www.muslimuz

www.muslimuz

Понеділок, 07 октябрь 2019 00:00

ОЛИМЛАР ОЛДИДАГИ ОДОБ

Ибн Абдулбарр, ал Марҳабий ва ал Хатиб келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу толиби илмга қуйидаги насиҳатни қиладилар: 
«Олимнинг сендаги ҳаққи: 
1. Унга кўп савол бермаслик; 
2. Жавобни қаттиқ талаб қилиб, уни чарчатмаслик;
3. У хоҳламаса, маҳкам ёпишиб олмаслигинг; 
4. Агар танбаллик қилса, кийимидан тутмаслигинг;
5. Устозга қўл билан ишора қилмаслик; 
6. Унга кўз қисиб ҳам ишора қилмаслик;
7. Одамлар билан мажлис қуриб ўтирганида сўрамаслигинг; 
8. Унинг адашиши пайидан бўлмаслик; 
9. Агар адашса, қайтишини кутишинг ва тавбасини қабул этишинг; 
10. «Фалончи сен айтганнинг хилофини айтди», демаслик; 
11. Унинг сирини фош қилмаслик; 
12. Унинг ҳузурида ҳеч кимни ғийбат қилмаслик;
13. Уни ҳозирлигида ҳам, ғойиблигида ҳам муҳофаза қилиш; 
14. Одамларга умумий салом бериб, унга алоҳида табрик айтиш; 
15. Унинг рўпарасида ўтириш; 
16. Унинг ҳожати бўлса, бошқалардан олдин унинг хизматини қилиш; 
17. Олимнинг суҳбати узунлигини малол олмаслик;
18. У бир хурмога ўхшайди. Сен ундан ўзингга қачон манфаат етишига интизор бўлиб турмоғинг керак.
19. Албатта, олим Аллоҳнинг йўлида рўза тутган мужоҳид кабидир. Қачон бир олим вафот этса, Исломда бир тешик пайдо бўлур ва у қиёматгача тўсилмас. Толиби илмни осмоннинг муқарраб фаришталаридан етмиштаси кузатиб юрур...»

Интернет тармоғидан олинди

Тўйлардаги дабдавозлик айни исрофдир! Динимизда исрофгарлик қаттиқ қораланган бўлиб, исроф қилиш ҳаромдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَلاَ تُبَذِّرْ تَبْذِيراً إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُواْ إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُوراً

«Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир» (Исро сураси, 26-27-оятлар).

Исроф фақат ортиб қолган таомни ташлаб юборишнинг ўзигина эмас. Вақт, умр исрофи ҳам бор. Афсуски, вақтимизнинг қадрига етмаймиз, уни бефойда нарсалар билан совурамиз.

Одамлар кимўзарга, мақтанишга дабдабали тўй қилишади. Мақтанчоқлик, одамлардан ўзини устун деб билиш ҳам оғир гуноҳдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ مَن كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً

«Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас» (Нисо сураси, 36-оят).

Кишилар одамлар кўрсин учун тўйларда ортиқча харажат қилишади. Бу  риёдир. Риё эса оғир гуноҳлардан. Биз “одамлар нима деркин?” деб эмас, балки “Аллоҳ нима дейди?”, “Шариатда бу борада нима дейилган?” деган ўй билан ҳаракат қилишимиз керак.

Кўпчилик тўй қиламан деб қарзга ботади. Ўзим эшитган бир ҳодисани айтиб берсам.

Бир хонадонда қиз узатилади. Ота қарздор бўлиб қолиб, уни узиш учун Россияга ишлагани кетаётганда, йўлда автоҳалокатга учраб вафот этади. Қиз онасига «Қаердан ҳам тўйим бўлди. Агар турмушга чиқмаганимда отам қарзга ботмаган ва пул топаман деб йўлда вафот этмаган бўлардилар» дея додлаб йиғлаяпти. Шунда онаси «Ундай дема қизим. Ҳеч бўлмаса, отанг тўйингни кўриб қолди-ку!» деяпти.

Аслида тарихга назар солсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки олам сарвари бўла туриб, қизлари Фотима розияллоҳу анҳога жуда камтарона сеп бериб, тўйларини ҳам ихчам, содда тарзда ўтказганлар. Бу биз умматлари учун ибратдир!

Тўйга ишлатиладиган ортиқча маблағларга янги оила учун керакли маиший техникалар, китоблар олиб берсак, шу оқилона иш эмасми?! Бир соатга келиб кетадиган машина учун, артистлар учун фалон пул сарфламай, шу пулларни дунё ва охиратимизга фойдали нарсаларга ишлатсак, айни муддао бўларди. Агар уйимизда маиший техника буюмлари, китоблар етарли бўлса, у ҳолда қариндошимиз, қўшниларимиз орасида ночор, муҳтож, қорни тўйса хурсанд бўладиган, қийналиб кун кўраётган оилаларга эҳсон қилсак, ўша оила аъзолари қанчалик хурсанд бўлишини тасаввур қилиб кўрайлик! Ахир улар икки ёшнинг ҳақига ихлос билан дуо қилишади. Зеро, тўй куни хонадонимизга меҳмонларни таклиф қилишдан мақсад ҳам икки ёшнинг ҳақига улардан дуо олишдир.

Никоҳ бу ибодат! Демак, никоҳ маросими Аллоҳ рози бўладиган тарзда ўтиши керак. Агар дастурхонга спиртли ичимликлар қўйилса, бир-бирига бегона бўлган эркак ва аёллар бирга рақс тушсалар, бунда тўйбошилар ҳам, келин-куёв ҳам, ўша рақсга тушувчилар ҳам, спиртли ичимликларни олиб келганлар, ичганлар, ичувчилар билан бирга ўтирганлар баробар гуноҳкор бўлишади.

Яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтсак. Тўй зиёфатига имкон борича ночор, етим, камбағал кишиларни чақириб, кўпроқ улардан дуо олишга ҳаракат қилсак, биз ташкил этган зиёфат энг яхши зиёфат ҳисобланади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, зиёфатларнинг энг ёмони бойлар (қорни тўқлар) таклиф этилиб, камбағаллар ман этилган зиёфатдир» деганлар.

 

Аллоҳ таоло никоҳ маросимларини Ўзи рози бўладиган тарзда ўтказишимизни насиб этиб, қурилаётган оилалар бахтиёр, саодатли оилалардан бўлишини насиб айласин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

7 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги семинари бошланди. Тадбир аввалида Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" жоме масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ қори Абдураззақов Қуръони карим оятларини тиловат қилди ва хайрли дуолар ўқилди.
Нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Диний идора раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов ва Котибият мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов иштирок этмоқда.
Ушбу халқаро семинар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилди.
Семинарда тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилишнинг аҳамияти муҳокама қилинади. Анжуман иши доирасида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳасини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Семинарда ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари, халқаро экспертлар, ИҲТга аъзо ва кузатувчи мақомидаги 50 га яқин давлат, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман тафсилотларини сайтимизда ёритиб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

abaq вебсайти берган маълумотга кўра, "Ал Шафе Қуръони каримни ёд олиш режаси"га кўра бир қанча қорилар тақдирландилар.

Тадбирда Қувайт ҳамда Иордания давлати вакиллари, қориларнинг оила аъзолари иштирок этдилар.

Ушбу режа ўз олдига юзлаб ёш Қуръони карим ҳофизларини етиштириб чиқаришни мақсад қилган.

“Al-Shafee’” режасига кўра, 2011 йилдан бошлаб Иорданияда ҳар йили 1000 нафар Қуръони карим ҳофизларини тайёрлаш кўзда тутилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Мўмин одам ризқни ҳам, шифони ҳам ҳалолдан исташи фарздир!

*****

Ёлғиз ўзинг бўлсанг ҳам Ҳақ йўлда бўл!

Ботил йўлда бошқаларга шерик бўлма!

«Тарих мухрлаган сўзлар»

*****

Баъзи кимсалар шундай деб ўйлайди:

“Машинамнинг бузилиш сабаби – кўз теккан;

Аёлимнинг беморликдан боши чиқмаслигининг сабаби – кўз теккан;

Болам касал бўлиб қолишининг сабаби – кўз теккан;

Савдода зиёнга учрашимнинг сабаби – кўз теккан”.

Улар маъсиятларни қилишади. Бирорталарининг хаёлига эса “Бу мусибатларнинг сабаби - гуноҳлардир” деган нарса келмайди.

“Ажойиб фикрлар”

*****

Бир киши шеригидан сўради: “Нима учун тонг ҳавоси тоза, мусаффо бўлади?”

Шериги деди: “Чунки, у мунофиқларнинг нафасларидан холидир”.

“Ажойиб фикрлар”

*****

Киши, агар ухласа, уни аҳли уйғотадими ёки сўроқ қилиш учун икки фаришта уйғотадими, билмайди.

*****

Кунлар ўтгани сайин...

  • яқин бўлганларнинг барчаси ҳам сизни яхши кўравермаслигини;
  • чиройли гапирганларнинг барчаси ҳам юракдан чиқариб, рост гапиравермаслигини;
  • табассум қилганларнинг барчаси ҳам қалби тоза инсонлар эмаслигини билиб бораверасиз.

*****

Агар сен ухлаётганингда ҳам даромад келиб турадиган ишни йўлга қўйиб олмаган бўлсанг, ўша даромад учун ўлгунингча ишлашингга тўғри келади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Инсоннинг ярим гўзаллиги тилидадир. Шундай экан, сўзларингизни чиройли қилинглар!

Нажиб Маҳфуз

*****

Шундай гаплар борки, ҳеч нарса демайди.

Шундай сукутлар борки, кўп нарса дейди.

Нажиб Маҳфуз

*****

Ўзларига таом берган қўлни тишлайдиган кимсалар одатда уларни тепадиган поябзални ялайдилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар туннинг қоронғулиги бўлмаганда, тонг отмаган бўларди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Янгиликлар

Top