muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 24 ноябрь 2016 00:00

Ота ҳақидаги ҳақиқий тушунча!

  1. Отанг сенга танбеҳ берганида у сени кариҳ кўрмайди.

  2. Отанг сенга босим қилганида у сени ўсишингни истайди.

  3. Отангни жим турганини кўрганингда у сени келажагинг ҳақида бош қотираётган бўлади.

  4. Отанг иқтисод қилган пайтда билиб қўй, у ўз нафсини бутунлай маҳрум қилган бўлади.

  5. Отанг ҳансираб қолганини кўрсанг билиб қўй, у сен сабабли шундай бўлган.

  6. Отанг кулган пайтида билиб қўй, бунинг ҳам сабабчиси сенсан.

  7. Отанг қаттиқ қўл бўлиб қолса билиб қўй, сен унинг кўрсатмаларига юрмаган бўласан.

  8. Отанг эшик хонасини қулфлаб олган пайтида билиб қўй, у йиғлаётган бўлади.

  9. Отангга нисбатан овозингни баландлатсанг уни тириклайин гўрга тиққанингни билиб қўй.

  10. Сен ўзингни дарбадар ва саргардон ҳолда кўрсанг билиб қўй, отанг сендан ғазабланган бўлади.

  11. Отанг тўшакка чўзилиб олиб, гапирмаётганини кўрсанг билиб қўй, сен улкан суячиқ тоғни йўқотиб, бўшлиққа юз тутган бўласан. У бўшлиқни ҳеч қандай хотира ҳам тўлдира олмайди.
Четвер, 24 ноябрь 2016 00:00

Ёшларбоп мода

Аксрият инсонлар диний қадриятлардан ажрамаган ҳолда ҳаёт кечиришни истайди.

Бу айниқса, мусулмонларнинг ҳаётида кўп учрайди. Ҳозирги кунда динидан қатъий назар ёшлар ўз олдиларига улкан мақсадларни қўяди. Бунда улар ўзларига ўзгача эътибор берадилар. Айниқса, мусулмон йигит қизлар ўз эътиқодидан келиб чиқиб, кийиниш борасида ўзгача йўл тутадилар. Шу каби талаблардан келиб чиқиб, мусулмонлар учун кийим ишлаб чиқарувчи АҚШнинг “5ivepillars” компанияси бутун дунё мусулмонларининг эътиборини тортувчи янги кийимлар тўпламини эълон қилди.

Тўплам муаллифининг фикрича, бу каби кийимлар АҚШ ва Ислом дунёси ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаради. Келгусида у ишини давоми сифатида турли сумкалар, идишлар яратиш ниятида.  

 

                                                                                                                         Мақсуд КАРИМОВ тайёрлади.

Четвер, 24 ноябрь 2016 00:00

Муваффақият калити

Англиянинг дунёга машҳур футбол клуби Арсенал ҳимоячиси Мустафо Шкодран футболдаги мувофаққиятини Ислом динига бўлган муносабатидан деб, ҳисоблашини айтиб ўтди.

Маҳаллий журналистлардан бирига берган интерьвюсида Арсенал ҳимоячиси – инсон ўзи танлаган соҳада ютуққа эришмоқчи бўлса, бунга чин дилдан ишонмоғи лозим. Шундагина у ўз мақсадига эришади, деб таъкидлади. Келиб чиқиши албаниялик, Германияда туғилиб ўсган Мустафо асли мусулмон оила фарзанди. У ўсмирлик вақтида Ислом динига кўпроқ қизиқа бошлади ва намоз ўқиш, Қуръон тиловатини канда қилмади. Бунинг ортидан у ҳозирги ютуқларига эришганини таъкидлайди. 

Маълумот учун: Мустафо ўз вақтида Германия, Италия ва Англиянинг топ клубларида тўп тепган. 24 ёшли футболчи 2009 йили ўсмирлар ўртасида Европа чемпиони, 2014 йили катталар ўртасида Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.

 

                                                                                                Мақсуд КАРИМОВ

 тайёрлади.

2016 йил 23 ноябрь куни Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатиблари ва билим юрти ўқитувчилари иштирокида анжуман бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Абдулҳамид Турсунов ўз маърузаси билан иштирок этди.

Йиғилишда юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, бунда имом-хатибларнинг ўрни ва вазифасига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, анжуманда Яратганнинг назар-марҳамати тушган, ислом оламига дин ва дунё учун салмоқли ҳисса қўшган мужтаҳидлар, фақиҳлар, муҳаддислар, фозиллар, мутафаккир олимлар, шоирларга бешик бўлган, бутун дунёга ўзининг баркамоллигини намоён этган, энг улуғ, энг азиз она юртимизни ҳар хил хатарлардан асраш, айниқса, уламолар, имом-хатиблар доимо жаҳолатга қарши маърифат билан курашиши лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган тезкор даврда барча соҳа ходимлари, хусусан, диний соҳа ходимлари – имом-хатиблар, ўқитувчи-педагоглар дунёда содир бўлаётган ҳар бир янгиликдан хабардор бўлиб бориши, ижтимоий ҳаётда кечаётган жараёнларда ҳам фаол иштирок этиши, ҳеч қачон лоқайдлик ва бепарволикка берилмаслиги тушунтирилди.

Анжумандан сўнг Абдулҳамид Турсунов Наманган шаҳридаги “Шайх Эшон” жоме масжидига пешин намозида, Поп туманидаги “Кичик Хўжаобод” жоме масжидига шом намозида ташриф буюриб, намозхонлар билан учрашди ҳамда масжидларда яратилган шароитлар билан танишиб  чиқди.

 Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакиллиги

2016 йилнинг 21 ноябрь куни Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ташриф буюрди. Ташриф чоғида муфтий жанобларига вилоят бош имом-хатиби Н.Холиқназаров ва билим юрти мудири Н.Қодировлар ҳамроҳлик қилди.

Усмонхон Алимов жанобларининг билим юртига ташриф вақти хуфтон намозига тўғри келганлиги учун билим юрти талабалар амалиёт ўтказиш жойи, масжид биносида жамланган билим юртининг барча мударрис, ходим ва талабалари муфтий ҳазратлари билан бирга хуфтон намозини ўқиш бахтига муяссар бўлдилар.

Намоздан сўнг Андижон вилояти бош имом-хатиби Н.Холиқназаров сўз олиб, бугунги кун вилоятимизда фаолият кўрсатаётган диний соҳа ходимлари ва ушбу таълим даргоҳида  фаолият кўрсатаётган мударрис, ходим ва талабалар учун бир унутилмас сана эканлиги, яъни ушбу хурсандчилик вилоятимизга келган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ташрифи билан боғлиқ эканлигини айтиб, ушбу фурсатдан фойдаланиб муфтий ҳазратларининг дуоларини олишлик барчамиз учун улкан бахт эканлигини айтди ва маъмнуният билан сўзни муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовга берди.

Усмонхон Алимов жаноблари ўз нутқи аввалида, ушбу муҳташам бино, яъни ҳеч қайси катта масжидлардан қолишмайдиган, мустаҳкам, кўркам билим юрти масжидини кўриб ҳурсанд бўлганлигини, ушбу жойда дин фидойилари бўлган, келажак авлод тарбиячилари бўлган мударрис-ўқитувчилар, кўзларида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат алангаси чақнаб турган талаба-ёшлар билан учрашиб турганлигидан мамнун эканлигини билдирди.

Усмонхон Алимов жаноблари ўз нутқи давомида юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг диний қадрятларимизнинг қайта тикланганлиги, ҳозирги кунда масжидларда намозхонлар учун яратилган шароитлар, шунингдек, мадрасаларимиз, яъни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний таълим муассасаларида талаба ёшлар учун яратилаётган шароитлар ҳақида гапирар экан, ушбу “Саййид Муҳйиддин махдум” номли ўрта махсус ислом билим юртини мисоли тариқасида ушбу жойда яратилган бир қанча қулайликларга барчангиз гувоҳ бўлаяпсиз, деб айтиб ўтди. Сўнги йиллар давомида Қорақолпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида, Хоразм вилоятида ҳамда Наманган вилоятида жойлашган мадрасаларда таҳсил олаётган талабаларга янада қулайлик яратиш мақсадида, у ердаги мадрасалар янги кўп қаватли биноларга кўчирилганлигини айтиб ўтар экан, ушбу яратилаётган шароитлардан талабалар унумли фойдаланиб, ҳар бир ўтаётган вақтларини ардоқлаган ҳолда ўқишдан, ўрганишдан тўхтамасликлари, келажакда юртимиз равнақи учун хизмат қиладиган комил инсонлар бўлиб етишиб чиқишларига умид қилишларини таъкидладилар.

Шунингдек, муфтий ҳазрат жорий йилнинг 4 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳам талабалар барчага ўрнак бўлган ҳолда фаол иштирок этишларини тарафдори эканликларини билдирдилар. Сўнг муфтий ҳазратлари юрт тинчлигини, осмонимиз мусаффо бўлишини ҳамда билим юртида фаолият кўрсатаётган мударрис-ходимларнинг оилаларига тинчлик-хотиржамлик, талаба ёшларга баракотли ва фойдали илм сўраб дуо қилдилар.

Суҳбат якунида Н.Холиқназаров сўз олиб, ушбу дуолар келажакда барчамизга қанот бўлишини айтиб ўтди ҳамда ўзларининг қимматли вақтларини ажратиб ташриф буюргани учун муфтий ҳазратларига ўзи ва барча иштирокчилар номидан миннатдорчилик билдириб, юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, динимиз ривожи йўлида ҳизмат қилаётганларга Яратгандан куч-қувват, соғлик ва саломатлик, оилавий тинчлик ва хотиржамлик тилади.    

 

Билим юрти ходими Қаҳрамонжон ИСРАИЛОВ

Янгиликлар

Top