muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Вівторок, 12 сентябрь 2023 00:00

Қазои қадарга иймон

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов ила яратдик” дея марҳамат қилади (Қамар сураси, 49-оят). Ўзбек тилида “ўлчов” маъносини берган сўз оятда “қадар” деб келган.

Уламоларимиз “қазо” ва “қадар”ни қуйидагича таърифлайдилар: “Қазо – Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир”. “Қадар – ўша нарсалар Аллоҳ таолонинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир”.

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло бандаларнинг қиладиган ишларини аввалдан билади. Бироқ ихтиёрни ўзларига берган.

Бу борада уламолар инсон феълини икки қисмга бўлган:

Биринчи қисм – дунёда инсоннинг дахли йўқ нарсалар. Фақат Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Мисол учун, инсон гавдасининг турлича, (новча ёки паст бўйли) ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, эркак ёки аёллиги, ақлининг ўткир ёки ўтмаслиги ва шунга ўхшаш бир қанча ишлар борки, уларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Инсон бу нарсалардан “Нега новча ёки пакана?” ёхуд “Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг?” деб сўроқ қилинмайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмонга вожибдир.

Иккинчи қисм – инсон томонидан содир этилган иш ва амалларга боғлиқ. Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўзининг хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Бошқача айтганда, банда бирор ишни амалга ошириши учун унга ички ва ташқи омиллар таъсир қилади. Бу омилларни Аллоҳ таоло банданинг хоҳишига кўра яратади. Банда ана шу хоҳишга масъул бўлади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ушбу масала юзасидан бундай деган: “Аллоҳ барча нарсаларни яратмасидан олдин ҳам, азалдан билар эди. Барча нарсаларнинг тақдир ва қазосини Унинг Ўзи белгилаган. Бу дунёдаги ва охиратдаги ҳар бир нарса фақат Унинг хоҳиши, илми, қазоси, қадари, Лавҳул Маҳфузга ёзиб қўйилиши билан бўлади. Лекин ёзиб қўйиши тавсиф йўли биландир, ҳукм йўли билан эмас, яъни мажбурий эмас” (“Фиқҳул акбар”).

Бандага ихтиёр берилгани ҳақида Қуръони каримнинг бир қанча оятларида хабар берилган. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Сен: “Бу ҳақ Раббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин”, дегин» (Каҳф сураси, 29-оят).

Бошқа бир оятда бундай хабар берилган: «Сен: “Эй одамлар, сизга Раббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топади. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман”, деб айт» (Юнус сураси, 108-оят).

Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло ҳидоят ёки залолат йўлларини танлашни банданинг ихтиёрига ҳавола этмоқда. Банда қайси бирини танласа, ўшанга Аллоҳ йўллаб қўяди. Банда эса, танловига кўра ё савоб ё гуноҳга эга бўлади. Демак, қазои қадарда бандани бирор нарсага мажбурлаш йўқлигини англаб олишимиз зарур.

Агар буни ҳаётий мисол асосида оладиган бўлсак, устоз ўз шогирдларининг илмий савиясини яхши билади. Имтиҳонга киришдан олдин фалончи “аъло” баҳо олади, пистончи “яхши” баҳо олади, деб айтиши мумкин. Имтиҳон натижаси устоз айтганидек чиқади. Шогирдлар устоз айтган шу гап учун мазкур натижага эришдиларми? Ёки устознинг ўз тажрибасига асосланган ожизона илми уларни ўша баҳоларни олишга мажбур қилдими?! Ожиз инсон ўзига қарашли нарсаларда шунчалик илмга эга бўлса, нима учун чексиз илм соҳиби, қудратли Аллоҳ азалдан ҳамма нарсани билмаслиги керак?!

Хулоса шуки, Аллоҳ таоло бандага яхшилик ёки ёмонлик, иймон ёки куфрни танлаш ихтиёрини берган. У ана шу ихтиёрни яхши ишларга боғласа, савоб олади. Агар ман қилинган ишни ихтиёр этса, жазога гирифтор бўлиши муқаррар.

Жаъфархон СЎФИЕВ, Тўрақўрғон тумани,
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби

Шукруллоҳ Умаров,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

Вівторок, 12 сентябрь 2023 00:00

Аразлашиш уч кун

Бизга ноҳақлик ёки зулм қилишса, бундан дилимиз оғриб, хафа бўламиз, балки ўша инсон билан алоқани узишга қарор қиламиз.

Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминлар бир-бири билан уч кечаю уч кундуздан ортиқ хафалашиб юриши жоиз эмаслигини айтганлар. Чунки ўзаро зиддият авжига чиққан пайтда ҳис-туйғуларга эрк берилиш орага совуқчилик туширади. Шунинг учун бизга зиддият марказидан узоқлашиш, тинчланиб ўзига келиб олиш, обдон ўйлаб кўриш ва вазиятни таҳлиш қилиш, кейин афсус-надоматни келтириб чиқарадиган хатога йўл қўймаслик учун уч кун муҳлат берилган.

Бироқ хафалашишнинг диний ёки шаръий сабаби бўлса, у ҳолда зиддиятнинг ечимига кенгроқ ёндашилади. Бундай вазиятда мўминлар, қуйидаги ҳадисларга қатъий амал қилиши керак:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Эй Аллоҳнинг бандалари! Биродар бўлинг! Мусулмон учун ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас”.

Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради. Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир”, дедилар».

Шуни унутмаслик керакки, бу дунёда энг олий мақсади иймонли бандаларни йўлдан уриш бўлган шайтон мўминлар бир-бири билан жанжал қилса ва хафалашса, беҳад хурсанд бўлади. Аллоҳ таоло наздида эса, ярашишга биринчи бўлиб қадам қўйган банда яхши мусулмондир.

 

Алимардон ҲАЙИТОВ

тайёрлади

Понеділок, 11 сентябрь 2023 00:00

ОБУНА – 2024

Азиз юртдошлар!

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг сиз севган нашрлари – “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари, “Ислом нури” газетаси ва қорақалпоқ тилидаги “Ҳидаят” журнали, “Ислам нуры” газетаси йилдан-йилга мазмунан бой, шаклан чиройли бўлиб, обуначилари сони тобора кўпайиб бормоқда.
2024 йилда ҳам “Тафсир”, “Ҳадис шарҳи”, “Сўраган эдингиз...”, “Ақида”, “Яхшиликка чақириш”, “Ёмонликдан қайтариш”, “Саҳобалар ҳаёти”, “Мусулмон одоби”, “Огоҳлик”, “Ўзбекистон уламолари”, “Масжидларимиз”, “Имомларимиз” каби рукнлар остида турли масалалар баёни, қизиқарли, таъсирчан мақолалар, суҳбатлар, фотолавҳалар мунтазам ёритилади.
Азизлар! “Маърифат улашиш – энг эзгу амал” шиорини маҳкам тутайлик. Ўзингизни, оила аъзоларингизни, дўстларингизни илм-маърифат нуридан бебаҳра қолдирманг! Нашрларимизга обуна бўлинг!

CАВОЛ: Бир гуноҳ иш қилиб қўйдим, истиғфор айтиб Aллоҳга тавба қилдим, аммо негадир кўнглим ҳузур топмаяпти. Намозларимда ҳузур қилолмаяпман. Қандай амаллар қилсам ҳузур топаман? Илтимос шунга маслаҳат беринг.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аввало мусулмон инсон хавф ва ражо яъни қўрқинч ва умид ўртасида бўлиши керак. Уламоларимиз бу ҳақда инсон "хавф"ни олдига (келажакдаги ишларга), "умид"ни орқага (ўтган гуноҳларга) нисбатан амал қилиши керак дейдилар. Демак аввалда қилинган гуноҳларимизни кечирилишини умид қилишимиз ва келажакда содир бўлиши мумкин бўлган гуноҳ ишлардан "Аллоҳдан қўрқинч" тўхтатиб туриши керак. Шу нуқтаи назардан гуноҳларимизни кечиришини Аллоҳдан сўраб ноумид бўлмасдан ибодатларда бардавом бўлишимиз мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Янгиликлар

Top