muslim.uz

muslim.uz

“…битта адашганнинг бешта қариндоши бор. Биз ўша бешта қариндошниям ашаддий душман қиламиз: тўйга чақирмаймиз, маросимга чақирмаймиз. Пишиллаб айтамиз: у фалончининг акаси, ўғли, деб. “Чақирма уни”,  дейди. Уларда нима айб? Уларда нима айб? Уни дўст қилишимиз керак, уни чақиришимиз керак. Уни маърифатга чақиришимиз керак”.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев

Бугунги кунда турли тақиқланган диний оқимларга қўшилиб қолган баъзи фуқароларнинг авф этилиши ўзбекона бағрикенглик, инсонпарварлик ва адолатпарварликнинг нишонаси бўлиб, уларни нотўғри йўлдан  қайтариш, улар ўртасида экстремизм ва ақидапарастлик ғояларини олдини олиш, Ватанига, ота-онаси, оиласи бағрига қайтариш, тинч ҳаёт кечиришни ният қилган бу тоифа шахсларга яна бир бор имкон бериш, беҳуда сароб бўлишига йўл қўймаслик каби мақсадларга қаратилган.

Аслида бундай адашган кишилар фақат ижрочи ёки  “қўғирчоқ” бўлиб, панада турган, террорчига қарши кураш биринчи навбатда нима эканини англаши лозим. Шу билан бирга, адашиб, алданиб, билиб-билмай бундай йўлларга кириб қолган инсонларни яна ҳаётга қайтариш, уларни тўғри йўлга чорлаб, фуқароларнинг омон-эсон ўз оиласи қучоғида яшаши жамиятда олий ҳиммат фазилатларни юзага келтирувчи омиллардан ҳисобланади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар ва янгиланишларнинг асосида инсонпарварлик, инсон ҳаёти, унинг эркинлиги, шаъни, кадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини олий қадрият деб тан олиш каби умуминсоний ва конституци­я­вий тамойиллар мужассам. Ушбу тамойилларнинг амалда таъминланиши инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳаётий ифодасидир.

2017 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тарихида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасида белгиланган ваколатдан фойдаланган ҳолда авф этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу фармон халқимизга хос кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Билиб-билмай қонунни бузган, бироқ ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаган ва тузалиш йўлига ўтганлигини қатъиятлик билан намоён қилган шахсларга ушбу фармон асосида жамият ва ўз оиласи даврасига қайтиш имкони берилди.

Авф этиш жараёнида маҳкум томонидан содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига, унинг ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлигига, жиноят натижасида етказилган зарарнинг қопланганлиги, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи ва енгиллаштирувчи бошқа ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга, жабрланганлар ва жамоатчиликнинг, жумладан, маҳкум яшаган маҳалла вакилларининг фикрлари ҳам иноабатга олинади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби”, “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” ҳамда “Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир” деб номланган маърузаларида тегишли соҳалар вакилларига ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни турли таҳдидлардан асраш, тузалиш йўлига кирган кишиларни соғлом ҳаётга қайтариш чораларини кўриш муҳим вазифа эканини таъкидлаб: “Адашган ёшларни тарбиялашимиз, керак бўлса, жазони ўташ жойларига ҳам бориб, улар билан гаплашишимиз лозим. Чин дилдан тавба қилиб, ота-онаси, оиласи бағрига, тўғри йўлга қайтишни ният  қилган одамларга амалий ёрдам беришга мен давлат раҳбари сифатида доимо тайёрман” – деган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари иштирокида жаҳолат йўлидан қайтган, адашганини англаб етган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар билан жамоавий ва якка тартибда иш олиб борилмоқда. Ҳар бир шахснинг дунёқараши, фикри, адашиб нотўғри йўлга кириб қолганидан пушаймонлиги, оиласи, фарзандлари ҳамда Ватан олдидаги бурч ва масъулиятлари ҳақида батафсил мулоқотлар ўтказилмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, республика миқиёсида бу фуқароларнинг турмуш шароити, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, муаммоларини ўрганиш, ушбу тоифа шахслар нега соғлом ақидадан адашиб кетганининг сабабларини ҳар томонлама чуқур таҳлил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай оилалардаги фарзандлар билан бевосита ишлаш, уларни фан, спорт тўгараклари, турли тадбирлар, кўрик-танловлар, соғломлаштириш оромгоҳларига жалб қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Барчамизга маълумки, бизнинг давлатимиз кўп миллатли ва кўп конфессияли мамлакат бўлиб, бу ерда турли миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда. Бунда, ҳеч шубҳасиз, халқимизга азалдан ўзига хос бўлган бағрикенглик анъаналари муҳим роль ўйнамоқда. Азалдан шундай бўлиб келган. Демакки, тузалиш йўлига кирган, ҳаётини қайта бошлашга киришган барча шахслар ўзлари каби адашганларни тўғри йўлга қайтишга, бузғунчи даъватчиларнинг ясама сўзларига алданиб қолмасликка ундамоқда. Чин дилдан пушаймон бўлса, кечирилишини айтишмоқда ва бу даъват ҳақиқатан тўғридир.

Президентимиз айтганидек, “бир боланинг йўлдан адашиши – бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан аввало шу боланинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради.  Бундай пайтда уларга ёрдам бериш керак”. “Агар биз битта болани тўғри йўналтирсак, йўлдан адашган чоғда дарров душманга чиқармасдан, уни ўзимизнинг фарзандимиз, деб билсак, унга бутун  қалбимиз, юрагимиз билан ачинаётганимизни билса, аниқки, унинг ҳам қалб кўзи очилади, тўғри йўлга қадам қўяди. Ҳамкорликдаги ишларимизни ана шу тамойил асосида олиб борсак, ўйлайманки, бу борада кутилган натижаларга эришишимиз шубҳасиз”.

Шунга асосан, бугунги кунда авф туфайли озодликка чиққан фуқароларни жойлардаги имом-хатибларга бириктирилиб, уларнинг оилаларидаги ижтимоий вазиятни чуқур ўрганиб чиқиш, яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш, эҳтиёжларини (ишга жойлашиш, нафақа пулларини вақтида олиш ва ҳ.к.) инобатга олган  ҳолда уларга ёрдам кўрсатиш амалиёти ҳам йўлга қўйилганини таъкидлаш зарур.

Яна бир эзгуликлардан бири 2020 йил 21 май куни Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида Президенти Шавкат Мирзиёев  “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. 

Таъкидлаб ўтиш жойиз фармонга мувофиқ, Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 16 нафари асосий жазодан озод этилади, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 24 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 117 шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафарини аёл, 7 нафарини чет давлат фуқаролари, 164 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади.

Бугунги кунгача бу каби фармонлар билан авф этилган кўплаб маҳкумлар ўз оиласига ва жамиятга қайтиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш имконияти яратилди. Бу эса давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар инсонпарварлик тамойилига асосланганлигини кўрсатувчи яна бир ёрқин далилдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бош мутахассиси Ў.СОБИРОВ

Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига хорижий давлатлар муфтийлари, диний етакчилари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарларидан қутлов мактублари келмоқда. Уларда муфтий ҳазратлари ва мўмин-мусулмонларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, файзу барака ва омад тилаб, энг эзгу орзу-истаклар рўёбга чиқиши сўралган:

Россия муфтийлари кенгаши раиси, Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси раҳбари, муфтий, шайх Равил Гайнутдин;

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай Тағанули;

Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Максатбек Токтамушев;

Тожикистон Уламолар Кенгаши раиси, муфтий Саййидмукаррам Абдуқодирзода;

Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси доктора Аманий ал-Атр;

Ўзбекистон Республикасининг Дубайдаги Бош консулхонаси жамоаси;

Ўзбекистон Республикасининг Мисрдаги Элчихонаси;

Кувайт давлатининг Ўзбекистондаги Элчихонаси;

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси;

Москва ислом университети ректори Дамир Мухетдинов;

Москва муфтийси Альбир Крганов;

Хитой ислом ассоциацияси

Қутловлар келиши давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понеділок, 25 май 2020 00:00

Аудит ташкилотлари диққатига!

“ВАҚФ” хайрия жамоат фонди 2019 йил фаолияти учун миллий аудит стандарти бўйича мажбурий аудит текширувидан ўтқазиш юзасидан аудит ташкилотини танлаш бўйича танлов эълон қилади.

Танловда қатнашчилар қуйидаги ҳужжатлар солинган ва муҳрланган конвертни тақдим этишлари керак:
1) Аудит ташкилотининг ташкилий хуқуқий шакли, жойлашган ери, почта манзили, телефон алоқа рақами тўғрисидаги маълумотлар;
2) Лицензиялар, раҳбар имзоси ва ташкилотнинг муҳри, суғурта полиси, давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома билан тасдиқланган нусхалари;
3) Шартнома предмети, ариза берувчининг юридик шахслар фаолиятининг умумий аудитини ўтказиш тажрибасини кўрсатган ҳолда раҳбарнинг имзоси ва аудит ташкилотининг муҳри билан тасдиқланган тижорат таклифи;
4) Раҳбар имзоси ва ташкилот муҳри билан тасдиқланган хужжатлар, жумладан мутахассисларнинг таркиби ва малакасини тасдиқловчи ҳужжатлар, аудиторлик ташкилотида меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиган сертификатларга эга бўлган ходимлар сони;
5) Аудит ташкилоти томонидан аудиторлик хизматларининг нархини кўрсатган ҳолда, молиявий ҳисоботларнинг мажбурий аудити тақдим этиш тўғрисида имзоланган шартнома лойиҳаси.

Юқорида кўрсатилган ҳужжатлар муҳрланган конвертда қуйидаги манзилга тақдим қилиш сўралади:
Тошкент шаҳри, Қорасарой кўчаси, 47 “Вақф” хайрия жамоат фонди
(мўлжал Ҳазрати Имом мажмуаси).

Тақдим қилиш муддати: эълон берилган кундан бошлаб 5 (беш) иш куни.
Танлов тижорат таклифлари топширишнинг охирги кунидан кейинги иш кунида ўтказилади.
Маълумотлар учун: 78-150-64-36, 78-150-64-37

Интервью 24 | Раҳматулла Усмонов,

Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби

Янгиликлар

Top