиб қолмоқдалар. Ўткинчи дунёда ана шу ҳеч кимга вафо қилмаган дунё матосини деб уруш-жанжаллар гирдобида қолаётганларни, бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетганлари маълум.

Бунинг оқибатида динимизда фарз бўлган силаи-раҳм узилиб кетяпти. Силаи раҳмни узилишига ҳам мерос илмини билмаслик ва унга амал қилмаслик сабаб бўлмоқда. Силаи раҳмни узиш катта гуноҳлардан экани ҳаммамизга маълум ва машҳурдир. Бир онанинг қорнидан тушган фарзандлар бегона бўлиб кетиши муқаддас динимиз таълимотига, қолаверса, инсонийлик тамойилларига мутлақо зиддир.

Шундай экан, ҳар биримиз мерос илмини ўрганиб, мерос масаласида ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилиб, мерос тақсимотини эса, аҳли илмлар билан маслаҳатлашиб ва меросга оид китоблардан фойдаланиб ҳар бир ҳақни ўз эгасига етказишимиз лозим бўлади.

Шунингдек, ҳар бир мол-мулк эгаси тириклик пайтида ўзгаларнинг амонатларини адо қилиб, қарзлардан қутилиб, вафотидан кейин меросхўрларни ўрталарида низо чиқмаслигига ҳаракат қилмоғи айни муддаодир.

Ҳурматли азизлар! Маърузамизнинг фиқҳий масалалар қисмини таяммумга боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.

Таяммум арабча сўз бўлиб, “қасд қилиш”, деган маънони билдиради. Шариатимизда эса поклик ҳосил қилиш учун пок ер жинсини қасд қилиш (яъни, юзга ва қўлга суртиш)дир. Пок ер жинси деганда -  тупроқ, қум, тош ва шу кабилар тушунилади. Таяммум таҳоратнинг ҳам, ғуслнинг ҳам ўрнига ўтади.

Таяммум қилиш жоиз бўлиши учун одам сув ишлатишдан ожиз бўлиши керак. Сувдан ожиз бўлиш турлича бўлиши мумкин:

- Сув ≈2 км.дан узоқда бўлиши;

- сув ишлатса касал бўлиши ёки касаллик зиёда бўлиши;

- қудуқ каби жойдан сув олишга керакли воситалар бўлмаса.

Таямммум қуйидагича қилинади:

- дастлаб таҳоратсизликни кетказишни ният қилиб, пок тупроқни қасд қилади; 

- кейин икки қўлини пок ер жинсига уради, қўлларини юзига суртади;

- кейин яна қўлларини пок ер жинсига уради ва чап қўл кафтининг ичи билан ўнг қўлини тирсаклари билан масҳ қилади, ўнг қўл кафтининг ичи билан чап қўлини тирсаклари билан масҳ қилади. Бунда қўлларнинг ҳамма жойини масҳ қилиш шарт;

Таяммумни таҳоратни бузувчи нарсалар бузади. (“Ал-Мухтор”, “Ал-ихтиёр”).

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлида собитқадам қилиб, мерос ҳукмларига амал қилишни насиб этсин! Омин!

 

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “МОТУРИДИЙЛИК ТАЪЛИМОТИГА КЎРА ИМОННИНГ МОҲИЯТИ, УНИНГ АСОСЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ” мавсусида бўлади, иншааллоҳ.

 

 

 

Ислом дини ўн тўрт асрдан ошиқ вақтдан буён мусулмонларнинг дастурул-амал дини бўлиб келмоқда. Лекин бу вақт мобайнида жуда кўп синовлар ва фитналарни бошдан кечирди. Хаворижлар билан бошланган бўлинишлар, мўътазила, қадария ва жабария каби жуда кўп фирқалар билан давом этди. Аммо уларга Қуръон ва Суннатни маҳкам тутган уламолар томонидан раддиялар берилиб, аҳли суннат ақидаси ва йўли сақлаб қолинди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий каби уламолар адашганлар ғояларини чангдек сочиб ташлашди. Исломнинг қанча асл қоидаларига ҳужумлар бўлса ҳам, Аллоҳнинг марҳамати, сўнгра уламоларнинг саъй-ҳаракатлари билан тўғри йўл сақлаб қолинди. Бу фитналар асрлар оша ҳам сусаймади. Бизнинг асримизга келиб фитна ўчоқлари кўпайди ва фитначиларнинг тегирмонига сув қўядиган манқуртлар тўдасини ҳосил қилиш учун замин яратила бошланди. Бунинг энг осон йўли Ислом қоидаларини бузиб кўрсатиш ва бошқаларни бунга ишонтириш эди. Ривожланган тараққиёт замонида интернет орқали ташланган тузоқлар ўз натижасини берди ва кўплаб илмсиз кишилар, хусусан ёшларни ўз домига тортишга эришди. Бу ишларни амалга ошириш учун ғараз мақсадли кимсалар ҳижрат, жиҳод ва шаҳидлик каби тушунчаларни тескари ва нотўғри талқинда тарқата бошладилар. Аслида бу атамаларнинг мазмун-моҳияти қандай эди?

Ҳижрат – луғатда “тарк қилиш”, “ташлаб кетиш”, “ўз ватанидан бошқа жойга кўчиш” маъноларида келади. Истилоҳда эса - динига эркин амал қилиш имкони бўлмаганда ва юртида намоз, рўза каби фарз ибодатларни бажариш амри-маҳол бўлгандагина, қодир кишиларнинг бошқа юртга кўчишларини англатади.

Уламоларнинг сўзларига кўра ҳижрат танг ҳолат юзага келганида, яъни асосий фарз амалларни бажариш имкони қолмагандагина амалга оширилади. Бунга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонларига суиқасд қилинганда Мадинага ҳижрат қилишлари ва мусулмонларнинг Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилиб жон сақлаганлари мисол бўлади. Ҳатто Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб кетаётганларида, Қурайшнинг зулми бўлмаса, Маккани тарк этмасликларини айтадилар. Макка фатҳ этилгандан кейин эса, Мадина аҳли билан Мадинада қолиш бўйича келишувлари борлиги учун, Мадинага қайтадилар. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

عن عبد الله بن عمرو يقول: قال النبي صلي الله عليه وسلم: المسلم من سلم المسلمون من لسانه و يده و المهاجر من هجر ما نهي الله عنه

“(Комил) мусулмон - унинг тилидан ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган киши, (ҳақиқий) муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсаларни тарк қилган кишидир”, дейилган. Яъни ҳижрат шартлари тўлиқ топилиб ҳижрат қилганда ҳам гуноҳлардан сақланмаса комил муҳожир бўлмас экан. Уламолар: “Ислом арконлари ва шиорлари бажарилиб турган юртларни “дорул ҳарб” яъни уруш диёри дейилмайди ва у ердан ҳижрат қилинмайди”, дейишган. Фитначилар эса бундай юртларни “дорул ҳарб”, “дорул куфр” деб эълон қилиб,  “биз томонга ҳижрат қилиб келмасанг, кофир бўласан” деб, ғўр кишиларни домига илинтирмоқда. Юқорида зикр қилингани каби ҳижрат жони ва динини сақлаш учун тинч-хотиржам бир жойга кўчишдир. Ҳозир эса, асосан ижтимоий тармоқлардан туриб мусулмонларни ҳижратга даъват қилаётганлар юртимиз каби тинч-омон жойдан на дини, на жони омонда бўлмайдиган, ким кимнинг байроғи остида жанг қилаётгани маълум бўлмаган, уруш майдонларига келишни тарғиб қилмоқдалар. Бу ҳижратнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тескари. Бунинг устига қўйни пуч ёнғоқларга тўлдирилган “муҳожирлар” у ерга боргандан кейин вазият бутунлай бошқача эканини англайдилар. Борган жойларида мусулмон мусулмонни қонини тўкишдан, зўравонлик ва ўлжа тўплашдан бошқа иш йўқлигини ўз кўзи билан кўради. Лекин кеч бўлган, орқага қайтмоқчи бўлишса, жонлари хавф остида қолади, икки ўт орасида қоладилар. Агар улар илм олганларида, дин-диёнатни пухта биладиган устозларни, олимларни сўзларига қулоқ тутганларида ўзларига яхши бўларди. Мусулмонларни қонини тўкмас, балки уларга бирор фойдаси тегадиган иш билан шуғулланишарди. Бир мусулмонни ҳеч сабабсиз ўлдирган киши Қиёматда Аллоҳ таолога қандай ҳисоб беради, ваҳоланки, ҳеч бир асоссиз одам ўлдириш энг катта гуноҳлардан биридир.

 Жиҳод – луғатда “жидду-жаҳд билан ҳаракат қилиш”“бор имкониятни ишга солиб, қаттиқ ҳаракат қилиш”  каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса – дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимояси учун шариат рухсат берган йўллар билан амалга ошириладиган кураш ҳаракатларини англатади.  Бу таърифга кўра, қачон душман бостириб келса, ҳаммага душманга қарши курашиш лозим бўлади. Фитначилар даъво қилганидек, Сурия ёки Афғонистон каби мамлакатларга мусулмон давлатининг чегараларини бузиб кириб, мусулмонларни ўлдириш жиҳод эмас, балки катта гуноҳдир. Бази қора кучларнинг геосиёсий мақсадлари туфайли ташкил қилинган уруш ўчоқларига бориб жанг қилиш, ҳеч қандай жиҳод эмас, балки дунё ҳамжамияти олдида Исломни ваҳший ва жоҳил қилиб кўрсатишдир. Ўша ғаразли учинчи томоннинг ишини ривожлантириш, ёрдам беришдир.  Ваҳоланки, Аллоҳ таоло одамзотни ерни вайрон қилиш учун эмас, обод қилиш учун яратган, Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламни инсониятга азоб қилиб эмас, раҳмат қилиб юборган. Аллоҳ таоло Анбиё сураси 107-оятида шундай дейди:

"و ما ارسلناك الا رحمة للعالمين"

“Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”

Ҳа, У зот келтирган  Қуръон ва Суннат бутун коинотга; жонли ва жонсиз мавжудодларга ҳам раҳм-шафқат ўлароқ юборилган. Инсониятни жаҳолатдан, залолатдан маърифат ва ҳидоятга чиқариш учун юборилган. Исломнинг асл моҳиятини бузиб кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Жиҳод сўзи фақат қуролли уруш маъносида келмайди, балки маънавий курашни ҳам ифодалайди. Имом Термизий Фазола ибн Абиддан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

المجاهد من جاهد نفسه

“Мужоҳид – ўз нафсу-ҳавосига қарши курашган кишидир”, дейилган. Инсон ўз нафсини енгиб йўлга солмасдан олдин, қандай қилиб бошқаларни йўлга сола олади.

Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожеали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик   даражасини топишлиги хабар берилган. Бугунги кунда баъзи бузғунчилар ўзини портлатиб, ўзини ҳам, тинч аҳолини ҳам ўлдирган кишиларни шаҳид деб аташмоқда. Мисол тарзида Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги ғазотлардаги ҳолатларни келтиришади. Аммо ушбу ривоятларда душман билан юзма-юз турган пайтда жангга киргандан кейин ҳалок бўлишни ривоятларнинг зоҳири кўрсатиб турибди. Бу ривоятларнинг бирортаси тинч аҳоли устига портловчи модда билан кириб боришга қиёсий далил бўлолмайди. Ҳатто саҳобалар бирор юртга жанг учун борган бўлсалар ҳам, бир киши азон айтганини эшитиб қолсалар жангсиз ортларига қайтишган. Ғазотларда қуролсиз кишилар, қариялар, болалар, аёллар ва ибодатхоналардаги роҳибларга умуман тегишмаган. Тинч аҳоли орасига кириб ўзини портлатган шахс, ҳам ўз жонига ва ҳам ўзгалар жонига тажовуз қилган бўлади. Бу ҳолатда унга шаҳидлик эмас, балки гуноҳкорлик мақоми берилади. Аллоҳ таоло Моида сураси 32-оятида:

"من قتل نفسا بغير نفس او فساد في الارض فكأنما قتل الناس جميعا"

“Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади”, деб огоҳлантирган.

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,

Абу Ҳафс Кабир масжиди имом хатиби А. Абдуллаев

 

 

Янгиликлар

Top