muslim.uz
Қорақалпоғистон қозиётида 2019 йил якунлари бўйича тадбир бўлиб ўтди
28-январь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти 2019-йил якуни бўйича диний соҳа ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов бошчилигида шу йилнинг 24-январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаати хусусида фикр ва мулоҳазалар қилинди.
Йиғилиш давомида ўтган 2019-йилда эришилган юутуқлар, юз берган камчиликлар ҳақида батафсил тўхталди.
Йиғилиш сўнгида 2020-йилда бажарилиши лозим бўлган ишлар ва бир қатор топшириқлар белгилаб олинди. Шунингдек ўтган йил давомида ўзининг фаоллиги ва жокуярлиги билан жобозлик кўрсатган имом-хатиб ва имом-ноиблар Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан «Фахрий ёрлиқ» ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қайрат Иманалиев, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими.
Сиз бунга муносибсиз! Сурдо таржимонлари муносиб тақдирланди
Инсон зотига Аллоҳ таоло сон-саноқсиз неъматлар ато этган. Аммо, орамизда шундай инсонлар борки уларни ўзгаларга ибрат ўлароқ Аллоҳ таоло бази мусибатлар билан синаган. Мана шундай тоифалардан бири имконияти чекланган яъни гапириш ва эшитишда нуқсони бор бўлган шахслардир.
Бундай инсонларни қўллаб қувватлаш, уларга меҳр ва ёрдам кўрсатиш динимиз томонидан мақталган, савоби улуғ амаллардан ҳисобланади.
Ватанимизда ҳукуматимиз томонидан ногиронлиги бор бўлган шахслар учун алоҳида ғамхўрлик қилиш йўлга қўйилган ва кўплаб шароитлар яратилган. Жумладан, уларнинг диний эҳтиёжларини қондириш мақсадида Республикамиз бўйлаб, белгиланган масжидларда жума марузалари сурдо таржимонлари орқали етказилаётган бўлса, бизнинг “Шайх Зайниддин” жоме масжидимизда эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳафтада икки бор турли хил мавзуларда суҳбатлар уюштирилмоқда. Шунингдек, уларни қийнаётган турли саволларга диний соҳа ходимлари томонидан батафсил жавоб берилиб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, улар билан суҳбат қуришимиз ва мулоқотга қилишимизда сурдо таржимонларининг ўрни беқиёс. Уларнинг беминнат хизматлари ардоқлашга арзийди.
Шу мақсадни кўзлаб ҳомийларни жалб қилган ҳолда арзимас бўлсада Тошкент шаҳридаги гапириш ва эшитишда нуқсони бор бўлган шахсларга доимий равишда бизнинг суҳбатларимизни етказиб беришда яқиндан ёрдам бераётган Бердиев Рустам ва Худойберганова Ойдинга совғалар улашдик.
Булар каби ватанпарвар ва ўз ишининг фидоийси бўлган инсонларни ҳаётларини фаровон қилиб, эзгу ниятларини амалга оширсин!
“Шайх Зайниддин” масжиди
имом-хатиби Яҳё Абдуоаҳмонов
Илм-маърифат – икки дунё саодати
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги мурожаатномаларида ушбу 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожланиш йили” деб атадилар ва яна мурожаатномада жорий йилга бундай ном берилиш сабабини изоҳлаб: “Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида, мен юртимизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни, таклиф этаман» дедилар.
Дарҳақиқат, илм-маърифат икки дунё саодатидир. Шу маънода улуғларимиз айтадиларки, икки дунё саодатини қўлга киритиш учун ақлли бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Инсон ақлли бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳосил қилсагина у икки дунё саодатини қўлга киритади. Шу сабабли Ислом дини барча мўмин-мусулмонларга илм талаб қилишни фарз қилди.
Ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳис-саломга: “Эй Сулаймон, сенга ҳукмронлик керакми ёки мол-давлат?”, деб сўрабди. Сулаймон алайҳис-салом: “Эй оламларнинг Роббиси, менга ҳукмронлик ҳам, мол-давлат ҳам керак эмас, улардан афзали керак?” деган экан.
Аллоҳ таоло: “Эй Сулаймон, ўша афзал нарсани сўра”, деди.
Шунда Сулаймон алайҳис-салом: “Эй Аллоҳ, дунёга ҳукмронликдан ҳам, мол-давлатга эга бўлишдан ҳам мен учун афзал нарса илмдир. Менга илм бергил”, деб сўрадилар.
Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳис-салом сўраган нарсасини яъни илм-маърифатни берди. Натижада Сулаймон алайҳис-салом ер юзидаги барча инс-жинсларга ҳукмрон бўлдилар ва дунёдаги барча мол-мулкка эга бўлдилар. Илм-маърифат олиш инсон учун барча яхшиликларнинг аввалидир.
Илм-маърифат ҳосил қилишлик инсон учун бахт. Донишмандлардан бири: “Инсоннинг бахтлиги орзу-ҳавасларга етишганлигида эмас, балки унга берилган неъматлар қийматини англаб етишдадир” деган экан. Инсон ўзига берилган неъматларнинг қийматини билиши учун ҳам унда илм-маърифат бўлиши керак. Илм маърифатсиз киши берилган неъматлар қийматини англаб етмайди.
Илм-маърифат инсон учун нажот. Бу ҳақда Имом Бухорий ҳазратлари:
“Дунёда илмдан ортиқ нажот борлигини билмайман” деганлар.
Илм-маърифатсизлик инсоннинг мартабасини туширади. Динимизда ҳам илм-маърифатсизлик, жоҳиллик қораланади. Илм-маърифатсизликдан қутилиш билан инсоннинг даражаси кўтарилади. Дунёнинг бошида ҳам Аллоҳ таоло Одам (а.с.)га илм-маърифат ўргатди. Ва шу илм-маърифат туфайли Одам алайҳис-саломнинг даражалари фаришталар даражасидан юқори бўлди. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай дейди: “Айтинг, илм олганлар билан илм олмаганлар баробар бўлурму?”. (Зумар сураси, 9-оят).
Илм мол-дунёдан яхши, чунки илм инсонни қўриқласа, мол-дунё эса инсондан қўриқланишни талаб қилади. Мол-дунё сарфланиш билан камайса, илм эса сарфланган сари кўпаяди. Бу ҳақда ҳазрати Али (р.а.): “Илм мол-дунёдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади. Мол-дунё эса сен қўриқлашга муҳтожсан. Илм ҳоким мол маҳкумдир. Мол-дунё нафақа қилиш билан камайса, илм сарфланган сари кўпаяди”.
Албатта, илм-маърифат ҳосил қилиш инсондан сабр бардошни талаб қилади. Илм-маърифат олиш машаққатларига сабр қилган инсонлар илм-маърифатга эришганч ўз халқига, ватанига фойдаси тегадиган инсонга айланади.
Биз ҳамиша илм-маърифатимизни зиёда бўлиши йўлида доимо сай-ҳаракатга бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг каломи бўлмиш Қуръони Каримда: “Ва айтинг, раббим илмимни зиёда қил” дейди. (Тоҳа сураси, 114-оят).
Жамиятимиз аъзолари илм-маърифат ҳосил қилишда бардавом бўлар экан, жамиятимиз тараққий этаверади, турмушимиз янада фаровон бўлади. Худо хоҳласа, “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили” бўлган ушбу 2020 йилимиз халқимиз учун баракали йил бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни илм-маърифатга муваффақ қилиб, икки дунё саодатига муяссар қилсин!
Раҳматилло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби
Терроризмга қаршимиз
Халқимизнинг табиатига мутлақо ёт бўлган сиёсий, диний экстремизм, ақидапарастлик ва бошқа бузғунчи оқимларнинг хуружи ва тарқалиши тинчлик ва осойишталикка, фарзандларимизнинг келажагига катта хавф туғдириши бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Дин инсон руҳини поклаши, одамлар ўртасида меҳр оқибат туйғуларини мустаҳкамлаши, миллий қадрият ва аньаналарни асрашга хизмат килиши билан ҳар қандай жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айникса, инсоният мураккаб тараққиёт жараёнини бошидан кечираётган ҳозирги даврда диннинг турли халқлар ўртасида мулоқот ўрнатиш, уларни маьнавий жиҳатдан яқинлаштириш, зулм ва зўравонликка қарши биргаликда даьват этиш борасидаги аҳамияти беқиёсдир. Бизнинг ислом динига бўлган ихлосимиз, эьтиқодимиз ва садоқатимизни бутун жахон аҳли кўриб билиб турибди.
Сўнги йилларга келиб турли минтақаларда Bслом динини ўзларига ниқоб қилиб олган манфур кимсалар ва тоифалар пайдо бўлди. Улар жамият ўртасида бузғунчилик, нохақ қон тўкилиши каби салбий ҳолатларни авж олишига, халқ тинчлиги бузилиб, икки дунё саодатига, эзгуликга етакловчи ислом динига зарар етказиб, мусулмонлар орасида низо чикариб, нифоқ солишга ҳаракат қилаётганлари жаҳон афкор оммасига сир эмас. Улар ўзларини “Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа” деб эьлон қилган ҳолда бегуноҳ мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлмоқдалар ҳамда қанчадан қанча юртларни вайрон этмокдалар. Энг ачинарлиси улар ўзларининг бузғунчи ҳаракатларини асослаш учун муқаддас Қурьони каримни нотўғри талқин қилиб, ўз мақсадлари йўлида диндан фойдаланиб, одамларни йўлдан оздиришга уринмоқдалар.
Аслида дунёдаги асосий динлардан бири бўлган Ислом дини моҳият ва эьтибори билан адолат мезони сифатида жахон динлари қатори катта аҳамиятга эга. Қурьони карим ва ҳадиси шарифларда келган кўрсатмалар ана шу адолатни бир жиҳатдан асословчи, яна бир жиҳатдан эса мусулмонларнинг эьтиқодини белгиловчи илоҳий манба хисобланади. Умуман олганда, ислом дини ахлоқий пок инсонларни шакллантиришда ва тарбиялашда жуда катта аҳамиятга эга бўлган маьнавий қадриятдир. Албатта, етарли диний ва дунёвий билими бўлмаган, миясидан умуминсоний қадриятлар чиқариб ташланган, уларнинг ўрнига ақидапарастлик ғоялари киритилган “манқурт” инсонлар маьнавий қашшоқ кишига айланиб колади. Бундай кишилар аста секинлик билан бўлсада жамиятда нотинчлик, беқарорликни келтириб чиқаришга ҳаракат қиладилар. Ислом дини ва терроризм умуман бир бирига ёт нарсалар эканини ҳамиша ёдда тутайлик.
М.Хабибуллаев
Гурлан туман бош имом-хатиби
Ноёб табиат ҳодисаси
Ўтган йилнинг ноябр ойида Швейцариянинг Хёрнли тоғида фотограф ва блогер Майкл Шнайдер сиз расмда кўриб турган ноёб табиат ҳодисасини фотокамера хотирасига муҳрлади. У қуёшли гало деб номланган табиат ҳодисасини суратга олишга муваффақ бўлди. Ушбу атмосфера ҳодисаси ёруғлик нурлари тропосферанинг юқори қатламларида, аниқроғи, 5-10 км баландликларда ёки патсимон булутларда жойлашган муз кристалларида синиши натижасида рўй беради. Одатда гало ҳодисаси қуёш атрофидаги камалак кўринишида рўй беради. Аммо бу сафар у кўплаб ёрқин нурлар кўринишида намоён бўлди.
Қуйида турли мамлакатларда суратга олинган қуёш галоси ҳодисасини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ўтган йилнинг ноябр ойида Швейцариянинг Хёрнли тоғида фотограф ва блогер Майкл Шнайдер сиз расмда кўриб турган ноёб табиат ҳодисасини фотокамера хотирасига муҳрлади. У қуёшли гало деб номланган табиат ҳодисасини суратга олишга муваффақ бўлди. Ушбу атмосфера ҳодисаси ёруғлик нурлари тропосферанинг юқори қатламларида, аниқроғи, 5-10 км баландликларда ёки патсимон булутларда жойлашган муз кристалларида синиши натижасида рўй беради. Одатда гало ҳодисаси қуёш атрофидаги камалак кўринишида рўй беради. Аммо бу сафар у кўплаб ёрқин нурлар кўринишида намоён бўлди.
Қуйида турли мамлакатларга суратга олинган қуёш галоси ҳодисасини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Шу ўринда бир савол туғилади: осмонда бундай ҳодисани қайси рассом амалга ошира олади?! Буюк Мусаввир бўлмиш Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким буни қилолмайди. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ
“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади