muslim.uz

muslim.uz

Улуғ боболаримизнинг илмга интилиш ва эл-юртга хизмат қилиш борасидаги гўзал анъаналарини бугунги ёшларимиз ҳам давом эттирмоқда. Биз бу ҳаракатни талаба ёшларимизнинг ғайратида, янги-янги етишиб чиқаётган иқтидорли қори йигитларимиз тимсолида кўрмоқдамиз. Ҳозирги кунда ёшларимизнинг диний ва маънавий етуклигини мустаҳкамлаш мақсадида юртимизда Тошкент ислом институти ва ўрта-махсус ислом билим юртлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Унда бир қанча талабалар таҳсил олмоқда. Қори йигит ва қизларимизнинг билим савияларини ошириш ва қобилиятларини аниқлаш мақсадида, Республика миқёсида Қуръони каримни  ёддан ва тажвид қоидалари билан тиловат қилиш бўйича маҳаллий мусобақалар мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Мазкур мусобақаларда юқори натижага эришган қори-қорияларимиз турли хорижий давлатларда ўтказилаётган Халқаро Қуръони карим мусобақаларига таклифлар асосида юборилмоқда.

Шу йилнинг 18–24 октябрь кунлари Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ўтказилган 38-Халқаро Қуръони карим мусобақасида икки нафар вакилимиз – Тошкент ислом институти талабаси Музаффархонов Абдуллохон ва  Сайид Муҳиддин Маҳдум ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Абдуҳалимов Аъзамжон иштирок этиб қайтишди.

Мазкур мусобақада дунёдаги 50 дан ортиқ давлатдан етук Қуръон ҳофизлари иштирок этиб, улар орасида вакиллариимиз Қуръони каримнинг тўлиқ 30 порасини ва 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида қатнашди.

Мусобақа 4 йўналишда ўтказилиб, унда юқори уч ўринни қўлга киритган қориларга совринли мукофотлар топширилди. Қуръони каримни тўлиқ 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш билан бирга  30 поранинг луғавий маъноларини билиш йўналишида 1-ўринни Саудия Арабистони, 2-ўринни Судан, 3-ўринни Марокаш қорилари эгаллади. Қуръони каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Фаластин, 2-ўринни Ливия, 3-ўринни Саудия Арабистони давлатлари қорилари эгаллади.

Қуръони каримнинг 15 порасини ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Ливия, 2-ўринни Баҳрайн, 3-ўринни  Камерун қорилари эгаллади.

Вакилларимизга иштироки тўғрисидаги ташаккурнома ёрлиғи тақдим этилди. Иштирокчи қорилар учун мусобақа ташкилий ҳайъати  томонидан Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидаги муқаддас қадамжоларга зиёрат уюштирилди.

                                                                                                                                            
Халқаро алоқалар бўлими                                                                                             

 

Вівторок, 01 ноябрь 2016 00:00

Афв фазилати

“Афв” калимасининг луғавий маъноси- “кечирмоқ”, “тузатмоқ”, “ўчирмоқ”, “даволамоқ”, “озод қилмоқ”, “қутқармоқ”, “афв этмоқ”- деган маъноларни ифодалайди. Уламолар наздида эса, “ уқубат ва зарар етказишга қодир бўлатуриб, уни тарк қилиш”, авф дейилади.

Араб тилида “сафаҳ” калимаси “афв” сўзнинг маънодоши бўлиб, уни маънолари- “гуноҳидан ўтмоқ””, “узрини қабул қилмоқ” ва “олийжаноблик” каби маъноларда келади. Иккисини маънолари бир-бирига синоним бўлсада,  “сафаҳ” калимаси маъно жиҳатидан кенг қамровли ҳисобланади.

Афв  қилиш ўзаро дўстлар орасида бўлса, муҳаббатни зиёда қилади. Аразлашганлар ўртасида бўлса, улфат ва бир-бирларини яқинлаштиради. Душман ва макрли кишиларга қилинса, ёмонликларидан омонда бўлиб, мушкилларни осон, тугун бўлиб турган  ишларни  ечилишига сабаб бўлади. Бундан бошқа унда яна жуда ҳам кўплаб фойда ва манфаатлар мужассамдир. Иншааллоҳ.

 Афв гўзал ва мақталган ахлоқлардан бўлиб, Аллоҳ таоло пайғамбари  ва мўмин-мусулмон бандаларига шу сифат билан зийнатланишликка амр этган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ

Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг! (Аъроф сураси, 199 оят).

Оятдаги “афв” сўзининг тафсири – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш деганлар. Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” – деган эканлар (Табарий тафсиридан).

Бошқа ояти каримада:

...وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ...

...Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг... (Оли Имрон сураси, 159 оят).

  Яна бошқа оятда эса,

فَاصْفَحْ عَنْهُمْ وَقُلْ سَلَامٌ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ

Бас, (Эй, Муҳаммад!) Улардан юз ўгиринг ва “Саломатлик бўлсин” денг! Бас, улар яқинда (ҳақиқатни) билиб олажаклар. (Зуҳруф сураси, 89-оят).

 Ойша онамиз тўғрисида бўҳтон тўқиганларга қўшилиб кетганлардан бири Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг холаваччаси Мустаҳ ибн Асаса розияллоҳу анҳу эди. У Бадр жангида қатнашган бўлиб, ўзи мискинликда яшарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу унинг бу ишидан кейин зинҳор моддий ёрдам бермасликка қасам ичади.  Шунда куйдаги оят  Абу Бакр розияллоҳу анҳу хусусида нозил бўлади:

 وَلَا يَأْتَلِ أُولُو الْفَضْلِ مِنْكُمْ وَالسَّعَةِ أَنْ يُؤْتُوا أُولِي الْقُرْبَى وَالْمَسَاكِينَ وَالْمُهَاجِرِينَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلْيَعْفُوا وَلْيَصْفَحُوا أَلَا تُحِبُّونَ أَنْ يَغْفِرَ اللَّهُ لَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

 Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир (Нур сураси, 22 оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Уяйна ибн Ҳиср деган киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурларига кириб: “Эй, Хаттобнинг ўғли! Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтаманки, бундан кўпроқ  бермайсанми, сен бизнинг ўртамизда адолат билан ҳукм чиқармаяпсан”-деди. Шунда, Умарнинг ғазаби чиқди, ҳатто энди бир кор-хол бўлади, деб атрофдагилар қайғуга тушиб қолишди. Шу пайт бир киши: Эй, амирал мўминин! Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига

 خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ

Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!  (Аъроф сураси, 199 оят)деб буюрмаганмиди, бу ўша жоҳил одамлардан  экан” -деди. Умар розияллоҳу анҳу Қуръон ояти тиловатини эшитиши биланоқ, ғазаб отидан тушди, ҳамда Аллоҳнинг китобига мувофиқ иш тутди (Бухорий ривояти).

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман”-деганлар (Абу Довуд ривояти).

فَاصْفَحِ الصَّفْحَ الْجَمِيلَ...

Бас, (шундай экан, жоҳилларнинг азиятларига сабр қилинг ва уларни) чиройли юз ўгириш билан тарк этинг! (Ҳижр сураси, 85-оят).

Бу улуғ олийжаноблик сифатига эга бўлган киши бу дунёда инсонларнинг меҳр-муҳаббатига, олқишига, мақтовига сабаб бўлса, ўзига улардан келиши мумкин бўлган ёмонликларидан саломат бўлади, охиратда жаннат дея сифатланган улуғ неъматга эга бўлиш ва бутун оламлар Раббиси бўлган Буюк Аллоҳнинг розилигига эришади.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчисининг тақдимномасига мувофиқ инсонпарварлик тамойилига амал қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори эълон қилиниши юқорида зикр қилинган улуғ олийжаноблик, инсонпарварлик ишлардан бири сифатида халқимиз жуда хурсандчилик ва мамнуният ила қарши олди.

Аллоҳ таолодан алоҳида таъкидлаб, дуо қилиб сўраладиган фазилатлардан бири ҳам афвдир. Ойша розияллоҳу анҳо онамиз жанобимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Эй, Аллоҳнинг Росули! Агар мен рамазон ойининг қадр кечасини топсам, Аллоҳдан нимани сўрай?-дедилар. Он ҳазрат: “Аллоҳумма иннака Афввун Каримун туҳиббул афва фафуанний” (яъни, Парвардигоро, Сен Афв (шафқатли, раҳмли, кечиримли), Карим (илтифотли, олийжаноб, марҳаматли) Зотсан. Кечиришни яхши кўрасан. Мени гуноҳларимни кечиргин)-деб дуо қилгин дедилар (Бухорий ривояти).

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, муқаддас динимиз таълимотлари, асрлар оша сайқалланган миллий анъаналаримиздан бири бўлган афв фазилати айнан Яратганнинг каломи бўлмиш Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида алоҳида қайд этилган ва улуғланган. Аллоҳ таоло ҳаётимизга авф қилиш фазилати ва одобини тадбиқ қилишга муваффақ қилсин!

ЖАЛОЛИДДИН Ҳамроқулов

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

“Новза” жоме масжиди имом хатиби

 

 

 

 

 

 

 

Вівторок, 01 ноябрь 2016 00:00

Дуонинг ижобати

Бир одам қаттиқ бетоб бўлиб, касалхонага тушибди. Шифокорларнинг бераётган дорилари фойда беришини сўраб эртаю кеч Аллоҳга ёлвориб дуо қилибди. Шу касал бир куни кечаси туш кўрибди. Тушида ўзи ва ҳамхоналари бир қудуқ ичидаги сувга чўкаётган эмишлар. Ёрдамга чақирсалар ҳам, ҳеч ким келмас эмиш. Бир пайт юқоридан бир ингичка арқон туша бошлабди. Ҳамма унга қараб талпинибди. Лекин арқон қимирлаб ҳеч кимнинг қўлига илинмай, ҳалиги одамнинг қўлига тушибди. Кўринишидан ўргимчак ипидек ингичка арқон одам кўтарадиган даражада пишиқ экан. Ҳалиги одам жон ҳолатда арқонга осилиб юқорига тирмаша бошлабди, лекин арқонни узилиб кетишидан хавотирга тушибди. Шу пайт худди унинг хаёлидагига жавобан юқоридан овоз келибди: “Қўрқма, ип узилмайди”. “Сен кимсан?” сўрабди ҳалиги одам. “Мен сен бир пайтлар сувдан чиқариб олган ўргимчакман. Ўша яхшилигинг учун бугун сенга яхшилик қилмоқдаман”, дебди. Ҳалиги одам бундай ишларни ҳар доим қилиб юргани учун бу ўргимчакни қачон, қаерда қутқарганини эслай олмабди. Шу пайт арқон қаттиқ силкина бошлабди. Одам пастга қараса, қолганлар ҳам арқонга осилиб юқорига тирмашиб чиқишаётган экан. Буни кўриб: “Арқон ингичка бўлса, ҳаммамизни кўтара олмай, узилиб кетиши мумкин. Нега улар менинг арқонимга осилишади?! Ахир ўргимчак уни мен учун ташлади-ку”, деб ўйлабди. Шу нарсани ўйлаган заҳоти арқон юқоридан “чирт” этиб узилиб, ҳаммалари пастга қулаб тушибди.

Ҳалиги одам ўз овозидан уйғониб кетибди. Ярим тун, шериклари ухлаб ётишибди. Кўрган тушини эслабди ва у ҳақда ўйлай бошлабди. Умри давомида жонивор ва ҳашоратларга яхшилик қилиб келган одам палатадошларини ўйламай, фақат ўзи учун Аллоҳдан шифо сўраётганини эслаб, ўзидан уялибди. Шу тун тонгга қадар кўз юммай, Аллоҳга: “Эй карами кенг Парвардигорим, барча дард берган бандаларингга, касалхонадаги беморларга ва менинг дардимга шифо бериб, шу ердан соғ-саломат чиқиб кетишимизни насиб эт”, деб ёлворибди.

Эрталаб шифокор одатдагидек касалларни кўздан кечираётиб, унга: “Сизнинг топширган анализларингизнинг жавоби яхши чиқди. Уч-тўрт кундан сўнг уйга жавоб берамиз”, дебди. 

Бу ҳикоядан хулоса шуки, одам ўзи учун нимаики яхшиликларни орзу қилса, атрофдагиларга ҳам шу нарсаларни насиб этишини хоҳламоғи лозим.

 

Акбаршоҳ Расулов тайёрлади

Вівторок, 01 ноябрь 2016 00:00

ЎМИда навбатдаги брифинг

Жорий йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида “8 декабрь – Конституция куни” муносабати билан ЎМИ тизимидаги муассасалар жамоалари ўртасида навбатдаги футбол мусобақасини бошлаш учун ёрдамчи ҳакамлар ва гуруҳ сардорлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда навбатдаги ўйинларни ташкиллаштириш ишлари муҳокама қилинди.

Мусобақанинг 1-тур ўйинлари жорий йил 1 ноябрь куни соат 19:00 да шаҳримизнинг нуфузли спорт майдончаларининг бирида бўлиб ўтади.

Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Мовароуннаҳр” нашриёти, Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти имомларининг футбол жамоалари ўзаро беллашадилар.  

Қуръа натижаларига кўра 1-тур ўйинларида қуйидаги жамоалар ўзаро беллашади:

“Дўстлик” – “Ҳазрати Имом”

“Минор” –  “Мовароуннаҳр”

“Имом Бухорий”  –  “Кўкалдош”

Эслатиб ўтамиз, навбатдаги мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси мезбонлик қилади.

  

ЎМИ ахборот хизмати

Понеділок, 31 октябрь 2016 00:00

Талоқ қилайми ёки оқ бўлайми

Ота-онага яхшилик қилиш борасида биз мусулмонларга яқин келадиган халқнинг ўзи йўқ, десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Чунки ота-онага яхшилик қилиш динимиз таълимотида бандани Аллоҳга яқинлаштирувчи энг афзал амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча оятларда Ўзига ибодат қилишга буюриш билан бирга ота-онага яхшилик қилишга буюрган. Уларга қилинадиган хизматни ибодат даражасига кўтарган.

Ҳа, ота-онасига итоат қилаётган фарзанд, аслида Аллоҳга итоат қилаётган, У Зотнинг буйруғини бажараётган бўлади. Зеро ота-она фарзанд учун Аллоҳ таолонинг васийятидир. У Зот Қуръони карим оятларида уларга яхшилик қилишга буюраркан айнан васият сийғаси билан амр этган. Васият билан амрнинг ўртасида фарқ бор. Амр бир ишни қилишга буйруқ, васият эса буйруқни ўта муҳим ва таъкидли экани ва уни эсдан чиқариш мумкин эмаслигини ҳам ифода қилади. Шунингдек ота-онага итоатсизлик ҳам Аллоҳ таолога итоатсизлик, У Зотнинг буйруғига бўйсунмасликдир.

Шундай экан ота-онага хизмат ва итоат қилиш бош устига. Лекин ҳар бир нарсанинг чегараси бўлганидек ота-онага итоат қилишнинг ҳам чегараси бор. Аллоҳ таоло айтади:

وَإِن جَٰهَدَاكَ عَلَىٰٓ أَن تُشۡرِكَ بِي مَا لَيۡسَلَكَ بِهِۦ عِلۡمٞ فَلَا تُطِعۡهُمَاۖ وَصَاحِبۡهُمَا فِي ٱلدُّنۡيَا مَعۡرُوفٗاۖ  وَٱتَّبِعۡ سَبِيلَ مَنۡ أَنَابَ إِلَيَّۚ ثُمَّ إِلَيَّ مَرۡجِعُكُمۡ فَأُنَبِّئُكُمبِمَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ (سورة لقمان-15)

“Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга мажбурласалар, бас, уларга итоат қилма! Ва уларга дунёда яхшилик қил. Менга инобат қилганнинг йўлига эргаш. Сўнг, қайтишингиз фақат Менинг ҳузуримгадир. Мен сизга нима амал қилганингизнинг хабарини берурман” (Луқмон 15).

Ушбу оятда зикр қилингани ота-она фарзандни ширк ёки куфрга буюришса, уларга ана шу ишда итоат қилмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳаққи уларнинг ҳақларидан устун ҳисобланади. У Зотга куфр ва гуноҳ бўладиган ишларда итоат қилмайди. Ҳадиси шарифда ҳам:

عَنْ عَلِىٍّ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلملاَ طَاعَةَ لأَحَدٍ في مَعْصِيَةِ الله إِنَّمَا الطَّاعَةُ في المَعْرُوفِ رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Али (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишда ҳеч кимга итоат йўқдир! Албатта, итоат қилиш маъруф-яхшилик ишдадир” дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Демак гуноҳга буюрган ким бўлса ҳам унга итоат қилиш йўқ. Ота-онага ҳам фақат савобли яхши ишларда итоат қилинади. Яна бошқа ҳадисда:

عن عمران بن حصينرَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلملاَ طَاعَةَ لِمَخْلُوقٍ في مَعْصِيَةِ الخَالِقِ رَوَاهُ أحمد

Имрон ибн Ҳусойн (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Холиққа гуноҳ бўладиган ишда махлуққа итоат йўқдир” дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти).

У махлуқ ким бўлишидан қатъий назар Холиқ Зотнинг ҳаққини поймол қилишни талаб қилса, унга итоат қилинмайди. Лекин фарзанд ота-онасига яхшилик қилишда давом этаверади. Итоат қилмайди дегани айрим адашган тоифалар айтганидек, улардан воз кечиш дегани эмас. Зеро ота-она ўзлари мушрик, кофир ва динсиз бўлсалар ҳам фарзандаги ҳақлари соқит бўлмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам ширк ва куфрда уларга итоат қилишдан қайтариб туриб: “Ва уларга дунёда яхшилик қил” деди. Яъни фарзандлик бурчингни адо қилишда давом этавер. Уларга яхшилик қил.

Шунингдек ширк ва куфрдан бошқа гуноҳга буюришса ҳам итоат қилмайди. Масалан, “ароқ олиб кел”, “ароқ қуйиб бер” ёки “сен ҳам ароқ ич” деса, ёки “намоз ўқима, ўқисанг, оқ қилдим”, “рўза тутма”, деса ҳам итоат қилмайди.

Ёки ҳозирги кундаги баъзи адашган оқимларга қўшилишни, агар қўшилмаса оқ қилишини айтса ёки сен ҳам “Ироқ ва Сурияга “жиҳод”га бор”, деб талаб қилса, ўғил унга итоат қилмай бормаса ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди. Балки гумроҳ отасини ҳам гуноҳдан сақлаб қолган бўлади.

Ёки ҳозирги кунда тез-тез қулоққа чалиниб турган ана шундай нотўғри ишлардан бири, айрим ота-оналар ўғилларидан қаттиқ талаб қилиб: “Хотинингни талоқ қил! Бўлмасам оқ қиламан” ёки “Ё бизни де, ё хотинингни де! Ажрашмасанг розимасман. Берган оқ сутим ҳаром бўлсин”  каби қаттиқ-қуруқ гапларни гапириб, фарзандларини нозик жойидан тутиб, боши берк кўчага тиқиб қўядилар. Бечора ўғил нима қиларини билмай қолади. Баъзилари эса ўзлари ҳохламасалар ҳам ота-оналарининг бундай қалтис гапларидан қўрқиб талоқ қилганлари ҳам бор. Натижада эса бир оила бузилиб кетяпти. Ўртада икки-уч бегуноҳ болачалар тирик етим бўлиб, сарсону саргардон бўлиб, тарбиялари  ҳам зое бўлмоқда. Ана шундай пайтларда кўпни кўрган ёши бир жойга бориб қолган оталар ҳам илгариги оқил, пурмаъно сўзли оталаримиздан фарқли ўлароқ оналарнинг тегирмонига сув қуйиб, ишни яна ҳам катталаштирмоқдалар. Яқин кунларда бўлган бир воқеада она келини билан келишолмай ўғлидан хотинини талоқ қилишини қаттиқ талаб қилиб туриб oлади. Чорасиз қолган ўғил онасининг риоясини қилиб, кейин ярашиб олиш ниятида: “талоқ қилдим” дейди. Бу воқеанинг гувоҳи бўлиб турган ота эса, эшитган-билганларига таяниб: “Ўғлинг талоқ деб қутилди, эртага яна ярашиб олиши мумкин. Унга айт “уч талоқ” қилсин” депди. Охир оқибат уч талоқ олган келин шўрлик уч боласи билан отасининг уйига хайдалибди.

Буни қандай тушуниш мумкин. Нахотки бу ота-онани фарзандларининг бахти, набираларининг келажаги қизиқтирмаса. Аллоҳнинг ҳузурига борганда нима деб жавоб беришни ўйлашмаса.

Бундай пайтда ўғил қандай йўл тутса тўғри бўларди. Нима қилса ота-онасига оқ бўлмас ва Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлмас эди. Ушбу саволларга қуйидаги ривоятлардан жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

عنأبيهريرةرضياللهعنهقال قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَن خَبَّبَ امرَأَةً عَلَى زَوجِهَا فَلَيسَ مِنَّا رَوَاهُ أبوداود

وَفِى رِوَايَةٍ أُخرَى قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَعَنَ اللهُ مَن خَبَّبَ امرَأَةً عَلَى زَوجِهَا وَ لَعَنَ اللهُ مَن خَبَّب زوجاً عَلَى زَوجِهِ رَوَاهُأحمد

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёлни эрига гиж-гижлаб,)ўртасини( бузган биздан эмас”, бошқа бир ривоятда “Аёлни эрига гиж-гижлаб, )ўртасини( бузганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Эркакни аёлига гиж-гижлаб )ўртасини( бузганга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, дедилар. (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан эр-хотин ўртасини бузиш, уларнинг ажралиб кетишига сабаб бўлиш гуноҳи кабираларнинг энг катталаридан эканини билиб олишимиз мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундай одамни  “биздан эмас” ёки унга “Аллоҳнинг лаънати бўлсин” дейишлари ҳар қандай охиратдан умиди бор мусулмонни бундай жирканч ишдан ҳазар қилишига кифоя қилади.

Буюк тобеъинлардан Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ)га баъзи кишилар савол бериб: “Бир одамнинг онаси: “Хотинингни талоқ қиласан” деб туриб олса, нима қилади?” дейишди. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Хотинини талоқ қилиши онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандлиги учун қилинадиган ишлардан эмас” деб жавоб бердилар. Демак, бундай ҳолда онанинг талаби ношаръий талаб бўлади. Агар ўғил унга итоат қилмаса гуноҳкор бўлмайди.

Ҳанафий уламолардан Имом Таҳовий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Фарзанд мубоҳ бўлган нарсаларда уларга бўйсунади, қайтарилган ишларда эмас”, деганлар.

Мулло Али Қори Ҳанафий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: “Хотини билан ажрашишини буюрсалар, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар бундан ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам”.

Бир киши имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳ)дан: “Отам хотинимни талоқ қилишимга амр қилмоқда” деди. У зот: “Уни талоқ қилма” дедилар. У: “Умар (розияллоҳу анҳу) ўғли Абдуллоҳга талоқ қилишга амр қилган эмасми?” деди. Шунда: “Отанг Умар (розияллоҳу анҳу)дек бўлганда сен ҳам қиласан” дедилар. Яъни, сенинг отанг ҳам ҳазрат Умардек ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунича хотинингни талоқ қилмайсан, демоқдалар.

Худди мана шу гаплар қизини мажбурлаб, ажратиб олмоқчи бўлган ота-оналарга ҳам тегишлидир. Лекин аксар ҳолларда бундай ишлар куёв томонидагилардан кўпроқ содир бўлади.

 

Баҳодир Раҳматуллаев,

Тошкент вилояти Зангиота тумани

“Фатҳ” жоме масжиди имом-хатиби

Янгиликлар

Top